Адолатсиз судьялар туфайли Оҳангаронда одамлар нега сарсон-саргардон бўлишмоқда?

Ўткир Турғунов Оҳангарондаги шифер заводида ишлаб, тузуккина маош олиб юрган эди. 2023 йил 3 ноябрда хомашё йўқлиги баҳона қилиниб, корхонада ишлаб чиқариш тақа-тақ тўхтади. Бироқ иш берувчи Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 266-моддаси талабларини менсимади: ишлаб чиқариш завод айби билан тўхтаб турган бўлса-да, ишчиларга ўртача иш ҳақи миқдорида ҳақ тўлашдан бош тортди.

Ўткир иш берувчи инсофга келиб қолар, эрта-индин пулимни берар, деб узоқ кутди. Бироқ тирикчилик тошдан қаттиқ: рўзғор тебратишда оила анча қийналиб қолди. Хуллас, Ўткир меҳнат қонунчилигини яхши биладиган бир-икки киши билан маслаҳатлашиб, иш ҳақини ундириш бўйича Фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро судига даъво аризаси киритди.

Фуқаролик иши айнан судья Ҳотамжон Маткаримовга тушганидан Ўткир беҳад қувонди. “Ҳар ҳолда, бу судья суднинг раиси экан, билими кучли бўлгани сабабли унга раисликни раво кўришган ва у даъво аризамни холис ҳамда ҳаққоний кўриб чиқади”, деб хотиржам бўлди.

Бироқ 2026 йил 16 февраль куни судья Маткаримов даъво аризаси юзасидан бошини қотириб ўтиришни хоҳламади чоғи. Томдан тараша тушгандай, атайлаб “Оҳангароншифер” АЖ тугатилган, деб асоссиз равишда Фуқаролик процессуал кодексининг 124-моддаси 7-бандига кўра фуқаролик ишини ёпди.

Ҳақли савол туғилади: нега судья жавобгардан корхона тугатилганлиги ҳақидаги суд қарорини ва давлат реестридан чиқарилгани тўғрисидаги ҳужжатларни сўрамади? Ваҳоланки, судья Маткаримов “Оҳангароншифер” АЖ тугатилмаганини, балки 2025 йил 29 сентябрь куни тўловга қобилиятсиз деб эътироф этилиб, тугатиш жараёнида эканини жуда яхши билар эди.

Бугунги кун маълумотларига кўра, аудитор “Оҳангароншифер” АЖ қасддан тўловга қобилиятсиз деб эътироф этилган, деган хулосани берган ва бу ҳақда Тошкент вилояти прокуратурасига тегишли ҳужжатларни юборган. Бу эса корхона ўз фаолиятини яна давом эттириши мумкинлигидан далолат беради.

Ҳолбуки, Фуқаролик процессуал кодексининг 254-моддасида суд фуқаролик ишини арз қилинган талаблар доирасида кўриб чиқиши ва лозим бўлса, даъво чегарасидан чиқиб, ходимнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиши белгиланган.

Ўткир суднинг ажрими юзасидан Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг апелляция судлов ҳайъатига шикоят киритди. Бироқ мазкур апелляция судлов ҳайъати 2026 йил 25 март куни апелляция шикоятини рад этди.

Турғунов эса тушкунликка тушмай, вилоят судининг тафтиш инстанциясига шикоят қилди. Тафтиш суди шикоятни ҳаққоний ва холис текшириб чиқди ҳамда Фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро судининг 2026 йил 16 февралдаги ажримини бекор қилди. Ишни мазмунан кўриб чиқиш учун 2026 йил 19 май куни ажрим чиқариб, қайтадан Оҳангарон туманлараро фуқаролик судига юборди.

2026 йил 14 июль куни Фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро судида Ў.Турғуновнинг даъво аризаси қаноатлантирилди ва 2-1107-2509/47066-сонли фуқаролик иши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 333-моддасига кўра унга тегишли компенсация ундириб берилди. Ҳақиқат қарор топди!

Бироқ фуқаро Ўткир Турғунов судья Маткаримовнинг адолатсизлиги туфайли анча сарсон бўлди, азият чекди. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 231-моддасида адолатсиз ажрим чиқарган судьяга нисбатан жавобгарлик назарда тутилган!

Энг қизиғи шундаки, айнан ушбу суднинг судьяси Раъно Тожибоева ҳам Маткаримовдан илҳомланган бўлса керак, фуқаролар Н.Эргашева ва Д.Жонибековаларнинг аризалари бўйича ҳам “корхона тугатилган” деган баҳона билан Фуқаролик процессуал кодексининг 124-моддасига асосан иш юритишни тугатди.

Судья Тожибоева фуқаро Эргашевага нисбатан 2026 йил 5 февралда ўзи чиқарган ажрим 2026 йил 12 март куни Тошкент вилоят суди томонидан бекор қилинганини жуда яхши била туриб, 2026 йил 22 май куни Д.Жонибекованинг аризасини ҳам Фуқаролик процессуал кодексининг 124-моддасига асосан рад этиб ажрим чиқарди. Бу ажрим ҳам кейинчалик вилоят суди томонидан бекор қилинди.

Қўйинг-чи, Фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро судида мана шундай сарсонгарчиликлар авж олган.

Яна бир ҳақли савол туғилади: мана, тўрт йилдан бери “Оҳангароншифер” АЖнинг юзлаб ишчилари азият чекиб, иш ҳақларини ололмаяптилар. Бироқ Фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро суди нега Фуқаролик процессуал кодексининг 184-моддасига мувофиқ, корхонанинг кўплаб ишчилари ишга тикланганда давлат улуши 54 фоиз бўлган ушбу корхона мансабдорларидан давлатга етказилган зарарни ундириш бўйича ажрим чиқармади? Ёки Фуқаролик процессуал кодексининг 275-моддасига асосан меҳнат қонунчилигини қўпол равишда бузган мансабдор шахсларга нисбатан нега хусусий ажрим йўқ?

Ўзбекистон Республикаси Олий суди юқоридаги саволларга ҳаққоний ва асосли жавоб беради, адолатсиз ажрим чиқарган судьяларга эса Судьялар олий кенгаши қонуний чора кўради деган умиддамиз.

Озод ХУШНАЗАРЗОДА,

Ўзбекистон Ёзувчилар ва

Журналистлар уюшмалари аъзоси.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen − eight =