Санъатга ошуфта кўнгил

Инсон қалбини жунбишга келтирадиган, уни яйраб-яшнатадиган, дардига ҳам малҳам бўладиган энг ноёб хислат — куй-қўшиқлар, десам, ҳеч янглишмайман. Одамнинг дунёга келишида илк бора овозини чинқиратиб қичқирадиган йиғисида ҳам ўзгача севинч бор, руҳият бор. Бу илоҳий туйғу унинг ҳаётга келишидан барчани, айниқса, онасини огоҳ этади. Мен буни туғма санъатнинг дунёга келиши деб ўйлайман.

Яқинда ўзининг замонавий дизайн асосида чоп этаётган сифатли китоблари билан танилиб қолган “SAHHOF” нашриёти яна бир рисола туҳфа этди. Бу — қалами ўткир устоз ижодкор Ашурали Жўраевнинг “Олтин овозлар” номли рисоласидир. Бу китобнинг ўзига хослиги шундаки, унда ўзбек миллий қўшиқчилигининг энг таниқли устоз санъаткорларининг ҳаёти ва ижоди маҳорат билан ёритилган. Бу ҳақда юртбошимиз алоҳида таъкидлаганларидек: “Буюк шоир ва мутафаккир Мир Алишер Навоий бобомизнинг айнан “наво”, яъни мусиқий оҳанг деган сўзни ўзларига тахаллус қилиб, бутун дунёда шуҳрат топганини барчамиз яхши биламиз”.

Куй ва қўшиққа астойдил кўнгил қўймай, уларнинг сирли оламига кирмай туриб, бирор-бир фикр-мулоҳаза билдириш асло мумкин эмас. Ашурали Жўраев ҳам қўшиқчилик санъатини жон-дилдан севади. Ҳаётини, ижодини уларсиз асло тасаввур ҳам қила олмайди. Агар бошқа бир мавзуда қалам тебратаётган бўлса ҳам доимо радио мурватини бураб, ўзи севган ҳофизнинг қўшиғини янгратиб қўяди.

— Қўшиқ менинг илҳомимни жўш урдиради, ҳиссиётимни оширади, фикримни равшанлаштиради ва яратаётган ижодимни мукаммаллаштиришга хизмат қилади, — дейди Ашурали. — Яхши миллий қўшиқ, у мақомми, суворами, чинакам илоҳий мўъжиза, улар асрлар оша халқимиз қалбида мангу қолади.

Китоб муаллифи тўпламга халқ севган, қўшиқчиликда ўз мактабини яратган эл эъзозидаги энг таниқли ҳофизларни киритган. Таниқли санъаткор, Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ артисти Муножот Йўлчиева таъкидлаганидек: “Санъатни ёзиш учун санъатни дилдан ҳис қилиш ва севиш керак. Бу соҳани Ашурали ака юксак маҳорат билан ёритиб келаётган ижодкордир. Унинг ўзига хос қалами, айтар сўзи бор”. Дарҳақиқат, шундай.

Китобда миллий ўзбек қўшиқчилик санъати ривожига беқиёс катта ҳисса қўшган ва ўз овози, бетакрор ижро услуби билан мактаб яратган буюк устозлар — академик Юнус Ражабий, тенгсиз ҳофизлар Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов, Комилжон Отаниёзов, Маъмуржон Узоқов, Муҳаммаджон Мирзаев, Ботир Зокиров, Фахриддин Умаров, Шерали Жўраев, Бобомурод Ҳамдамов, Отажон Худойшукуров, Ортиқ Отажонов, Олмахон Ҳайитова сингари эл севган санъаткорларнинг ибратли ҳаёти, ижод йўли юксак маҳорат билан тараннум этилган.

Муаллиф ана шу машҳур санъаткорларнинг ижод йўллари ва барҳаёт қўшиқлари осмондаги юлдузлар мисоли ҳамон порлаб турганлигини қайд этар экан, уларни “олтин овозлар” деб мажозий маънода номлагани бежиз эмас, чунки бу ноёб овозлар энг ёрқин, ёқимли ва дилтортар бўлиб, улар санъатсевар халқимизнинг олтиндан ҳам қиммат бебаҳо бойлигидир.

Китобда Ашурали Жўраев ҳар бир машҳур санъаткорнинг ҳаёти ва ижоди ўзига хослиги, бетакрорлиги, овозларидаги ноёб қочиримлар, авжлар, ижро услубларидаги ёқимли жозибани санъатшунослардан кўра моҳир журналист сифатида худди жонли ижродагидек унутилмас мисраларда талқин қилишга интилган. Ана шу қиёсларнинг барчаси ижодкорнинг миллий қўшиқчилик санъати сирларини пухта ўрганганлиги, бутун вужудини жон бахш этувчи қўшиқлар сеҳри қамраб олганлигини намоён этади. Бу рисоланинг яна бир аҳамияти шундаки, унда энг улуғ санъаткорлар бир китобга тўпланиб, уларнинг бутун бир дунёси эркин тараннум этилганидадир.

Истеъдодни кашф этиш, уни ўз вақтида англаб, қўллаб-қувватлаш даркор. Ана шундагина истеъдод эгасининг ноёб фазилатлари, маҳорат қирралари очилади, асл қиёфаси баралла намоён бўлади. Муаллиф китобда таърифлаган ҳар бир санъаткорнинг тўлақонли фазилатини ана шундай талаблар асносида очиб беради.

Элимизда миллий санъатга эътибор кейинги йилларда анча кучайди. Халқаро мақом ва бахшичилик санъати анжуманларининг ўтказилиши, халқаро “Лазги” рақс фестивалининг кенг нишонланиши Янги Ўзбекистон нуфузини яна бир бор дунёга танитди. Айниқса, “Шашмақом”нинг ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси сифатида эътироф этилиши санъатимиз нуфузининг янада юксалишида жуда улкан тарихий воқелик бўлди.

Миллий санъатга бўлган масъулият ва талаб азалдан маълум. Ҳатто Хоразм қўшиқчилиги ва шўх мусиқаси ўзига хослиги ва уларнинг юксак даражада қадрланиши кўп воқеаларда ҳикоя қилинади. Ферузшоҳ даврида Хива хонлигида таниқли аъёнлар йиғилишиб, тез-тез мумтоз қўшиқчилар оқшомини ташкил қилиш анъана бўлган. Кунлардан бир куни ана шундай базмлардан бири уюштирилган. Унда хон ва аъёнлар мириқиб Хоразм сувораларини, дилтортар, шўх рақсларини эшитиб ва томоша қилиб, ижрочилар маҳоратига тасаннолар айтиб ўтиришган. Базм анчагача чўзилган, буни ҳис қилган созандалар устози қарасаки, хон кўзларини юмиб олиб, чайқала-чайқала ўтирибди. Созандалар етакчиси хонни мизғиб оляпти деб ўйлаб, айтаётган қўшиғининг бир парчасини ташлаб ўтиб кетган, хон қўшиққа маст бўлиб, бутун вужуди билан тинглаётганини улар ҳис қилишмаган. Қўшиқ тугагач, хон бир миршабни олдига чақириб, унга қандайдир топшириқ берган. Хон созандаларга миннатдорчилик билдириб, улар билан хайрлашган. Созандаларга ҳеч нима демаган.

Созандалар устози уйига етиб келиб қарасаки, навкарлар хонадонининг томини бузаётган эканлар. Миршабга: “Нега ундай қиляпсизлар? Ахир мен ҳозиргина хоннинг ҳузуридаги базм кечасидан келдим-ку!” деган. Миршаб эса: “Бу хоннинг топшириғи, биз бажаряпмиз, холос”, дейди.

Устоз қўшиқчи зудлик билан хоннинг ҳузурига қайтиб бориб, арзини айтибди. Шунда Ферузшоҳ: “Сен суворани айтаётганингда унинг бир парчасини ташлаб ўтиб кетдинг. Хўш, бу мумтоз қўшиқни бузиб айтиш қандай бўлар экан?” дебди.

Созандалар устози тезда ўз хатосини тушуниб етибди ва хондан бундай номаъқулчиликни қайта такрорламаслигини айтиб, узр сўрабди.

Мана сизга санъатга бўлган эътибор, меҳр-муҳаббат ва талабчанлик! Ўша даврда ҳатто хонлар ҳам қўшиқларнинг моҳиятини, унинг мазмунини, ижросининг нозик қирраларини тушунибгина қолмай, балки ўта талабчанлик билан назорат қилишган.

Ашурали нафақат истеъдодли ёзувчи ва журналист, балки меҳр-оқибатли санъат шайдоси ҳам. У раҳматли Бобомурод Ҳамдамовни жон-дилдан ҳурмат қилар, қўшиқларини кеча-ю кундуз мароқ билан эшитарди. Устоз санъаткор ҳақида ўқишли рисола ёзиб, ҳофизнинг бетакрор санъати, олтиндан қиммат овозини мангуга муҳрлаган эди. Ҳатто ўтган йили бир тадбир сабаб Хоразмга борганида, озгина вақт топиб, устоз ҳофизнинг қабрини зиёрат қилиб қайтганини айтганди.

Ҳа, ҳаёт давом этаётир. Китоб муаллифи алоҳида таъкидлаганидек, қўшиқ санъати оламига кўплаб ўктам ва ширали ёш овозлар дадил кириб келаётир. Уларнинг ҳар бирида такрорланмас истеъдод, ўз йўли бор. Биз келажак авлод ҳақида ҳам янада қизиқарли ва мазмунли яна бир китоб яратилиши учун муаллифга жўшқин илҳом, теран фикр тилаб қоламиз.

Жаббор РАЗЗОҚОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 + 16 =