Истеъдод – ҳаёт зийнати

Бир мамлакат подшоҳининг якка-ю ягона ўғли бор экан. Кунлардан бир кун ўйнаб юрган шаҳзода фуқаро орасига кирибди. У ғариб-ғураболарни, оғир турмуш тарзини, хору зор инсонларни ва ноҳақликларни кўргач, ўзининг шоҳона ҳаётидан уялиб, гапирмай қўйибди. Аёнлар ҳарчанд уринмасин, шаҳзода сира тилга кирмабди. Табиблар даво излабди, кўнгил чигилини ёзувчи созанда-ю хонандалар бор ҳунарини ишга солибди, аммо унинг тилидаги тугунни ечолмабди. Шунда бош вазир шаҳзодани кенг адирларга — овга олиб чиқишни маслаҳат берибди. Бу чорани ҳам қўллаб кўришибди.

Шаҳзода йўлда кетаётиб, бир булбулнинг овозини эшитиб, тўхтабди ва унга қулоқ тутибди. Унинг хуш наволаридан баҳраманд бўлиб турган маҳал сарбозлардан бири ногаҳон камондан ўқ узиб, қушни уриб йиқитибди. Булбул кўксига камон ўқи санчилганда, шаҳзода оҳ тортиб:

— Агар сайрамаганингда, ўлмас эдинг! — деб юборибди.

Шаҳзоданинг тилга кирганини кўрган мулозимлар хушхабарни етказиш учун шоҳ ҳузурига чопибди. Шаҳзодани шоҳ олдига олиб келишса, у яна лом-мим демасмиш. Алдаб кўришибди, авраб кўришибди, яхши гаплар, ёмон гаплар айтишибди, лекин шаҳзода жим эмиш. Шунда шоҳнинг қаҳри келиб, унга тарсаки тортиб юборибди.

Оғриқдан кўзига ёш келган шаҳзода:

— Гапирганимда шапалоқ емас эдим, — деган экан.

Сўзлаш ҳам санъат! Гоҳо бир оғиз сўз айтиш шоир ва ёзувчилар учун ҳаёт-мамот масаласига айланади. Умуман олганда, яхши ижодкор асари замонга қараб, жамиятга қараб, санъаткорона сўзлашдир! Улар асарлари орқали одамларга ҳақиқат йўғрилган гўзал хитобнома тақдим этадилар. Замон билан ҳамнафас, ҳамқадам, ҳаммаслак, ҳақиқатгўй ижодкорлар кўп. Уларнинг бадиий асарга кўчмаган ҳозиржавобликлари ҳам талайгина.

* * *

Одил Ёқубов Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига раис бўлиб турган кезларда Рауф Парфи билан Дилором Исҳоқова: “Биз турмуш қурмоқчимиз, фотиҳа беринг”, дея кириб келишибди. Маълумки, ўша пайтлар Рауф Парфининг тайинли уй-жойи йўқ, анча қийналган даврлари экан. Дилором опа эса прокурорнинг қизи — бадавлат хонадон фарзанди, эрка ва тантиқ. Рауф Парфи бойваччанинг уйига бормайди, Дилором опа эса камбағалликда яшай олмайди. Вазиятнинг нозиклигини пайқаган Одил ака:

— Балиқ билан кўкдаги қуш ҳам бир-бирини севиб қолиши мумкин. Аммо айтинг-чи, улар турмуш қурса, сувда яшайдими ё қуруқликда? — дебди.

Ёшлар кула-кула чиқиб кетишибди. Кейинчалик ижарага уй топишгач, Одил ака уларнинг тўйига бош-қош бўлган экан.

* * *

У пайтларда сўз эркинлиги бўғилган эди. Бир оғиз ортиқча гап кишини хонавайрон қиларди. Кимнингдир туғилган кунида зиёфат қизиб, диллар яйраган чоғда Одил Ёқубов Эркин Воҳидовга: “Нега янги асарлар ёзмаяпсиз, ахир сиз исёнкор шоирсиз-ку, Эркинжон?” — деб қолибди. Эркин ака мийиғида кулиб қўйибди. Қадаҳ сўзи навбати келганида эса оҳиста жавоб қайтарибди:

— Бир безори бор экан. У ичиб олиб, тўйларда тўполон чиқараркан. Бир киши тўй қилмоқчи бўлиб, ўша безорининг олдига борибди. Уни яхшилаб сийлаб, эгнига зарбоф тўн кийгизибди ва тўполон қилмаслик ваъдасини олибди.

Тўй бошланибди. Ҳамма жанжалкашга қарармиш, у эса оғзига толқон солгандай жим эмиш. Тўй охирлаб бораётган бўлса-да, ундан садо чиқмасмиш. Одамларга жанжалсиз тўй қизиқ туюлмабди ва:

— Ҳой, нега жимсан, зерикиб кетдик, касалмисан, сенга нима бўлди, қачон тўполон кўтарасан? — дейишса, ҳалиги одам:

— Эгнимдаги тўнни кўрмаяпсизларми? Тўй эгаси кийдирди, шунинг учун жанжал кўтаришга уялиб турибман, — деган экан.

Эркин ака шу ҳангомани сўзлаб бергач, коса тагидаги нимкосани пайқаган даврадошлар гуррос кулиб юборишибди. Шоир ҳазил-мутойиба воситасида замоннинг қалтислигига ишора қилган, нима сабабдан исён кўтармаётганига ойдинлик киритган эди. Кейин эса: “Бўлди, устоз, бугундан чопонимни ечаман”, дея сўзини якунлаган экан.

* * *

“Биз сўзнинг ҳукмдори эмас, балки хизматкоримиз”, — деган эди Ҳайнрих Ҳайне.

Ҳақиқатан ҳам, сўзга ҳеч ким ҳукмрон бўла олмайди. Энг забардаст адиблар ҳам унга фақат садоқат билан хизмат қилишган. Хоҳ Навоий бўлсин, хоҳ Фирдавсий, хоҳ Шота Руставели бўлсин! Ким сўзга қанчалик ихлос билан хизмат қилса, уни қанчалик сайқаллаб, кўкларга кўтарса, сўз ҳам уни шунчалик баланд мақомларга кўтаради, асрлар оша ардоқлаб олиб ўтади.

Маҳмуд Кошғарий сўзга хизмат қилди: уни тўплади, шарҳлади, сайқал бериб, улкан луғат хазинасини бунёд этди. Туркий халқлар асрлар давомида бу хазинадан маънавий озиқ олди. Гўё шаҳарларни обод этиб оқувчи дарёлар сингари, асрлар қаъридан жилға бўлиб келган бу сўзлар бугун ҳам одамларни ҳаёт уммони сари етаклаб бормоқда.

Ҳазрат Имом Бухорийнинг Сарвари оламдан кейинги юксак мақомга эришишларининг бош сабаби ҳам шунда: у зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини — ҳадисларини жамладилар ва бу дурдоналар Қуръони каримдан кейинги энг мўътабар китоб — “Саҳиҳи Бухорий”ни вужудга келтирди. Имом Бухорий ҳар бир сўзни ниҳоятда синчковлик, закийлик ва қатъий талабчанлик билан йиғар, бир каломнинг саҳиҳлигига ишонч ҳосил қилиш учун кўплаб саҳобалар, тобеинлар, муҳаддислар ва ровийлар ривоятларини солиштириб, энг ишончлисинигина танлаб оларди.

Алишер Навоий сўз заргари эди. У сўзга доҳиёна тафаккур ва буюк қалб билан хизмат қилди. Бир қанча илмларнинг етук билимдони экани, бош вазир лавозимида ишлагани, уч юздан зиёд мадраса-ю масжид, кўприклар қурдиргани ва бошқа беҳисоб эзгу ишларига қарамай, Навоий деганда, аввало, кўз олдимизга шеърият султони келади.

Чунки сўзга хизмат қилиш юксак мақомдаги олий вазифадир! Сўзга эҳтиром билан ёндашганлар доимо эъзозда бўлади ва бошқа бирон-бир соҳа эгалари бу қадар юксак эҳтиромга мушарраф бўлолмайди.

Зотан, тил миллатнинг жонидир! Тил йўқолса, миллат ҳам инқирозга юз тутади. Одамлар ҳар томонга сочилиб кетиб, ўзга миллатлар қатламига сингиб йўқ бўлади. Тилни асраш — миллатни асраш, демакдир. Тил мавқеини кўтариш миллат обрўсини кўтаришдир. Тил — сўзнинг қолипи, тилнинг нуфузини эса сўз белгилайди. Тилга хизмат қилиш — миллатга хизмат қилиш деганидир. На косиб, на заргар, на муҳандис ё математик ва на бошқа касб эгалари тилшунос ҳамда адибларчалик миллатга беқиёс хизмат кўрсата олмайди. Дейлик, киши оғир бемор бўлса, унга янги кийим-бош, қимматбаҳо пойабзал кийдирганингиз ёки остига қиммат машина қўйганингиз билан соғайиб қолмайди. Унга табибнинг муолажаси, дармон бўлгувчи малҳами керак. Тил миллат хасталанганда шифо бўладиган, соғлом чоғида эса унинг бардавомлигини таъминлаб, асрлар оша барҳаёт сақлайдиган шифобахш малҳамдир, ҳаётбахш руҳдир!

Келтирилажак ушбу митти ҳикоя сўз қудрати ҳақида ихчамгина хулоса беради:

Бир сайёҳ бегона бир шаҳарга келиб, уни кафтда тургандек бор бўй-басти билан яхлит кўришни истабди. Шу боис: “Шаҳардаги энг баланд минора қаерда? Мени ўша ерга бошланглар, тепасига чиқиб шаҳарни томоша қилай”, дебди. Шунда одамлар уни шаҳарда яшовчи бир донишманднинг ҳузурига бошлаб келишибди: “Бу зот шаҳар табиати ва одамлари ҳақида шундай мароқ билан сўзлаб берадики, бир зумда бутун шаҳар манзарасини кўргандек бўласан”, дейишибди. Сайёҳ донишманд билан суҳбатлашиб, унинг сўзларидан ниҳоятда қониқиш ҳосил қилибди ва: “Ҳақиқатан ҳам, сиз ушбу шаҳардаги энг баланд минора экансиз”, деган экан.

* * *

Анча йиллар муқаддам бир гуруҳ ижодкорлар билан Бойсунга борган эдик. Кеч куз, ташқари совуқ, далалар тап-тақир. Ўйдим-чуқур йўллар эски автобуснинг тез юришига йўл қўймас, уловнинг тинимсиз силкиниши йўловчиларнинг тинка-мадорини қуритарди. Ташқарида кўзга ташланадиган, киши кўнглини ёзадиган на бир дов-дарахт, на бирор диққатга сазовор манзара кўринарди.

Довруғи етти иқлимга кетган, шеъру достонларда, қўшиғу лапарларда кўкларга кўтариб мақталган Бойсунни интиқиб излаган ҳамроҳларимиздан бири, ниҳоят, оғир уҳ тортиб:

— Қани Бойсун? Мана бу тоғлар гиёҳ ҳам унмайдиган оддий қир-адирлар-ку! Ҳамма томонда кўзга хунук ташланиб ётган, одамни безор қиладиган адирлардан бошқа нарса кўринмайди-ку, Бойсун қаерда ўзи? “Бойсун зўр” деб роса алдашар экан-да, а? — деди нолиб.

Шунда Азим Суюн шундай деди:

— Бу жойлар ниҳоятда гўзал маконлар. Фақат уни кўра билиш, қалб кўзи билан илғаш керак. Қалб кўзи очилмаган одам Ватанни ҳам чин дилдан сева олмайди. Бу тоғларда бетакрор гўзаллик, ўзгача сеҳр ва тароват, минг йиллик юксак виқор ҳамда салобат бор. Шукур Холмирзаев, Усмон Азим, Эркин Аъзамлар нега буюк? Чунки улар биринчилардан бўлиб ушбу сирли табиатни кашф этишди, уни мадҳ этиб, бутун оламга тараннум этишди. Улар ушбу кенгликлардаги бошқалар илғай олмаган беғубор гўзалликни кўра билишди. Аслида, бу тароват мавжуд. Аммо кўпчиликнинг ботин кўзи кўр, ҳайрат туйғулари кишанланган. Ундай кимсалар на Ватанни сева олади, на онанинг қадрига етади ва на муҳаббат тароналарига дилдан жўр бўла олади. Бойсун бағрида ҳайрат ва ҳаяжонсиз юриб бўлмайди! Чунки Бойсун — бу мўъжиза!

Бу сўзларни эшитиб турган Усмон аканинг қадди кўз олдимда бир қарич ўсгандек бўлди.

Ижод ва меҳнат

Абдулла Қаҳҳор бир вақтлар: “Мен қилган меҳнатни маймун қилганида, ёзувчи бўлиб кетарди”, деган эди.

Бу ниҳоятда камтарлик билан айтилган фикр. Тўғри, Абдулла Қаҳҳор машаққатли меҳнат қилган. У севган касби билан завқ-шавқ ила, вақтнинг қандай ўтганини сезмай, чарчоқ билмай шуғулланган. Бироқ ундаги улкан иқтидор ҳам ёзганларига файз, шира ва чуқур ҳикмат бағишлаган. Натижада китобхонлар қалбини мафтун этган дурдона асарлар дунёга келган.

Уч юз килолик тошни ҳамма ҳам кўтара олмаганидек, ҳар ким ҳам Абдулла Қаҳҳор даражасида асар ярата олмайди. Чунки ҳамма ҳам у кишидек тинимсиз машқ қилиш, узлуксиз заҳмат чекишга қодир эмас, қолаверса, унга йўлдош бўлган, мушкулини осон қилган туғма истеъдод ҳам ҳар кимга насиб этавермайди.

Бу сўзлардан мурод шуки, агар сизда ижодга ихлос бўлса, машҳур шоир ё таниқли адиб бўлишни кўзласангиз, бунинг замирида чексиз меҳнат, тинимсиз заҳмат ва фидойилик ётганини асло ёддан чиқарманг. Меҳнатга ҳозирдан белингизни маҳкам боғланг!

Талабалик кезларимда шеър битиш учун илҳом келишини кутиб ўтирардим. У қурғур эса ўз ихтиёри билан гоҳ келар, кўпинча эса дарак бермасди. Вақт эса кутиб турмас бешафқат оқим экан: илҳом кутиб, бир неча қимматли йилларимизни беҳуда ўтказиб юборибмиз. Кейинчалик англаб етсам, илҳомни кутиб бекор ўтириш эринчоқлик ва ялқовликнинг бир баҳонаси экан. Илҳомни изламасангиз, уни қатъият билан чорламасангиз, ҳар лаҳзада ёнингизда бўлишини талаб этмасангиз, у гоҳ-гоҳ кўриниш бериб, охир-оқибат бутунлай келмай қўяркан. Илҳомни бўйсундириб, жиловлаб олиш керак экан. Уни ўзингизга қарам қилсангизгина, ёзув столига ўтирган онингиздаёқ ҳузурингизга ошиқаверади.

Колумбиялик бир ёзувчи бисотидаги энг кўзга кўринган буюми — эски автомашинасини сотади-да, пулини аёлига тутқазади: “Буни тежаб ишлатасан. Энди камида бир-икки йил бизга бошқа пул тушмайди. Рўзғор юмушларини тўлиқ ўз зиммангга ол”, дейди ва деворида кичкинагина туйнуги бор хонага кириб кетади. Бу туйнукдан фақат белгиланган вақтларда таом узатилар, ташқи олам билан ҳар қандай алоқа буткул узилган эди. Шу тариқа Габриэль Гарсиа Маркес бир ярим йил давомида тўрт девор ичидан чиқмай, машҳур “Ёлғизликнинг юз йили” романини ёзиб тугатди ва кейинчалик Нобель мукофотига сазовор бўлди. Ўйлайсизми, у хонада ёлғиз ўтирганмиди? Йўқ, албатта. Унинг қошида қалбига олов солиб, тафаккурига нур сочиб турган илҳом париси бор эди. Шубҳасиз, ўша ҳужрада бир ярим йил мобайнида оғир, машаққатли меҳнат қилинди. Ёзувчига бу оғир синов устидан ғалаба қозонишда буюк адиб бўлишга бўлган сўнмас иштиёқи куч-қувват бағишлади. Агар одамни бир ярим йил хонага қамаб қўйиш билан шундай роман яралиб қолганида эди, маҳбусларнинг барчаси аллақачон романнависга айланиб кетган бўларди.

Менимча, катта адабиётни кўзлаган ҳар бир ижодкор ана шундай машаққатли меҳнатга руҳан тайёр бўлиши шарт. “Шуҳратнинг ўзи эшик қоқиб келади, бунчалик заҳмат чекиш шарт эмас, катта иқтидор ҳам талаб қилинмайди”, деб ўйлаганлар қаттиқ янглишади. Чунки меҳнат илҳомни чорлайди, қобилиятни чархлайди. Меҳнат қанчалик залворли бўлса, истеъдод ҳам шунчалик ёрқин жилоланади.

“Шеърият орқали нафақат бахт, балки дард ҳам топдим. Ўттиз йилдирки, кечалари мижжа қоқмайман”, — деган эди Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева.

— Ҳаётда бекорчилик билан умргузаронлик қилмаслик керак. Ишлаш керак, тер тўкиш, тинмай ижод қилиш керак, ана ундан кейин дунёни тарк этса арзийди. Маишатбозлик, шуҳратга бурканиб кайфу сафо суриш шоирларнинг иши эмас, — деган эди Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф. Ва у сўзининг устидан чиқди.

Алишер Навоий темурийлар замонида, амир хонадонида таваллуд топди. Тўрт ёшида Мирхонд, олти ёшида Шарафиддин Али Яздий билан учрашиб, уларнинг дуосини олди. Тўққиз ёшида Мавлоно Лутфий таҳсинига сазовор бўлди, ўн саккиз ёшида эса Абдураҳмон Жомийдек буюк мутафаккир билан умрбод дўст тутинди. Ўттиз бир ёшида Хуросон ўлкасининг вазири, кейинчалик эса бош вазир этиб тайинланди.

Ҳисоб-китоб қилган тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, унинг бойлик ва даромади бугунги дунёнинг энг йирик миллиардерлари сармоясидан асло кам бўлмаган. Бироқ шундай чексиз имкониятларга эга бўлган бу буюк зот бир лаҳза бўлсин меҳнатдан тўхтамаган. Бошқа ижодкорлар ўнлаб йиллар давомида битган “Хамса”ни бор-йўғи икки йилда тугатган. Ҳаётининг сўнгги уч йили ичида ўн етти жилдлик бебаҳо асарлар меросини ёзиб қолдирган. Бундай улкан самара чексиз даҳо ва фидокорона меҳнатнинг маҳсули эди!

Ҳаётда мислсиз ютуқларга эришган, буюк салтанатнинг энг ёрқин сиймоси бўлган улуғ шоирнинг қуйидаги мисраларини ўқиганда, киши қалбида меҳнатга нисбатан чексиз муҳаббат ва эҳтиром уйғонади. Одамзодни ҳаёт азобларидан қутқарувчи ягона малҳам меҳнат эканига иқрор бўлади:

Ким кўрди экан жаҳонда аё хушлуқ,

То бир киши айлагай таманно хушлуқ.

Юз йилда агар бир ўлса пайдо хушлуқ,

Омодадурур ёнида юз нохушлуқ.

Бу байтда Навоий ҳаётдан нолиётгани ёки шодмон дамларнинг янада кўпроқ бўлишини орзу қилаётгани йўқ. Агар ҳаёт фақат роҳат-фароғатдан иборат бўлиши керак, деб қарасак, кундалик меҳнатимиз оғир юкка айланади. Меҳнат қилмасак, қобилият куртаклари очилмай сўнади. Агар биз турмушни Навоийдек теран англасак, шодлик онлари камёб эканини тўғри қабул қилсак, яшаш осонлашади. Машаққатли меҳнатимиз ўз ҳосилини бериб, ёнимизда ана шундай “хуш дамлар” намоён бўлганида, бундан ҳосил бўлган қувонч ҳақиқий саодат лаҳзалари эканини дилдан ҳис этамиз.

Таажжуб

Кунлардан бир кун атоқли ёзувчи Тоҳир Маликнинг тоби қочиб, шифохонага борган экан. Шифокор уни каравотга ётқизиб, бошидан бошлаб бирма-бир текшира кетибди. Бошининг ўзидан беш-олтита хасталикни аниқлабди. Кўкрак соҳасидан ҳам шунча хасталик топиб, ўта жиддий ва ташвишли қиёфада қорин қисмини кўришга ўтибди. Ўзида шунча дард борлигини эшитиб таажжубланган Тоҳир аканинг тоқати тоқ бўлиб, ваҳимачи дўхтирга:

— Дўхтир, шунча хасталикни санаб ташладингиз, ахир бунча дард ўликда ҳам бўлмайди-ку! — дебди.

Ўз қадрингни ўзинг бил

Яқинда бир ҳамюртимиз Англияда докторлик диссертациясини ёқлаб келди. Беш йилдан бери оиласи билан ўша ерда истиқомат қилар, Кембриж университетида маъруза ўқир экан.

— Бундан йигирма йил олдин биров келиб: “Шундай бўлади”, деса, “Чўпчагингни йиғиштир”, дея уни нари итарган бўлардик. Замон ақл бовар қилмас даражада тез ўзгариб кетди-я! — дедим.

— Мен Англияда туриб Ўзбекистонни қайтадан кашф этдим, — деди у. — Қарасам, фарзандларим уйда ҳам инглиз тилида гаплаша бошлашди. Шундан сўнг уларга ўзбек тилидаги сара китобларни олиб бориб бердим. Шу баҳонада ўзим ҳам кўп нарсани қайта мутолаа қилдим. Болаларимга, қолаверса, талабаларимга бой адабиётимиз ва юртимиз тарихи ҳақида тўлқинланиб сўзлайдиган бўлдим.

Ўзбек халқи дунёнинг энг буюк ва қадимий миллатларидан бири эканига заррача шубҳам йўқ. У инглиздан ҳам, француздан ҳам, япондан ҳам асло кам эмас. Бугун Англияда ҳам Ўзбекистонни ўз кўзи билан кўришни орзу қилаётганлар минглаб топилади.

Шунингдек, ўзбек адабиёти дунёдаги энг бебаҳо, сержило адабиётлардан биридир. Минг афсуски, биз уни етарлича билмаймиз, қадрига етмаймиз, кам ўқиймиз… Биз ўзимиз ардоқламаган бойликни ўзгалар қаердан ҳам қадрласин?

“Адабиёт яшаса, миллат яшайди”, деган ҳикматли ақида бор. Адабиёт яшаса, тил яшайди, тил яшаса, халқ яшайди, халқ яшаса, ор-номус ва ғурур яшайди, ғурур бўлган юртда эса тараққиёт бўлади. Тараққий топган эркин эл эса бошқаларга қарам бўлишдан ўзини асрайди, ўзгалар чалган ноғорага кўр-кўрона ўйнаб кетмайди.

Бундан чорак аср муқаддам Ёзувчилар уюшмасида адабий йиғилиш бўлса, даврада рус миллатига мансуб атиги биргина киши ўтирган тақдирда ҳам, анжуман тўлиқ рус тилида олиб бориларди. Баъзида бундай киши бўлмаса-да, мажлис русча давом этарди. Бу ҳол ўзбек тилининг намояндалари жам бўлган энг нуфузли даргоҳдаги манзара эди. Бошқа муассасаларда мажлисларни рус тилида ўтказиш кундалик одатий қоидага айланиб бўлганди.

Яхши эслайман, шундай йиғилишлардан бирида устоз Саид Аҳмад минбарга чиқиб, дадил равишда соф ўзбек тилида нутқ сўзлаб кетганида, бутун зал у кишининг жасоратига таҳсин айтиб, гулдурос қарсак чалган эди (ҳозир бу ҳақда бугунги ёшларга гапириб берсангиз, балки ишонмас ҳам). Сўнгра Саид Аҳмад ака ўзбек миллий адабиётининг фазилатлари, гўзал қирралари ва бу ўзига хослик, айниқса, ёш қаламкашлар ижодида ёрқин намоён бўлаётгани ҳақида тўлқинланиб сўзлади. Шунда ўша пайтларда ёш ёзувчи саналган О.О. ўрнидан шартта туриб:

Биласизми, сизнинг ва сиз кабиларнинг ижоди нега менга ёқмайди? Чунки сизлар жаҳон адабиётидан бехабарсиз. Масалан, Лотин Америкаси ёзувчиси Хулио Кортасарни ўқиганмисиз? Йўқ! Шундай экан, билмаган ҳолда адабиёт ҳақида ваъзхонлик қилиб нима қиласиз? Тан олинг ўқимаганингизни, асл савияни ҳамма кўрсин! — деб даъво қилди.

Залдагиларнинг нигоҳи Саид Аҳмад акага қадалди: “Хўш, Хулио Кортасарни ўқиганмикан ё йўқмикан?” деган савол ҳамманинг хаёлидан ўтди. Шунда Саид Аҳмад ака сира пинак бузмай, сокин ва ғурурга тўла оҳангда:

— Ўқимаганман, ўқимайман ҳам! Керак бўлса, у мени ўқисин! — деди дадил. — У келиб ўзбек адабиётини ўргансин! Кимни ўқишни мен ўзим яхши биламан. Ўқисам, Навоийни ўқийман, Қодирийни ўқийман, Ойбекни ўқийман. Ўргансам, ўз ўзбек халқимни ўрганаман. Кортасарга эса бекорчи вақтим бўлганида кўз югуртиришим мумкин, ҳозир бунга ортиқча вақтим йўқ. Сенинг бу ерда менга бетгачопарлик қилишинг жаҳон адабиётига бўлган муҳаббатингдан эмас, шунчаки ўзингни кўрсатиб олиш истагингдан бошқа нарса эмас. Бир қишлоқда ҳар не қилиб бўлса-да шуҳрат қозонишни истаган бир кимса бўлган экан. У ёққа чопибди, бу ёққа чопибди — ҳеч ким эътибор қилмабди. Охири эл эътиборини тортиш учун бутун қишлоқ аҳли сув ичадиган муқаддас ҳовузга бориб тупурибди. Шу тариқа ёмон ном билан бўлса-да машҳур бўлган экан. Ука, бу ерда менинг ёқамдан олишинг ўша ҳовузга тупурган нодоннинг қилмишига ўхшайди. Зинҳор бундай эгри йўлдан юрма! Мен ўзим учун зарур китобни танлаб олишни биламан. Бошқалар ҳам шундай. Ҳар бир инсон, аввало, ўз миллий адабиётини, ана ундан кейин ўзга халқлар ижодини ўрганиши керак! — деди.

Очиғи, ўша кезларда О.О.нинг тарафини олганлар ҳам оз эмасди. Кўпчилик ўзбек адабиётининг ўзи бир бутун олам эканини теран англамас эди. Буни англашга тўсқинликлар кўп эди: Ватан ва миллат қадри топталган, миллий ўзлик сиқиб чиқарилган тузумда адабиётнинг асл моҳияти очиқ ўргатилармиди? Инсон ўзи билмаган, моҳиятини англамаган қадриятга қандай қилиб меҳр қўйсин, қандай қилиб уни жонидан ортиқ севсин?

Ҳатто забардаст шарқшунос олим Евгений Бертельс: “Дунёда бешта йирик романчилик мактаби бор эди: рус, инглиз, француз, немис ва Америка романчилик мактаблари. Эндиликда улар қаторига олтинчи — ўзбек романчилик мактаби қўшилди. Бу янги анъанага Абдулла Қодирий ўзининг “Ўткан кунлар” асари билан мустаҳкам пойдевор қўйди”, деганида ҳам кўпчилик бу эътирофга шубҳа ва истеҳзо билан қараган эди. Академик Бертельс дунё таниган улкан олим, бир қатор халқаро академияларнинг аъзоси, донишманд тадқиқотчи эди. У асл истеъдод қандай бўлишини яхши билар ва ўз баҳосини холис ва соф ният билан айтган эди. Мана, бугунги кунга келиб “Ўткан кунлар”га ҳавас ва эргашиш руҳида ўнлаб асарлар битилди. Орадан юз йил ўтган бўлса-да, бу шоҳ асар тобора юксалиб, ўз маҳобати ва буюклигини намойиш этиб келмоқда.

Албатта, бадиий ижод умуминсоний ғояларни тараннум этиши, ёзилган асарлардан жаҳон халқлари баҳраманд бўлиши табиий ҳол. Бироқ дунёда ягона адабиёт ёки яккаҳоким биргина тил бўлиши мумкин эмас. Агар шундай бўлиши ирода қилинганида, Аллоҳ таоло барча инсонларни бир хил тилда яратган бўларди, ҳаммага битта эътиқод, ягона Ватан берарди. Лекин Парвардигор Ер юзидаги инсонларни турли тил, ирқ ва элатларга бўлиб яратди ҳамда ҳар бир инсонга ўз Ватани, ўз она тили ва муқаддас қадриятларини эъзозлашни амр этди.

Ўз миллий ўзлигидан бегоналашиш ўз адабиётини менсимасликдан бошланади. 1936 йили Ёзувчилар қурултойида Акмал Икромов минбардан туриб: “Усмон Носир — бу бизнинг Пушкинимиз!” деганида, бу сўзни кимлардир олқишлаган, кимлардир эса хушламаган экан. Албатта, ҳар бир истеъдод соҳиби такрорланмас олам, бирортасини бошқаси билан айнан таққослаб бўлмайди. Бу шунчаки эзгу бир қиёс ва тилак эди. Бироқ шу ондаёқ Усмон Носир ижодига қарши тош отишлар авж олиб, шоирнинг шеърларидан қусур қидирувчилар кўпайиб кетади.

Вақтида “Литературная газета”да атоқли адиб Чингиз Айтматовнинг Одил Ёқубов ва унинг “Улуғбек хазинаси” романи ҳақида қалбни тўлқинлантирувчи мақоласи чоп этилган эди. Унда, жумладан, шундай эътироф бор эди: “Мен ушбу романни ниҳоятда катта завқ ва ҳайрат билан ўқиб чиқдим. Одил Ёқубовнинг бу ютуғига ҳавасим келди. Очиғи, мен бундай роман ёзишга ожизлик қиламан, қўлимдан келмайди. Борди-ю, шундай асар ярата олганимда эди, ўзимни дунёдаги энг бахтиёр инсон ҳис этардим”.

Тасаввур қилинг: жаҳон таниган, сўзини минг ўлчаб бир кесадиган буюк бир адиб бизнинг ёзувчимиз ижодига юксак баҳо бериб, самимий эҳтиром билдирмоқда. Аммо ачинарлиси шундаки, бу эътирофни четдагилар эмас, айнан ўзимизнинг адабий доиралар, баъзи қаламкашлар шубҳа остига олди: “Бу муболаға-ку, ортиқча ва ноўрин мақтов бўлибди!” дея бонг уришди.

Уларнинг ҳасад оловини ҳатто Чингиз Айтматовнинг: “Уйғониш даври маърифати Европа қитъасига қанчалик таъсир ўтказган бўлса, Ўзбекистон заминидан тарқалган илм-маърифат ҳам Марказий Осиё халқлари тарихига шу қадар кучли туртки берган, уларни цивилизация сари етаклаган”, деган сўзлари ҳам сўндира олмади. Аксинча, адибни яна муболағада айблаб, “бунинг ортида қандайдир манфаати бўлса керак”, деган шубҳага боришди.

* * *

Бойсун тумани Маданият саройида Шукур Холмирзаевнинг етмиш йиллик тўйи кенг нишонланган эди. Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов тадбирда сўзга чиқиб, Шукур ака ҳақида чуқур меҳр-муҳаббат билан гапирди. Сўзлаётганда кўзларида ёш йилтиради. Бир лаҳза жим бўлиб қолдилар: овозлари титрар, қалбидаги ички бир изтироб бутун борлиғини қамраб олган эди. Ниҳоят, у киши шундай дедилар:

— Шукур Холмирзаевнинг бадиий маҳорати шу қадар баланд эдики, Нобель мукофотига лойиқ кўрилаётган кўплаб жаҳон адибларининг ютуқларидан ошса ошадики, сира кам эмас. Биз бу ҳақиқатни теран англамоғимиз лозим. Бутун жаҳон адабиётида Шукур Холмирзаев каби ноёб истеъдодлар саноқлидир! Унингдек сўз санъаткорларининг мероси ҳар қандай миллат хазинасининг гултожи бўла олади. Мен Шукур Холмирзаев билан замондош бўлганимдан, унга дўсту ошно ва ҳаммаслак сафдош бўлганимдан чексиз фахрланаман ҳамда бу туйғуни юрагимда бир умр асраб қоламан. Шундай улуғ адибни камолга етказган Бойсун омон бўлсин, шундай забардаст ўғлони бор Ўзбекистон омон бўлсин!

Зал гулдурос қарсакларга бурканди.

Албатта, Абдулла ака бу сўзлари орқали Нобель қўмитасига эътироз билдираётгани ёки “Нега бу мукофотни бизга бермадинг?” дея даъво қилаётгани йўқ эди. У киши шунчаки Шукур Холмирзаев ижоди энг олий эътирофларга муносиб эканини таъкидладилар, холос. Зеро, кимнинг асл даражаси қандай эканини мукофотлар эмас, вақт, тарих ва холис китобхон ҳал қилади. Биз Шукур Холмирзаевни Нобель мукофотини олган-олмаганидан қатъи назар, ўз ардоқли адибимиз сифатида севаверамиз. Шу боис биз учун Усмон Носир — Пушкиндан, Саид Аҳмад эса Хулио Кортасардан кўра азизроқ, севимлироқ ва қадрлироқдир! Чунки улар ўз руҳиятимизга, миллий феъл-атворимизга, дунёқарашимиз ва жону жаҳонимизга бениҳоя яқиндир. Шунингдек, биз Чингиз Айтматовнинг “Улуғбек хазинаси”дек асар ёзишни чин дилдан орзу қилганига тўла ишонамиз. Чунки бу роман нафақат Айтматов, балки дунёнинг кўплаб ижодкорлари ҳавас қиладиган шоҳ асардир!

Боиси бу дурдоналар миллатимиз маънавиятининг узвий бир қисмидир. Ноннинг ушоғи ҳам нон саналиб ардоқланганидек, ҳар бир ватандошимиз миллат вужудининг бир заррасидир. Айниқса, халқ меҳрини қозонган, кўкларга кўтарилган бу забардаст ижодкорлар миллатимизнинг тимсолига айланган улуғ сиймолардир!

Муҳаммад Исмоил.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two + twelve =