Устоз журналист номи эъзозланди

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қашқадарё вилояти бўлими ташаббуси билан Қарши шаҳридаги “Оқ руҳ” шахмат клубида таниқли журналист, устоз ижодкор Самад Саломов хотирасига бағишлаб журналистлар ўртасида шахмат-шашка турнири ўтказилди.

Тадбир аввалида устоз журналистнинг фарзанди Зайниддин Саломов сўзга чиқиб, отасининг журналистик фаолияти, газетачилик соҳасидаги машаққатли ва шарафли меҳнат йўли ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашди. У Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Акбаржон Раҳмоновга устозлар хотирасини эъзозлашга қаратилган бундай тадбирни ташкил этгани учун миннатдорлик билдирди.

Мусобақада нафақадаги тажрибали фахрий журналистлар ҳамда ёш ижодкорлар шахмат ва шашка бўйича ўзаро беллашдилар. Қизғин ва дўстона руҳда кечган баҳсларда иштирокчилар муносиб натижаларни қўлга киритдилар.

Самад Саломов “Қашқадарё ҳақиқати” ва бошқа газеталарда самарали фаолият юритган. Кейинчалик Қарши чўлини ўзлаштириш ва обод этиш жараёнида “Қаршиқурилиш” бирлашмаси тасарруфида ташкил этилган “Чўл ўлкаси” газетасида махсус мухбир сифатида ишлаб, бунёдкорлик майдонларида меҳнат қилаётган қурувчи ва ишчилар ҳаётини мунтазам ёритиб борган.

— 1971 йилда “Қашқадарё ҳақиқати” газетасига ишга келганимда, Самад ака масъул котиб ўринбосари лавозимида фаолият юритар эдилар. У киши ўта камтарин, ўз меҳнати ва ижодий изланишлари билан жамоа ва эл-юрт ҳурматини қозонган ҳақиқий журналист эди. Кейинчалик “Қаршиқурилиш” бирлашмаси тасарруфида Исом Жалилов муҳаррирлигида “Чўл ўлкаси” газетаси ташкил этилди. Самад ака ушбу нашрда масъул лавозимларда ишлаб, кўплаб қурувчи, бульдозерчи ва бошқа меҳнаткашларнинг ҳаёти ҳақида таъсирчан очерклар ёзардилар. Умуман, Самад ака кучли публицист, қалами ўткир журналист эди. Шогирдларига эса меҳрибон ва ширинсўз устоз сифатида танилган эдилар, — дейди фахрий журналист Бўривой Норқобилов.

Дарҳақиқат, Самад Саломовнинг журналистикадаги кўп йиллик фаолияти, инсон тақдири ва меҳнатини қаламга олишдаги маҳорати, ёш ижодкорларга кўрсатган меҳри бугун ҳам ҳамкасблари хотирасида сақланиб қолган.

Тадбир якунида журналистлар бир пиёла чой атрофида жам бўлиб, газетачилик соҳасидаги ўтган воқеалар, устозлар билан боғлиқ хотираларни ёдга олдилар. Ўтганларнинг пок руҳига дуолар қилинди.

Шундан сўнг шахмат-шашка турнири ғолиб ва совриндорларига диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Устозларни хотирлаш — улар қолдирган ижодий меросни асраш, касб анъаналарини давом эттириш ва янги авлод журналистларига ибрат бўлишнинг энг гўзал намунасидир.

Шавкат КАРОМОВ.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan