Ипак жилосидаги қадриятлар

Камалакнинг етти ранги гўё ипларга сингиб, нафис матога айлангандай гўё. Атлас ва адрасга боққан инсоннинг кўз олдида ранглар жилоси, нозик нақшлар ва халқимизнинг юксак диди намоён бўлади. Ҳар бир толаси меҳнат билан йўғрилган, ҳар бир нақши асрлар давомида сайқал топган бу матолар нафақат миллий либосларимизга кўрк бағишлайди, балки халқимизнинг бой маданий мероси ва ҳунармандчилик анъаналарини ҳам ўзида мужассам этади.

Бир қарашда енгилгина шамолда жилваланиб турган атлас ёки адрас ортида қанчалар машаққатли меҳнат, қанча сабр ва маҳорат ётганини ҳар ким ҳам англайвермайди. Бунинг гувоҳи бўлиш учун Марғилон шаҳридаги ҳунармандлар марказига ташриф буюришнинг ўзи кифоя. Бу ерда оддий ипак толасининг босқичма-босқич ишлов берилиб, жилокор атлас ва адрасга айланиш жараёнини кўриш инсонда ҳунармандлар меҳнатига нисбатан янада юксак ҳурмат уйғотади.

Энг эътиборли жиҳати шундаки, ушбу қадимий ҳунар бугунги кунда ҳам ёшлар томонидан юксак қизиқиш билан давом эттирилмоқда. Айни вақтда марказда иш қизғин. Кимдир ипларни тайёрласа, яна кимдир бўяш ёки тўқиш ишларини бажаради. Ҳар бир уста ўз ишига меҳр билан ёндашиши туфайли оддий иплар нафис ва бетакрор атлас ҳамда адрасга айланади.

Гулбаҳор Эрназарова ҳам ушбу марказда фаолият юритиб, қўлдўкон дастгоҳида атласу адрас матоларини тўқиш билан шуғулланади. Асосан, қўл меҳнати, сабр ва маҳорат сабаб бугунги кунга қадар Гулбаҳор кўплаб миллий матоларни тўқиб келмоқда. Хусусан, атлас, адрас, беқасам, банорас, шойи, аъло бахмал каби яна бошқа миллий матоларни ўзгача маҳорат, дид ва гўзал дунёқараши ила тўқиб келаётган ёш тўқувчи аёл севган ишига, касбига бўлган муҳаббати сабаб бугун ўз фаолиятида яхши натижаларга эришиб келмоқда.

— Бу ерда ишлаётганимга 6 йил бўлган бўлса-да, шу вақт давомида устозлардан атлас ва миллий матоларни тўқиш бўйича кўп билимларни ўргандим. Тўқув дастгоҳига ўтирар эканмиз, елкамизда юксак масъулият борлигини ҳис этаман, — деди Гулбаҳор Эрназарова биз билан суҳбатда.

— Асосийси, меҳнатсеварлик, фидойилик, шижоат ва касбга бўлган садоқатим туфайли бугун тўқув ишларини амалга ошириб келмоқдаман. Жамоамиз аёллари жуда иноқ. Бир-бирларига иш, ҳунар ўргатишдан чарчашмайди. Доимо бир-бирларига ёрдам беришади. Улар билан бир оиладек бўлиб кетганмиз. Ишим уйимга яқинлиги фаолиятимни қийналмай олиб боришимда асқатмоқда. Оилам, фарзандларим ва аҳил жамоам борлиги бу менинг бахтимдир.

Убайдулло Миртозоев 20 ёшда. У ҳам ушбу марказда фаолият юритади. Айни вақтда ёш ҳунарманд йигит бу ерда атлас матосига гул териш вазифасини бажаради. — Матога гул теришда, аввало, чаққонлик, қўл ҳаракатларининг фаоллиги, меҳнатсеварлик, ғайрат ва юксак сабр-тоқат талаб этилади, — деди ёш ҳунарманд йигит. — Чунки мато гулларининг шакли нотўғри бериб юборилса, атлас нақшлари бир-бирига мос тушмай қолиши мумкин. Шунинг учун жуда эътиборли бўлишга ҳаракат қиламан. Асосийси, ишимни яхши кўраман. Қўлимда ҳунарим бор. Шу фаолият турим бўйича келажакда яхши шогирдлар чиқариш ниятидаман.

Дарҳақиқат, бугун миллий ҳунармандчилигимизни асраш ва ривожлантиришга қаратилаётган эътибор натижасида тўқимачилик саноати янада равнақ топмоқда. Бу эса нафақат маданий меросимизни сақлаш, балки ёш авлодни касб-ҳунарга йўналтириш, меҳнат бандлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Фотима МАНСУРОВА.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 + thirteen =