Содиқнинг изтироблари

Содиқ Жалилов 2026 йил 16 апрель куни қадрдон корхонасига келганида уни ичкарига киритишмади:

— Сиз ишдан бўшатилгансиз. Мана буйруқ, танишиб имзо чекинг!

— Ие, бу қанақаси, нега ишдан бўшатиламан? — дея олди у.

Унинг кўз олди қоронғилашгандай бўлди. Эндигина рўзғорининг тирикчилигига жон кириб, кредит қарзлари ҳам аста-секин узилаётган эди.

Содиқ Жалилов 2026 йил 16 апрель куни “Оҳангаронцемент” МЧЖ томонидан чиқарилган 175-ШТ сонли буйруқни синчиклаб ўқиб чиқди. Унда Жалилов бир неча бор меҳнат мажбуриятларини бузгани сабабли унга интизомий жазо қўлланилгани ва айнан шу ҳолатлар у билан меҳнат шартномасини бекор қилишга асос бўлгани қайд этилганди.

Шу пайт Содиқ бундан бир йил муқаддам бир таниши айтган сўзларни эслади: “Ука, мана, ишга тикланибсан. Энди бошқа жойга ўтиб ишла, сени барибир яна бўшатишади”.

Тўғри, бошқа жойларда ҳам иш кўп. Содиқ эса азалдан оғир юк машиналарини бошқаришга ишқибоз эди. Қолаверса, “Оҳангаронцемент” МЧЖда иш ҳақи бошқа корхоналарга нисбатан анча юқорилиги сабабли бу ерда ишлашни хоҳловчилар кўпчиликни ташкил этарди.

Хуллас, 2026 йил 16 апрелдан сўнг Содиқ иш излаб бир-икки жойга борди. Тўғри, янги корхоналар ҳам йўқ эмас, бироқ ойлик маоши икки-уч миллион, нари борса тўрт миллион сўм атрофида; бунинг устига, ҳафтасига олти кун, кунига ўн икки соатдан ишлаш талаб этилади. Ҳар ҳолда “Оҳангаронцемент” МЧЖда касаба уюшмаси фаолият юритади, жамоа шартномаси ишлайди, ижтимоий кафолатлар бекаму кўст ва ойлик маошлар ҳам ўз вақтида берилади — бунга эса гап бўлиши мумкин эмас.

Муносиб иш қидириб чарчаган Содиқ ниҳоят, ишга тикланиш талаби билан фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро судига даъво аризаси киритди.

Бу Содиқнинг судга иккинчи бор даъво ариза билан чиқиши эди. Зеро, уни 2024 йил 15 ноябрда ҳам айнан шу иш берувчи — “Оҳангаронцемент” МЧЖ ишдан бўшатганди. Ўшанда у аввалига фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро судига мурожаат қилган, бироқ биринчи инстанция суди даъвосини рад этганди. Жалилов фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилояти судига апелляция шикояти киритгач, мазкур суд 2025 йил 21 апрелда “Оҳангаронцемент” МЧЖнинг 483-сонли буйруғини ғайриқонуний деб топиб, даъвогарни ишга тиклаган эди.

Қизиғи, ўша вазиятда “Оҳангаронцемент” МЧЖ Жалиловни Тошкент вилоятининг Ўртасарой ҳудудида компрессорни ишга тушириб, номаълум шахсларга цемент маҳсулотини тўкиб берганликда айблаган эди. Ҳартугул, цемент маҳсулотига буюртма берган харидор инсофли чиқиб қолди: у судда Жалилов цементни тўлиғича ўзларига тушириб берганини тасдиқлади. Хуллас, Жалилов дастлабки гал ишга шу йўсинда тикланганди.

Бироқ ишга қайтгач, у кўп ноҳақликларга чидашга мажбур бўлди: унга нисбатан доимий тазйиқлар кучайиб борди. Ҳатто иш берувчининг вакили кимларгадир “Қани, Жалиловнинг ортидан бир кузатиб юринглар-чи, бир айбини топсаларинг, ишдан дарҳол бўшатамиз”, дея тайинлагани ҳам қулоққа чалинди. Бу чоралар ҳам иш бермагач, иш берувчи вакили Жалиловни ёнига чақириб: “Мана сенга қирқ миллион сўм, пулни ол-да, ишдан бўшаш ҳақида аризангни ёзиб бер”, деб ҳам кўрди. Бироқ Содиқ бу таклифга кўнмади.

Бу гал эса иш берувчи Жалиловни “иш вақтида ухлаб қолган” деган даъво билан айблади. Бироқ фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро суди судьяси Аброржон Жаҳонов мазкур фуқаролик ишига бошқача ёндашди. Судья айрим ҳамкасблари каби “Жалиловнинг ўзи меҳнат интизомини бузар экан”, дея даъвони осонгина рад этиши ҳам мумкин эди. Аммо у ходимга интизомий жазо қўллаш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 303-моддаси талабларига кўра, ноқонуний хатти-ҳаракатни аниқлаш мақсадида хизмат текшируви тайинланмаганига эътибор қаратди ва ходимни ишга тиклаш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарди.

2026 йил 8 сентябрдаги фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро судининг ҳал қилув қарорига биноан, Содиқ Жалилов юк автомашинаси ҳайдовчиси лавозимига ишга тикланди. Унга мажбурий прогул даври учун 77 миллион сўм иш ҳақи ҳамда маънавий зарар учун 19 миллион сўм миқдорида компенсация тўлаб берилиши белгиланди.

Маълумки, Меҳнат кодексининг 174-моддасига асосан, ходим ишга тикланганда унга тўланадиган маънавий зарар миқдори ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаслиги лозим. Шунга кўра, Жалиловнинг корхонадаги ўртача ойлик иш ҳақи 19 миллион сўмни ташкил этарди.

Кези келганда шуни таъкидлаш жоизки, “Оҳангаронцемент” МЧЖнинг бир ибратли одати бор: агар суд ходимни ишга тиклаш тўғрисида қарор чиқарса, корхона қарор етиб келган куниёқ буни ижро этади ва суд томонидан белгиланган маблағни дарҳол тўлаб беради. Одатда, судлар ходимга етказилган маънавий зарарни ундириш бўйича ижро варақаларини ҳал қилув қарори бир ойлик муддат ўтиб қонуний кучга киргандан кейингина Мажбурий ижро бюроси бўлимларига юборади. Айрим иш берувчилардан фарқли равишда, “Оҳангаронцемент” МЧЖ эса бу таомилни кутиб ўтирмай, суднинг ҳал қилув қарори чиқиши билан Жалиловга барча тегишли тўловларни дарҳол амалга оширди: бу эса, албатта, таҳсинга сазовор.

Жалиловнинг ўзи ҳам иш берувчига нисбатан ҳеч қандай адовати йўқлигини, бироқ айрим “ҳамкасблари” раҳбариятга ёлғон маълумот етказиб туриши ҳамда ичиқора кимсаларнинг қилмишлари туфайли шундай кўнгилсизликлар юз бераётганини афсус билан тилга олди.

Нима бўлганда ҳам, Содиқ Жалилов бу сафар ҳам ўзи севган ишига қайтди. Биз унга келгуси фаолиятида омад тилаймиз. Ўз навбатида, Содиқ ички меҳнат тартиб-қоидаларига қатъий риоя этиб ишлашини, иш берувчи эса ходимнинг қонуний ҳуқуқларини ҳурмат қилган ҳолда ўзаро ҳамжиҳатликда фаолият юритишини истардик.

Бунга эса астойдил ишонгимиз келади.

Озод ХУШНАЗАРЗОДА.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six + eleven =