Ўзбек футболи: Янги умидларни уйғотди

Баъзан битта ғалаба миллионлаб инсонларни бирлаштира олади. Кўчаларда байроқлар ҳилпирайди, машиналар сигнал чалади, одамлар бир-бирини худди байрамдек табриклайди. Ўзбекистон миллий терма жамоасининг “FIFA 2026” Жаҳон чемпионатига йўлланма олган куни ҳам айнан шундай унутилмас кунлардан бири бўлди. Менимча, бу оддий спорт ғалабаси эмас, балки бутун халқнинг йиллар давомида кутган орзуси эди.

Ўзбекистон футболи ҳақида гап кетганда, кўпчиликнинг ёдига “яна озгина етмади” деган аламли фикрлар келарди. Ҳар сафар саралаш ўйинлари бошланганда мухлисларда умид пайдо бўлар, аммо нимадир етишмай қоларди. Бу сафар эса ҳаммаси бошқача бўлди. Терма жамоамиз майдонда нафақат футбол ўйнади, балки характер, ишонч ва ҳақиқий жамоавий руҳни кўрсата олди.

Мен ўша куни ижтимоий тармоқлардаги видеолавҳаларни кўриб, одамларнинг қувончини ҳис қилдим. Кимдир йиғлади, кимдир байроқ кўтариб кўчага чиқди, яна кимдир шунчаки “ниҳоят!” деди қувончдан қалби ҳапқириб. Чунки бу натижа осонликча келмади. Бу йиллар давомида қилинган меҳнат, сабр ва ишончнинг самараси эди.

Бугунги терма жамоамиз аввалгилардан анча фарқ қилади деб ўйлайман. Ҳозир мамлакатимиз футбол жамоаси таркибида Европа футболида ўзини кўрсатаётган ўйинчиларимиз бор. Элдор Шомуродовнинг тажрибаси, Абдуқодир Ҳусановнинг ишончли ҳимояси, Аббосбек Файзуллаевнинг техникаси кўплаб ёшларга, барча мухлисларга умид, ишонч уйғотмоқда. Энг муҳими, футболчиларимиз кучли рақиблардан қўрқмай ўйнашни ўрганди.

Ҳозир кўплаб болалар “мен ҳам бир кун терма жамоада ўйнайман” деб машғулотларга қатнаяпти. Балки, келажакда янги юлдузлар айнан шу тарихий ғалабадан илҳом олар.

Терма жамоамизнинг АҚШга жўнаб кетаётганини кўриб, ичимда бошқача фахр пайдо бўлди. Чунки бу сафар биз мундиални оддий мухлис сифатида эмас, иштирокчи давлат сифатида кузатамиз. Ўзбекистон байроғи жаҳон аренасида ҳилпирайди, мадҳиямиз янграйди. Бу эса ҳар бир ўзбек учун катта ғурур.

Албатта, олдинда яна катта синовлар турибди. Мундиалда дунёнинг энг кучли терма жамоалари қатнашади. Балки айрим ўйинларда қийналармиз, лекин энг муҳими — биз у ерга етиб бордик. Энди Ўзбекистон номи Жаҳон чемпионати тарихида ҳам ёзилади.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг “FIFA 2026” Жаҳон чемпионатига чиқиши тарихий натижа бўлди. Бу ғалаба ортида Президентимизнинг спорт соҳасига, хусусан, футболга кўрсатаётган эътибори, ғамхўрлиги бош омил бўлди. Бу натижа ортида халқимизнинг ишончи ҳам  турибди. Энг муҳими эса Ўзбекистон футболчилари бугун миллионлаб ёшларнинг, юртдошларимизнинг  қалбида янги умидларни уйғотди.

Албатта, спортчиларимизга омад кулиб боқади. Улар ёрқин ғалабаларни қўлга киритадилар. Янги Ўзбекистон номини бутун дунёга футболимиз орқали ҳам намоён эта оладилар!

Жавоҳир ЖЎРАБОЕВ,

Ўзбекистон журналистика ва оммавий

коммуникациялар университети талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven − 4 =