Ибрат кўзгуси

“Театр — ибратхонадур…” Бу машҳур таъриф бугун қанчалик ўзини оқлайди?.. Халқни маърифатли қилмоқ йўлида жони нисор кетган, илк ўзбек пьесаси муаллифи бўлмиш жадид бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақрост гапни айтган: аслида, театр санъатининг вазифаси ҳали ҳам томошабинга ибрат кўрсатмоқ, унинг юзига “ойна тутмоқ”дир. Хўш, бугунги театр томошалари шу миссияни қанчалик адо этаётир?.. Келинг, шу ҳақда озроқ мулоҳаза қилайлик.

Тан олиш керак, аксар театрлар репертуаридан кўпроқ маиший мавзудаги асарлар жой олган: оилавий қўйди-чиқдилар, қайнона-келин можаролари, енгил-елпи кулгига асосланган маиший муаммолар… Томошабин диди, савияси шуни кўтаргач, театр ҳам талабга мослаб томоша қўяди-да. Яна денг, шундай спектаклларга томошабин ёғилиб келади. Бу ҳақда мутахассислар, санъатшунослар неча йиллардан буён бот-бот гапириб, ёзиб келаётир.

Шу боис бу масалада чуқурлашмай, оддий мухлис ўлароқ бир пьеса томошасидан олган таассуротларимни баён этиш билан чеклансам. Лекин инсоф юзасидан шуни ҳам қайд этмоқ лозимки, ҳақиқий истеъдод эгалари (режиссёр, драматург ва табиийки, актёрлар) саҳнага олиб чиққан жиддий пьесалар ҳам бор, кам эмас. Таассуфки, бундай асарларнинг томошабини кам, умри ҳам у қадар узоқ бўлмайди.

Бир муддат аввал ана шундай асарлардан бири — Аброр Ҳидоятов номидаги ўзбек драма театрида намойиш этилган “Ишлагандек бўлайлик” спектаклига тушдим. Бу — замонамизнинг забардаст ёзувчиси Эркин Аъзам қаламига мансуб “Фаррош кампирнинг туши” пьесаси асосида таниқли режиссёр Олимжон Салимов саҳналаштирган саҳна асари. Ҳали пьесани томоша қилмаёқ кўнглимда “Икки уста ижодкор ҳамкорлигида зўр спектакль дунёга келган бўлса керак!” деган ишонч бор эди. Негаки, Эркин Аъзам ёмон ёзолмайди — унинг қаламидан чиққан пьеса, табиийки, мағзи тўқ, пишиқ бўлади. Олимжон Салимовдек режиссёр саёз томоша қўёлмайди — ана шундай пишиқ асарга ижодий ёндашиб, чинакам дурдона яратади.

Сезгим панд бермади: бу ижодий тандем театр мухлисларига драматик жиҳатдан пишиқ-пухта, юки оғир, муҳими, томошабинни бефарқ қолдирмайдиган, ўйга толдирадиган, фикр-мушоҳадага ундайдиган саҳна асари тақдим этди.

Келинг, асарга батафсилроқ тўхталайлик. Воқеа бир ишхона, аниқроғи, “бекорчихона”да кечади. Эрталаб ташкилот ходимлари автобусда тиқилиб-суриниб ишга келади. Худди муҳимдан-муҳим кор-юмуш кутиб тургандек, шоша-пиша ҳар ким ўз хонасига ошиқади. Шу асно бирин-кетин “бекорчихона” аҳли билан танишамиз. Корхона раҳбари — Раҳбар Раҳбарович айланадиган оромкурсига ястанганча “Акахон”ига қўнғироқ қилаётир. Унинг қиладиган асосий иши стол устида қалашиб ётган газеталарни варақлаш-у, телефонда валақлашиш. Шу ўринда қаҳрамонлар номланишига-да эътибор қаратиб кетсак: фаррош кампир — Қумри хола ва котиба Гулибарнодан бошқа ўн чоғли персонаж шунчаки: Раҳбар Раҳбарович, Муовин бува, Ҳисобчихон, Иқтисодчи хоним, Бўлим бошлиғи, Бош мутахассис, Мутахассис хоним, Ҳайдовчи йигит, Акахон каби амал-мавқеига кўра атаб қўя қолинади. Аслида, уларга ном бериш шарт ҳам эмас: бу жамиятимиздаги юзлаб шундай ташкилотлардаги сон-саноқсиз “мутахассислар”нинг умумлашма образи. Фаррош хола кун-уззукун қўлида латта билан ишхонада ивирсиб юради. Маоши камлигидан, ишхонада ўзига беписанд муомала қиладиган раҳбару ходимлардан ўзига ўзи ёзғиргани-ёзғирган. Биронтанинг қораси кўрингудек ёки унга кўзи тушгудек бўлса, дарров ўша одамни алқаб, дуо қила кетади. Эркаклар икковора шахмат суришади, телефонда валақлашади, бирови диванда чўзилиб ётади, тушлик соати яқинлашганда тўдалашиб “ош”га жўнайдилар. Аёллар бир-бирига гап бермай, “сен зўрми-мен зўр” дея даҳанаки жанжаллашишади (Ҳисобчихон билан Иқтисодчи хоним), нимадир талашишади, кимдир сариқ газета ғийбатини ўқишга андармон, сўнг йиғилишиб, раҳбарнинг хонасида (!) сериал кўрадилар. Иш вақти ҳисобот топшириш баҳона ҳайдовчини олиб, бирров узатган қизиникига бориб келган ҳам (Ҳисобчихон), жиянининг (аммасининг, тоғасининг) туғилган куни баҳона вилоятга даф бўлиб, шу бадал ҳафта бўйи қорасини кўрсатмай кетадиган ҳам шу ташкилот ходими. Бош мутахассиснинг ўзи эътироф этганидек, “Қиладиган касб-коримиз — ҳукумат ажратган тўрт-беш сўм маблағни маҳсулот чиқарадиган бошқа бир корхонага ўтказиб бериш, тамом-вассалом!” Тайинли иш бўлмаган жойда ҳар ким (ходим) шахсий юмушини, муаммосини ҳал этиш пайида-да. Яъни, ташкилот бошлиғи Раҳбар Раҳбарович айтганидек, “Эрталаб ишга келганда даставвал бир варақ қоғоз олиб, бугун бажариладиган юмушлар рўйхат қилинади. Рўйхатнинг бошида, албатта, шахсий масалалар турсин. Давлат ишлари ўз-ўзидан бўлаверади”.

Ногоҳ бу “бекорчихона” бошига “кулфат” келади-ю (яъни “ишхона кўчармиш” деган гап чиқади-ю), ходимларнинг пайтавасига қурт тушади: кимдир уйига узоқлик қилишини рўкач этиб, ишдан бўшамоқчи бўлади, яна кимдир “янги жойда мен фалончи билан бирга ўтирмайман, алоҳида хона берасиз” деб раҳбарга талаб қўяди. Сўнг эса янги жойга борилгач, “эски жиҳозларни ҳам янгилаш керак” дея ходимлар нарса-буюмларни тақсимлаш, ўзлаштиришга тушиб кетадилар. Шунинг устида талашишлар, керакми-керак эмасми, эски-туски буюм-матоҳни олиб кетиш пайида тортишишлар…

Шу тариқа жамиятимиздаги, ҳаётимиздаги катта-кичик иллатлар, қусурлар, камчиликлар манаман дея қаршингизда бўй кўрсатади, сиз — томошабин ўзингизни, қўшнингизни, қайсидир танишингизни, қариндошингизни кўрасиз, танийсиз. Бу, аслида, биз ўзимиз, бизнинг турмуш тарзимиз, тутумларимиз, кераксиз, ўйлаб топилган ҳар турли “урф-удум”ларимиз (ошхўрлик, элга ош бериш, ошма-ош юриш), таниш-билишчилик ортидан иш битириш, лавозим эгаллаш (Раҳбар Раҳбарович), ахлоқий ноқисликларимиз (Бош мутахассис ва Мутахассис хоним; Акахон ва Гулибарно) ва ҳоказо…

“Бекорчихона” ходимларида касбига, ишига садоқат, меҳр йўқ — раҳбардан тортиб котибасигача ўз манфаатини кўзлайди, фақат ўзини ўйлайди: давлат ишими — вақти-соати билан бўлаверади, аввал шахсий муаммоларимиз битиши керак! Кўчиш ҳақида, боз, шаҳар чети — овлоқроққа кўчилади деган гап чиққач, биринчилардан бўлиб ташкилот раҳбарининг ўзи “акахон”ини ишга солиб, бошқа лавозимга ўтишни кўзлайди. Демак, ташкилот нима бўлади, қаерга кўчади, эртаси қандай кечади — уни мутлақо ташвишлантирмайди. Ўзи қулайроқ, ёғлироқ, биров тергамайдиган жойда ўтирса, куни ўтса бас. У номи раҳбар, раҳбар бўлгани билан ходимлари олдида тили қисиқ, ҳатто котибасига сўзи ўтмайди (чунки у “Акахон”га тегишли, эски курсисига қайтиш учун котибасига ялинади: “Акахонингизга бир қўнғироқ қилиб қўёлмайсизми? Зораки…”) Ёхуд бир раҳбарлигимни кўрсатиб қўяй деб Ҳисобчихонни тергамоқчи бўлса, “Бўшатмоқчимисиз мени? Майли. Бўшасак, бирга-бирга бўшаймиз-да!” дейди у тап тортмай. Ахир “Ҳув февралдаги ведомостга” иккаласи имзо чеккан-да — яъни у ҳам еган.

Спектакль режиссурасига келсак, томоша бутунича фарс асосига қурилган, яъни воқеалар ҳам, персонажлар хатти-ҳаракати ҳам бўрттириб кўрсатилган. Саҳна декорацияси, қаҳрамонлар костюмлари борасида ҳам ўзига хос, ноодатий усул танланган — ҳаммаси кулранг, яъни ранг-баранглик йўқ, ҳар жиҳатдан ўртамиёналикни акс эттиради. Саҳна ўртасида баландга илиб қўйилган — “Ишлагандек бўлайлик” деб ёзилган лавҳ, яъни ташкилот номининг ўзи бу қандай ишхона эканидан далолат беради. Баланд зинадан чиқиб бориладиган айвонда томошабинга тескари қараб ўтирган, атай юзи аниқ кўрсатилмаган бир қоринбойга кўзимиз тушади. Бу ўша “қудратли” акахон. Раҳбар Раҳбаровичдек майда амалдорлар айнан шундай катта, қўли узун амалдорлар томорқасида етишади, улар ҳомийлигида мансаб-мартаба поғонасига кўтарилади. Ёки Раҳбар Раҳбаровичнинг тиззасигача тушадиган бўйинбоғига қаранг, бу унинг раҳбар ўлароқ ўзи бошқараётган ташкилотга жон куйдирадиган масъулиятли инсон эмас, амал-курси қули эканини кўрсатади. Ё бўлмасам, Раҳбар Раҳбаровичдан тортиб Ҳисобчи хонимгача (булар ташкилотнинг раҳбар ходимлари эмасми!) иш вақтида шахсий юмуши билан кетаркан, курсисига қўғирчоқ-маникенни ўтқазиб қўйиши ҳам бу каби раҳбарларнинг ташкилот учун бирор нафи йўқлиги, мисоли бир қўғирчоқдек гаплиги, у кетиб, ўрнига бошқаси келса ҳам ҳеч нима ўзгармаслигини англатади. “Бекорчихона”да биттагина чинакамига ишлайдиган, ҳақини ҳалоллаб топадиган тирик инсон бор. Аммо унинг меҳнати қадрсиз: ҳаммадан кам маош уники, нарса-буюмлар тақсимланганда ҳам унга ҳеч вақо йўқ, “Бу кишига, заҳматкаш опахонимизга… раҳматнома эълон қиламиз, раҳматнома!”.

Хулласи калом, мазкур спектаклда бир ярим соат мобайнида маза қилиб куласиз. Куласиз-у, аммо ичингизда аллақаерингиз симиллаб турганини, нимадир тинчлик бермаётганини англайсиз. Нега биз ҳар ишга бунчалик лоқайд-бефарқмиз, нега биз фақат ўзимбўларчимиз — ҳар жойда, ҳар нарсадан манфаат кўзлаймиз? Нега? Қачон биз фақатгина қорин-қурсоқнинг ғамини ейдиган, сохта дабдабага ўч оломонга айландик?.. Кўнглингизда ана шундай нега деган иштибоҳлар қалашиб кетади. Соддагина бир савол қўйсак: хўш, бу ёмонми? Йўқ, аксинча, яхши! Бу дегани театр ўз вазифасини қойилмақом қилиб уддалади дегани: ғафлатда ётган “мия”ни туртиб қўйди, фикр қўзғади, ўзингизни, ҳаётингизни таҳлилу таҳрир қилишга рағбат уйғотди дегани.

Мухтасар сўзимизни яна жадид бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий каломи билан якунласак: “Теётр ойинадурки, умумий ҳолларни анда мужассам ва намоён кўзликлар кўруб, кар-қулоқсизлар эшитиб, асарланур. Хулоса: теётр ваъз ва танбиҳ этгувчи ҳамда зарарлик одат, урф ва таомилни, кабиҳ ва зарарини аёнан кўрсатгувчидир. Ҳеч кимни риоя қилмасдан тўғри сўйлагувчи ва очиқ ҳақиқатни билдиргувчидир”.

Нодира АСАДОВА,

журналист.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 + 16 =