Журналист – адолат ва ҳақиқат жарчиси бўлиши керак!

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, таниқли публицист Жаббор РАЗЗОҚОВ билан сўз қудрати, масъулияти ва мукаммал ирода ҳақида

Матбуот — жамият кўзгуси. У жамиятнинг бор бўй-бастини акс эттирувчи, ўтмиш ва келажакни боғловчи мустаҳкам кўприкдир. У шунчаки воқеа-ҳодисаларни қайд этиб борувчи восита эмас, балки омманинг маънавиятини юксалтирадиган, дунёқарашини шакллантирадиган ҳамда халқни умуммиллий ғоялар атрофида бирлаштирадиган қудратли кучдир. Шу сабабли ҳам босма нашрлар, радио ва телевидение азалдан “тўртинчи ҳокимият”, “ҳақиқат кўзгуси” ва “адолат жарчиси” каби юксак эътирофларга сазовор бўлиб келган.

Бугун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, миллий матбуотимизда ўзига хос таҳририят ва муҳаррирлик мактабини яратган соҳа фахрийси, таниқли публицист Жаббор Раззоқов билан соҳа бўйича атрофлича, чуқур таҳлилий суҳбат эътиборингизга ҳавола этилмоқда. Унда замонавий журналистиканинг ривожланиш тенденциялари, босма матбуотнинг ўзига хос истиқболлари, рақамли медиа ва бугунги муаммолар, шунингдек, миллий сўз санъати ва масъулияти хусусида сўз юритилди.

— Ассалому алайкум, муҳтарам устоз! Дунё тарихига назар ташласак, ҳар бир миллатнинг уйғониши ва ўзлигини англаши бевосита матбуотнинг оёққа туриши билан чамбарчас боғлиқ эканига гувоҳ бўламиз. Сиз ўзбек миллий газетачилигининг энг оловли ва бурилиш даврларида етакчи таҳририятларни бошқарган, минг-минглаб муштарийлар қалбига йўл топган ижодкорсиз. Суҳбатимиз аввалида сўрамоқчи эдим: болалик йилларингизда мурғак қалбингизда айнан журналистика соҳасига иштиёқ ва ҳақиқатгўйлик туйғуси қандай пайдо бўлган?

— Ва алайкум ассалом! Мен Хоразмнинг кўҳна ва тарихий манзилларидан бири — Ҳазорасп қалъаси ёнгинасида камол топганман. Бу замин шунчаки оддий қишлоқ эмас, балки туркий адабиётнинг илк ёзма манбаларидан бири бўлмиш, пайғамбарлар тарихини туркий тилда насрда равон баён этган “Қиссаси Рабғузий” асари муаллифи Носируддин Рабғузий туғилган муқаддас тупроқдир. Бир томонимизда Амударёнинг азим тўлқинлари жўш урса, иккинчи тарафимизда чексиз Қорақум саҳроси ястаниб ётади. Болалигимиз жуда кўплар сингари меҳнатда, дала ишлари, қўй-қўзи боқиш билан ўтди. У пайтларда қишлоқларда электр манбаи йўқ эди; кечалари керосин лампасининг хира ёруғида қишлоқ кутубхонасидан олиб келинган китобларни бедор мутолаа қилардик. Сўзга, бадииятга бўлган бу меҳр менга бобом — таниқли бахши Эшниёз Бобониёз ўғлидан ўтган бўлса ажаб эмас. У кишидан “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Кунтуғмиш”, “Авазхон” каби миллатимизнинг ўлмас достонларини тинглаб, сўзнинг сеҳрли қудратини ҳис этганман.

Журналистиканинг илк “чиғириғи”дан ўтишим ва адолат жарчисига айланишим эса бешинчи синфда ўқиб юрган пайтимда юз берган. Бир куни мактабга кетаётсам, қишлоғимиздаги ягона тиббиёт пункти эшигида катта қулф осиғлиқ, атрофда эса дарддан азоб чекаётган бемор ҳамқишлоқларимиз шифокорни кутиб сарғайиб туришарди. Иш вақти бошланганига бир соатдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, саломатлик посбонидан дарак йўқ эди. Бу ҳолат мурғак қалбимда қаттиқ ташвиш ва алам уйғотди. Мактабдан қайтгач, вазиятни шунчаки кузатиб туришни истамай, туман газетаси таҳририятига “Тиббий пункт нега қулф?” номли холис ва кескин танқидий хабар ёзиб юбордим.

Энг қизиғи, газета бу хабарни таҳрирлаб, дарҳол босиб чиқарди. Бу кичик хабар бутун туманда портлашдек шов-шувга сабаб бўлди. Тумандан махсус комиссия келиб, тиббиёт пункти фаолиятини обдан текширди, камчиликларни бартараф этди ва шифохона эртаси куниёқ ўз фаолиятини қайта тиклади. Муаллифни қидириб уйимизгача келишганида, қўрқувдан тутзорга яшириниб олганим ҳануз ёдимда. Комиссия аъзолари ота-онамга синчковлигим ва адолатпарварлигим учун ташаккур билдиришибди. Ҳамқишлоқларимнинг миннатдорчилиги ва эътирофи сабаб кўнглимда матбуот кучига ишонч пайдо бўлди ҳамда касбий тақдирим узил-кесил белгиланди.

— Орзулар сизни пойтахт сари етаклади, аммо олий таълимга кириш ва кейинги амалий фаолиятингиз ҳам синовларга бой кечган экан. Шу ҳақда тўхталиб ўтсангиз?

— Ҳа, осон кечмаган. Мактабни тугатгач, Самарқанд давлат университетига ҳужжат топширишга борганимизда, юртда кутилмаганда вабо (холера) эпидемияси тарқалиб, вазият жуда мураккаблашди. Ўшанда илк бора уйдан узоққа чиқиб ташвиш чекаётганимизни кўрган университет ректори, донишманд олим Воҳид Абдуллаев бизга оталарча маслаҳат бериб, бир йил қишлоқда меҳнат стажи тўплашни тавсия этдилар. Шу тариқа Ҳазорасп туман газетасида бир йил ишлаб, тажриба орттирдим.

Бир йилдан сўнг пойтахтга келиб, Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факультети журналистика бўлимига ҳужжат топширдим. 1966 йилги Тошкентдаги кучли зилзиладан сўнг нақ 40 кун давом этган оғир ва машаққатли ижодий ҳамда назарий имтиҳонлардан ўтиб, талаба бўлдим. Турмуш тақозоси ва соҳада тезроқ амалиёт ўташ иштиёқи сабабли ўқишимни кечки бўлимга ўтказдим. Кундузи ишлаб, кечқурун таҳсил олишим керак эди.

Ўша даврнинг энг оммабоп ва нуфузли нашри бўлмиш “Ёш ленинчи” (кейинчалик “Туркистон”) газетасига ишга кирдим. Лекин мени бирданига мухбирликка олишмади. Ишимни оддий курьерликдан — хат ташувчиликдан бошладим. Навоий кўчасидаги 30-уйда жойлашган таҳририятда навбатчилик гуруҳида ишлаб, тайёр бўлган мақолаларни “Шарқ” нашриётининг босмахонасига олиб борардик. Яхши биласиз, у пайтлар компьютер йўқ, матнлар қўлда, темир ҳарфларда терилар эди. Биз корректор сифатида ҳар бир ҳарф ва тиниш белгисини биттама-битта текшириб чиқардик. Газета босилиб чиқмагунча таҳририятдан кетмасдик. Мана шу машаққатли тунлар ва амалий меҳнат мобайнида ҳақиқий журналистика мактабини ўтадик, ҳақиқий ижод маҳоратига эга бўлдик.

— Маълумки, Сиз собиқ Иттифоқ даврида Москванинг энг нуфузли олий таълим даргоҳида ҳам таҳсил олгансиз. Жаҳон матбуоти андозалари ва хорижий тажриба Сизнинг кейинги ижодий ва раҳбарлик фаолиятингизда қандай ўрин тутди?

— Ҳа, Москвага — Олий комсомол мактаби “Ёшлар матбуоти” бўлимига ўқишга юборилганим фаолиятимда янги босқич бўлди. Бу маскан Собиқ Иттифоқ республикаларидан ташқари, кўплаб хорижий мамлакатлардан келган энг иқтидорли ёш лидерлар ва бўлғуси муҳаррирлар йиғилган энг замонавий, ноёб маҳорат майдони эди. Рақобат ва муҳит ниҳоятда кучли бўлгани сабабли инсон узлуксиз ўз устида ишлашга мажбур бўларкан.

У ерда фақат қуруқ назария билан чекланмай, жаҳон журналистикасининг илғор методларини “Комсомольская правда” газетасида бевосита амалиётда ўрганганмиз. Ўша пайтдаги журналистика Константин Симонов, Василий Песков, Эрнест Хемингуэй, Анатолий Аграновский, Александр Овечкин, Татьяна Тесс, Генрих Боровик каби дунёнинг энг буюк адиб-журналистларининг ҳозиржавоб, жанговар ва жонли репортаж андозаларига суянар эди. “Яхши журналист бўлмаган инсондан ҳеч қачон буюк ёзувчи чиқмайди” деган ҳақиқатни ўша ерда англадим.

Яна Москва таҳсилидан чиқарган энг муҳим хулосам шу бўлдики, дунёвий маҳорат, янги шакл ва иш услубларини хориждан ўрганиш шарт, аммо уларни ўз миллий амалиётимизга татбиқ этаётганда, албатта, халқимизнинг асрий қадриятлари, менталитети ва давлатчилик манфаатларига мослаштириб қўллаш лозим. Бу тажриба Тошкентга қайтгач, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Омон Матжон, Асқад Мухтор, Зулфия, Худойберди Тўхтабоев каби маҳоратли устозларимизнинг ўгитлари билан бойиб, мукаммал шаклга эга бўлди.

— Устоз, жаҳон матбуоти тарихига назар ташласак, турли халқаро модель ва мактабларни кўрамиз. Бугунги ўзбек публицистикаси халқаро стандартларга қай даражада мослаша олмоқда ва айнан қайси жиҳатларда оқсамоқдамиз?

— Дунёда Америка, инглиз, япон ва рус журналистикаси ахборот тўплаш, таҳлил қилиш, матнга ишлов бериш ва тезкорлик билан омма эътиборига ҳавола этиш бўйича ўзига хос, пухта ва мустаҳкам тизимга эга. Масалан, француз мутафаккири ва адиби Жан-Жак Руссонинг XVIII асрдаги бадиалари ва публицистик мақолалари Франция жамиятидаги ижтимоий ва таълим тизимини мутлақо янги, демократик ўзанга буриб юборган эди. Демак, ўзбек журналистикаси деганда биз шунчаки кундалик майда хабар, лавҳа ва юзаки мақолалар ёзадиган ходимларни эмас, балки мамлакат сиёсати ва жамият тараққиётига бевосита таъсир кўрсата оладиган кучли ва салмоқли публицистикани тушунишимиз лозим. Соҳани ўз нуқтаи назарига эга, ватанпарвар ва холис таҳлил қила оладиган фидойи кадрлар билан тўлдиришимиз шарт. Журналистика — коррупцияга, ноқонуний хатти-ҳаракатларга ва ижтимоий адолатсизликка қарши курашадиган қудратли мафкуравий қуролдир.

Афсус билан қайд этиш керакки, бугун биз жаҳон матбуоти талабларидан ва тан олинган халқаро меъёрлардан анча ортда қолмоқдамиз. Масалан, мустақил давлат сифатида дунёнинг етакчи мамлакатларида ўз мухбирлар тармоғимизга эга эмаслигимиз катта камчилигимиздир.

— Сиз раҳбарлик қилган йилларда “Туркистон” (ҳозирги “Ёшлар овози”) ва “Тонг юлдузи” (собиқ “Ленин учқуни”) газеталари халқнинг энг севимли, қўлма-қўл бўлиб ўқиладиган минбарига айланган эди. Айниқса, болалар нашри бўлган “Тонг юлдузи”нинг адади 1 миллион 350 минг нусхага етгани ўзбек матбуоти тарихидаги ёрқин маёқ, далилдир. Бу муваффақиятнинг сири ва таҳририятда яратилган соғлом ижодий муҳитда нималар асосий ўрин тутар эди?

— Москвадан катта тажриба ва қатъий режалар билан қайтиб келиб, “Туркистон” газетасида Сиёсий ва ижтимоий ҳаёт бўлимини бошқардим. Бу бўлим таҳририятнинг энг жанговар ва асосий йўналишларидан бири эди. Сўнг масъул котиб, сўнгра бош муҳаррир ўринбосари этиб тайинландим. Кўп ўтмай, мени оммавийлигини бироз йўқотиб қўйган “Тонг юлдузи” газетасига бош муҳаррир этиб юборишди.

Жамоамиз билан енг шимариб ишга киришдик. Натижада бу нашрни нафақат республикамизда, балки бутун Ўрта Осиё миқёсида энг оммабоп газетага айлантирдик. Болалар газетасининг адади 1 миллион 350 минг нусхага чиқди! Газетани фақат болалар эмас, ота-оналар, бутун оила аъзолари жам бўлиб ўқишарди. Қўшни Қозоғистоннинг Чимкент, Жамбул, Тожикистоннинг Хўжанд, Туркманистоннинг Чоржўй, Тошҳовуз, Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод вилоятларидаги ватандошларимиз ҳам севиб мутолаа қилишарди.

Муваффақиятнинг бош сири — ўқувчи билан жонли, интерактив мулоқот ўрнатганимизда эди. Тарғибот лойиҳаларини ноанъанавий усулда ўтказардик. Масалан, “Пайшанба — электр энергиясини иқтисод қилиш куни” ёки “Данак операцияси” каби акцияларни йўлга қўйганмиз. Болалар маҳаллаларда тўплаган мева данакларини таҳририятга юборишар, улардан Қўқондаги заводларда фармацевтика ва тиббиёт учун қимматли доривор ёғлар ишлаб чиқарилар эди. Таҳририят ҳовлисига юк машиналарида қоп-қоп хатлар ва данак келарди. Интернет ва замонавий алоқа воситалари бўлмаган ўша даврда хатлар оқими ва муштарийлар ишончи мислсиз даражада юқори эди.

— Муҳаррирлик мактаби ҳақида гап кетганда, таниқли ижодкорлар Сизнинг раҳбарлик жасоратингизни, ходимларни юқорининг тазйиқларидан ҳимоя қила олганингизни алоҳида эътироф этишади. Сафар Остонов, Қулман Очил, Норқобил Жалил каби публицистлар Сиз ҳақингизда “жамоани ортидан эргаштира олган, масъулиятни ўз бўйнига олишдан қўрқмаган муҳаррир” деб ёзишган. Сизнингча, ҳақиқий бош муҳаррир қандай бўлиши керак?

— Пўлатдек ирода ва қатъий позициясиз ҳақиқий газета яратиб бўлмайди. Биринчи навбатда, бош муҳаррир ўз креслосини, амалини ва шахсий манфаатини ўйламаслиги шарт. Муҳаррир — олов устида ўтирган одам. У бор куч-қудрати, билими ва жасоратини нашрга бағишлаши лозим. Агар унинг қалбида бу олов сўнса, ҳеч иккиланмай ўрнини бўшатиб бериши керак.

Энг муҳими, муҳаррир — журналистга йўл очадиган, унинг ортида тўфондек қалқон бўлиб турадиган раҳбардир. Мен ўша мураккаб йилларда Давлат хавфсизлик қўмитаси (КГБ) архивидан тайёрланган энг қалтис суриштирувларни, тизимдаги иллатларни фош қилувчи мақолаларнинг фактларини шахсан ўзим текшириб, синчиклаб ўқиб, жавобгарликни тўлиқ ўз зиммамга олиб, чоп этишга яшил чироқ ёқардим. Газетада чиққан кичик бир хабардан тортиб, катта таҳлилий мақолагача бош муҳаррир масъулдир. Ижодкорни хонага, иш столига занжирлаб қўйиб бўлмайди; унга ижодий эркинлик, қўллаб-қувватлаш керак. Ходимларимга доим айтардим: “Менга ўткир, фактларга бой, жамиятга фойдаси тегадиган материал келтиринг, қаерда юришингиз ва қандай ишлашингизнинг аҳамияти йўқ”. Мана шундай эркин ва талабчан муҳит сабабли Қулман Очил, Қурбон Эшматов, Тўлқин Ҳайит, Норқобил Жалил, Ислом Ҳамро, Муқаддас Абдусаматова, Сирожиддин Рауф каби ўнлаб етакчи журналистлар ва публицистлар таҳририятимизда камол топди. Гули Чеҳра (Гулчеҳра Алибоева), Меҳр Бону, Яшнар Каримова, Муяссар Исроилова, Замира Эгамбердиева сингари қўрқмас ва жасур аёл қалам соҳибалари етишиб чиқди.

Мустақиллик арафасидаги ўша қалтис йилларда тизим билан тўқнашувлардан асло қўрқмасдик. Журналистларимиз Аҳрор Аҳмад ва Зиёвуддин Ортиқхўжаевлар Собиқ Иттифоқ миқ­ёсидаги энг ёпиқ маскан — қамоқхоналарга кириб, Иномжон Усмонхўжаев билан учрашиб, унинг тақдири ҳақида жонли репортаж тайёрлашган. Рўзимбой Ҳасан ва Сувонқул Рустамовлар эса Туркманистон Президенти Сапармурод Ниёзовдан эксклюзив суҳбат олиб келишган. Вазирларни таҳририятга чақириб, муштарийлар саволларига тўғридан-тўғри жавоб беришга ундардик, бир кунда 200 та далолатли шикоят ва муаммо газета аралашуви билан ўз ечимини топарди. Шу сабабли газетамиз адади 1 миллион нусхага етганди.

Ҳатто давлат арбоби Эркин Самандаров ишдан олинганида, шеърларини ҳеч қайси нашр босишга ботинмаган бир пайтда: “У лавозимидан кетган бўлса, шоирликдан кетгани йўқ-ку!” деб газетада эълон қилганмиз. Қўшни нашрлардагилар “Сизларни энди тинч қўйишмайди” деб ваҳима қилишса-да, чекинмаганмиз. Шўро даврида отиб кетилган жадид шоири Усмон Носирнинг қабрини излаб топиб, матбуотда илк бор эълон қилганмиз. Мажлисбозлик қилмай, фикрлар тўқнашуви орқали янги ғоялар яратардик.

Таҳририят қошидаги “Шуъла” ижодий уюшмамизда жасур, истеъдодли устоз шоира Мукаррама Муродова раҳбарлигида жуда кўплаб ёш истеъдодларни кашф қилган. Ҳозирги кунда ушбу уюшмада фаол қатнашган кўпгина ижодкорлар элнинг назаридаги ёзувчи ва шоирлардир.

— Устоз, матбуотнинг давлатчилик пойдеворини мустаҳкамлаш ва миллий ўзликни англашдаги ўрни ҳақида сўз кетганда, 1989 йилдаги “Давлат тили ҳақида”ги Қонун лойиҳаси атрофидаги курашларни эслаш ўринлидир. “Туркистон” газетасида чоп этилган биргина мақола тарихий жараённи бутунлай ўзгартириб юборган эди, шундай эмасми?

— Мутлақо тўғри. 1989 йили “Давлат тили ҳақида”ги Қонун лойиҳаси илк бор жамоатчилик муҳокамасига қўйилганда, унда ўзбек ва рус тилларига тенг мақом берилиши, яъни икки тиллилик кўзда тутилган эди. Кўпгина мансабдорлар ва баъзи таниқли зиёлилар рус тилини иккинчи асосий давлат тили сифатида қолдириш ташаббуси билан чиқишаётганди.

Биз газета саҳифасида бу муросасозлик ва чала лойиҳани кескин танқид қилиб, “Чала туғилган бола” номли кескин ва жанговар публицистик мақолани эълон қилдик. Мақола жамиятда жуда катта акс-садо берди. Юқори раҳбарлар ушбу мақолани ўқиб чиққач, лойиҳа муҳокамасини дарҳол тўхтатиб, янги комиссия тузиш ҳақида қарор чиқарган.

Сўнг Вазирлар Маҳкамаси биносида Эркин Воҳидов, Ўткир Ҳошимов сингари депутатлар, Журналистлар уюшмасидан камина, Ёзувчилар уюшмасидан Мирзо Кенжабек ҳамда бир гуруҳ етакчи олим ва тилшунослар йиғилиб, икки ҳафта давомида кечаю кундуз меҳнат қилиб, ўзбек тилига ягона Давлат тили мақомини берадиган мукаммал қонун лойиҳаси ишлаб чиқилишига ҳисса қўшганмиз. Бу матбуотнинг, сўз кучининг реал сиёсий жараёнларга ва миллат тақдирига кўрсатган бевосита амалий таъсири эди.

— Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев: “Журналистлар кимгадир ёқмаслиги мумкин, аммо менга жуда ёқади” деб соҳа ходимларини доимо қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бугунги Янги Ўзбекистон шароитида журналистнинг ижтимоий позицияси қандай бўлиши лозим?

— Давлатимиз раҳбарининг бу сўзларида жуда теран маъно ва юксак ишонч ётибди. Президентимиз журналистларга эркинлик бериб, уларни ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси сифатида кўрмоқда. Журналист асло пассив кузатувчи ёки қуруқ қарсакбоз бўлиб қолмаслиги керак. Журналист — халқ фидойиси, адолат ва ҳақиқат жарчиси, маънавият тарғиботчиси ва Ватан тарихини яратувчидир.

Агар биз журналистиканинг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини қадрламасдан, соҳада сусткашликка йўл қўйсак, келажакда катта маънавий ва ижтимоий йўқотишларга дуч келамиз. Тарих саҳифаларига бугунги бунёдкорлик ишлари ва уларнинг асл муаллифлари ҳалоллик билан муҳрланиши лозим. Босма нашрлар ва таҳлилий публицистика келажак авлод учун бебаҳо йилнома — тарихий манбадир.

— Бугун ахборот хуружлари кучайган, ижтимоий тармоқлар ва блогерлик ҳаракати кенг авж олган даврда яшаяпмиз. Босма матбуот ўз мавқеини қайтара оладими ёки рақамли технологиялар уни бутунлай сиқиб чиқарадими?

— Босма матбуот, ҳеч шак-шубҳасиз, ўз мавқеини қайтаради, чунки биз бунга мажбурмиз! Матбуот шунчаки ахборот етказиш воситаси эмас, у давлат тарихи ва тараққиёт йўли муҳрланган муқаддас йилномадир.

Масалан, техник масъулиятсизлик сабабли, мустақиллигимизнинг илк йилларида Биринчи Президентимизнинг Ҳиндистонга тарихий ташрифи акс этган ягона видеокассета устидан Москва ТВга қарашли бошқа кўрсатув ёзиб юборилиб, ўчириб юборилган. Энди ўйлаб кўринг: бугунги блогерларнинг чиқишлари, ижтимоий тармоқдаги вақтинчалик постлар қаерда сақланади? Эртага 20-50 йилдан кейин қайси тадқиқотчи ёки тарихчи Фейсбук ёки Телеграм каналларидан ишончли тарихий манба қидиради? Электрон манбалар ўчиб кетиши, серверлар ишдан чиқиши ёки чалкашиб кетиши мумкин, аммо кутубхоналарда сақланаётган босма нашрлар — мангу тарихий ҳужжат бўлиб қолаверади.

Бугун сунъий интеллект (СИ) ҳам шиддат билан ривожланмоқда. У ахборотни қайта ишлаши, таржима қилиши ва стандарт матнлар тузиши мумкин. Лекин сунъий интеллект деганлари ҳам ҳеч қачон инсоний руҳни, қалб дардини, эркин ва ижодий тафаккурни, бадиий-публицистик маҳоратнинг ўрнини боса олмайди. Мафкурасиз, маънавиятсиз ва китобсиз инсон инқирозга юз тутади, фикрлашдан тўхтаган жамият эса манқуртлашади.

— Бугунги блогерлар ва интернет нашрларининг фаолиятига, улардаги саводхонлик ва ахлоқ-одоб меъёрларига қандай баҳо берасиз?

— Блогерлар тезкорлиги, коррупция ҳолатларини ва жойлардаги муаммоларни тезкор ёритиб бериши билан бугунги кун журналистикасидаги баъзи бўшлиқларни тўлдириб турганини тан олиш керак. Аммо уларнинг аксариятида чуқур билим ва энг ачинарлиси, оддий саводхонлик ва ахлоқий меъёрлар етишмаяпти.

Кўпчилиги шунчаки арзон шов-шув ортидан югуриб, фаолиятини тижоратга ёки мансабдорларни қўрқитиш қуролига айлантириб олди. Фақат телефонга тасвирга олиб, масъулиятсизлик ва бетгачопарлик билан ахборот тарқатиш бу — журналистика эмас. Журналист ахборот тарқатишдан аввал унинг ижтимоий ва ҳуқуқий масъулиятини, миллат маънавиятига етказадиган таъсирини пухта ўйлаши шарт.

Масалан, бундан икки йил муқаддам тиббиётда биринчи марта буйрак кўчириб ўтказилди деб шов-шув қилишди. Ваҳоланки, тарихни ўрганган журналист яхши билади: Ўзбекистонда илк бор ўтган асрнинг 70-йилларидаёқ машҳур академик Ў.Орипов ва бошқа профессорларимиз томонидан буйрак кўчириш амалиёти муваффақиятли амалга оширилган. Журналист тайёр нарсани кўчириб қўймай, архивларни ва тарихни титкилаб изланиши, тинмай ўз устида ишлаши шарт.

Шунингдек, тил ва имло софлигини асраш — энг оғриқли нуқтамиз. Тармоқларда ва рекламаларда “каша” сўзини “бўтқа” деб ҳануз ноўрин ишлатишмоқда. Ваҳоланки, “бўтқа” — чорва молларига ем сифатида бериладиган нарса, инсон тановул қиладигани эса “буламиқ” дейилади! Бу қадимдан бор туркий сўз. “Иймон” ва “имон” сўзлари имло қоидасига кўра иккиси ҳам тўғри бўлса-да, баъзи ўқитувчилар болаларга ноўрин танбеҳ беришмоқда. Амалдаги қонуний имло қоидаларимизга кўра, Олмонияни — Германия, Гуржистонни — Грузия деб ёзиш лозим. Вақтинчалик интернет трендларини деб миллий тилимиз ва қадриятларимизни топташга, ҳали амалда бўлган кирилл имло қоидаларини ўзимизча бузишга асло ҳаққимиз йўқ!

— Бугун болалар ва ёшлар матбуотининг аҳволи ҳам заҳматкаш муҳаррир сифатида Сизни хавотирга солаётган бўлса керак?

— Жуда ҳам хавотирга солади! Эшитишимча, марказий ёшлар нашрларининг адади атиги бир неча минг нусхага тушиб қолган. Ваҳоланки, бугун мамлакатимизда 10 мингга яқин мактаб бор! Агар ҳар бир мактаб лоақал биттадан обунани амалга оширганда ҳам, “Ёшлар овози”, “Тонг юлдузи”, “Ғунча”, “Гулхан” каби табаррук нашрлар камида 10 мингдан зиёд нусхадан чиққан бўларди.

“Мажбурий обуна”га қарши курашамиз деб, айрим кимсалар касрига бутун бошли миллат фарзандларининг саводхонлигини, маърифий дидини ва китобхонлик маданиятини ўлдириб қўйяпмиз! Илм олишга, газета ва китоб ўқишга йўналтириш қачондан бери салбий ҳолатга айланди? Тўртинчи-бешинчи синф боласи ўзи бориб газетага обуна бўла олмайди-ку, бунга ота-она ва мактаб муҳит яратиши керак. Газета ўқимаслик оқибатида болаларимиз телефондаги енгил-елпи, мазмунсиз видеоларга қарам бўлиб, дунёқараши торайиб боряпти. Болалар матбуотини давлат даражасида қўллаб-қувватлашимиз ва уларнинг мактабларга кириб боришини тўла таъминлашимиз зарур.

— Устоз, бугун кўплаб олий таълим масканларида журналистика факультетлари фаолият юритмоқда. Аммо соҳага кириб келаётган ёш кадрларнинг тайёргарлик даражаси ва профессионал салоҳияти замонавий талабларга жавоб беряптими?

— Гуруч курмаксиз бўлмайди. Лекин жуда иқтидорли, изланувчан ёшларимиз бор. Аммо умумий таълим тизимидаги аҳволимиз бизни чуқур ўйлантириши керак. Бундан 22 йил олдин Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида халқаро журналистика факультети ташкил этилган эди. Асосий мақсад — халқаро майдонларда ва дунё минбарларида туриб Ўзбекистон сўзини ва манфаатларини айта оладиган, хорижий тилларни мукаммал биладиган ўткир журналистларни тайёрлаш эди.

Бироқ орадан шунча йил ўтган бўлса-да, нима учун у ердан халқаро миқёсда танилган, салмоқли журналистлар барқарор етишиб чиқмаяпти? Нима учун ҳанузгача Миллий ахборот агентлигимиз (ЎзА) ва МТРКнинг ривожланган хорижий давлатларда мухбирлар тармоғи шаклланмаган? Сабаби, биз назарияга ҳаддан ташқари ёпишиб олдик, ижодий имтиҳонларни ва туғма истеъдод эгаларини саралаш тизимини енгиллаштириб юбордик.

Журналистика — шунчаки диплом берадиган жой эмас! У иқтидорлар, ирода ва маҳоратнинг синов майдонидир. Энг чекка қишлоқларда туғилган асил истеъдодларни топиб, уларни элакдан ўтказиб ўқитиш тизимига қайтишимиз керак. Ахир таниқли ёзувчи ва шоирларимиз, олимларимиз энг узоқ вилоятлардан чиқишган. Улар пойтахтда ўқиб, устозлардан сабоқ олиб вояга етишган. Назария чексиз, аммо ёзиш маҳорати ва таҳлилий тафаккур тинимсиз амалий меҳнатда чиниқади.

— Сизнингча, ҳақиқий профессионал журналист бўлиш учун инсондан қайси фазилатлар талаб этилади?

— Журналист — бу шунчаки касб эмас, бу турмуш тарзи ва руҳий ҳолатдир. Журналистда “мен соат бешда ишдан кетаман”, “мен дам оляпман” деган тушунча бўлмайди. У 24 соат фикрлайдиган, ҳатто ухлаётганда ҳам мияси ахборотни таҳлил қиладиган инсон. Журналист мақола тайёрлаётганда худди тўлғоқ тутаётган онага ўхшайди: фикрлар қийнайди, мавзу изтироб беради, токи ўша мақола босилиб чиқмагунича ҳаловат топмайди. Ҳар бир мақола азоб ва муҳаббат билан дунёга келган фарзанддир!

Журналистнинг оддий одамлардан фарқи шундаки, у оддий кўзлар пайқамайдиган нозик деталларни ва жамиятдаги яширин дардларни кўра билиши ҳамда уни ўз юрагидан ўтказа олиши керак. Журналист сўзи — пичоқдек кескир, сувда чўкмайдиган ва ўтда ёнмайдиган адолат қуролидир. Агар ижодкорда туғма истеъдод, меҳнатсеварлик, юксак саводхонлик ва энг муҳими, ҳақиқатни байроқ қилиб олиш жасорати бўлмаса, ундан ҳеч қачон журналист чиқмайди.

— Ушбу суҳбатимиз айнан “Hurriyat” ҳафтаномаси учун махсус тайёрланди. Улуғ айём – Ватанимиз истиқлолининг 35 йиллиги арафасида газета таҳририяти муштарийларига билдирадиган эзгу тилакларингиз, дил сўзларингиз билан ўртоқлашсангиз.

— “Hurriyat” газетасини мунтазам кузатиб, ҳар бир сонини интиқлик билан ўқиб бораман. Саҳифаларни варақлар эканман, унда ўз кўнглимдаги, айнан бугунги газетхон талабига жавоб берадиган теран таҳлил ва холисликни кўраман. Матбуот майдонида бу нашр ўзининг ўзгача ижодий дастхати, тезкорлиги ҳамда давр нафасини, замон шиддатини тўла-тўкис акс эттира олиши билан алоҳида ажралиб туради.

Ижодий жамоа билан самимий мулоқотда бўлганимда, баъзан кўзга ташланган муайян камчиликларни уларнинг ўзларига ошкора айтаман… Чунки бу нашр — истиқлолимизнинг асл руҳини, юртимиздаги эркин сўз ва ошкоралик тамойилларини ўзида мужассам этган ҳақиқий мустақил газетадир!

Менинг энг катта орзу ва эзгу тилагим шуки, “Hurriyat” ҳафтаномаси оммабоплиги, замонавийлиги ва ҳақиқатгўйлиги билан эл суйган минбарга айланишда давом этсин! Газетанинг адади юз минглаб нусхаларга етсин, унинг довруғи ва овози нафақат юртимизда, балки қардош туркий давлатлар ва хорижий мамлакатларда ҳам кенг ёйилсин.

Ушбу шарафли ва масъулиятли йўлда газета таҳририятининг барча ижодкор-қаламкашларига, матбуот фидойиларига куч-ғайрат, муваффақият ва омадлар ёр бўлишини тилайман.

Энг улуғ, энг азиз байрамимиз — Мустақиллик айёми барчамизга муборак бўлсин!

Суҳбатдош:

Меҳрибон ҚУРБОННИЁЗОВА.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three + nine =