Ўзбекистоним

Муаллиф ҳақида:

Шонеъмат Шомаҳмудов 1948 йили Тошкентда туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини 1972 йили тугатган.

Узоқ йиллар Ўзбекистон миллий телерадокомпанияси кинокўрсатувлар таҳририятида режиссёр ёрдамчиси ва бошқа вазифаларда фаолият юритган. Ўзбекистон радиосида турли масъул вазифаларда меҳнат қилган. Шеърлари радио, газета ва журналларда эълон қилинган, қўшиқ бўлган.

“Ҳажнома” деб номланган шеърий китоби чоп этилган.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

ЎЗБЕКИСТОНИМ

Зилол сувларингни тўйганман ичиб,

Бахмал қирларингни ётганман қучиб.

Улуғвор тоғларда кўнглимни очиб,

Тошлардан-тошларга юрганман учиб,

Жонажон диёрим – Ўзбекистоним!

 

Қуёш ҳам чиқади шошиб тоғлардан,

Бенасиб қолмай деб хушвақт чоғлардан.

Гул атри уфурар чаман боғлардан,

Заррин нур таралар ол ёноқлардан,

Жонажон диёрим – Ўзбекистоним!

 

Фарғона водийда – бободеҳқонлар,

Қарши воҳасида – Соҳибқиронлар.

Хоразм элида лазги – ларзонлар,

Гуллаган Сурхонда сахий боғбонлар,

Жонажон диёрим – Ўзбекистоним!

 

Самарқанд, Бухоро обидага кон,

Не-не алломага бўлгандир макон.

Минглаб меҳмонларни чорлар Регистон,

Сени кўрмаганлар кўнглида армон,

Жонажон диёрим – Ўзбекистоним!

 

КИТОБ

“Маърифат калити”дир оқилу доно китоб,

Одам дилин ёритар, ўқиса бўлиб офтоб.

Ҳар варағи “зар” эрур, насиҳатларга сероб,

Маъносин чақа билсанг, ўргатар сенга одоб.

 

Толиби илм бўлсанг, китоб – сенга бир денгиз,

Ғаввос бўлиб ундан сен жавоҳир ахтар ҳаргиз.

Китоб – катта бир уммон, тенги йўғ-у у чексиз,

Илм ўргансанг ундан, одам бўларсан кексиз!

 

Юртим тарихидан бир очса агар китоб сўз,

Искандар, Чингиз, Доро, арабларга тутар юз.

Халқим кўрган кунлардан юрак хуну ёшли кўз,

Машаққатли йилларда топган элим ризқу рўз.

 

Қанча мумтоз китоблар бўлар сенга ғазалхон,

Қалбларга нур бағишлаб, ўргатар сенга Қуръон.

Севги, меҳру вафодан юракка берар фармон,

Китобни кўп ўқисанг, тилинг бўлғуси бийрон.

 

Китобларда битилган ўтмишдан минг афсона,

Маърифатга ғарқ бўлган диллар бўлар кошона.

Китоблардан кўп билмас ҳар бир ота-ю она,

Пири комил, муаллим, устоз, битмас хазина!

Шонеъмат ШОМАҲМУДОВ

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 1 =