Медиасаводхон ёшлар тараққиёт кафолатими?

Бугунги кунда инсоният ҳаётининг деярли барча соҳалари рақамлаштирилмоқда. Ўтган асрлар билан таққослайдиган бўлсак, ижтимоий ҳаёт, шаҳарлар ҳудудининг кенгайиши, маданият, тиббиёт, фан ва таълим, ахборот технологиялари каби бир қанча соҳаларда сезиларли ривожланиш кузатилди.

Интернет, сунъий интеллект, ижтимоий тармоқлар ва турли ахборот платформалари кундалик турмушимизнинг ажралмас қисмига айланди. Айниқса, ёшлар замонавий технологияларнинг энг фаол фойдаланувчилари ҳисобланади. Тарқатилаётган контент ва хабарларга тез муносабат билдирадиган, уларни кенг муҳокама қиладиган энг фаол аудитория ҳам айнан 18-35 ёшдагилардир.

Бироқ бу давр ўзининг кенг имкониятлари билан бир қаторда, салбий оқибатларни ҳам келтириб чиқармоқда. Глобал тармоқланиш ва сунъий интеллект ривожи тафаккурнинг қисман сустлашувига ҳамда турмуш тарзида ижтимоий муносабатларнинг тубдан ўзгаришига сабаб бўлмоқда. Шу боис рақамли даврда ёш авлоднинг ахборот маданиятини шакллантириш энг долзарб вазифалардан бири сифатида намоён бўлмоқда. Зеро, сохта ахборотлар (фейк), киберфирибгарлик, зарарли ғоялар, интернетга қарамлик ва шахсий маълумотларнинг ошкор бўлиши каби хавфлар ёшларнинг маънавий ҳамда интеллектуал ривожига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Бунинг олдини олиш учун эса ахборот маданиятини юксалтиришимиз зарур. Ахборот маданияти деганда, инсоннинг ахборотни излаш, саралаш, таҳлил қилиш, ундан оқилона фойдаланиш ва уни масъулият билан тарқатиш кўникмалари тушунилади. Бундай маданиятга эга бўлган шахс ҳар қандай маълумотнинг ишончлилигини текширади, ёлғон хабарлар ва манипулятив контент таъсирига берилмайди.

Эслатиб ўтиш жоизки, ёлғон маълумот тарқатиш, давлат сирини ошкор этиш, омма орасида ўзаро келишмовчилик келтириб чиқарувчи хабарларни ёйиш қонунан ман этилади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-6-моддасига мувофиқ, шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.

Ахборот соҳасидаги глобаллашув қанчалик юқори чўққига чиққанини бугунги кунда миллионлаб ёшларнинг ҳар бир куни интернетдан фойдаланишда ўтаётганидан ҳам англаш мумкин. Шундай чигал ва мураккаб шароитда биз учун энг муҳим вазифалардан бири — ёш авлоднинг онги ҳамда қалбини ёт ғоялардан, мафкуравий таҳдидлардан асраб-авайлашдир. Бунинг учун китобхонликни тарғиб қилиш, маънавий-маърифий тадбирларни кўпайтириш ҳамда фойдали рақамли контент яратишни қўллаб-қувватлаш ахборот маданиятининг ривожланишига хизмат қилади. Оила ва жамият ҳамкорлиги эса бу борадаги ишларнинг самарадорлигини янада оширади.

Шу жиҳатдан, ахборот маданиятини ривожлантириш жараёнини изчил давом эттириш, уни таълим тизими, оилавий тарбия ва кенг жамоатчилик иштирокидаги комплекс ёндашув асосида такомиллаштириш бугунги куннинг энг масъулиятли вазифаларидан биридир.

 

Сайёра УМАРОВА,

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети талабаси.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 − five =