Ҳарбий журналистика: ривожланиш босқичлари
Дунёда кечаётган нотинчликлар, ҳарбий низолар ва хусусан, коммуникация жараёнини янги даражага олиб чиққан ахборот урушлари давлатлар хавфсизлигига жиддий таҳдид солаётган омил сифатида намоён бўлмоқда. Медианинг коммуникатив макон динамикасини белгиловчи ҳамда сиёсий тузум характерини акс эттирувчи воситага айланаётгани давлат, жамият ва шахс учун турли даражадаги хавф-хатарларни келтириб чиқармоқда. Бундай шароитда ҳарбий журналистикани ривожлантириш, шунингдек, уруш ва ҳарбий низоларга боғлиқ коммуникатив омилларнинг ОАВга таъсир жараёнларини тадқиқ этиш долзарб аҳамият касб этади.
Шу нуқтаи назардан, филология фанлари доктори Алижон Сафаровнинг “Ҳарбий журналистика тараққиётига коммуникатив ҳодисаларнинг таъсир этиш омиллари” номли монографияси алоҳида эътиборга лойиқ. Тадқиқотчи ҳарбий журналистиканинг янги феномен сифатидаги хусусиятларини аниқлаш, жанговар ҳаракатлар медиатизациясида коммуникатив стратегиянинг ўзига хосликларини ўрганиш ва тезкор ҳарбий ахборот алмашинувида ижтимоий институтларнинг ўрнини ёритиш орқали соҳа эволюциясига коммуникатив ҳодисаларнинг таъсирини атрофлича таҳлил қилган. Мазкур масалалар бугунги куннинг энг долзарб муаммоларидан бири ҳисобланади.
Монография тўртта боб, ўн иккита фасл ва кичик хулосалардан иборат. Монографиянинг “Ўзбекистон ҳарбий журналистикаси эволюциясига коммуникатив ҳодисаларнинг таъсири” деб номланган биринчи бобида тадқиқотчи журналистикада коммуникация тушунчаси ва унинг тавсифи, Туркистон мухторияти ва мустабид тузум ўрнатилиши давридаги миллий ҳамда ҳарбий нашрларнинг ғоявий таъсирчанлиги масалаларини таҳлил этади. Бундан ташқари, коммуникатив макондаги динамик ўзгаришларнинг ҳарбий журналистика тараққиётидаги муҳим ижтимоий-сиёсий аҳамиятига тўхталиб ўтади.
Иккинчи бобда эса “Ҳарбий низоларда коммуникатив ҳодисаларнинг муҳим омиллари”нинг илмий-назарий асослари ва юзага келиш механизмлари, ҳарбий тўқнашувларнинг коммуникатив хусусиятлари ҳамда ўзига хосликлари ўрганилиб, муҳим илмий хулосалар чиқарилган. Тадқиқотда Россия, АҚШ ва Ўзбекистоннинг мудофаа доктриналари, БМТ Низоми ва 1949 йилда қабул қилинган Женева конвенциялари таҳлили асосида ҳарбий низоларнинг ҳуқуқий негизи тадқиқ этилган. Монографияда ҳарбий можарога “давлатлар ўртасидаги ёки давлатнинг ички қарама-қаршиликларини ҳарбий куч қўллаган ҳолда ҳал этиш шакли” дея таъриф берилгани тадқиқотнинг илмий аҳамиятини янада оширади.
Тадқиқотнинг учинчи ва тўртинчи боблари “Мудофаа сиёсатида ахборотнинг ижтимоий аҳамияти” ҳамда “Зиддиятли вазиятлардан медиа маҳсулот тайёрлашда журналист маҳорати ва фаолиятининг ўзига хослиги” деб номланади. Ушбу бобларда ҳарбий ахборот алмашинувида ижтимоий институтларнинг ўрни ҳамда мудофаа сиёсати тарғиботида медиа образларни шакллантиришнинг муҳим тамойиллари қиёсий таҳлил асосида пухта ўрганилган. Муаллифнинг фавқулодда вазиятлардан репортаж тайёрлаш ва ахборот манипуляциясига оид чуқур таҳлиллари қимматли илмий таклифларни илгари суришга хизмат қилган.
Тадқиқотчи Сариосиё ва Узун туманларида 2000 йилда юз берган қуролли низолар ҳақида “Ватанпарвар” ва “Халқ сўзи” газеталарида чоп этилган репортажлар, хусусан, ЎзА мухбирлари томонидан тайёрланган материаллар мисолида диққатга сазовор кузатувларни амалга оширган. У миллий контентда “нафрат тили”нинг зооморф метафораларга асосланган ғайриинсоний жиҳатларини, қарғишга асосланган ғайриахлоқий жиҳатларини, шунингдек, стереотиплар ва ёрлиқлар ёпиштириш, қўрқув ва ғазаб уйғотиш, душманга умумий айбловлар қўйиш билан боғлиқ ижтимоий аспектларни аниқлаган ва таснифлаган. Бу натижани монографиянинг муҳим илмий янгилиги сифатида эътироф этиш лозим.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда содир бўлган қуролли низолар билан боғлиқ миллий контент таҳлил қилинган бўлса-да, репортаж тайёрлаган журналистларнинг касбий маҳорати билан боғлиқ жараёнлар ишда тўлақонли акс этмагандай туюлади. Шунингдек, Сурхондарё воқеаларини таҳлил қилиш жараёнида дунёнинг бошқа қайноқ нуқталарида содир бўлган худди шундай воқеликлар билан солиштирилганда, бизнингча, тадқиқотнинг қиммати янада ортган бўлар эди.
Миллий ҳарбий журналистикамизнинг эволюцион ривожига қуролли тўқнашувлар билан боғлиқ коммуникатив ҳодисаларнинг таъсирини, ҳарбий низолар шароитида коммуникатив омилларнинг ўрнини ва мамлакат мудофаа сиёсатида ахборотнинг ижтимоий-ахлоқий тафаккур тенденцияларини замонавий ёндашувлар асосида тадқиқ этишга зарурат ортиб бормоқда. Шу муносабат билан қуйидаги мулоҳазаларни билдириш мумкин:
– ишда жадид матбуотидаги мудофаа ва армия масалаларига оид манбалардан мисоллар келтирилгани таҳсинга лойиқ, бироқ уларнинг қайси олим томонидан табдил қилингани кўрсатилса, монографиянинг илмий аҳамияти янада ошарди;
– “CNN эффекти” концепциясининг миллий модулини аудиовизуал журналистикага боғлаган ҳолда амалий таклифлар берилса, мақсадга мувофиқ бўларди;
– ишда айрим жузъий услубий хатоликлар учрайди, баъзи ўринларда илмий услубдан бироз чекиниш ва публицистик руҳга берилиш ҳолатлари кўзга ташланади.
Умуман олганда, бутун дунёда ҳарбий журналистиканинг тадрижий ривожида коммуникатив омилларнинг ўрни, ҳарбий низоларда коммуникатив ҳодисаларнинг муҳим тамойиллари ҳамда уруш ва тинчлик шароитида ахборотнинг ижтимоий-ахлоқий аҳамияти бўйича кенг кўламли илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Очиғини айтиш керакки, коммуникация жараёнини янги босқичга олиб чиққан ахборот урушлари бугунги кунда давлатларнинг миллий хавфсизлигига жиддий хавф туғдирмоқда. Илгари радио ва телевидение орқали олиб борилган манипулятив жараёнларнинг бугунги кунда интернет ҳамда ижтимоий тармоқларга фаол кўчиши глобал хавфсизлик учун таҳдидга айланди.
Монографияда ҳарбий тўқнашувларнинг коммуникатив феномен сифатидаги хусусиятлари, жанговар ҳаракатлар медиатизациясида коммуникатив стратегиянинг ўзига хосликлари аниқлангани ва ҳарбий ахборот алмашинувида ижтимоий институтларнинг ўрни атрофлича ўрганилиши мазкур фундаментал тадқиқотнинг илмий-амалий қийматини сезиларли даражада оширади.
Шу ўринда, умумий хулосалардан келиб чиқиб, айрим таклиф ва тавсияларимизни билдириб ўтмоқчимиз:
Монографияда Сариосиё ва Узун туманларидаги ҳарбий зиддиятли низоларга оид матбуот материаллари таҳлил қилинган. Бизнингча, қўшимча равишда “Ўзбекистон” телеканалининг “Ахборот” дастурида берилган репортажлар таҳлилидан ҳам фойдаланилса, тадқиқот янада бойир эди.
Уруш ва низолар билан боғлиқ миллий контент тайёрлашда дунёнинг етакчи телеканаллари тажрибасини қиёсий ўрганган ҳолда ёндашиш зарур.
Илгари сурилган ушбу тавсиялар тадқиқотнинг мазмун-моҳиятига салбий таъсир кўрсатмайди, аксинча, унинг илмий-амалий қийматини оширади деб ҳисоблаймиз.
Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида мустақиллигимиз ҳамда тинч ва осойишта ҳаётимизнинг ишончли қалқони бўлган Қуролли Кучлар шаклланди, натижада мамлакатимизнинг мудофаа салоҳияти тобора ошиб бормоқда. Давлат раҳбари томонидан илгари сурилган “Халқ ва армия — бир тану бир жон” деган эзгу миллий ғоя миллатнинг ватанпарварлик руҳини янада мустаҳкамламоқда. Бундай шароитда армиядаги изчил ислоҳотлар моҳиятини жамоатчиликка кенгроқ тушунтириш ҳамда замонавий таҳдид ва хатарларга қарши ижтимоий иммунитетни мустаҳкамлаш ниҳоятда зарурдир. Мазкур жараённинг ОАВ орқали аҳолига холис етиб боришида шаффофлик ва очиқлик муҳим ўрин тутади. Шу сабабли мамлакатимизда ҳарбий журналистиканинг илмий-назарий асосларини шакллантириш, мудофаа ва миллий хавфсизлик сиёсатидаги шаффофликни ҳамда унда ҳарбий ОАВнинг ўрнини тадқиқ этиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидандир. Профессор вазифасини бажарувчи Алижон Сафаровнинг мазкур монографияси айни шу жиҳатдан юксак аҳамиятга эга.
Тадқиқотчи зиддиятли вазиятлардан медиа маҳсулот тайёрлашда журналист маҳорати ва фаолиятининг ўзига хослиги, хусусан, фавқулодда шароитлардан репортаж тайёрлаш ва ахборот манипуляциясига доир таҳлиллари орқали муҳим илмий таклифларни илгари сурган. Масалан, у Ироқ уруши билан кириб келган янги тенденцияни “қуролли низони келтириб чиқариш ва олиб боришда медиани қўллашнинг “CNN” тескари эффекти” деб номлашни таклиф этади.
Шунингдек, монографиянинг диққатга сазовор айрим хулосалари сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин:
а) тадқиқотда ҳарбий мавзуларни ёритишда гендер масаласини ҳам инобатга олиш лозимлиги кўрсатилган. Айниқса, аёл журналистларнинг экстремал шароитдаги иштироки, уларнинг касбий ҳимояси ва медиа этикаси нуқтаи назаридан ўрганилиши ишнинг амалий аҳамиятини оширади;
б) ишнинг таклифлар қисмида мамлакатнинг халқаро медиа имижи, ҳарбий нуфузи ҳамда барқарорлик рейтингларидаги ўрнини юксалтиришда ҳарбий журналистиканинг аҳамиятини мустаҳкамлаш бўйича, яъни қайси ички ва ташқи ахборот кампаниялари самарали натижа бериши мумкинлигига алоҳида эътибор қаратилгани айни муддаодир.
Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 81- ва 82-моддаларидан иқтибос келтириш ўринлидир:
“81-модда.
Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ иш олиб борадилар.
Давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди.
Оммавий ахборот воситалари ўзи тақдим этадиган ахборотнинг ишончлилиги учун жавобгардир.
82-модда.
Цензурага йўл қўйилмайди.
Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади”.
Асосий Қонунимизнинг бу қатъий моддалари матбуот ва ОАВнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш ҳамда Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришдаги юксак вазифасини кафолатлайди.
Карим НОРМАТОВ,
ИИВ Малака ошириш институти профессори,
тарих фанлари доктори,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси
аъзоси, политолог.
