Шаффофлик сари дадил қадам

Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали “ISO 37001” халқаро сертификатига эга бўлди

Бугунги кунда Янги Ўзбекистонда барча соҳалар каби олий таълим тизимида ҳам кенг қамровли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, жамият ривожига тўсиқ бўлаётган ҳар қандай иллат, хусусан, коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борилмас экан, кўзланган юксак мақсадларга эришиб бўлмайди.

Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатига оид фармон ва қарорлари, шунингдек, олий таълим муассасаларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини татбиқ этиш бўйича белгилаб берилган устувор вазифалар ҳар бир таълим масканида очиқлик ва қонунийликни таъминлашда бош дастуриламал бўлмоқда.

Ушбу давлат сиёсатини ҳудудларда самарали амалга оширишда Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаши учун қулай инфратузилма яратиш, шунингдек, бошқарув тизимида адолат ва шаффофликни қарор топтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Вилоят раҳбариятининг олий таълим интеграциясини ривожлантириш ҳамда соғлом таълим муҳитини яратиш йўналишидаги тизимли қўллаб-қувватлови филиалимиз жамоасини янги ютуқларга илҳомлантирмоқда.

Ана шундай юксак эътибор ва амалий саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали коррупцияга қарши менежмент тизими талабларига тўлиқ жавоб бериши халқаро сертификатлаштириш соҳасида етакчи бўлган “QACS International” ташкилоти томонидан расман тасдиқланди ҳамда нуфузли “ISO 37001” (“Коррупцияга қарши бошқарув тизими”) халқаро мувофиқлик сертификати қўлга киритилди.

“ISO 37001” — халқаро миқёсда тан олинган коррупцияга қарши бошқарув стандарти бўлиб, ташкилотларда коррупция хавфларини олдиндан баҳолаш ва прогноз қилиш, хавф омилларини бартараф этиш, шунингдек, очиқ ҳисобдорлик ва холис назорат механизмларини жорий этишга хизмат қилади.

Мазкур стандартнинг жорий этилиши филиал фаолиятида қуйидаги муҳим йўналишларни қамраб олади:

Баҳолаш ва таълим жараёнининг холислиги: талабаларнинг билимини баҳолашда инсон омилини қисқартириш, “HEMIS” ахборот тизими имкониятларидан тўлиқ фойдаланган ҳолда адолат тамойилларини мустаҳкамлаш;

Молиявий жараёнлар шаффофлиги:   бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлардан фойдаланиш, давлат харидлари ҳамда моддий-техник таъминот масалаларида қонун ва жамоатчилик олдида тўлиқ очиқликни таъминлаш;

Меритократия ва кадрлар сиёсати:   профессор-ўқитувчилар ва ходимларни ишга қабул қилиш ҳамда уларни рағбатлантиришда танлов асосида холис билим, илмий салоҳият ва малакага таяниш.

Халқаро сертификатга эришиш осон кечгани йўқ. Филиалда ҳозирда 19 та бакалавриат таълим йўналиши ва 5 та магистратура мутахассислиги бўйича 3 200 нафардан ортиқ талабага 120 нафар маҳаллий ва 11 нафар хорижий профессор-ўқитувчи таълим-тарбия бериб келмоқда. Филиал жамоаси томонидан қатор ички меъёрий ҳужжатлар халқаро андозаларга мослаштирилди, коррупциявий хавфлар харитаси ишлаб чиқилиб, тизимли комплаенс-назорат механизмлари йўлга қўйилди. Халқаро аудиторлик ташкилотлари томонидан ўтказилган қатъий таҳлил ва аудит филиалнинг бошқарув тизими мустаҳкам ва ишончли эканини амалда исботлади.

Таълим даргоҳи ҳар бир ёшнинг маънавий камол топиш масканидир. Талаба-ёшлар фақат билим, ҳақиқат ва ҳалол меҳнат қадрланадиган муҳитда таҳсил олсагина, келажакда юртимиз ва саноатимиз тараққиётига беминнат ҳисса қўшадиган етук муҳандис, ватанпарвар мутахассис бўлиб етишади.

“ISO 37001” (“Коррупцияга қарши бошқарув тизими”) халқаро сертификатининг қўлга киритилиши ТКТИ Янгиер филиали учун якуний марра эмас, балки бошланган кенг кўламли ислоҳотларнинг янги, янада масъулиятли босқичидир. Жамоамиз давлатимиз раҳбари ва Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан билдирилган юксак ишончни оқлаб, ҳудудда сифатли ва ҳалол таълим муҳитини яратиш йўлида бор билим ва куч-ғайратини сафарбар этади.

Зафар ҲАКИМОВ,

Тошкент кимё-технология институти

Янгиер филиали директори,

техника фанлари доктори, профессор.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 + 20 =