Ваъда

Ўттиз йилдан бери қутқарувдаман. Бу вақтгача неча ўлик-тирикни кўрдим, неча яхши-ёмонни. Шу касбда суягим қотди, совуққонликнинг энг юқори чўққисига чиқдим деб ўйлардим. Токи бир воқеа содир бўлмагунича…

Даҳшатнинг сурати ҳар доим ҳам ёнғинга ўхшамайди. Баъзан шунчаки сокин, тинч турган сув остида ҳам яширинган бўлиши мумкин. Бир маромда оқаётган оқим тагида қанча долғалар борлигини билмайсиз.

Хоразмни кесиб ўтган Амударё сувлари кишини ўзига оҳанрабодай чорлайди. Шунчалар мафтун этадики, хавф ҳам кўзга кўринмайди баъзан.

Кунлардан бир куни навбатчилик қисмида доимгидай жанговар шайликни йўқотмаган ҳолда қутқарувчилар ўзаро гурунг қилиб ўтирар эдик.

— Қизим байрамга мени чизибди, қаранглар… — деди бир шеригимиз ҳаммамизга юзланиб, телефонида болаларча чизилган одам суратини фахр билан кўрсатар экан.

— Хафа бўлмагин-у, сурат сендан чиройлироқ чиқибди, — қитмирона гап қўшди бошқа шеригимиз.

— Ҳар қалай, сендан кўркамроқман, — дея даврага кулги қўшди дўстимиз қизининг чизган суратига яна бир қараб қўяр экан. Мен эса индамай ҳаммага қулоқ солиб, газета ўқиб ўтирар эдим. Қаерда қутқарувчилар ҳақида ёзишса, уни қайта-қайта ўқийман. Худди мен ҳақимда ёзишгандай. Бу одатимни ҳамма билади. Шунинг учун мутолаага шўнғисам, ҳеч ким менга халақит бермайди.

Лекин шу пайт навбатчилик қисми диспетчери томонидан келган шошилинч хабар орадаги сокинликка якун ясади. Суҳбатга нуқта қўйилди. Ҳаммамиз шу қадар тез манзилга отландикки, 40 сония қандай ўтганини сезмай ҳам қолдик.

Балиқ овлашга келган чол кўзи илинибми, сувга тушиб кетибди. “Ҳозир ҳаммасини дўндирамиз. Биринчи марта одам қутқаришимиз эмас-ку. Бу сафар ҳам топамиз, қутқарамиз”, дегандек ўзимизга ишончимиз баланд. Ғаввосга махсус кийимларини кийдириб, зудлик билан сувга туширдик. Аквалангни елкасига илганча ғаввосимиз сувга шўнғиди. Аммо ҳадеганда одам топилавермади…

Дақиқа эмас, соатлар ўтиб борар экан, бетоқатланиб борар эдик. Аммо сергакликни йўқотмаймиз. Оқиб кетган амакининг ортидан фақат бир аёл келган эди. Унинг бошқа яқин-йироғи йўқ экан. Аёлнинг бошқа овунчи йўқлигини билиб, юрагимиз баттар увиша бошлади. Болалар улғайиб, ўз дарду ташвишидан ортмайдиган, эру хотин бир-бирига суяниб қолган бир пайтда айрилишлари кимнинг дилини хуфтон қилмайди? Командир бўлсам ҳам ёш боладай йиғлагим келар эди негадир. Бармоқларим титроғини муштимга яшираман. Аёлнинг ёнига бориб, таскин беришга уриндим. Аммо у ўзига ўзи нималардир дер эди. Маъюс, аммо кучли бир нигоҳ билан сувга қараб:

— Туғилган кунимда балиқ пишириб бермоқчи эдингиз. Тезда қайтаман деб ваъда бергандингиз. Майли, балиқ керак эмас, сиз келинг, шу етади. Хафа бўлмайман. Лекин келмасангиз, хафа бўламан. Ҳеч бир туғилган кунинг менсиз ўтмайди, дегансиз. Келмасангиз, бошқа туғилган кун нишонламайман… — деди-ю лабларини қаттиқ тишлади. Аммо йиғламади. Мен унинг жасорати олдида ушоқдай уваланар эдим гўё.

— Хавотир олманг, холажон. Биз турмуш ўртоғингизни албатта топамиз. Балиқ овлашга қачон кетган эдилар?

— Кеча…

— Кеча?!

Беихтиёр овозим баландлаб кетди. Ахир 24 соат ичида сувда қолган одам тирик қолиши амримаҳол-ку… Аммо буни аёлга қандай айтаман?.. Шу он рациядан умид учқунлари чақнагандай туйилди. Одам топилди! Ҳаммамиз айтилган манзилга қараб югурдик.

Турмуш ўртоғининг жонсиз танаси устида ҳўнг-ҳўнг йиғлар эди аёл. Боя тоғдек тик турган қиёфадан асар ҳам қолмади бир зумда. Шунга қарамай, тезда ўзини қўлга олиб, бизга миннатдорлик билдирди. Бу қандай матонатли аёл бўлди? Ҳаммамиз лол эдик. Биз аёлга таскин бериб, уйига кузатдик. Аёлнинг шундай мушкул онда ҳам нигоҳидаги кучли иродани, таскинни, миннатдорликни кузатар эканман, бир инсонга далда бериш кимнидир хатардан қутқариш каби кишига куч бағишлашини яна бир карра ҳис қилдим.

Қутқарувчининг ҳикоясини

Юлдуз ЎРМОНОВА оққа кўчирди.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × two =