Қишлоқда чархланган журналист
Мактабда мухбирликка ҳавас уйғонган кезлар Иштихон туман газетаси таҳририятига, гоҳо қўшни туман маркази — Лойиш шаҳарчасида жойлашган “Оқдарё овози” газетасига бориб турардим. Ўша кезлар таҳририятнинг ёш ходими Йўлчи Муҳаммадиев бизни очиқ чеҳра билан кутиб оларкан, интервью олишда нималарга эътибор бериш кераклиги, факт ва рақамларни қандай таҳлил қилиш, қайси мавзуни қандай ёзиш маҳоратини ўргатар эди.
Тақдир табассумини қарангки, 1980-1985 йилларда ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети (ўша даврдаги — ТошДУ) журналистика факультетида ҳам бирга таҳсил олиш насиб этди. Фақат камина кундузги, Йўлчи ака сиртқи бўлимларда таҳсил олганмиз. Кундузги бўлимда ўқитиладиган барча адабиётлар сиртқи бўлим талабаларига ҳам ўтилар, вилоятлардан келганларга бу борада нафимиз тегиб турарди.
Йўлчи ака китоб-дафтарларимдан фойдаланиб бўлгач, таҳририятларга таклиф этардим.
— Журналистика амалиёти билан кучли эканини яхши биласиз, — дердим ўзимга раво кўрганимни у кишига ҳам илиниб. — Устоз ёзувчи-шоирлар сабоғи университетдаги домлаларнинг назарий билимларидан анча юқори эканини кўрасиз.
Ўша кезларда “Тоғда ўсган бола” асари билан машҳур бўлган севимли адибимиз Оқилжон Ҳусанов “Гулистон” журнали бош муҳаррири ўринбосари лавозимида ишларди. Устоз адиб анча йиллар Самарқанд вилоят газетасида ҳам фаолият кўрсатгани бизда маънан яқинлик ҳисларини жўш урдирар эди.
Оқилжон ака ҳар гал очиқ чеҳра билан кутиб оларди. У киши Йўлчи акани ҳам ёқтириб қолди.
— Оқдарёдан анча-мунча мақолалар, очерклар ёзганман, — деди устоз адиб вилоятимиз газетасида ишлаган кезларини эслаб. — Қишлоқларингизда элга ибрат қилиб кўрсатса арзийдиган қаҳрамонлар жуда кўп. Қишлоқларда муаммолар ҳам кам эмас. Улар ҳақида бизга ёзиб туринг…
“Гулистон” таҳририятидан чиқиб, “Гулхан” журнали бош муҳаррири ҳузурига ошиқардик. Ўша кезларда “Сариқ девни миниб”, “Беш болали йигитча” асарлари билан машҳур бўлиб кетган адиб Худойберди Тўхтабоев бизни илиққина кутиб оларди. Устоз адиб Йўлчи Муҳаммад билан танишгач, “Қасоскорнинг олтин боши” романининг бош қаҳрамони Намоз ботир айнан Оқдарё бўйларида мардона юришлар қилгани ҳақида сўзлаб берди.
— Романни ёзишга киришишдан илгари Оқдарё, Иштихон, Каттақўрғон ҳудудларидаги қишлоқлар, баъзи қўрғонлар тарихини ўрганганман. Нуроний отахонлардан Намоз ботир ҳақида ажиб ҳикоялар тинглаганман, — деди устоз адиб салмоқ билан. — Агар росмана излансангиз, қишлоқларингиздан кўплаб қаҳрамонларни кашф этишингиз мумкин…
Шу тариқа талабалик давримизда ва ўқишни тамомлагач, қатор йиллар мобайнида Йўлчи Муҳаммад иккимиз учун газета-журналлар таҳририятлари ижодий маҳорат мактабига айланган. Айниқса, “Ёшлик” журналида Эркин Воҳидов, “Гулхан” журналида Абдулла Орипов, Ойдин Ҳожиева, Муҳаббат Ҳамидова, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталигида Одил Ёқубов, Аҳмаджон Мелибоев, Иброҳим Ғафуров, “Шарқ юлдузи” журналида Ўткир Ҳошимов, Тоҳир Малик, “Мухбир” (“Ўзбекистон матбуоти”) журналида Зиёд Есенбоев, “Гулистон” журналида Асқад Мухтор, Мирмуҳсин, Маматқул Ҳазратқулов, “Саодат” журналида Зулфия, Ҳалима Худойбердиева, “Муштум” журналида Мақсуд Қориев, Неъмат Аминов, “Ўзбекистон социал таъминоти” журналида Абдужаббор Маннопов, ёшлар газетасида Рустам Шоғуломов, Жаббор Раззоқ, болалар газетасида Суҳроб Йўлдош, Абдусаид Кўчимов, Умида Абдуазимова, “Hurriyat” газетасида Хуршид Дўстмуҳаммад, “Тошкент оқшоми” газетасида Тўлқин Қозоқбоев каби ёзувчи, шоир, публицистлардан ижодий маҳорат сирларини ўрганганмиз. Ўша устозлар дуосини олган Йўлчи Муҳаммад ҳам журналистика бўстонида муносиб ўрнини топди. Ярим асрдан буён Самарқанд вилояти Оқдарё туманининг “Оқдарё” газетасида фаолият кўрсатаётган бўлса-да, долзарб мавзудаги мақолалари, очерклари республика газета-журналларида мунтазам ёритиб келинмоқда.
Очиғини айтиш керак, қишлоқнинг муҳити ўзига яраша… Йўлчи аканинг истеъдоди қишлоқ йўлларига сочилиб кетди. Асосан, ўзи фаолият кўрсатган туман газетаси “қобиғи”да қолиб кетди. Умри шу газетада ўтмоқда…
Қишлоқ мавзусини ёритишда Йўлчи аканинг олдига тушадиган ижодкор камдан-кам топилади. Бир гал у киши мени тумандаги “Ўзбекистон” жамоа хўжалигига бошлаб борди. Болта қишлоғига туташ пахтазорда бир киши эгат оралаб юрарди: “Бу киши Эсиргап Раҳматов бўлади, колхоз гидротехниги, — шивирлади Йўлчи ака. — Гапларига эътибор беринг, тайёр интервью бўлади…”
Гидротехник — жамоа хўжалигида сув таъминоти билан шуғулланадиган масъул ходим бўлиб, қишин-ёзин далада юради. Зуваласи пишиққина, ёзнинг чилласида ҳам кирза этик кийиб олган ўша киши биз томон пешвоз келаркан, салом-алик асносида куйиб-пишиб, ғўзани хўжакўрсинга суғораётган айрим сувчиларнинг дангасалик қилаётганини, ғўза “шарбат” сувига қондирилган тақдирдагина мўл ҳосил беришини сувчиларга тушунтирганини, керак бўлса, уларга ўзи ғўзаларга бериладиган “шарбат”ни тайёрлаб кўрсатганлигини, ўша оқшом йигирма учта пахта участкасини айланиб чиққанлигини айтиб берди…
Кетмон дастасидек пишиқ қўлларида, офтобда қизарган юзида, қисиқроқ кўзларида шижоат акс этиб турган сув хўжалиги ходимининг куюнчаклигига қойил қолгандим ўшанда.
Далада ҳамманинг ўз ўрни бор. Баъзи ишлар мавсумий бўлади. Колхоз гидротехниги эса йил бўйи тиним билмас экан. Баҳору ёз фаслида суғориш ишларида сувчиларга бош-қош бўлса, кузда зах қочириш, қишда эса шўр босган далаларни “ювиш” ишларини йўлга қўяди. Шу тариқа Эсиргап Раҳматовнинг ўрни мудом далада бўларкан…
Журналист Йўлчи Муҳаммадиев “Дала шунқори” деб ёзган мақоласида уни “обиҳаёт таратувчи”, “сув зар — сувчи заргар”, “ғўзага жон бахшида этган”, дея кўкларга кўтарган. Яхши сўз — жон озиғи, деганларидек, газетада ёритилган бу даъваткор сўзлар дала заҳматкашларига қанчалик мадад, руҳий қувват, куч-ғайрат бахш этганини изоҳлашга ҳожат йўқ.
— Талабалик давримизда севимли адибларимиз Худойберди Тўхтабоев ва Оқилжон Ҳусанов ўргатган қишлоқ қаҳрамонлари мана шу фидойилар-да, — дейди Йўлчи ака. — Мен ўша улуғ устозлардан мақолада, асарда образ яратиш маҳоратини ўрганганим бутун фаолиятимда қўл келмоқда. Қаранг, ҳикоямиз қаҳрамони Эсиргап Раҳматов ер тилини яхши билган ҳолда одамлар қалбига йўл топиб, дала ишларини йўлга қўйгани боис унга катта ишонч билдиришиб, “Ўзбекистон” жамоа хўжалиги бошқаруви раиси этиб сайлашди. Раис ишини тажрибали отахонлар ва уста деҳқонлар билан маслаҳатлашишдан бошлади. Иқтисоди ночор аҳволга тушиб қолган жамоа хўжалигида тез орада аҳвол ўнгарилди. Очиғи, ўша даврда деҳқонлар ночор аҳволда кун кечирарди. Тўй қилишга қурби етмаганлар ҳам кам эмасди. Баъзи оилалар учун дафн маросимини ўтказишнинг ҳам ўзи бўлмасди. Жамоа хўжалиги иқтисодий жиҳатдан ўзини ўнглаб олгач, шундай ночор оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилди.
Устоз адиблар этагидан маҳкам тутиб камолга етган журналист Йўлчи Муҳаммад бу йил 70 баҳорни қаршилади. У ярим асрлик ижодий фаолияти давомида ўз публицистикаси билан нафақат Оқдарё туманидаги, балки Самарқанд вилояти сарҳадларидан ўтиб, республикамиз миқёсида танилган ижодкорлар қаторига кирди.
Ўз касбининг ҳақиқий фидойиси бўлган устоз журналистнинг Оқдарё ўтмишини бино этган ва бугунини яратаётган Миёнқол фарзандлари ҳақидаги мақола, лавҳа ва очерклари, замондошларини қийнаб келаётган муаммолар, айниқса, лоқайд, бепарво ва тадбирсиз раҳбарлар хусусидаги танқидий мақола ва фельетонлари газетхонлар томонидан илиқ кутиб олинди. Маҳоратли ижодкорнинг “Оқдарё фарзандлари”, “Туҳмат гирдоби” китоблари мухлислари қалбидан жой олган.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Йўлчи Муҳаммад бутун фаолияти давомида жамиятимизда учраб турадиган айрим муаммоларни, ноҳақликларни қаламга олар экан, доимо адолат, она диёримиз тараққиёти учун ўткир тиғли қалами билан курашдан асло толмайди. Доимо тўғри сўзни, ошкораликни, меҳр-мурувватга муҳтож инсонларга ёрдам қўлини чўзишни ўзига шиор қилиб яшамоқда. Камтар ва одамохун инсон, фидойи қалам соҳибининг ижодий маҳорат мактаби бўлғуси журналистлар учун ибрат намунасидир.
Тўлқин ЭШБЕК,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
