Бизни улғайтирган қўшиқлар

Шу кунларда узоқ йиллар эсламаган, хотирамдан ўчиб кетаёзган баъзи воқеалар хаёлимда тикланяпти. Шу аснода ўша воқеалардан яна янги мазмун-моҳият, жоиз бўлса, ҳикмат топяпман. Ота-оналаримиз ҳурматига сазовор бўлган буюк инсонлар қолдирган маънавий-маданий мерос йиллар ўтса-да, ўз қиммати ва аҳамиятини йўқотмаганига яна бир бор ишонч ҳосил қиляпман. Чин ижод ва чин одамийлик уйғунлигидаги меҳнат маҳсулининг қадри ҳар доим баланд бўлишига, тилдан-тилга, қалбдан-қалбга ўтиб, авлодлар оша яшайверишига амин бўляпман. Ана шундай ҳис-туйғулар мени ўша хотираларни сиз билан ҳам бўлишишга ундади.

Қишлоғимизда бир ёш йигит бўларди. У доим тўйларда ичиб, жанжал чиқарар, муштлашиб чарчамагунча уйига қайтмасди. Бобом қишлоқдаги тўй-маъракаларга бош бўладиган оқсоқол бўлгани сабабли бир куни уйимизга овулнинг кадхудоларини йиғди, ўша йигитни ҳам чақирди. Мақсад унга панд-насиҳат қилиш, керак бўлса, танобини тортиб қўйиш эди. Бири яхши гап билан унга тушунтиришга ҳаракат қилса, иккинчиси аччиқроқ гапириб койирди. Шунда йиғилганлардан бири:

— Комилжон аканинг қўшиғини эшитмаганмисан? — деди унга қараб.

Ҳар йигитнинг аслин билай десангиз,

Маъракада ўтириб туришин кўринг.

— Ҳа, шундай деган у киши. Сен тўй-маъракалардаги юриш-туришинг, қилиқларинг билан бутун қишлоқда шарманда бўляпсан-ку, ташқаридан келган меҳмонлар олдида қишлоғимизнинг ҳам обрўсини тўкяпсан.

Бу гапга бошқалар ҳам қўшилди. Шу икки сатр атрофида қанча гаплар айтилди. Охири йигит бошини эгганча, ўзгаришга ваъда бериб чиқиб кетди.

Тўғриси, ҳали ёш бола бўлсам-да, бу сўзларни мен ҳам кўп эшитгандим. Айниқса, шўх, безори ўғил болаларга нисбатан, уларга одоб бериш мақсадида айтиларди. Бу сатрлар Махтумқулига тегишли эканини кимдир билар, кимдир билмас эди-ю, лекин Комилжон Отаниёзов айтганини ҳамма биларди.

Аслида, кўп болали, кам-кўстимиз ҳам шунга яраша оила эдик. Фақат отам қассоблик қилгани учун ош-овқатимиз шоҳона бўлмасаям, ғарибона ҳам эмасди. Бир куни онам дастурхонга ун оши (оддий сувга уграни қайнатиб, қатиқ билан аралаштириб ичиладиган таом) олиб келди. Болалар ҳаммамиз бир четга тизилиб, афтимизни буриштирганча дастурхонга қайрилиб ҳам қарамасдан ўтиравердик. Шунда отам ёнимизга келди-да:

— Комилжон аканинг бир қўшиғи бор, — деди. Кейин:

Оталиқнинг молин боқдим баҳорда,

Ўзи турмай уйғотади саҳарда,

Пиширган ошлари кўзинг ёшиндай,

Чақмоқ тош нонини берар наҳорда, —

дея хиргойи қилдилар шу қўшиқни.

— Чақмоқ тошдай қаттиқ, тишингни синдирадиган нонни ейиш осонми, кўзнинг ёшидай овқатни ичиб бўладими? Лекин очлик, йўқчиликда шунга мажбур бўлишган. Комилжон ака ана шуни қўшиқ қилиб айтган, — деди ва ўзи дастурхоннинг бошига бориб ўтириб, овқатга қўл узатди. Отамизнинг бу гапларидан сўнг беихтиёр барчамиз дастурхон атрофига тизилдик. Тўғриси, ана шу овқат бизга жуда ширин туюлганди ўшанда. Ўша-ўша ун ошини яхши кўраман…

Ҳар куни кечқурун соат саккиз ёки тўққизларда эди, адашмасам, Хоразм телеканалидан Қаландар бахши Ёрматовнинг достонлар ижросидаги концерти бериларди. Уни бутун оила жамулжам бўлиб томоша қилардик. Ҳаммамизнинг нигоҳимиз экранга қадалар, гоҳ Бозиргон таърифи, гоҳ Гўрўғлининг мардлиги, ошиқ Ғарибнинг садоқатли муҳаббати, Шоҳсанамнинг гўзаллиги баён этиладиган достонларни биримиз бобомнинг тиззасига, биримиз отамизнинг тиззасига суянганимизча жон қулоғимиз билан тинглардик. Аммо бахши достоннинг энг қизиқ жойига келганида тўхтатиб, томошабинлар билан хайрлашарди. “Ошиқ Ғариб торини қўлга олиб, Шоҳсанамга шундай деган экан”, деган жойида тўхтаб қолган достоннинг давомини эшитиш учун “Ғариб Шоҳсанамга нима деган экан?” деган хаёл билан эртаси куни кечқурунги вақтни ошиқиб кутардик. Ҳар бир ўғил ўша достонлардагидек алп, ботир, қўрқмас бўлишга, ҳар бир қиз ундаги маликалардек гўзаллик ва ақл-фаросатни ўзида мужассам этишга ҳаракат қиларди.

Етти-саккиз ёшларда эдим. Отажон Худойшукуров қишлоғимизга суннат тўйга келди. Тўй қилаётган оила ўта камбағал, узоқ йиллар фарзандсизликдан кейин кўрган ўғлига эл-улус кўмаги билан “қурли” тўй қилишаётган эди. Тўйга бош бўлаётган бобомнинг кечаси ҳаллослаб келгани, “Юр, сенга Отажондан дуо олиб бераман”, деб мени уйдан олиб чиқиб, гоҳ кўтариб, гоҳ етаклаб олиб боргани ҳеч эсимдан чиқмайди. Кенг далада одамлар доира шаклида давра бўлиб ўтирар, ўртада гулхан ёниб турар, ҳофиз давра бўйлаб айланиб қўшиқ айтарди. Шу тобда унинг овози бутун қишлоғимизга эшитилиб турарди. Даврани айланиб бўлгач, у ёнимизга келди-да, тиззасини букиб олдимга ўтирди. “Шу қизчами айтган набирангиз?” деди бобомга. Демак, бобом унга набирамни олиб келаман, деб айтган эканлар-да.

— Ҳа, ўғлим, шу набирамни бир дуо қилгин, илоҳим, сизлардай мартабали бўлиб юрсин, — деди бобом унга илтижоли қараб. Отажон Худойшукуров чин дилдан дуо қилди ва ёнида турган катта тугундан бир рўмолни тортиб олиб, елкамга ўради. У рўмолнинг номини бизда “сачоқли матр” дейишарди.

Тўйнинг эртасига нонушта пайтида бобом Отажон Худойшукуров тўйда тушган пуллар-у матоларни уй эгасига қолдирганини, камбағал, етим-есирларга тарқатиб берганини, ҳофизнинг ҳар бир ибратомуз сўзи-ю, хатти-ҳаракатини тинмасдан гапирар, “илми зиёда бўлсин”, “умри зиёда бўлсин” деб дуо қиларди. Кейин билсам, ҳофиз менга берган рўмолидан тўйга борган онахонлар, қизлар, келинчакларнинг кўпига тарқатган экан. Бутун қишлоқ аҳли нафақат унинг қўшиқлари, балки инсонийлиги, сахийлиги, суҳбатида бўлганлар ақл-заковатини анча пайтгача айтиб юришди.

Энг қизиғи, биз томонларда ҳали-ҳануз Комилжон Отаниёзов, Отажон Худойшукуров каби санъаткорларнинг у ёки бу давралардаги суҳбатларда айтган мақолсифат, доно сўзларини эслашади. Демак, улар кўп ўқиган, ўрганган, энг муҳими, халққа айтадиган сўзни ўйлаб, ақл чиғириғидан ўтказиб айтишган.

Хуллас, биз қўшиқ орқали ҳикмат эшитиб, санъат орқали маънавиятни, маърифатни англаб, хонишлари кўнгилларни забт этган ҳофизларимиз тимсолида инсонийлик, мукаммаллик ва комилликни кўриб, шунга қараб ўзимизни ўнглаб улғайган эканмиз, деган хулосага келяпман шу кунларда.

Бу билан бугун ундоқ, бугун мундоқ демоқчи эмасман. Фақат ҳозирги ёш авлоднинг ҳам йиллар ўтиб, бир улуғ ёшга етганида эл-улусга, набираларига ўз давридаги санъат, маънавий муҳит ва жамият ҳақида ҳис-ҳаяжон, ғурур ва ифтихорга тўлиб айтадиган илиқ хотиралари кўп бўлишини истайман.

Назира МАТЯҚУБОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 − 3 =