Тўхтаган вақт тасвири

ёхуд ўз отасининг қотилига айланган қиз изтироблари

“Ҳар қандай аёлнинг фожиасида эркак айбдор…”

Иқбол МИРЗО

Бир аёл адашар, йиқилар ёки қисмат жарига юзтубан қулар экан, маълум қадар уни муҳофаза қила олмаган эрлар, елка тутмаган акалар ёки берган оналик меҳрига жабру жафо қайтарган ўғиллар айбдордир. Ушбу мақола умрининг гул фаслида пешонасига “падаркуш” тамғаси урилиб, ўн бир йилу етти ойлик жазо муддатини ўтаган қизнинг машъум қисмати, бир мазлума гўзалнинг аччиқ оғриқлари ҳақида экан, юқоридаги фикрга яна бир карра иқрор бўламиз.

Озода 30 ёшда (унинг тавқи лаънат занжирларидан озод бўлишини чин юракдан истаб, шартли равишда шундай атадим — М.Р.) — асли Ғиждувоннинг Гўзалон маҳалласидан. Эл қатори онаизорига уй ишларида мададкор бўлиб, меҳнат билан катта бўлган оддийгина қишлоқ қизи эди. Шунингдек, капалакдек нозик жуссаси билан синглиси ва укасининг суянчи эди у.

Қиз олий даргоҳларда ўқишни, оппоқ халат кийиб, шифокор бўлишни орзу қиларди. Шу ният билан Ғиждувондаги тиббиёт коллежида таҳсил олди, ҳамшира дипломини қўлга киритди ҳам. Бироқ кутилмаганда тақдир чархпалаги тескари айланиб кетди…

Оилада шароит ҳам, муҳит ҳам оғир эди. Ота ичкиликка муккасидан кетган, фермер хўжалигида ишлаган ҳақи зорманда ароғига етмасди. Она эса бола-бақраси билан томорқа қилиб, тупроқ ёриб чиққан ул-бул билан кун кечирарди, аммо эр дегани шунга ҳам қўймай, хотиндан пул талаб қилиб, ҳар икки куннинг бирида жанжал чиқарарди.

Энг ёмони, ичкилик меъёридан ошса, ота уйда кимнидир тутиб олиб, калтаклаш одати бор эди. Қизининг “ўқийман” деяётгани навбатдаги урушларга янги хамиртуруш бўлди. Эҳҳе, отаси қанча урмади уни шу гапи учун!

Бахтга қарши, оилада можаролар авж олган кунларнинг бирида, ота томондан яқин қариндош Озодани сўраб совчиликка келди. Аммо қиз шифокор бўлиш истагида қаттиқ турди; тегмайман, деёлмаса-да, ўқитишса тегаман, деган истагини айтди. Ўртага бобо тушди: “Улар Озода хизматимизни қилсин, деб келин қилишмоқчи, ўқиш ҳақида гап бўлмасин. Мен айтдим, тегади”, деди кесиб.

Ҳар доим уйдагиларининг талабларига мунғайибгина бош эгган қизнинг ўқиш, илм олиш, касб эгаси бўлишга муҳаббати кучлилик қилди. То шифокор бўлмагунча эрга тегмаслигини айтиб, яна калтакнинг тагида қолди.

— Отам нанажонимни (Бухоро шевасида — она) кўп калтакларди, биз ундан қўрқар эдик, — деди Озода чуқур мунг билан. — Нанам ҳар йили пилла боқарди. Отам меҳнатдан чарчаб ухлаётган нанамни кўз ўнгимизда тепкилаб, судраб урарди. Бир гал унинг оёқларига роса тепган. Уйқусираб, нима бўлаётганини тушунолмаганман аввалига. Нанам ёмон чинқиргандилар ўшанда. Бир оёғи синган экан, анча вақт қўлтиқтаёқда юрди. Лекин уч боланинг отаси шу, деб ҳеч кимга билдирмади. Негадир ҳар доим “яхши бўлиб кетар”, деб ўйларди бечора. Мен “нега ажрашмайсиз?” дердим. “Даданг ҳам, мен ҳам бир қишлоқдан бўлсак, ажрашганим билан барибир кўздан узоқ бўлолмасак… Тўй бор, аза бор. Қолаверса, жигарларимга ёмонлиги тегмасин, дейман. Сизлар вояга етсанглар, эси кириб, ичкиликни ташлаб кетар”, дердилар.

Дарвоқе, ўша пайтда ҳам Озоданинг онаси икки қути пилла олган эди. Ота гапга кирмаётган қизини жазолаш мақсадида пиллахонадаги икки тележка чиқадиган пиллашохни ҳовли четига ташиб, тахлаб қўйишни буюради. Озода бор кучи билан ҳаракат қилиб, ўтин ташийди, жойини тозалайди, аммо ишни тугата олмайди. Иш қандай кетаётганидан хабар олгани келган ота қизини тут шохи билан аёвсиз савалайди. Бунга ҳам қаноат қилмай, бўғзидан бўғади: “Ё шу болага турмушга чиқасан, ё шу бугун менинг қўлимда ўласан”, деб дағдаға қилади. Она бу пайтда далага кетган, уйда Озодани ота калтагидан қутқазадиган одам йўқ эди. Бақир-чақирни эшитиб, етиб келган бобо эса золим тарафида эди.

— Мени жуда ёмон калтаклади… Нафратландим… — дея эслади Озода. — Шу одам отам эканлигидан афсус қилдим. Мен ўша онда отам бўлмаслигини хоҳладим… Мени ураётганида бобом отамга: “Ур, оғзидан қони келгунча ур, ўқийман деган оғзини йиртиб ташла, таёқдан тўйса, эрга тегишга кўнади”, деб гижгижлади. Моматалоқ бўлиб кетди ҳамма жойим. Билмайман… Қандай қилдим мен шу ишни… Уйда ҳамма ухлаганида отамга… пичоқ қададим… Ўрнидан турмагач, ўлдириб қўйганимни билдим, онам ва укамни уйқудан уйғотиб, нима содир бўлганини айтдим. Нанам… Бечора нанам… “Нималар қилиб қўйдинг, болам?.. Ахир ўлмай қолганида ўзингни ўлдириб қўйган бўларди-ку у!” деб додладилар. Шунда ҳам мени ўйладилар. Жуда қўрқиб кетгандим, оёқ-қўлимни ушлаб ҳам тўхтатиб бўлмасди, қалтирардим. Фақат миямда бир ўй тўхтаб қолганди: “Энди нима қиламиз?..”

Озода онасининг кўзларига термилди. Она эса ваҳшат ичида қотиб қолган, ўзи ҳам на тирик, на ўлик бир ҳолда эди. Қиз отасини сўраб келганларга: “Уйда йўқ, қаерга кетганини билмаймиз”, деб айтамиз, деди. Лекин мурдани нимадир қилиш керак эди. Охири “то калламиз ишлаб, бир нима ўйлаб топгунимизча бекиқ турсин”, деб, жасадни тандирга яширишади.

— Отам кичкинагина одам эди, — аёл ердан кўз узмай гапида давом этди. — Тўғриси, унинг жасадини судраб, тандирга солганимизнигина эслайман. Кейин уни ким, қандай ёқиб юборганини билмайман. Отамдан шунчалар кўп азоб кўрган эдикки… Балки, ўзим ўт қўйгандирман… Рост айтяпман, ҳеч нарсани эслай олмайман… Биз жуда қийналган эдик. Чидаб бўлмай қолганди. Отам бирор жойда ёлчитиб ишламасди ҳам. Даладан ер олардик, нанам билан бориб ишлаб келардик, пилла боқардик. Отам шунчалик кўп ичардики, кўчаларда думалаб қолиб кетарди. Излаб топиб, араваларга солиб олиб келардик. Мен дугоналаримдан, синфдошларимдан жуда уялардим…

Фожиадан кейин отасини ким сўраб келса, “кеча чиқиб кетувди, ҳали келмади”, деб туришди. Аммо қизни кўрган одам нимадир бўлганини сезиши табиий эди. Чунки Озоданинг моматалоқ бўлмаган жойи йўқ эди, ёз ойлари бўлгани учун енгил кийимда, оёқ-қўлларидаги тут шохининг узун-узун изларини яшириб ҳам бўлмасди.

Эртаси куни бобоси ва бувиси томонидан чақирилган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари Озодага қўшиб, онаси ва укасини ҳам олиб кетишади. Тергов алоҳида-алоҳида хонада ўтади. Нариги хонада сўроқ бераётган онасини чирқиратиб ураётганларини эшитгач, қиз чидаб туролмади, ҳамма гапни айтди. Озоданинг нозик жуссасига қараб, қотилликда онадан гумонланишган ва иқрор қилдириш учун аёлни урган эдилар. Қиз бу жиноят иши шундоғам кун кўрмаган онасининг бўйнига қолиб кетишидан даҳшатга тушди.

Тергов узоққа бормади. Суд ҳам жуда тез ўтди. Озода Жиноят кодексининг бир неча бандларига асосан қасддан одам ўлдириш ва жиноятни яширишда айбланиб, ўн беш йилга озодликдан маҳрум қилинди…

Дастлабки тўрт-беш ой “СИЗО”да сақланиб, сўнг қаттиқ тартибдаги жазони ижро этиш муассасасига “этап” қилинди. У ерда уч йилу саккиз ой ўтиргач, яхши хулқи ва амнистия қарори билан жазо муддатининг бир қисми қисқартирилди ва Самарқанд вилоятидаги манзил-колонияга кўчирилди.

— Турмадаги тикув цехида, кейинроқ маҳкумалар учун нон пишириш цехида ишладим, — деди Озода. — Бир ярим минг нафар маҳбус учун ҳар куни олти қоп ундан буханка-нон пиширардик. Маҳбус бўлсак ҳам, маош беришарди. Мен нон пишириб олган ойлигимни онамга жўнатиб турдим.

Бутунлай бошқача муҳитни кўрдим. У ерда ҳамма нарсанинг, айниқса, ҳавонинг қадрига етасиз. Мен қамоқхонада ҳаёт мактабини ўтадим. Озод юрар эканмиз, пайпоғимиз тешилса, отвораверамиз. У ёқда эса маҳбуслар йиртилган пайпоқлардан ҳам нимадир тикишади. Оддий сувқоғоздан зонтик, капюшонли шинель тикардик. Темир бокал, қошиқ ва косаларимизни кўтариб юриш учун целлофандан сумка ясардик. Озодликда ҳаётнинг қадрига етмаймиз, ҳашаматга қизиқаверамиз. У ерда эса ҳеч нарсасиз ҳам ҳаёт давом этавераркан. Ҳар куни ишга қатнасам ҳам, қайси йўлдан боряпман, қаерда буриламан, қаерда тўхтайман — билмасдим. Ғўр эдим, ҳаммадан, ҳамма нарсадан қўрқардим. Колонна орасида ўнгга ҳам, чапга ҳам қарамасдан буйруққа бўйсуниб юраверардим. Зомбига ўхшаб қолгандим. Олти ойгача бир аҳволда юрдим. Шу орада маҳбус ҳам одам саналишини англадим. Очиқда кимнинг қанақалигини билиш қийин, лекин қамоқхонада бир кунда юзингиз очилар экан. Ўзингиз қанақа бўлсангиз, шунга яраша муомала кўрасиз. Бир судья аёл билан ҳам битта камерада бўлдим. У ўша ердаги маҳкумаларнинг баъзиларига ўзи ҳукм ўқиганини айтган. Мен қонун олдида ҳамма баробар эканини шу аёл тимсолида кўрдим.

Озода ҳаёти ҳақида гапирар экан, унинг кўзларида ёш тинмасди. Бугунгидай зулмга қарши умуммиллий кураш ўша пайтда ҳам бўлганида, у бундай ишга қўл урмасмиди?.. 19 ёшли навниҳол қиз зўравонлик қурбони бўлар экан, онанинг оқловчи олишга на моддий имконияти, на ҳуқуқий билими бор эди. Бунинг устига, маърифатли эмаски, у ёққа югуриб, бу ёққа югуриб, айбсиз айбдорни муқаррар жазодан қутқара олса. Бугунгидай “ҳимоя ордер”лари бўлганида-чи? Зўравонликка қарши кураш ҳозиргидай давлат сиёсати даражасига чиққанида эди, Озоданинг гул умри қамоқхона панжаралари ичида ўтмаган бўлармиди?.. Балки, зўравонлик касалига чалинган ота ҳам ўзини тўғрилаган бўлармиди, тирик қолармиди…

Озода одобли, тарбияли қиз эди, фақат унинг тоқатидан ташқари келган зулм қуюшқондан чиқарди. Жонига етган озорлар, оғриқлар, азоблар унинг қўлини қонга ботирди. Қандай?.. Қандай шу иш содир бўлди?.. Билмайди… Билмайди… Ўта кучли руҳий зўриқиш оқибатида шу кўйга тушганди. Ахир отасини ўлдирмоқчи эмасди, ўқимоқчи, олий маълумотли бўлмоқчи эди, холос.

Асл айнимайди, дейдилар. У қарийб ўн икки йил озодлик ҳидини ҳидламади, маҳкум ўлароқ ишлади, нима вазифа берилса, сидқидилдан бажарди. Асло тезроқ чиқиш учун эмас, меҳнаткашлиги, оиласига, жабрдийда онасига қайғургани учун ишдан бўйин товламади. Бахтига тузум ўзгарди, Конституцияга ўзгартиришлар киритилди.

Озода 2024 йилнинг 13 июлида қамоқхона ички тартиб-қоидаларига тўлиқ риоя этгани, меҳнат ва тарбиявий ишларга бўлган ижобий муносабати учун муддатидан олдин озодликка чиқарилди.

Уйига қайтар экан, яқин кунларда укасининг тўйи бўлишини эшитиб, ноқулай аҳволга тушди. Атроф-жавонибда эски дафтар яна очилиши ва бу укасининг иззатига таъсир қилишини истамади. Қўшни вилоятда инсонийлиги билан ном қозонган тадбиркор-новвой Шаҳноза Каримовани излаб топди. Бошидан ўтганларини бир-бир сўзлади, ишламоқчилигини, ўзининг юкини ўзи кўтармоқчилигини айтди. Шаҳноза унга ёрдам қилди, аввал кўнглидан, кейин уйидан жой берди. Ўзи таъсис этган “Барака нон Навоий” МЧЖга ишга олди. Аёл Озода ўзини ноқулай ҳис қилгани учун ижара уй топиб, ижара пулини ҳам тўлаб берди. Аммо бу узоққа чўзилмади.

Қамоқдалигида назоратчи бўлиб ишлаган йигит Озодани излаб келди. Кўп йиллик рўзғори фарзандсизлик туфайли барбод бўлганини айтди. Йиллар давомида Озодани кузатганини, унга кўнгил қўйганини сўзлади. Агар рози бўлса, унинг хонадонига совчи юбориб, турмуш қуриш таклифини билдирди. Озода аввалига кўнмади: “Мен қамалиб чиққан аёл бўлсам, ўз отамни ўлдириб қамалган бўлсам яна, қариндош-уруғингиз маломат қилишар”, деди. Лекин қамоқхона нозирининг қарори қатъийлигини кўриб, таклифга кўнди.

Ҳозир у Самарқандда. Умр йўлдоши билан бахтли ҳаёт кечиряпти. Худо бериб, ўғилли ҳам бўлишди, болага Орзубек деб исм қўйишган.

Ҳа, Озоданинг тақдирини жинояти учун берилган жазодан кўра, инсоний муҳаббат ва меҳр ўзгартирди. Унга ёрдам учун қўл узатган эзгу қалбли инсонлар “иккинчи ҳаёт” имкониятини ҳадя этди. Бир қараганда ҳаммаси яхшидай, аммо…

Мен Озоданинг чеҳрасида тўхтаб қолган вақт тасвирини кўрдим. У ўша ўн тўққиз ёшида қолиб кетган. Ниҳоятда маъсума ва бу маъсумият қамоқхона деган бефайз жойда ҳам заррача гард юқтирмаганидан, рости, ҳайратда эдим. Фақат юрагининг туб-тубида абадий мунг ва туганмас пушаймон бор. Озода билан суҳбатимиз жуда чуқур ҳазинлик билан якун топди. Аёл ерга кўзини тиккан кўйи тўсатдан ўкраб юборди: “Ҳар куни бир армон билан уйғонаман, опажон. Ўшанда отам ўлиб қолмаганда эди… Барибир, майли, ёмон бўлса-да, отам ёнимизда бўлсайди…”

Муҳайё РУСТАМОВА.

 

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 4 =