Арашон достони
“Наманганнинг ярмига тенг Поп” деган сатрлар билан бошланган шеъримни ёзганимга 20 йилча бўлибди. Ундан бери қанча сувлар оқди, она Ватанимизнинг ҳар бир гўшасига янгилик, яхшиликлар кириб келди. Дунё ўзгарди, дунё саҳнига яхшиликлар, янгиликлар чиқди. Аммо она Сирдарё бир хилда, бир маромда чайқалиб турибди.
Наманган вилояти туризм соҳасида янги босқич бошланмоқда: Поп туманида “Arashan Resort” йирик туристик мажмуаси қурилишига тамал тоши қўйилди.
Бу туман тоғолди ҳудуди ҳисоблангани боис туризмни ривожлантириш учун катта имкониятлар бор. Кейинги йилларда ана шу табиий бойлик — бетакрор ва мафтункор табиатдан унумли фойдаланган ҳолда вилоятга хорижий сайёҳлар оқимини ошириш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, Арашон кўллар тизими атрофида барпо этилаётган “Arashan Resort” мажмуаси ана шундай истиқболли лойиҳалардан бири бўлди.
Умумий қиймати 150 миллион АҚШ доллари бўлган лойиҳа 600 гектар майдонда ташкил қилиниб, замонавий туризм инфратузилмасига эга бўлган йирик дам олиш ва саёҳат марказига айланади.
Келажакда лойиҳа тўлиқ ишга туширилгандан сўнг кунлик 2,5 минг нафар сайёҳни қабул қилиш, йиллик 912 минг нафар туристга хизмат кўрсатиш, 2 000 дан ортиқ янги иш ўринлари яратиш имконияти пайдо бўлади.
Бундан ташқари, мажмуа доирасида экологик туризм зоналари, экстремал ва тоғ туризми инфратузилмалари, гастрономик туризм марказлари, саёҳат ва маданий дам олиш масканлари, рекреацион ва соғломлаштириш ҳудудлари ташкил этилади.
Бу ерда тематик парклар, тоғ чанғиси комплекслари, зиплайн, ресторан ва кафелар, очиқ осмон остидаги кинотеатр, экобозор, болалар майдончалари, спорт майдонлари ҳамда замонавий сув бассейнлари барпо этилиши режалаштирилган.
Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур лойиҳа японлар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Бу эса мажмуанинг халқаро стандартлар асосида барпо этилишига хизмат қилади.
Қуйидаги асарим ана шу улуғвор бунёдкорлик ҳақида.
Муаллиф ҳақида:
Дилбархон ҲАЙДАРОВА Наманган вилояти Учқўрғон туманида туғилган. Наманган давлат педагогика институти (ҳозирги Наманган давлат университети)нинг филология факультетида ва М.Горький номли жаҳон адабиёти институтида таҳсил олган.
Шоиранинг “Норин мавжлари”, “Муҳаббат фасли”, “Ишқ сўқмоғи”, “Кўклам қизи”, “Ватан сўзи”, “Сайланма”, “Қуёш сонатаси” сингари 40 дан зиёд шеърий ва насрий китоблари чоп этилган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
ДЕБОЧА
Гул водийни кўрай десанг, довондан кел,
довондан кел,
Тоғлар аро адоқсиз йўл,
арчазорлар томондан кел.
Бир йўлларки, сени чорлар,
баҳор фасли омонда кел,
Лолазорлар лаб очган кун, ҳозирги замонда кел.
Қурама тоғ чўққилари осмон билан сирлашади,
Қор, ёмғири сел бўлади, ирмоқ, сойга
бирлашади,
Тоғ гуллари чунон гуллаб, меҳмонидай ерлашади,
Келар эсанг, азизим, кел,
баҳор бизнинг томонда кел.
Тоғ бургути чўққиларга бағир бериб кўзлаётир,
Кўзига боқ сор бургутнинг, сенинг каби бўзлаётир,
Билмам, қачон ўз бўлади, ўзлаётир, ўзлаётир,
Баҳорнинг хуш нафасини изласанг кел,
изласанг кел.
АРАШОН ҚЎШИҚЛАРИ
Қурама тоғларин елкаларида,
Арашон энанинг излари бормиш.
Авлиё онанинг кўлкаларида,
Оловли булоқлар интизор зормиш.
Авлиё онага сиғинмоқ учун,
Узоқ-яқинлардан келар одамлар.
Арашон кўллари чайқалар нечун,
Юксак тоғлар елка тутгани чоғлар.
Эртаклар эшитдим, кўккўл ҳақида,
Ҳаёт суви деган нақл айтдилар.
Жон сувида бордир гўзал ақида,
Беморлар у ердан соғлом қайтдилар.
Дунё асли гўзал сирдан иборат,
Тоғларнинг бағрида ёнар булоқлар.
Асли Аллоҳимдан, бирдан иборат,
Табиатга дунё эгилган чоқлар.
АРМОН
Довонимдан ўтдим мингинчи бора,
Аммо Арашонга тушмади йўлим.
Бу кўнгил ўртаниб борар тобора,
Арашон йўллари ушлайди қўлим.
Шундоқ гўзалликни яратиб қўйиб,
Маҳлиё туради она табиат.
Армоним ўсади бағримни ўйиб,
Тоғларни кўрмаслик, бизга ҳам уят.
Шошилиб, шошилиб ҳар ўтганимда,
Этагимдан тортар қизил лолалар.
Баҳона кўп, уйга ҳар етганимда,
Ёдимга тушади, тоғдай нолалар.
Шундай умр ўтди, довон йўлида,
Пойтахт чорлайверди, қишлоқ қўйвормас.
Болалар йўл топди, тушиб қўлимдан,
Арашон энага йўлларим бормас…
ТЎРТ КЎЛ РИВОЯТИ
Тоғлар чўққисида ётар Чуқуркўл,
Осмонга ойнадай термулганича.
Интилган одамни элтгувчи бу йўл
Сувга етганида дам олар пича.
Уранга тўйиниб Ойнакўл турар,
Дунёда бу каби тиниқ кўл йўқдир.
Булоқ сувлари ҳам унга югурар,
Кафтларингда ичгин, даводир, ўтдир.
Уч минг уч юз олтмиш беш метр баланд,
Тоғда ястанганча Узункўл ётар.
Энг гўзал тошларга сувларин тараб,
Қуёш ботганида, чўққига ботар.
Ҳаммасидан гўзал кўлдир, Тулпоркўл,
Учаётган тулпор худди ўзидир.
Шу кўлга элтади водийда ҳар йўл,
Гўзаллик сўзининг кўрар кўзидир.
Ҳар қандай оғриқни олади улар,
Кўлда чўмилганнинг жони-жонидир.
Минг хил хасталикни сув — ҳаво қувлар,
Ватанни севганнинг пок иймонидир.
КЕЛИНГ
Қураматоғ бағридаги Сирга келинг,
Кўп-кўплашиб, дўстлар билан бирга келинг.
Осмонўпар тоғ чўққиси сизни элтар,
Бу сув эмас, кўнгилдаги дурга келинг.
Қадам етмас тоғлар аро қайнар булоқ,
Кўм-кўк кўллар сизни кутар турга келинг.
Тоғ гуллари йўлингизга кўкдан гилам,
Тошлар маъдан, дўстлар бир-бир қурга келинг.
Қиш фасли ҳам ўтдай ёниб қайнаб турар,
Дўстлар билан шошиб, юр-юрга келинг.
Арашонга келинг, дўстлар, Арашонга,
Тоғ учида очилган ул гулга келинг.
Арашондай кўли бордир Наманганнинг,
Кўрмак учун довон деган йўлга келинг.
ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН,
ЯНГИ ОРЗУЛАР
Бу умр йўллари баланд-пастликдир,
Келажак ёшлари учун дарсликдир.
Биз боболар йўлин давомчисимиз,
Тоғдан отда ўтган элнинг омончисимиз.
Ўтган асрларда ойлаб юрган йўл,
Отабек Кумушни пойлаб юрган йўл.
Попдан Хитойгача ипак йўллари,
Қўшнилар бир-бирин тутган қўллари.
Дунё бизни қайта танигани шу,
Тинчликка қўл қўйиб, турурмиз мангу.
Янги Ўзбекистон, қадаминг қутлуғ,
Бағрингдаги ёшлар юраги ўтлуғ.
Биз яшаган замон ўтар шон билан,
Ўзбекистон, қўл бер, шараф-шон билан!
ЗАМОНЛАР ЎЗГАРУР
Замонлар ўзгарур, осмон ўзгарур,
Она замин учун посбон ўзгарур.
Гул шаҳри ўзгарур, баҳор ўзгарур,
Навқиронлик шаҳри бўлар кўзга нур.
Боғ-роғлар ўзгарур, гуллар ўзгарур,
Гўзаллик дунёни доим қутқарур.
Аммо ўзгармайди, бу элим сира,
Оқибат, матонат янги манзума.
Муҳаббат ўзгарур, севги ўзгарур,
Ўзбек ёшларининг сўзи ўзгарур.
Мен китоб тутаман, набирам кулар,
Биздан ўзиб кетган, келажак улар.
Биз ватан деб ўтдик, ватан ўзгарур,
Жон ватан ҳамиша кўнгилга шуур!
ШВЕЙЦАРИЯ ОРТДА ҚОЛАР
Гўзаллик қутқарса агар дунёни,
Унутиб юборсак агар риёни,
Ватан деб яшасак, қўриб ҳар ённи,
Шведлар ўрганса, бўлаверади.
Тоғ-тошлар, ер ва сув камаймади, йўқ,
Ўғил-қизлар зукко, бўлиб борар шўх,
Миллатга тош отмас, отилмайди ўқ,
Дунё бизни билса бўлаверади.
Биз дунёга чиқдик, аждодлар ёди,
Йўлимиздан чиқар Фурқат сайёди,
Амир Темур изи, Бобур фарёди,
Тарихимиз узун келаверади.
Қурама тоғлари тарих сиёҳи,
Гўзалликка ҳужжат ҳар бир гиёҳи,
Чўққисида булоқ, кўллар нигоҳи,
Шведлар ўрганса бўлаверади.
Швейцария жаннат исботи билан,
Қураматоғ шифо оҳ, тоти билан,
Арашон булоғи ўз оти билан,
Шведлар ўрганса бўлаверади.
КЎНГЛИНГ ТОҒДАЙ ЎСАР
ТОҒЛАРГА ЧИҚСАНГ
Кўнглинг тоғдай ўсар тоғларга чиқсанг,
Денгизу уммонлар пойингда турса.
Гуллар очилган чоғ боғларга чиқсанг,
Майсалар қўл чўзиб ёнингда турса.
Дарё бўйларида дарё бўлар дил,
Тоққа чиққан болам кўнгли тоғ бўлар.
Қизлар боғлар аро ўстиради гул,
Бу гуллардан дунё янги боғ бўлар.
Тоғлар чўққиси ҳам, типпа-тик шамдай,
Бу ерда тозадан-тоза ҳаво бор!
Мўъжиза, ҳайратлар, қўлим ёқамда,
Юртлар бор бир қултум сув, ҳавога зор!
Шукрона айтаман, қиламан қуллуқ,
Она Ватанимга, ота юртимга.
Эй, Ватан, шунчалар буюксан, улуғ,
Чўққида турибман, боқмай ортимга!
ОНА ВАТАН ОТИНГДАЙ УЛУҒ
Шундай улуғ юртнинг шоири бўлмоқ
Пешонамга битган, олий мукофот.
Шоири кўп элнинг ёнида турмоқ,
Шарофат, ибодат, гоҳида роҳат.
Ўзбекистон улуғ маконим менинг,
Чўлу биёбонинг, дала-даштгача.
Тенгсизим, суюгим, имконим менинг,
Қора кўзим менинг қора қошгача.
Шаҳри азимларинг айтмадим ҳали,
Улуғ аждодларим қилмадим баёт.
Ҳар сафар довондан ўтган маҳалим,
Кўзимга осмондай кўринар ҳаёт.
Шаҳри Намангандан Термизгача то,
Ватан, йўлларингга гуллар тизаман.
Тошканим, Гулистон, Самарқандми ё
Бухоро, Қаршидан кўнгил узаман?
Қадим Хива яна Қорақалпоғим,
Соғиниб борарим Андижонгача.
Қадимим — Қўқоним, Марғилон чоғим,
Оёғим етарим Фарғонагача.
Наманган боғида гуллар туздим мен,
Олмалар оқизиб, дарё бўйида.
Гул узиб тартибни доим буздим мен,
Арашонга кетдим, соғинч кўйида.
Тоғнинг чўққисида турибман, қаранг,
Борини тўкибди она табиат.
Шамоллар учириб кетгудай таранг,
Дунё тургунича қилсин тарбият.
Ватаним дунёлар тургунча турсин,
Ватан улуғлари бўлсин омонда!
Шоир юрагидай юраклар урсин,
Ҳамма омон бўлсин шундай замонда!
Наманган ярмига тенгдир Поп десам,
Довонлардан ўтсин ишонмаганлар.
Бепоёним десам, эҳ, боб, боб десам,
Ватанини севган ҳеч тонмаганлар.
Шундай, Наманганнинг Попидир гулранг,
Дарё, тоғларида бордир синоат.
Қадим Хитойни ҳам маст қилган улар,
Улар яхшиликка қилур итоат.
Арашонда сирлар сирланиб борар,
Шведлар дам олсин, дунё турланар.
Лолалар очилиб турланиб борар,
Биз томонга учсин энди турналар.
Элдан-элга юрар Наманган васли,
Ёзар бўлсак сўзни ёндирамиз биз.
Боболардан мерос Наманган асли,
Гуллатиб, яшнатиб қолдирамиз биз.
Ватаним дунёлар тургунча турсин,
Ватан улуғлари бўлсин омонда!
Шоир юрагидай юраклар урсин,
Ҳамма омон бўлсин шундай замонда!
ХОТИМА
Сўнг сўз демоқликка бормайди тилим,
Дунё зукколари, бизни кузатган.
Японлар пул тикиб, тарқатар билим,
Улар ҳар қайдаки, қўлин узатган.
Дунё бинолари қад ростлар бунда,
Дунёнинг илмидан келганда хабар.
Дунё салобати кўрк бўлган кунда,
Тоғларимиз яшнар яна муқаррар.
Янги нафас кирар, ободлик кирар,
Озодалик, дўстлик яшайди бунда.
Одамлар изидан шодлик югурар,
Юлдузлар чарақлар қоронғу тунда.
Ўзбекистон тоғи, ўзбекнинг тоғи,
Дунёни чорлайди, очиқ юз билан.
Арашонда баҳор, сачрар булоғи,
Бир кун учрашамиз, кўлда сиз билан.
Дўстлар, учрашамиз, бўлсин омонлик,
Дардларга дармондир, тоғлар гиёҳи.
Ҳозирча олисда, омон-сомонлик,
Попнинг тоғларида меҳнат сиёқи.
Осмони мусаффо, тоғи мусаффо,
Ўзбекистон, оти улуғим менинг.
Боғлари бол тўла, боғи мусаффо,
Тинчликка қўл қўйган буюгим менинг.
(Тамом)
2026 йил
Дилбархон ҲАЙДАРОВА
