Жавобсиз қолган саволлар

Ўша пайтда “Hurriyat” газетаси таҳририяти Миллий матбуот маркази (МММ, Навоий кўчаси, 16)да жойлашган эди. Ногаҳон мамлакатда жуда машҳур ва таниқли зот Абдулла Орипов шу бинога тез-тез келадиган бўлиб қолди. Кейин маълум бўлишича, марказнинг катта мажлисхонасида республика Миллий кураш федерацияси турли йиғилишлар ўтказар, Абдулла Орипов шу муассасага бош маслаҳатчи эканлар. Ҳа, миқти гавдали, умрида бировнинг ёқасидан ушлаб, курашга тушганми-йўқми, номаълум, лекин қаттиқроқ шамолдан ҳам ҳайиқиб турадиган одам паҳлавонлар беллашуви — бухороча усулдаги ўзбек миллий кураши бўйича маслаҳатчи!..

Матбуот анжуманларида баъзан қатнашиб қоламиз, ростдан ҳам, юмушлар кўп бўлар экан. Кураш миллатнинг юзи бўлиб, халқаро ареналарга чиқаётган, дунёнинг жуда кўп мамлакатларида айнан “Президент кубоги” номи билан мусобақалар ташкил этилаётган шароитда салобатли инсоннинг машварат бошида туриши ҳам табиийга ўхшаб кўринади.

Шундай қилиб, устоз билан тез-тез дуч бўлишга тўғри келарди ва имкониятдан фойдаланиб, қандайдир кўринишда ижодий юмушларни адо этиш (масалан, таниқли шоир билан газетага суҳбат тайёрлаб бериш каби) нияти ҳам пайдо бўлгани сир эмас. Фақат буни шоир билан батафсил гаплашиб, ҳал қилиш керак бўлади. Мўътабар зотга унчалик яқин эмасман, шунингдек, узоқ ҳам эмасман. Иш юзасидан бир неча марта гаплашганман, қолаверса, “Ҳазрат Соҳибқирон” китобимга сўз боши ёзганлари ҳам бор гап (бу воқеа финалининг ўзгача бир тавсифи бор, ҳозирча унинг мавриди эмас). Бироқ шоирнинг вақти ҳисобли, кўплаб ташвишлар (раис, депутат, жамоат арбоби ва ҳоказо), шу туфайли унча-мунча режага розилик беравермайдилар.

Хуллас, жами плюс-минусларни ҳисоб-китоб қилиб (“Чиқмаган жондан умид” дегандек, ҳам “таниқли инсон билан бақамти турай” деганга ўхшаш чучмал орзу билан), саволлар тузадиган бўлдим ва уларга батафсил жавоб олишни мўлжалладим (бундай ҳолни “Кўтара олмасанг, қўшиб боғла” дейишади халқ тилида). Ўйлаб-ўйлаб, саволларни уч йўналишда тузишга аҳд қилдим. Гўё бу суҳбат мамлакат мадҳияси матнининг муаллифи, миллий шеъриятда ўзига хос йўл очган, замонавий адабиётнинг энг халқчил ва таниқли вакилининг шахсияти ва унинг адабиёт, шеърият ҳақидаги қарашларининг мукаммал (?!) ифодаси бўлиши лозим эди. Албатта, ижодий режалар билан тўлиб-тошиб юрган одамнинг ҳар қанча хаёл суришга ва орзу қилишга ҳаққи бор. Хуллас, саволлар қуйидагича бўлди:

  1. Абдулла ака! Сиз — шоирсиз, шунинг учун дастлабки савол “иш юзасидан” бўлса, ажабланмайсиз. Новатор шоирлардан бири “Мия ва юракнинг шундай хилват жойлари борки, уларга фақат шеър билан кириб бориш мумкин”, деган экан. Сиз бу фикрни давом эттириб, яна нималар дея оласиз?
  2. Ижодда кўпинча маълум бир қоида — “Истеъдоднинг 99 фоизи меҳнатдир” деган таъриф устунлик қилиб келади. Сизнингча, ўша қолган 1 фоизи нима?
  3. Истеъдоднинг жуда кўп таърифлари бор. Жумладан, “Истеъдод, бу — ирода” қабилидаги гап ҳам учрайди. Шеърият деган маҳобатли қаср дарчасини чертолмай, тортиниб дунёдан ўтиб кетганлар қанча… Ўша даргоҳ остонасида қимтиниб турган ўсмирни бугунги баркамол Абдулла Ориповга ўсиб етгунича ўтган фурсат нималарга ўргатди?
  4. “Мен — шоирман, истасангиз шу”, дея ўз ирода ва фикрингизни эълон қилганингизда ижоднинг ҳозиргача кечган узун йўли кўз олдингиздан ўтганмиди (чамалаганмидингиз)?
  5. Маълумки, Сўз чегара билмайди. Шеърни эса бегона тилдагилар ҳатто оҳангидан тушунади. Бироқ ўзбек шеъриятида янги номларни маҳаллий ҳудудларга боғлаб талқин қилиш (масалан, “ўзи яхши шоир, фақат айби қашқадарёлик-да” каби) ҳоллари ҳам бўлганди…
  6. Албатта, Алишер Навоий қалам сурган тилда бирор даражага эришиш қийин. Бу ҳам яхши, ҳам ёмон. Шу маънода ҳозирги замон ўзбек шоирлари Навоийга қай даражада яқиндирлар ва қай даражада узоқдирлар?
  7. Агар шеъриятнинг бўйини бир аср билан ўлчайдиган бўлсак, ўтган юз йилликда бу жанр шакл, мазмун ва шоир шахси нуқтаи назаридан нечоғлиқ ўзгарди?
  8. Абдулла ака! Ҳар бир шоирнинг ўз услуби (демак, қиёфаси) бор, жумладан, Сизнинг ҳам. Шеърларингизни эмас, сатрларингизни минглаб шоирлар маҳсулидан ажратиб олиш қийин эмас. Услубингизнинг ўзига хос жиҳати — Сиз сўзга эргашмайсиз (кўплаб шоирлар қофияни сақлаш учун мантиқсиз мисралар тузадилар), балки сўзни эргаштирасиз. Мисраларингизда ўзбекча каломларнинг жамоли янада очилиб, ҳатто портлаб кетади ва баъзан афоризм даражасига етади. Бундай юксалишнинг бирор сири борми? Сиз учун Сўз нима? Мумкин бўлса, ижодий тажрибаларингиздан баҳам кўрсангиз…
  9. Баъзан шеър билимдонлари “Маҳорат камолга етгач, шеър ёзиш қийин эмас. Узук ясагандек, дастгоҳдан чиқариб ташланаверади” қабилида мулоҳаза юритадилар. Бу нечоғлиқ тўғри?
  10. Бир яшил водийда ўзбек тилида шеър айтувчи жами шоирлар тўпланса, уларга нималар деган бўлардингиз?
  11. “Шоир бўлишинг шарт эмас, бироқ гражданин бўлишинг шарт” (Некрасов) деган ақидага муносабатингиз?..
  12. Шоирнинг ижтимоий ҳаётга (ёки сиёсатга) аралашуви ижодга, шахсий майлларига тескари таъсир этадими? Бу истеъдод учун хавфли эмасми?
  13. Шоирнинг эркинлиги, сўз эркинлиги, шахс эркинлиги билан ижтимоий тартиблар ўртасида зиддият борми?
  14. Сиз шеър яратганингизда ҳар доим ўқувчиларингиз кўз олдингизда турадими? Уларнинг савияси, дунёқараши, муносабатини қандай баҳолайсиз?
  15. Халқимизнинг жуда кўп фазилатлари қаторида соддалик ва андишалилик жуда бўртиб туради. Ўта соддалик — лақмалик. Андишанинг бир чети эса қўрқоқлик, иккинчи тарафи — хоинлик, дейишади. Бу борада қандай меъёрларга амал қилиш керак, деб биласиз?
  16. Ўзбеклар дастурхонида нони йўқлигидан, кийими йиртиқлигидан, умуман, камбағаллигидан шикоят қилишни, яна ҳам бўрттириб айтсак, қашшоқлигини овоза қилишни ор деб билади ва бундай дардини кўчага чиқармайди. Шундай феъл-атворни ижобий баҳолаш мумкинми? Умуман, бундай халққа муомала, муносабат қандай бўлиши керак, деб таклиф қиласиз?
  17. Шеърларингизда юраги қора, ҳасадгўй одамларнинг қилиқларидан озор, ғийбат ва миш-мишлардан нафратланиш алоҳида бўртиб туради. Сиз шундай одамларга кўп дуч келганмисиз ёки халқимизнинг табиати шундайми?
  18. Қўрқоқлик ҳеч қачон оқланмайди, сирасини айтганда, бизнинг одамларимиз нега бунча қўрқоқ?
  19. Миллатни, халқни кўтариш алоҳида касб кишиларининг ишими ёки бу ишни ҳар ким ўзи бажариши керакми? Айни пайтда бизда шу нарсага эҳтиёж борми? Нима қилиш керак, деб ўйлайсиз?
  20. Шоир, гражданин, давлат арбоби сифатида ўз фаолиятингиздан қониқасизми?..

Ва яна бошқа саволлар ҳам бор эди. Лекин саволларнинг мазмуни, даражаси шундай эди. Мен шоир, давлат арбоби, шу юрт фарзандидан жавоб олишни мўлжаллагандим. Афсус, уни кўнгилдаги суҳбатдошга тақдим этиш имкони бўлмаган. Бу ҳолнинг сабаби шундаки, аввало, шоирни шундай хизматга шай кайфиятда ушлаш (тутиш) лозим бўларди, бу ҳолнинг ўзига хос жиҳатлари бор эди. Кейин эса, гарчи адабиётда бундай суҳбатлар учраб турса ҳам, “нариги” томон қандай тушунади, деган андиша ҳам йўқ эмас эди. Ахир машҳур қўшиқчи шоирларнинг бирига шундай қатор саволларни ёзиб, қўлига берганимда, бир қур кўз ташлаб: “Ука, бизни имтиҳон қилмоқчимисиз?” деган, бундан анча мулзам бўлган эдим. Хуллас, у бўлди-бу бўлди, саволлар тақдим этилмади ва кутилган мулоқот рўй бермади.

Кўпчилик шу ўринда ўзбек тилида ҳам китоб ҳолида нашр этилган ва кенг китобхонлар ўртасида анча машҳур бўлган бир асарни яхши эсласалар керак. Албатта, гап машҳур қозоқ шоири Мухтор Шахановнинг ташаббуси билан дунё севган адиб Чингиз Айтматов ўртасида рўй берган давомли суҳбатлар самараси ўлароқ яратилган “Чўққида қолган овчининг оҳи-зори” (Тошкент, “Шарқ” нашриёти, 1998 йил) китоби ҳақида кетяпти. Китоб муқаддимасида Чингиз Айтматов хотираларига урғу бериб қайд қилганидек, “гаплашадиган одам ҳам” қолмаётган ёки камайиб кетаётган шароитда, аввало, бир-бирини тушунадиган икки одамнинг топилиши ғанимат. Қолаверса, сўздек бебаҳо хазинага муносабатлардан кўнгил тўлмай турганда “ибтидоий жамият тузумидан бери яшаб келаётган қонуниятлар” — ўз сўзининг устидан чиқиш ва бебурд бўлиб қолмасликни кўнглига туккан суҳбатдошларнинг келажакка айтар “оҳи-зори” бўлади. Инчунин, “чин кўнгилдан очилиб-сочилиб гаплашадиган, фақат сўзнинг қадрини биладиган ёки маъносини тушунадиган суҳбатдошга эмас, балки айни чоғда тинглашни ҳам биладиган ҳамсуҳбатга ташна”лик ҳукм сурар экан, менда ҳам нимадир ишонч ва режа бўлгани рост.

Таассуфки, бу ҳол рўй бермаган, мулоқот жараёнида ҳар доим кўнгил истаги ҳисобланмиш мавҳум жумбоқларга ечим топиш, мулоҳазаларни муҳиб ва мухлислик шароитида кўпчиликка етказиш қабилидаги кайфият насиб этмаган бўлса-да, саволлар орқали сўз оламида ўзига хос мислсиз натижага эришган нодир инсоннинг кечинмалари билан кўплаб иштибоҳларга аниқлик киритиш илинжи бор эди. Гўзал шеъриятдан баҳраманд бўлиш бошқа, унинг ижодкори ботиний оламига назар ташлаш бошқа. Зеро, улуғ адиб Қирғизистонда элчи бўлиб турган М.Шаханов билан доимий гурунгдан “Икковимизнинг суҳбатларимиздан, ўзаро кашфиётларимиздан… мулоқот қувончини ич-ичимиздан ҳис этиб турардик”, тарзида мамнунлигини эътироф этган эди. Албатта, мулоҳазалар етарли, ўртада ўзбекча андиша ҳам бор: “Сен ким эдинг-у…” қабилида, аммо шу ният амалга ошганида, бугунги пушаймонликка ҳам ҳожат қолмаган бўларди.

“Чўққида қолган овчининг оҳи-зори” китобидаги етти бўлимдан жой олган суҳбатлар жараёнида туркий халқлар ўтмишига доир унча-мунча тарихий манбаларда учрамайдиган далиллар келтирилган. Бири қозоқча, бошқаси қирғизча сўзлаб, ҳаёт сўқмоқларида дуч келган қувонч ва мусибатларни яшириб ўтирмай, ногаҳон туғилиб қолган фикр-мулоҳазалар, сўзларни асл ҳолида ўқувчига тақдим этган бу китоб адабиётда муносиб хазина бўлиб қолгани кўп такрорланади. Айни пайтда жадидлардан кейин, орадан ўтган йиллар давомида қанча синоатларни кечирган халқимиз пешонасига ўзлигини англатиш учун ато этилган Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов сингари шахсиятларнинг дил сўзлари йиллар йиқита олмаган миллий ғурурнинг инъикоси эди. “Жавобсиз қолган саволлар” ҳам шу сирли дунёга қайта назар ташлаш умидида тузилган эди…

Мазкур маълум хотираларни эслаш, шу ўринда қайд этишдан мурод — турли ўткинчи мулоҳазаларга берилиб, ғафлат тўрига банди бўлиб ўтирмай, вақтдан унумли фойдаланиш, ғанимат дамларни елга совурмаслик лозимлигини яна бир марта таъкидлаш истагидир. Зеро, ҳар доим, жумладан, бугун ҳам худди шундай эзгу амалларни бажариш эҳтиёжи бор, фақат кечикмасак бас!

Дарвоқе, яна бир гап. Юқоридаги саволлар билан бугун қайси ижодкорга рўбарў бўлиш мумкин? Шуни ҳам ўйлаяпман…

Ҳаким САТТОРИЙ.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

9 + 12 =