Архив хизматларида шаффофлик қандай таъминланмоқда?
Бугунги кунда мамлакатимизда давлат органлари фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ҳамда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада, айниқса, миллий тарихимиз, ўтмишимиз ва фуқароларнинг ижтимоий-ҳуқуқий мақомини белгиловчи ҳужжатларни сақловчи давлат архивлари томонидан кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Архив хизматларининг шаффоф ва сифатли кўрсатилиши, тизимда бюрократияни қисқартириш ҳамда коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш — бугунги кун талабидир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 24 ноябрдаги “Архив иши соҳасини рақамлаштириш ва соҳада бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш, давлат органлари ва ташкилотларининг электрон шаклдаги архив ҳужжатларини сақлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида 2026 йил 30 июнда Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат органлари ва ташкилотларининг архив ҳужжатларини электрон шаклда сақлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 352-сон қарори қабул қилинди. Ушбу қарор билан давлат органлари ва ташкилотларининг архив ҳужжатларини Ягона миллий архив ахборот тизимида электрон шаклда сақлаш тартиби тасдиқланди ҳамда архив ҳужжатлари ва улар ҳақидаги маълумотларни жамлаш, сақлаш, ҳисобга олиш ва улардан фойдаланиш жараёнларини комплекс автоматлаштириш, шунингдек, архив ишини амалга оширишга алоқадор ташкилотлар билан ахборот ҳамкорлигининг барча турларини таъминлаш учун янги имкониятлар яратилди.
Илгари архивлардан бирор-бир маълумотнома, айниқса, иш стажи ёки иш ҳақи тўғрисидаги ҳужжатни олиш фуқаролардан ҳафталаб вақт ва ортиқча оворагарчилик талаб этар эди. Бундай вазиятлар эса ўз-ўзидан тизимда сунъий тўсиқлар ва бюрократиянинг юзага келишига замин яратарди.
Бугунги кунда давлат архивлари томонидан хизматларни тўлиқ рақамлаштириш орқали инсон омили камайтирилиб, хизмат жараёнларининг тезкорлиги ва шаффофлиги таъминланмоқда. Фуқароларнинг эндиликда бевосита архив биносига боришлари шарт эмас. Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали масофадан туриб архив маълумотларини олиш имконияти яратилди. Бу тизим хизмат кўрсатиш муддатларини кескин қисқартирди ва жараённинг бошидан охиригача шаффоф бўлишини таъминламоқда.
Ўзбекистон Республикасида давлат ва идоравий ташкилотлардаги ҳужжатларнинг электрон нусхаларини яратиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни рақамлаштиришга мўлжалланган “e-archive.uz” расмий ахборот тизимининг жорий этилиши бунга яққол мисол бўла олади. Тадқиқот ишини олиб бораётган изланувчиларимиз узоқ масофадан турган ҳолда архив ҳужжатларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмоқдалар.
Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва хабардорлигини кучайтириш мақсадида архив соҳасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда уларнинг натижалари ОАВ, расмий саҳифалар ва ижтимоий тармоқларда мунтазам равишда ёритиб борилмоқда. Бу чора-тадбирлар архив тизими самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш ҳамда миллий архив меросини ишончли сақлашга хизмат қилади.
Коррупциянинг олдини олиш ва соҳа фаолиятини тўғри ташкил этишда архив муассасаларининг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва адлия органлари билан яқин ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этмоқда. Маҳаллий давлат органлари ва архивлар ўртасидаги қоғозбозликка чек қўйилиб, идоралараро интеграциялашган тизимлар орқали маълумот алмашиш йўлга қўйилган. Бу эса турли сохта ҳужжатлар тайёрланиши ёки маълумотларнинг яширилиши каби хавфларнинг олдини олмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, архив соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар фақатгина ҳужжатларни сақлаш билан чекланиб қолмай, балки халққа хизмат қилишнинг мутлақо янги, шаффоф моделини яратмоқда. Бюрократиянинг қисқартирилиши, рақамли технологияларнинг жорий этилиши ҳамда давлат органлари билан ҳамкорликдаги тадбирлар тизимни коррупциядан холи, сифатли ва ишончли соҳага айлантиришга хизмат қилмоқда. Архивлар — бу шунчаки ўтмиш хазинаси эмас, балки фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи шаффоф кўприкдир.
Саида ШЕРБОЕВА,
Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви бўлим мудири.
