Августда ўрик пишиғи

ёхуд шоир хонадонида ҒрикхҒрликдан бенасиб қолганим ҳақида

Ёзнинг сўнгги ойи — август бошларида жаннатмонанд Бойсуннинг сўлим гўшаларидан бири Юқори Мачайда ижодий сафарда бўлишга тўғри келди. Ушбу маҳалладан бир қишлоқ пастда мен учун энг қадрли бўлган инсонлардан бири — таниқли ижодкор, шоир Абдимурод Худойбердиев умргузаронлик қиладилар. Шаҳардан чиқишда ижодий сафардан сўнг шоир акамизнинг дилтортар суҳбатларини олишни ҳам ўзимча режа қилгандим.

Бироқ борар манзилимиз Юқори Мачайдан яна 15-16 чақирим олисдаги баланд тоғлар бағрида эканлиги боис мўлжалдан анча кеч — кунботар маҳалда ортга қайтдик. Шоир хонадонида кечадиган суҳбат ортга сурилганини аллақачон англаган бўлсам-да, шундоқ дарвозалари ёнидан ўтиб, индамай кетишни ўзимга эп кўрмадим. Шоир халқи табиатан кўнгли нозик хилқат эканлигини билганим боис ҳеч бўлмаса оёқ учида бўлса ҳам Абдимурод ака билан бир зум ҳоллашиш ниятида дарвозалари қаршисида тўхтадик. Неча йиллар оралатиб шу томонларга ижодий сафар қилганим-у, бир қур бўлса-да, ҳоллашмай кетиб қолганимни эшитсалар, домангир, яъни хафа бўлишлари табиий эди-да.

Кўча дарвозадан қилган чақириғимизни эшитган шоирнинг ўзлари неваралар қуршовида бизга пешвоз чиқдилар. Бир-биримизни бағримизга босиб, дийдорлашдик. Сўнгги бор шаҳарда кўришганимда соғлиқларини анча олдириб қўйганларини кўриб, ташвишлангандим. Ҳайтовур, саломатликни тиклаб, анча тетиклашибдилар. Чеҳраларига нур, руҳиятларига сокинлик қайтганини кўриб, дилим равшанлашди.

— Хайрият, муҳаррир укажонимни кўрар кун бор экан-да, — дея уйга таклиф қилди. — Бугун кетиш йўқ, тонггача дарё лабидаги сўрида суҳбат қиламиз, — деганча ҳовли тўрига, дарё суви овози шарқираб эшитилаётган қуюқ дарахтзор томон ишора қилди у.

Вазиятни тушунтириб, узримизни айтдик. Биз томондан “ноинсофлик” бўлаётганини англаб турган бўлсак-да, “ширин ижодий суҳбат”ни бошқа кунга қолдиришларига ижозат сўрадик.

— Ўрик пишди қишлоқда, ҳеч бўлмаса, бирор соат ўтириб, ўрикхўрлик қилинглар… Шунча йўл босиб, кўча дарвозадан қайтиш нимаси?

Кун кеч бўлгани, ҳали ишхонада ҳам қиладиган ишлар борлигини айтиб, шоир акамиз хонадонига яқин ойлар ичида меҳмон бўлишни ваъда қилиб, ижозатлари билан шаҳарга қайтдик.

…Ва йўл-йўлакай Дарбанд дарасининг шом пайтидаги афсонавор манзараларига маҳлиё бўлган ҳолда беихтиёр Абдимурод аканинг ўрикхўрлик ҳақидаги таклифлари ёдимга тушса-чи… “Қанақасига ўрикхўрлик, шоир ҳазиллашмадиларми, ёзнинг сўнгги ойида-я?”

Хаёлимдан кечганини ташимга чиқаришни билиб-билмай бир зум ўзимча фикрладим. Ниҳоят, ёнимда машина бошқараётган ҳамроҳимдан нажот кутгандек:

— Шоир ўрикхўрликка таклиф қилганларини сиз ҳам эшитдингизми? — дедим.

— Нега эшитмайин, бир эмас, бир неча марта даъват қилдилар, лекин эътибор қилмадингиз.

— Шу паллада ўрик пишадими? Тўғри, бир вақтлар эшитгандим, баланд тоғ қишлоқлари, масалан, Мачайдан анча юқоридаги Ўрикли каби қишлоқларда ўрик пишишини.

— Бор бўлинг-э, Мачай, Юқори Мачайда ҳам энди пишди ўрик. Тунов куни келиб кетгандим. Пишгандаям, ҳали ғўра. Бирор ҳафтада ғарқ пишади, шекилли.

Қизиқ, Бойсуннинг Шеробод-Бандихонга туташ ҳудудларида ўрик апрелда, шаҳар ҳудудида май-июнда, бу томонларда августда ўрик пишади. Эшитганимга кўра, Ўрикли, Яккатол каби қишлоқларда ҳатто сентябрга бориб ўрик сарғаяркан.

Мана, Бойсуннинг ўзига хос мўъжизакорлиги. Бир ном билан аталувчи ҳудудда тўрт фаслнинг уч фаслида ўрик пишиғи ўтади. Бундан ортиқ мўъжизанинг ўзи бўладими ахир?

Эртаси кун Юқори Мачай маҳалласида картошкачиликни ривожлантириш лойиҳаси доирасида бориб кўрганим — ибратли ишлар ҳақидаги нарсани қоралаб турганимда, туман ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Юнусбек Холиёров алоқага чиқиб қолди.

— Ассалому алайкум, устоз! Кеча Мачай томонларга ўтгандим, муҳим йиғилиш бор эди. Тадбирдан сўнг бир-иккита яхши видеотасвир ва суратлар олиш учун хонадонларга кирдим. Қизиғи, Мачай томонларда айни ўрик пишиғи бошланибди. Жуда чиройли тасвирлар, суратлар олинди. Сизга ҳам ташлаяпман, кўриб завқ олинг, дедим.

— Бир-биримиздан бехабар бир кунда бир манзилга ижодий сафар қилибмиз, — дейман Юнусбекдан видеотасвирлар учун миннатдор бўлиб. — Мен баланд тоғ ҳудудига чиққаним туфайли бехабар қолибман-да. Аммо-лекин тасвир ва суратлар учун ташаккур!

Юнусбекка шоир билан бўлган кечаги воқеани, ўзим англамаган ҳолда соддалик туфайли “ўрикхўрлик”дан бенасиб қолганим ҳақида гапириб бердим. Роса кулишдик…

Дарвоқе, Юнусбекнинг тасвирларини томоша қилиб, Бойсун ҳақиқатан ҳам жаннатмонанд юрт, бу ерда ҳар қадамда бетакрор табиат мўъжизаларига дуч келишингиз оддий ҳол эканлигига, бу макон ҳақиқатан Аллоҳ назари тушган жойлигига яна бир бор амин бўлдим.

Мана, юртимизга тирамоҳ нафаси кириб келди. Тоғларга эса тирамоҳ янада аввалроқ ташриф буюради. Ўрик дарахти куз нафаси ҳали кириб келиб-келмай биринчилардан бўлиб сарғайиб, барг тўкадиган дарахт. Демак, Мачай зардолилари ҳам туманимизнинг бошқа ҳудудларидан аввалроқ барг тўкади. Лекин бунгача унинг ҳосиллари пишиб улгуриши керак… Бу каби ноёб табиат ҳодисасига ҳар жойда эмас, Бойсундек мўъжизаларга бой маъвода гувоҳ бўлиш мумкин.

Ҳамкасбим олган видео ва суратларда август ойининг сўнгги кунлари бўлишига қарамай, Мачай боғлари, ҳовли-уйлардаги зардоли дарахтларининг майин шамолда солланиб турган шохларидаги қизил, сариқ рангдаги ўрик меваларини кўриб, Яратган Эгам биз инсонларга қанчалик гўзал ризқларни ато этганлигини тасаввур қиламан.

Дарвоқе, соддаликми, эътиборсизликми боис Абдимурод аканинг хонадонидаги ўрикхўрликдан бенасиб қолганим, балки, яхшилик учундир. Бир яхшиликки, илоҳим, келгуси ўрик пишиғигача ҳам умримизни зиёда қилиб, шоир ҳовлисидаги сўрида, куз арафасида ғарқ пишган зардоли дарахтлари соясида ўтириб, ширин давра атрофида ўрикхўрлик қилиш насиб этса…

Даврон ОРИФ,

журналист,

“Бойсун” газетаси

бош муҳаррири.

 

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eight − 8 =