Никоҳ илоҳий неъмат, лекин…

Жамият ҳаётининг ўзаги, одамзод ҳаётининг давом этишидаги йўл оила, эр-хотинлик никоҳи воситасида барпо бўлади. Ўз навбатида никоҳ ҳаётнинг мазмун-моҳиятини англатиб турувчи муқаддаслик касб этади. Оила, яъни никоҳ масаласи ҳаёт тарзимизнинг муҳим устуни. Шу сабабли никоҳ масаласига жиддий равишда қарашимиз талаб этилади.

Сўнгги йилларда ёш оилаларнинг ажрашиши натижасида тирик етим қолаётган болалар ва улар тарбиясидаги нуқсонлар жамият ҳаётига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бунга сабаб — ёшларнинг никоҳ илмидан бехабарлигидир. Устозларнинг таъкидлашича, янги оила қураётган йигит-қизларгина эмас, аввало, уларнинг ота-оналари ҳам бу масаланинг мазмун-моҳиятини чуқур билишлари муҳимдир. Негаки, катталарнинг шу илмни билмаслиги оқибатида, афсуски, келин бўладиган қиз ва куёв бўладиган ўғилнинг кўнгил истаклари биринчи ўринга чиқиб қолмоқда. Енгил-елпи орзу-ҳаваслар ҳам тўйларнинг дабдабали ўтишига катта йўл очиб беради. Ота-оналар фарзанд бахти учун ташвиш қилар экан, энг аввало, уларга оиланинг муқаддаслигини англатиши, тушунтириши лозим. Мабодо ўзларида етарлича илм бўлмаса, маҳалладаги оқсоқолларга қулоқ тутиши, масжид имомидан маслаҳат сўраши зарур бўлади. Нима қилиб бўлса ҳам, ёшларни илм воситаси билан никоҳга тайёрлаш лозим.

Табиийки, ҳар бир ота-она “болам тенгдошлари олдида ўксимасин” деган ақида билан катта-катта харажатлар қилишга тайёр, аммо асл оиланинг пойдевори бўлган никоҳ шартлари ҳақида аксарияти мутлақо тушунчага эга эмас. Никоҳ ўқиш жараёнида ўзимиз гувоҳ бўлаётган ҳолатларга ачинасан киши. Ёшлар у ёқда турсин, ота-оналарнинг ўзлари ҳам бу борадаги маълумотлардан хабарсиз бўлиб чиқмоқда. Ҳурматли ота-оналар, беҳисоб харажатли тўй-томошалар билангина фарзандларимизни бир умрлик бахтга эриштириш мумкин эмаслигини тушуниб етайлик!

Сир эмаски, арзимас келишмовчиликлар туфайли ёш оилаларнинг бузилиб кетаётгани ачинарли ҳолдир. Бу кўнгилсиз ҳолатларнинг содир бўлаётгани, мушоҳада қилиб кўрилса, минг йиллар мобайнида оилани муқаддас билиб келган аждодларимиз хотираси олдида ҳурматсизликдек туюлади. Ахир бизнинг юртда оилавий ажримлар ҳеч иложсиз ҳоллардагина рўй берганига гувоҳ бўлганмиз. Буни катта ёшдагиларимиз яхши билишади. Оила бузилиши ҳатто маҳалла шаънига ҳам иснод ҳисобланган. Бир аср давомида унутилган ўзимизга хос оилавий турмуш таомилларини ва маҳаллаларимиздаги бу каби чиройли, яхшиликка бошловчи анъаналаримизни ўз ўрнига қайтарайлик. Бундан, аввало, ўзимизга, қолаверса, бутун жамиятимизга манфаат етади.

Эътибор қилинг-а, оила қуриш шарти — гувоҳлар воситасида Аллоҳ таоло ҳузурида никоҳ дафтарига имзо қўйиш ҳамда тил билан иқрор бўлишдир. Содда қилиб тушунтирадиган бўлсак, йигит ва қиз бир-бирини Аллоҳ таолонинг омонати сифатида қабул қилади ва бағишлайди. Оилани бир қўрғон десак, йигит шу қўрғон ҳимоячиси, қиз эса қўрғон ичидаги барча нарсанинг асрагувчиси вазифасини ўз гарданига олмоқда. Яна диққат қилайликки, ҳар икки тараф муқаддас оилани яратиш юзасидан гувоҳлар кўз олдида никоҳ шартномасини тузишади. Ана шундай улуғ бир келишувга нисбатан масъулиятсиз ва беписанд муносабатда бўлиш асло ярамайди. Модомики шундай экан, айнан никоҳ масаласида устозларимизнинг ўгит ва насиҳатларига мурожаат қилиш энг мақбул ечим бўлади. Оила муқаддас, шу оила боши бўлган эр ҳурматга лойиқ, шу оиланинг иккинчи бир аъзоси бўлган рафиқа — оналар оёғи остида эса жаннат дейилган. Оилада тотувлик ва иззат-икром бўлишининг ўзи бу дунёда бахтли яшашга сабаб бўлади. Бундай оилада тарбия топган фарзанд ҳам жамиятда, ҳам оилада хотиржам муҳитда касб-кор қилади, қўни-қўшничилик борасида ҳам гўзал ва атрофдагиларнинг ҳавасини келтирадиган турмуш кечиради. Рўзғорида барака, қўни-қўшнилар олдида эса ҳурмат-эътиборга сазовор бўлади.

Аллоҳ таоло эркак ва аёлни яратиб, уларнинг ўртасидаги никоҳ риштасини муҳаббат ва марҳамат устига қурган. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

“Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ҳамда ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйгани (ҳам) Унинг оят-белгиларидандир” (“Рум” сураси, 21-оят).

Ушбу оятдаги “мавадда” сўзи оиланинг сокинлиги ва барқарорлигини таъминлайдиган муҳаббатни англатади. Демак, эр-хотин ўртасидаги муҳаббат Аллоҳ таоло томонидан инсон қалбига солинадиган, оила ришталарини боғлаб турувчи илоҳий неъматдир. Ёшлар шу жиҳатга ҳам масъулият билан ёндашиб, “телефон” ва шу каби “деди-деди” фитналардан ўзларини сақласинлар. Бир-бирига вафодор ва оқибатли бўлсинлар. Ана шу оилавий омонатдорликка содиқ бўлишнинг ўзи миллатга, Ватанга хизмат қилишнинг бир бўлаги ҳисобланади.

Бу илоҳий амр — Яратган зотнинг айнан бандаларига бўлган меҳрибончилигидир. У оилани нақадар муҳим ришталар боғлаб турганини ўз ҳикмати билан тушунтириб бермоқда. Бу мавзу кимга ноаниқ туюлса, билсинки, у ҳали ҳаётий ҳикматни англаб етмабди. Бунинг учун кўпроқ китоб ўқиш, уламолар, ёши улуғлар ва маҳалла оқсоқолларининг ҳаётий панд-насиҳатларига қулоқ тутиш керак. Ҳаммамиз Аллоҳ таолодан яхшиликлар умид қилар эканмиз, У зот кўрсатган хайрли йўлдан юришимиз мақсадга мувофиқ бўлади.

“Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ”, деганда донишманд аждодларимиз бир жиҳатдан маҳалла ҳаётини ҳам кўзда тутгандек гўё. Негаки, оилавий муносабатларда бирор муаммога дуч келсак, дардимизнинг давосини узоқлардан излашга ҳавасмандроқмиз. Маҳалла-кўйга оилавий сиримиз ошкор бўлмасин, деган андиша ҳам бўлади, албатта. Аслида эса маҳалла оқсоқоллари, ҳаёт тажрибасига эга момоларимиз учун маҳалладаги ҳар бир оиланинг турмуш тарзи ойна мисоли яққол кўриниб туради. Маҳалла фаоллари ва оқсоқолларига воқеани ипидан-игнасигача тушунтириб, англатиб ўтириш шарт ҳам эмас. Ҳатто улар зийраклик ва ҳаётий тажрибаларидан келиб чиқиб, юриш-туришингиз, ҳол-аҳволингизга қараб дардингизни тушуниб етадилар. Не ташвиш ич-этингизни кемираётганини ҳам тахминан сезиб олишади. Шу билан бир вақтда, оилавий бесаранжомликнинг давосини маҳалла ҳаётига хос тарзда, энг қулай ечим билан таклиф қилишлари ҳам аниқ. Шундай бўлгач, муаммога ечим излаб қайга бориш керак? Аслини сўрасангиз, қирқ йиллик қўшнингиз билганичалик, узоқда яшайдиган яқин қариндошингиз ҳам оилавий тутумингизни равшан тасаввур қила олмайди.

Қувонарли яна бир ҳолат шуки, ҳукуматимиз томонидан маҳалла фаоллари масъулиятини тубдан ошириш мақсадида қилинаётган ислоҳотлар негизида ҳам оилавий муносабатларни соғломлаштириш ётибди. Назаримизда, оилавий қўйди-чиқдиларнинг асосий сабабларидан бири — ёшларнинг улуғлар ўгитига қулоқ солмасдан, ўз билганларича иш тутишлари бўлмоқда. Шуни яхши билишимиз керакки, ҳаёт синовларида тобланган оқсоқолларимиз ҳеч бир ёшга “ёмон бўл” дейишмайди. Имкон борича, агар аччиқ бўлса ҳам, тўғри йўлни кўрсатишади.

Бизга берилаётган барча неъматлар учун Аллоҳга шукроналар айтиб, фақатгина иқтисодий томондан эмас, руҳий жиҳатдан ҳам юксалишимиз учун ғайрат қилишимиз кераклигини англаб турибмиз. Қўлни қўлга берган ҳолда, ҳузур-ҳаловатда яшайлик. Ҳаётда бўладиган қийинчиликларни биргалашиб енгиб, олға юрайлик.

Келажак авлодларимизга маърифатли маҳаллаларда туғилиб, вояга етишлари учун шароитлар яратиб, ўзимиз ҳам қувонайлик, яшаган умримиз беҳуда кетмаганидан фахрланиб яшайлик. Бу имтиҳон дунёсида яхшилик истаб, яхшилик қилиб, яхшилик ичида яшайлик. Ана шунда ўғил-қизларимиз биздан миннатдор, улуғларимиз эса ўз хизматларидан мамнуният ҳисси билан хотиржам умргузаронлик қилишади.

Азимжон КАРИМОВ,

Тошкент вилояти, Тошкент туманидаги “Ёпиқлиқ ота”

жоме масжиди имоми.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six − 4 =