Асрни ортда қолдирган онахон

Инсон умри йиллар билан ўлчанади, аммо унинг қадри босиб ўтган йўли, элга қилган хизмати, фарзандларига берган тарбияси ва орттирган обрў-эътибори билан белгиланади. Фарғона вилояти Қўштепа тумани Қоражийда қишлоғидаги “Халқобод” маҳалласида яшовчи Ибохон ая Қосимованинг 102 йиллик умри ҳам ана шундай ибратли ҳаёт саҳифаларидан иборат.

Яқинда Ибохон аянинг хонадонида қувончли воқеа юз берди. Бир умр ҳалол меҳнат қилиб, эл-юрт корига яраган онахон давлатимизнинг юксак мукофотларидан бири — “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Мукофотни Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров онахоннинг хонадонига ташриф буюриб, шахсан топширди.

Бу эътироф Ибохон ая учун катта қувонч бўлди. Онахон мукофотни қўлига олар экан, чуқур ҳаяжонга тушди:

— Шундай мукофот менга берилдими? — дея қувонч кўз ёшларини тия олмади.

Бу кўз ёшлар ортида бир асрдан зиёд умр, минглаб машаққатли кунлар, тонг саҳардан бошланган меҳнат, фарзандлар ташвиши ва ҳалол ризқ илинжида ўтган йиллар мужассам эди.

Ибохон аянинг ҳаёти оддий меҳнаткаш ўзбек аёлининг умр йўлига ўхшайди. Аммо ана шу оддийлик замирида улкан матонат бор.

У киши ёшлигидан далада кетмон чопди, пахта терди, ипак қурти боқди. Оила рўзғори, фарзандлар тарбияси деб меҳнатдан қочмади. Кейинчалик ипак комбинатида ҳам сидқидилдан меҳнат қилди.

Турмуш ўртоғи Ашур бобо билан елкама-елка туриб, оиласини обод қилди, фарзандларини вояга етказди. Ашур бобо оламдан ўтгач ҳам, Ибохон ая ҳаётнинг оғир-енгилига сабр билан дош бериб, фарзандлари ва набиралари учун суянч бўлиб яшади.

Оилада 3 қиз ва бир ўғил камол топди. Бугун эса бу хонадонда фарзандлардан ташқари 40 нафардан зиёд набира, 30 нафардан ортиқ чевара ва 4 нафар эвара бор.

— Агар набира ва чеваралар уйимизга келишса, тўй-байрам бўлиб кетади, уйимизнинг файзи ошади. Ич-ичимдан хурсанд бўламан, — деди онахон.

Бу сўзларни айтар экан, онахон ёшлик йилларини эсга олиб, маюс тортди:

— Эй, болам, биз оғир йилларни, уруш даврларини, очарчилик кунларини кўрдик. Нонга зор бўлган кунларимиз бўлган. Нон тополмай, онамиз кўкатларни тўғраб, овқат пишириб берган кунлар ҳам ўтган. Бугун эса тўқлик замони, Аллоҳга минг шукур. Юртимиз тинч, обод, тўқчилик. Нима ейман, нима кияман десанг, ҳамма нарса бор. Буларнинг шукронасини келтиришимиз керак. Бу файзли кунларга фақат ва фақат шукур қилишимиз лозим, — деди онахон суҳбат давомида.

“Ибохон ая, мана, бир асрдан ортиқ умр кўриб, мазмунли ҳаёт кечириб келяпсиз, узоқ умр кўришнинг қандай сир-асрорлари бор?” — деб сўраганимизда, онахон табассум билан шундай жавоб берди:

— Эй, болам, ҳаётингизда одамларга фақат яхшилик қилинг. Қўлдан келганча саховатли бўлиб, одамларга кенг бағирлик қилинг, ширин сўзингизни аяманг. Ҳеч кимга ёмонлик қилманг, бу ҳақда ҳатто ўйламанг ҳам. Агар сизга кимдир қаттиқроқ гапирса, диққат бўлиб, “менга шундай деди-я”, деб ўйлаб юрмай, кўнгилдан чиқариб, яхши нарсаларни ўйланг. Меҳнат қилинг, ундан сира қочманг. Шунда, албатта, Аллоҳ насиб этса, узоқ умр кўрасиз.

Эътироф этиш керакки, онахон каби бир асрдан ортиқ умр кўриб, ортидан эзгу ном қолдириш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Ибохон аянинг 102 йиллик ҳаётига боқиб, ҳалол меҳнат қилган инсоннинг умри ҳеч қачон эътиборсиз қолмаслигига, яхшилик ва меҳнат, албатта, қадр топишининг ёрқин намунасига яна бир карра иқрор бўлдик.

Фотима МАНСУРОВА,

журналист.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 + 4 =