“Рақамли” дунёда раҳнамо – илм

Термиз давлат университети ректори, профессор Абдуқодир ТОШҚУЛОВ билан суҳбат

— Университетларни мамлакат юрагига менгзаш мумкин. Юрак уришига қараб давлатга ташхис қўйса бўлади. “Рақамли” дунёда раҳнамо – илм. Ҳақиқатга элтгувчи ягона восита ҳам шудир. Бу йўлда собитқадам бўлмас эканмиз, доғда қолишимиз аниқ. Абдуқодир Ҳамидович, ўзингизга яхши маълум, Ўзбекистон олий таълим тизимини ривожлантириш, ислоҳ қилиш – кенг қамровли, мураккаб масала. Ғарбда университет ўқитувчиларига ортиқча бюрократик вазифалар юкланмайди. Назаримда, мамлакатимиз олий таълим тизимида ҳам профессор-ўқитувчилар малакасини талабалар томонидан баҳолаш тизимини йўлга қўйиш, ҳар семестр якунида ўқитувчининг дарс бериш маҳорати, салоҳиятини сарҳисоб этиш даркор. Мустақил экани, таълим сиёсатини ўзи белгилагани боис Европанинг аксар университетлари эркин фикрловчи инсонларни шакллантирадиган муассаса, давлат сиёсати ва жамият аҳволини баҳолайдиган муҳим тизимга айланган. “Кўҳна қитъа”да асосий эътибор академик ҳалоллик ва академик эркинликка қаратилишини ҳам қайд этмоқ жоиз. Академик эркинлик мамлакат ўқув даргоҳларининг давлат сиёсатидан мустақиллиги, олий таълим ва соҳанинг цензурадан холи эканини англатади. Суҳбатимизни Ўзбекистон олий таълим тизимида академик ҳалоллик ва академик эркинлик ҳолатини баҳолашдан бошласак.

— Аксар фикрларингизга қўшиламан. Ҳақиқатан ҳам, ХХI асрда давлатлар тараққиёти табиий бойлик ёки географик имкониятлардан кўра кўпроқ илм-фан ва инсон капиталига боғлиқ бўлиб бормоқда. Олий таълим эса мамлакатнинг интеллектуал салоҳиятини кўрсатувчи стратегик тизимга айланаётир.

Ғарб олий таълимидаги сиз тилга олган академик эркинлик, профессор меҳнатини ортиқча бюрократик юкламалардан халос қилиш, талабанинг ўқитувчи фаолиятини баҳолаши каби механизмлар замонавий университет бошқарувининг муҳим таркибий қисмларидир. Биз уларни шунчаки кўчирмай, миллий таълим тизимимиз хусусиятлари ва тараққиёт эҳтиёжларига мослаштирган ҳолда татбиқ этишимиз муҳим деб ҳисоблайман.

Академик эркинлик ва академик ҳалоллик бир-бирини тўлдирувчи қадриятлардир. Академик эркинлик ҳақиқатни излаш ҳуқуқини берса, академик ҳалоллик уни излаш маданиятини вужудга келтиради. Бири бўлмаса, иккинчиси ҳам мазмунини йўқотади.

Университетнинг асосий вазифаси фақат диплом бериш ёки мутахассис тайёрлаш эмас, балки ҳақиқатни излаш, мустақил фикрлаш ва интеллектуал масъулият маданиятини шакллантириш ҳамдир. Эркин фикр бўлмаган жойда янги билим туғилмайди. Эркин фикр эса масъулият ва ҳалоллик билан уйғунлашгандагина илмга дўнади.

Шу маънода, академик эркинликни фақат ҳуқуқий меъёр ёки бошқарув мустақиллиги сифатида тушунмаслик керак. У, энг аввало, университетнинг ички интеллектуал муҳити, профессорнинг мустақил фикр билдириш имконияти, талабанинг савол бериш журъати ва илмий баҳс маданиятида зуҳур этади. Киройи дорилфунунда талаба тайёр жавобларни ёдлашни эмас, савол қўйишни, таҳлил этишни ва ўз нуқтаи назарини далиллар билан ҳимоя қилишни ўрганади. Зеро, ҳар доим тараққиётга янги жавоблар эмас, янги саволлар доялик қилган.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда олий таълим тизимини модернизация қилиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Университетларга академик ва молиявий мустақиллик бериш, таълим дастурларини эркин шакллантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш каби қадамлар академик эркинлик учун ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлади. Бу ўзгаришлар университетларга катта имкониятлар тақдим этиш баробарида уларга янада залварли масъулият юклаётир.

Академик ҳалоллик масаласида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Плагиатга қарши электрон тизимларнинг жорий этилиши, диссертация ва илмий мақолаларга қўйиладиган талабларнинг кучайиши, халқаро илмий нашрларда мақола эълон қилиш маданиятининг шаклланаётгани эътиборга молик. Бироқ академик ҳалолликни фақат техник назорат воситалари билан устувор этиб бўлмайди. Плагиат дастури матнни текшириши мумкин, аммо виждонни тафтиш этолмайди-да. Бинобарин, академик ҳалоллик муайян ўқув даргоҳидаги маданият ва шахсий эътиқод масаласидир.

Бугун жаҳон университетлари ўртасида инфратузилма, рейтинг ёки диплом бобида эмас, балки ишонч борасида рақобат кечмоқда. Қайси университетда эркин фикрлаш, мустақил тадқиқот, академик ҳалоллик ва илмий масъулият кучли бўлса, ўша университет дунёда муносиб ўрин эгаллайди.

Менимча, эндиликда бизнинг асосий вазифамиз ислоҳотлар мазмунини чуқурлаштириш бўлиши керак. Академик эркинлик наинки ҳуқуқий ҳужжатларда, университетнинг кундалик ҳаётида ҳам намоён бўлмоғи даркор. Профессор ўз фикрини эркин айта оладиган, талаба баҳсга киришишдан қўрқмайдиган, илмий ҳақиқат ҳар қандай манфаатдан устун турадиган муҳит шакллангандагина университет чинакам вазифасини бажаради.

— Ривожланган давлатлар бугун бир ўқ билан икки қуённи уряпти: ҳам таълимдан мўмай даромад оляпти, ҳам миллий менталитет ва тарихини ёйиш орқали тараққиёт йўлига кирган давлатларни ўз йўриғига соляпти. Масалан, 2023 йилда Германиянинг 423 та олий таълим муассасасида таҳсил олган 2,92 миллион талабанинг қарийб 460 минг нафарини хорижликлар ташкил этган. Гёте ватанидаги кўплаб университетлар дунёнинг энг илғор илм даргоҳлари рўйхатига киради. Темир тартиб-интизом билан ном қозонган ушбу мамлакат университетлари тадқиқотлар учун маблағни аямайди ва халқаро илмий ҳамкорликда ҳам пешқадамдир. Фик­рим баҳсли туюлиши мумкин, аммо мен Ўзбекистонга сайёҳликдан кўра таълим кўпроқ фойда келтиради деб ўйлайман. Сайёҳ чақириш учун сарфланаётган куч ва маблағни таълимга йўналтирганимизда янада салмоқли натижаларга эришган бўлармидик денг…

— Бу масалада менинг фикрим бошқачароқ. Сайёҳлик ва таълимни рақобатчи соҳалар сифатида эмас, мамлакатнинг икки стратегик капитали сифатида баҳолаш тўғри бўлур эди. Сайёҳлик қисқа фурсатда иқтисодий самара келтирса, таълим узоқ муддатли тараққиётга хизмат қилади. Биринчиси даромад келтиради, иккинчиси билим, технология ва инсон капиталини яратади. Жаҳонда “таълим экспорти” алоҳида иқтисодий тармоққа айланган. АҚШ, Буюк Британия, Германия, Австралия, Канада, Хитой каби давлатлар чет эл талабаларини жалб қилиш орқали миллиардлаб доллар даромад топмоқда. Энг муҳими, бу давлатлар дунёга ўз илмий мактаби, маданияти, тили ва қадриятларини ҳам ёймоқда. Бу эса “юмшоқ куч”нинг (soft power) энг таъсирчан шаклларидан биридир. Ўзбекистон ҳам “таълим экспорти”дан самарали фойдаланиши мумкин. Бунинг учун университетларимизнинг халқаро миқёсда рақобатга шайлигини ошириш, таълим дастурларини глобал меҳнат бозори талабига мослаштириш, илмий тадқиқотни кучайтириш, хорижий профессор ва талабалар учун жозибадор академик муҳит яратиш зарур.

Таълим ва туризм бир-бирини тўлдирувчи соҳалар эканини унутмайлик. Хорижлик талаба мамлакатга бир неча кунга келиб-кетадиган ­сайёҳ эмас, балки тўрт-беш йил муқим яшайдиган, иқтисодиётга ҳисса қўшадиган, маҳаллий хизматлардан фойдаланадиган, яқинларини ҳам мамлакатга жалб қиладиган инсон ҳисобланади. У наинки университетнинг мижози, мамлакатнинг келажакдаги интеллектуал элчиси ҳамдир.

Халқаро амалиётда “академик туризм” ёки “таълим туризми” деган тушунча шаклланганини биламиз. Шу боис мен масалани “сайёҳлик ёки таълимга эътибор” тартибида эмас, “таълим орқали интеллектуал иқтисодиётни шакллантириш” тарзида қўйиш тарафдориман. Табиий ресурслар бир кун бориб тугайди, аммо билимга асосланган иқтисодиёт доимий ўсиш манбаи бўлиб қолаверади. Агар инсон капиталига сармояни оширишни устувор вазифага айлантира олсак, бу нафақат таълим тизими, балки саноат, инновация, технология ва туризмни ҳам янги босқичга олиб чиқади.

— Англияда магистратура босқичида таҳсил олган талабамиз Сассекс университетидаги илк суҳбатни бундай хотирлаган эди: “Агар сиз профессорнинг гапларини шунчаки маъқуллаб, имтиҳонда қайта айтиб берсангиз, паст баҳо оласиз. Биз шахсий фикрингиз, профессор назариясига танқидий ёндашувингизни қадрлаймиз”.

Дарҳақиқат, дунё университетларида талаба реал бозорга тайёрлаб борилади. Тизим талабани мунтазам изланишга мажбур қилади. Талаба эснаб ўтирадиган тингловчи эмас, балки ижодий фикрлайдиган, баҳсда ўз нуқтаи назарини асослаб берадиган мутахассис ўлароқ намоён бўлади. 

Афсуски, бизда университетлар ва иш берувчилар ўртасида манфаатли мулоқот шаклланганича йўқ. Аксар иш берувчилар “маҳсулот” яроқсизлигидан ёзғиради. Айрим таълим муассасаларида инвестиция ниқоби остида сохта тижорат шакллангани, қалбаки шартномалар тузилаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Хориждан профессор-ўқитувчи жалб этиш ҳам баъзан хўжакўрсинга қилинаётгандек. Дуал таълим – назария ва амалиёт уйғунлиги ҳақида кўп ва хўб гапирдик, аммо олий таълим меҳнат бозорининг тилини ҳалигача тўлиқ тополмади. Ўзбек насиядан кўра нақдини хуш кўрадиган халқ. Гапнинг индаллосини айтсак, назария ва амалиётнинг эт билан тирноқ бўлиб кетишига нима монелик қиляпти?

— Бу ерда асосий муаммо назария билан амалиётнинг қарама-қаршилигида эмас, балки ўзаро боғланиш механизми тўлиқ шаклланмаганида.

Замонавий университет меҳнат бозорига тез мослаша оладиган, мустақил фикрлайдиган ва янги шароитда ўзини ўстира биладиган мутахассис тайёрлаши лозим. Бу борада эса давлат, иш берувчи ва олий таълим муассасаси бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилмоғи даркор. Университет билан иш берувчи ўртасидаги ҳамкорликни бир марталик учрашув эмас, балки доимий институционал муносабатга айлантириш муҳимдир. Дуал таълимнинг моҳияти ҳам айнан шунда. Иш берувчи таълим дастурларини такомиллаштириш, талабанинг салоҳияту лаёқатини баҳолашда қатнашиши, профессор-ўқитувчилар эса ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари билан мунтазам алоқада бўлиши керак. Ана шунда назария ҳаётдан узилмайди, амалиёт илмий асосга эга бўлади.

Хорижий профессорларни таклиф қилишда ҳам натижага қараб баҳо берган маъқул. Чет эллик олимнинг университетда маъруза ўқиб кетиши билан мурод ҳосил бўлмайди. Агар у маҳаллий мутахассислар билан қўшма тадқиқот олиб борса, лаборатория ёки илмий мактаб шакллантирса, таълим дастурини янгилаш, талабаларнинг илмий салоҳиятини оширишга ҳисса қўшса – ана шу чинакам халқаро ҳамкорликдир.

Меҳнат бозори муттасил ўзгаришда. Дипломнинг ўзи кифоя эмаслиги кундек равшан. Иш берувчи муаммони ҳал эта оладиган, жамоа билан елкама-елка ишлайдиган, рақамли технологиялар, чет тилини пухта биладиган ва энг асосийси, мустақил қарор қабул қилишга қодир мутахассисга талабгор. Демак, университет билим беришдан ташқари лаёқат, салоҳиятни шакллантиришга устувор аҳамият қаратиши зарур. Олий таълим муассасалари ҳадеб меҳнат бозори ортидан қувиши ҳам дуруст эмас. Чунки дорилфунун фақат бугунги меҳнат бозори учун эмас, эртанги иқтисодиёт учун ҳам кадр тарбиялайди. Бу фундаментал билим, амалий кўникма ва инновацион тафаккур уйғунлигини талаб қилади.

— Абдуқодир Ҳамидович, Сизнинг ижтимоий тармоқлардаги илм-маърифат, ахлоққа даъват этувчи чиқишларингизни кўпчилик қизиқиш билан кузатмоқда. “Илм шаҳрининг дарвозаси” дея улуғланган Ҳазрат Алининг “Илмли шоҳга завол йўқдир” деган ҳикмати бор. Хулафои рошидиннинг сўнггиси бўлган фақиҳ, муҳаддис зот яна “Кўп тоатдан оз маърифат яхши” дея уқтирган. Бозор муносабатлари муҳитида тўлов-контракт тушунчаси ёшларимизнинг қон-қонига сингиб кетди. Айтинг-чи, ватандошларимиз қачон мутараққий жамият аъзоларидек бепул таълим олади?

— Маърифий чиқишларимни тилга олдингиз, раҳмат. Бу асли ҳаётнинг ўзи туғдирган эҳтиёж. Илм-фан ва технологиялар жадал ривожланаётган, сунъий интеллект инсон фаолиятининг барча соҳаларига кириб бораётган даврда яшаяпмиз. Бироқ ёшлар орасида маънавий иммунитетнинг заифлашуви, енгил муваффақиятга интилиш, ҳасад, лоқайдлик, масъулиятсизлик каби қусурлар ҳам кузатилмоқда. Маърифий чиқишларимиз ана шу сингари иллатларга қарши кураш йўлида камтарона уринишдир.

Ҳазрат Алининг (розияллоҳу анҳу) ҳикмати чиндан-да теран маънога эга. У зот илмни давлат ва жамият тараққиётининг энг мустаҳкам пойдевори сифатида баҳолаган. Шу нуқтаи назардан қараганда, таълимга сарфланаётган маблағни оддий харажат сифатида баҳолаш тўғри эмас. Бу – мамлакатнинг келажагига киритилаётган муҳим сармоядир. Бироқ ҳар қандай сармоя каби унинг ҳам иқтисодий асослари ва молиявий механизмлари бўлади.

Дунёда мутлақо бепул олий таълим тизими мавжуд эмас. Бу учун давлат, жамият, хусусий сектор ёки таълим олувчи ҳақ тўлайди. Масала моҳияти тўловда эмас, балки ҳар бир қобилиятли ёш учун сифатли таълим имконини яратишдадир.

Биз шартнома пули миқдорини муҳокама қилишга одатланганмиз. Назаримда, “Сифатсиз таълим мамлакатга қанчага тушади?” деган савол теграсида кўпроқ мулоҳаза юритишимиз лозим. Яхши таълимга сарфланган маблағни хомчўт қилиш мумкиндир, аммо нобоп таълим келтирган зиён-зарарни ҳисоблаб бўлмайди.

Контрактнинг ҳақиқий баҳоси у тарбиялаган мутахассисда инъикос этади. Агар университет билимли, ҳалол, масъулиятли, ватанпарвар кадрни етиштира олса, демак,  нафақат оила, балки бутун жамият сармояни тўғри сарфлабди.

Демак, “Таълим қачон бепул бўлади?” эмас, балки “Қачон ҳар бир иқтидорли ёш, ижтимоий аҳволидан қатъи назар, сифатли таълим олиш имкониятига эга бўлади?” деган масала диққатимиз марказида бўлмоғи лозим.

Мамлакатимизда айни шу мақсад йўлида муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлат грантлари кўламини кенгайтириш, имтиёзли таълим кредитлари, эҳтиёжманд оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар ва иқтидорли ёшлар учун яратилган имкониятлар шулар жумласидан. Бунинг барчаси қобилиятли ёшлар молиявий танглик боис таълимдан бебаҳра қолмаслигига қаратилган.

Илмга сарфланган маблағни харажат деб билган жамият тезкор натижа кутади. Илмни сармоя деб билган жамият эса унинг маҳсулини авлодлар тақдири, мамлакат тараққиёти ва миллатнинг интеллектуал қудратида кўради.

— Илм-фанда юзакилик, кўчирмакашлик кўпайгани, номуносиб кишиларнинг илмий даража олишга интилаётгани дилни хира қилади. Яқинда Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Шавкат Аюпов билан қилинган суҳбат ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозара қўзғади. “Олий ўқув юртлари рейтинг ортидан қувиб, “PhD”бозлик касалига дучор бўлди, илмий даража олиш кампанияси қачон тугайди?!” деб ёзғираётган юртдошларимиз кўпчиликни ташкил этади. “Раҳбарларнинг PhD ёки DSc бўлмоққа интилишини қоралаш нотўғри. Раҳбар ҳам илмий даражага эга бўлишга ҳақли”, деган нуқтаи назар ҳам йўқ эмас. Ижтимоий фанлардаги юзакиликдан гап очилса, баъзи ҳамкасбларимиз “Миқдор ўзгариши пировардида сифат ўзгаришига олиб келади”, дейди. Бу қарашнинг зидди – ҳозирдан сифатга эътибор қаратишни талаб этувчилар ҳам талайгина. Шундай даврда чин ва сохта олимни ажратувчи маҳак тоши бормикан?

— Бу масалага ҳиссиёт билан эмас, балки аниқ ва холис мезонлар асосида ёндашиш керак. Ҳозир нафақат бизда, дунёнинг кўплаб мамлакатларида илмий даражанинг қадрсизланиши ҳақидаги хавотир ортиб боряпти. Илм-фан миқдор эмас, ишонч билан яшайди. Ишонч сусайган жойда диплом ҳам, унвон ҳам ўз қийматини йўқотади. Аввало, илмий даража қуруқ мақсад эмас, илмий фаолиятнинг табиий натижаси бўлиши керак. Афсуски, баъзида бу икки тушунчанинг ўрни алмашиб қолади. Илмий изланиш ҳақиқатни англаш эҳтиёжидан эмас, лавозим ёки расмий талаб учун қилинса, сиз санаган эътирозлар туғилиши табиий.

Раҳбарларнинг илмий даража олишига келсак, мен буни буткул инкор этмайман. Агар раҳбар ҳақиқатан ҳам мустақил тадқиқот олиб борса, янги илмий ғоя таклиф қилса, соҳа тараққиётига ҳисса қўшса, нега энди у илмий даражага эга бўлмаслиги керак? Муаммо раҳбарнинг фан доктори бўлишида эмас, балки илмий даражанинг расмий мақом ёки обрў-эътибор воситасига айланиб қолишида. Диссертация – ҳали илм йўлининг боши. Агар илмий даража соҳиби ҳимоядан кейин ҳам мунтазам изланса, янги ғоялар яратса, шогирдлар тайёрласа, мактаб шакллантирса, ҳақиқий олим эканини исботлаган бўлади.

Дунёда олимларнинг даражаси унвони билан эмас, илмий таъсири билан ўлчанади. Мақола, рисолаларига нечта олим мурожаат этди? Ғоялари амалиётга қандай таъсир берди? Қай бир муаммони ечишга ҳисса қўшди? Илмий мактаб ярата олдими? Шу сингари мезонлар олимнинг ҳақиқий ўрнини кўрсатади.

Ижтимоий фанларда ҳам асосий эътиборни фикрнинг янгилиги, илмий далилнинг ишончлилигига қаратишимиз зарур. Илмий ишнинг қиймати саҳифалар ҳажми ёки чоп этилган мақолалар сони билан эмас, диссертант қўйган савол ва берган жавобининг илмий салмоғи билан белгиланади. Зотан, тарихда ҳеч бир олимни дипломи машҳур қилмаган.

Ҳалоллик, интеллектуал мустақиллик ва амалий аҳамиятга эга илмий натижа – булар камина учун чин олимни ажратувчи маҳак тошидир. Агар шу уч мезон мавжуд бўлса, унвон ўз-ўзидан қадр топади. Уларсиз энг юксак илмий даража ҳам наф бермайди. Ниҳоят, илмнинг энг олий мезони – вақт. Беаёв фурсат сохта шуҳратга ҳам, сунъий рейтингларга ҳам, тасодифий муваффақиятларга ҳам чек қўяди.

— Ўтган йил эълон қилинган халқаро тадқиқотда Ўзбекистон сохта илмий журналларда мақола чиқариш ва кўчирмакашлик бўйича дунёда “етакчи”лардан бири деб топилгани жуда уятли иш бўлди-да. Илмда сон кетидан қувиш, рейтингга “бошқоронғилик” қачон барҳам топар экан?

— Бу ҳол, шубҳасиз, ҳар бир олимни ўйлантириши керак. Илмий муҳитда сохтакорлик, кўчирмакашлик ва расмиятчиликнинг кучайиши бутун мамлакат нуфузига соя солади. Бироқ масалани бирёқлама баҳолаш ҳам тўғри эмас. Кейинги йилларда юртимизда илмий фаоллик кескин ортди. Илмий даража олаётган тадқиқотчилар, халқаро журналларда чоп этилаётган мақолалар сони кўпайгани қувонарли, албатта. Лекин жадал миқдор ўсиши даврида сифат масаласи ҳам кун тартибига чиқади.

Фикримча, муаммонинг асл сабаби олимларнинг кўплиги эмас, нотўғри мезонлардир. Агар фаолиятнинг асосий кўрсаткичи чоп этилган мақола, ҳимоя қилинган диссертациялар сони ёки рейтинглар бўлса, табиий равишда сон ортидан қувиш кайфияти пайдо бўлади. Қандай кўрсаткични рағбатлантирсак, тизим ҳам ўшанга мослашади. Агар сон рағбатлантирилса – сон кўпаяди, сифат рағбатлантирилса – сифат ўсади. Илмий сиёсатнинг асосий вазифаси танловни тўғри белгилашдан  иборат. Мутараққий дунё ҳам аста-секин библиомет­рик кўрсаткичлардан илмий таъсирни баҳолашга ўтмоқда.

Илмий ҳалоллик муаммоси фақат плагиат дастурлари воситасида ҳал этилмайди. Университет ва тадқиқот марказларида шундай муҳит шаклланиши керакки, олим қўрққанидан эмас, виждон талаби боис кўчирмакашликка қўл урмасин. Сон ва рейтинг ортидан қувишга барҳам беришнинг энг самарали йўли – рағбат тизимини ўзгартириш. Агар олимнинг обрўси ғояларининг қиймати, жамиятга келтирган нафи, тайёрлаган шогирдлари ва шакллантирган илмий мактабига қараб баҳоланса, мазмун-моҳият учун рақобат бошланади.

Яна бир ҳақиқатни унутмаслигимиз лозим – илмда ошиғич муваффақият қозониб бўлмайди. Чин илмий натижа йиллар давомида бўй кўрсатади. Шу боис илмий сиёсатнинг бош мақсади қисқа муддатли статистик кўрсаткичлар эмас, узоқ йиллар давомида мамлакат интеллектуал салоҳиятини оширадиган мустаҳкам илмий мактаблар яратиш бўлиши керак. Ана шу қадриятлар илм-фан тараққиётининг бош мезонига айланган кундан эътиборан, сон кетидан қувиш, сохта нуфуз учун пойга тўхтайди.

— Мамлакатимизда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилган (2020). “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун (2024) ҳам жамиятда ушбу иллат пайини кесишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Лекин ОАВ ва ижтимоий тармоқларда пора билан ушланаётган раҳбарлар ҳақидаги хабарлар кўп учрайди. Солиқ юкининг оғирлиги, давлатнинг иқтисодиётга ҳаддан зиёд аралашуви каби омиллар хуфиёна иқтисодиётни вужудга келтиради, дейди мутахассислар. Яширин иқтисодиёт гуллаб-яшнаган давлатлар эса офшор ҳудудларнинг мижозига айланиши маълум. Даромадларни декларациялаш тартибига қачондир ўтилар, аммо ҳозирча сарватини “узумни еб, боғини суриштирмайдиган” ажнабий давлатларда ғамлаётган юртдошларимиз учун мамлакатимизда офшор ҳудуд ташкил қилсак бўлмайдими? Иқтисодчи олим сифатида шунга нима дейсиз – давлат бундан ютмайдими?

— Дарҳақиқат, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашнинг институционал, ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш борасида жиддий қадамлар қўйилди. Бироқ қонун ва институтларнинг мавжудлиги муаммонинг барҳам топишини англатмайди. Коррупцияга қарши кураш самараси, аввало, иқтисодий муносабатларнинг очиқлиги, давлат хизматларида инсон омилининг камайтирилиши, назорат ва жавобгарлик механизмларининг бенуқсон ишлаши билан белгиланади.

Тўғри қайд этдингиз, хуфиёна иқтисодиёт фақат солиқдан қочиш истагининг маҳсули эмас. Солиқ ва маъмурий юкнинг оғирлиги, ортиқча тартиб-қоидалар, рухсат бериш жараёнининг мураккаблиги, нақд пул айланмаси ва бошқа омиллар ҳам бизнесни норасмий майдонга етаклаши мумкин. Хуфиёна иқтисодиёт кенгайган сари капитални яшириш, уни мамлакатдан ташқарига олиб чиқиш ва турли хорижий юрисдикцияларда сақлаш эҳтиёжи ҳам ортади.

Шу маънода, “Нега ўзимизда офшор ҳудуд ташкил этмаймиз?” деган савол иқтисодий мантиқдан холи эмас. Назарий жиҳатдан баҳоласак, давлат бундан ютиши ҳам мумкин. Капитал мамлакатда қолади, молиявий хизматлар бозори ривожланади, янги компаниялар, иш ўринлари пайдо бўлади, инвестиция ресурслари кўпаяди. Аммо масаланинг нозик томони бор. Капитални жалб қилиш бошқа, унинг манбасини суриштирмаслик бошқа. Анъанавий офшор моделларининг жозибаси енгил солиқ юки билангина эмас, балки молиявий махфийлик, компаниянинг ҳақиқий бенефициарлари ҳақидаги ахборотнинг сир тутилиши билан ҳам боғлиқ эди. ХХI аср молиявий тизими эса тобора бошқа йўналиш – бенефициар мулкдорларни аниқлаш, шубҳали операцияларни назорат қилиш, жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш ва солиқ ахбороти алмашинувини кучайтириш томон бормоқда.

Эҳтимол, офшор ҳудуд қисқа муддатда капитални жалб қилар, аммо узоқ муддатда давлатга қимматга тушиши мумкин. Молиявий алдовларга қарши талабларнинг бўшаштирилиши мамлакат молиявий нуфузи, банкларнинг халқаро муносабатлари ва инвестиция муҳитига салбий таъсир кўрсатади.

Ўзбекистон бу масалада замонавий йўлни танламоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев куни кеча “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги конституциявий қонунни имзолади. Аслида бу қарийб ўн йилдан буён амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи ҳисобланади. Марказ Англия ҳуқуқи асосида, алоҳида мақомга эга ҳудуд сифатида фаолият юритади. Шунингдек, у мустақил тижорат суди ва илғор халқаро стандартларга асосланган тартибга солиш тизимига эга бўлади. Муҳими, имтиёзлар молиявий назоратдан воз кечишни англатмайди. Жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши талабларга риоя этилади. Тошкент халқаро молия марказини классик маънодаги офшордан кўра Дубай ёки Остона халқаро молия марказлари сингари махсус молиявий юрисдикцияга яқин модель сифатида баҳолаш тўғрироқ. Бу ягона лойиҳа эмас, балки мамлакатнинг халқаро молиявий стандартлар томон изчил интеграциялашув сиёсатининг бир бўғинидир.

Демак, биз олдимизга “Капитал мамлакатдан чиқиб кетишига эҳтиёж қолмаслиги учун қандай иқтисодий, ҳуқуқий муҳит яратишимиз керак?” деган саволни қўйишимиз лозим. Капитал сувга ўхшайди – қаерда тўсиқ бўлмаса, ўша томонга оқади. Сармоя, маблағни маъмурий йўл билан сақлаб туриш амримаҳол. Аммо адолатли солиқ тизими, кафолатланган мулк ҳуқуқи, мустақил суд, бюрократияни жиловлаш ва ишончли молиявий институтлар орқали уни мамлакатнинг ўзида қолдириш мумкин.

Давлат учун энг мақбул йўл – “Имтиёз бор, лекин махфийлик йўқ; капитал эркин, лекин назоратсиз эмас” деган тамойилга асосланган молиявий муҳитни шакллантиришдир. Тошкент халқаро молия маркази ана шу мувозанатни таъминлай олса, хорижда сақланаётган миллий капитални қонуний равишда мамлакатга қайтаришга ҳам хизмат қилади.

— Сир эмас, бугун криптовалюта, биткоин савдосидан даромад топаётган ёшлар кўпайиб бормоқда. Хакатон, хакер, промпт, нейротармоқ каби атамалар кундалик ҳаётимизга жадал кириб келмоқда. Сунъий идрокни (СИ) дастёр этмоқнинг самарали йўлларини излаш – замонга қараб оёқ олиш дегани. Унинг инсоният ҳаётига таъсири ҳақида турлича фикрлар бор. Рақамли пул, СИни фақат таҳдид сифатида кўраётганларга муносабатингизни ҳам билсак.

— Ҳар бир технологик инқилоб қўрқув билан қарши олингани маълум. Матбаа ихтиро қилинганда муҳофазакор қатлам энди китоб қадрсизланади, дея ташвиш билдирган. Компьютер оммалашгач, одамлар ишсиз қолади, деган хавотирлар янгради. Интернет пайдо бўлганида эса унинг фойдасидан кўра хавфи кўпроқ муҳокама қилинди. Аммо вақт шуни кўрсатдики, гап технологияда эмас, балки уни қандай қўллашда экан.

Сунъий идрокка рақиб эмас, ақлли ёрдамчи деб қараган маъқул. СИ маълумотни тезкор равишда қайта ишлайди, таҳлил этади, матн ёзади, таржима қилади, тасвир яратади. Аммо у инсонга хос виждон, ахлоқий масъулият, савқи табиий, ижодий кашфиёт ва маънавий танловни тўлиқ ўзлаштира олмайди. Шу боис келажакда инсон билан СИ ўртасида эмас, балки СИдан самарали фойдалана оладиган инсон билан ундан фойдалана олмайдиган одам ўртасида рақобат кучаяди.

Тарихга назар ташласак, ҳар бир технология инсоннинг жисмоний меҳнатини енгиллаштирган. СИ эса одамзодга ақлий меҳнат бобида шериклик даъво этмоқда. Бинобарин, унинг таъсири аввалги технологик инқилоблардан чуқурроқ бўлиши табиий. Буюк мутафаккир Алишер Навоий “Кишига неча келса мушкул ҳол, Ҳикмату ақл анга эрур ҳаллол” дея ақлу идрокни инсоннинг энг буюк бойлиги ўлароқ таърифлаган эди. СИ – инсон заковати маҳсули. Демак, у инсоннинг имкониятларини кенгайтириши лозим.

СИ равнақи олий таълим олдига ҳам муҳим вазифалар қўймоқда. Энди талабага маълумот ёдлатишнинг ўзи етарли эмас. Чунки ҳар қандай маълумотни бир неча сонияда СИ воситасида топиш мумкин. Университет талабага танқидий фикрлаш, маълумотларни таҳлил қилиш, ҳақиқат билан ёлғонни ажратиш, муаммони мустақил ҳал этиш малакасини ўргатиши лозим. Бугунги “рақамли” дунёда инсоннинг муносиб ҳаёт кечирмоғи ана шу билим, кўникма ва фазилатларга боғлиқ. Албатта, илм-фан соҳасида янги хатарлар ҳам пайдо бўлаётир. Масалан, СИ ёзиб берган мақола ёки диссертацияни шахсий меҳнат маҳсули сифатида тақдим этиш қонунга ҳам, ахлоққа ҳам зид. Бу борада университетлар СИдан тўғри фойдаланиш маданиятини шакллантириши керак.

Мен ёшларга ҳамиша бир фикрни айтаман: сунъий идрок сиздан ақллироқ бўлиши мумкин, аммо у сиз каби масъул-жавобгар эмас. Сўнгги қарорни барибир инсон қабул қилади. Илмга садоқат, ахлоқий мезонларга ҳурмат, Ватан олдидаги масъулият ва ижодий тафаккурни бирор-бир алгоритм ярата олмайди.

Камина СИ ва рақамли молия тизимини янги тамаддун босқичи деб биламан. Кимки технология имкониятларидан оқилона фойдаланмаса – ютқазади. Технология куч-қудратини инсон манфаати, илм-фан тараққиёти ва жамият фаровонлигига сафарбар эта олганлар эса ҳар жабҳада ғолибдир.

Олим ТОШБОЕВ суҳбатлашди.

“Tafakkur” журналининг 2026 йил 3-сонидан олинди.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − ten =