Юртимизда етти иқлим тадбиркорлари ўз бизнесини йўлга қўйишмоқда

Германиялик Зингфред Шнайдер узоқ йиллардан буён оиласи билан Нурота туманининг Сентоб қишлоғига келиб дам олади. Бу йил юртимизга ташриф буюрган сайёҳ вилоят марказидаги меҳмонхонада эмас, тоғ этагидаги қулай, шинам меҳмон уйига жойлашганидан мамнун бўлди.

Навоий шаҳрида замонавий тиббиёт клиникасини қуриб, маҳаллий аҳолига хизмат кўрсатишни мақсад қилган америкалик Марк Энтони Уинтерс тадбиркорлигини расмийлаштириш учун яқинда Навоий шаҳар Давлат хизматлари марказига ташриф буюрди. Хорижлик ҳамкорга яшил йўлак тамойили асосида хизмат кўрсатилди. Инвесторлар учун ажратилган алоҳида хонада ҳужжатлар қабул қилиниб, банк тўловлари ва барча хизматлар шу ернинг ўзида амалга оширилди. Бизнесмен юртимизга 42 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритди.

— Аҳолига 24 соат тиббий хизмат кўрсатадиган тез тиббий ёрдам клиникасини яқин муддатларда қуриб фойдаланишга топширмоқчимиз, — дейди тадбиркор ўз режалари ҳақида гапирар экан. — Бизнесни Навоийда бошлашдан мақсад, юк ташишга қулай бўлган эркин иқтисодий зонанинг шу ҳудудда жойлашганидир. Ке­йинчалик тиббиёт соҳасидаги фаолиятни республика бўйлаб кенгайтирмоқчимиз. Менга маъқул бўлгани, бизнес лойиҳани бошлаш учун расмий ҳужжатлар ҳеч бир оворагарчиликсиз 15 дақиқа ичида расмийлаштирилди. Америкада ҳам аҳолига давлат хизмати кўрсатадиган марказлар мавжуд. Кўриниши, жиҳозланиши, замонавийлиги, хизмат маданиятида бизникидан деярли фарқ сезилмади.

Вилоятнинг асосий етакчи кучи бўлган қишлоқ хўжалиги соҳасига ҳам хорижликлар даромад манбаи сифатида катта қизиқиш билдирмоқда. Эронлик Али Шомурод Хатирчи туманидан 1000 гектар ерга полиз экинлари экиш, боғ барпо этиш ниятида 6 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритиб, ўз фаолиятини Хатирчи туман давлат хизматлари маркази орқали расмийлаштирди.

— Тўрт кундан буён вилоятнинг унумдор ерларини кўздан кечириш мақсадида Конимех, Нур­ота ва Хатирчи туманларида бўлдик, — дейди у. — Сармоядор шерикларимиз билан маслаҳатлашиб, Хатирчи ерларини маъқул топдик. Бу ҳудуднинг ери унумдор, тупроғи деҳқончиликка қулай, суви ширинлиги билан эътиборимизни тортди. Томчилаб суғориладиган боғлар, узумзор-токзорлар барпо этмоқчимиз, сабзавот экинлари етиштирмоқчимиз. Маҳаллий деҳқонлар тажрибасидан фойдаланиб, ҳамкорликда фаолият юритишни кўзлаб турибмиз.

Ана шундай хайрли ишга бел боғлаган яна бир корхона — Хитойнинг «XINGYAO» масъулияти чекланган жамияти Нурота тоғларидан мармар тошларини қазиб олиш, майдалаш, пардозлаш ишлари билан шуғулланиш ниятида ўз технологияларини юртимизга киритмоқда. Мазкур хорижий корхона ишга тушиши билан 15 нафар маҳаллий аҳоли иш ўрнига эга бўлади. «XINGYAO» МЧЖ Нурота тумани давлат хизматлари марказидан рўйхатдан ўтказилди. Бунинг учун овора бўлиб вилоят марказига келишга ҳожат қолмади, боиси, туманда янгидан қуриб битказилган барча қулайликларга эга замонавий бино шаҳарникидан асло қолишмайди. Шу ўринда айтиб ўтиш жоиз, марказнинг ана шундай янги бинолари Навоий шаҳри ва Конимех, Учқудуқ, Нав­баҳор туманларида ҳам фойдаланишга топширилди. Замонавий ресепшн, электрон навбат, маълумот олиш учун монитор, онлайн хизмат олиш учун инфокиоск, мобиль телефонларнинг қувват олиш қурилмаси, болалар майдончаси, кутиш зали, банк кассаси, нақд пул ечиш учун банкомат, бир вақтнинг ўзида 15 та қабул ойнаси фуқароларга хизмат кўрсатмоқда. Туман марказларида иш бошлаган ушбу муҳташам бинолар минглаб аҳолининг оғирини енгил, узоғини яқин қилиш, қулай ва сифатли хизмат кўрсатиш билан бир қаторда, хорижий ва маҳаллий тадбиркорларнинг бизнес лойиҳаларининг амалга ошишига замин яратиб, улкан имкониятлар эшигини очаётир.

— Вилоятимизда давлат хизматлари марказлари орқали жорий йилнинг ўзидаёқ 321 та хорижлик инвестор тадбиркорлик ишини давлат рўйхатидан ўтказди, — дейди Давлат хизматлари Агентлигининг Навоий вилоят бош­қармаси бошлиғи Баҳодир Тошев. — Марказларда инвесторлар учун яшил йўлак тамойили асосида сифатли хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган. 30 дақиқа ичида чет эллик сармоя­дор Ўзбекистонда бизнес бошлаши учун рухсатномага эга бўлмоқда. Бундан таш­қари, жорий йилда давлат хизматлари марказидан рўйхатдан ўтган 9660 нафар маҳаллий тадбиркоримиз бунёдкорлик, саноат, ишлаб чиқариш, кичик бизнес ва туризм­ни ривожлантиришда ўз ҳиссасини қўшиб, янги марраларни забт этаётир. Уларнинг 4319 нафари якка тартибда фаолият юритаётган тадбиркорлардир.

Навбаҳор туман давлат хизматлари марказида меҳмон уйлари қуриш учун ҳужжатларини йил бошида расмийлаштирган “Муҳаббат боғи” оилавий корхонаси қисқа фурсатда тоғ ён бағирларида замонавий, бежирим кўринишдаги 27 та меҳмон уйини қуриб фойдаланишга топширди. Шу­нинг­дек, ушбу тумандан Нодир Қодиров ҳам «Учтут жавоҳирлари» оилавий корхонасини очиб, тадбиркорлик ишини туризм ва меҳмонхона бизнесини ривожлантиришдан бошлади. Оилавий корхона томонидан Навбаҳорнинг Нур­ота замини билан боғлаб турадиган магистраль йўл ёқасидаги чашма суви оқиб турган тоғли масканда тўртта меҳмонхона биноси тикланиб, сайёҳларга хизмат кўрсата бошлади.

Германиялик Зингфред Шнайдер узоқ йиллардан буён оиласи билан Нурота туманининг Сентоб қишлоғига келиб дам олади. Бу йил юртимизга ташриф буюрган сайёҳ вилоят марказидаги меҳмонхонада эмас, тоғ этагидаги қулай, шинам меҳмон уйига жойлашганидан мамнун бўлди.

— Турмуш ўртоғим билан Сентоб тоғларини томоша қилишни хуш кўрамиз, — дейди меҳмон таассуротларини ўртоқлашиб. — Бизни осмонўпар баланд чўққилар, ундаги шаршара, булоқлар, хилма-хил ўсимликлар дунёси ўзига ром этган. Бу ерда ёввойи табиатни учратиш мумкин. Баъзида тоғ чўққиларида кунлаб қолиб кетамиз. Қолаверса, Сентоб одамларининг маданияти, қадрияти, миллий удумлари ва ошхонаси бизга жуда маъқул. Айниқса, 2136 метр баландликдаги Фодилвон тоғ чўққисига чиқишнинг завқи ўзгача!.. У ердан қишлоқ кафтдек кўринади. Ана шундай бетакрор табиати билан юртингиз жуда нодир бойликларга эга. Эндиликда экотуризмнинг ривожланаётгани, сайёҳлар учун яратилган имкониятлар бизни янада мамнун этди.

Олис қишлоқларимизда ҳамкорлик фаолиятини олиб бораётган, инвестиция киритган ва киритаётган ёки маҳаллий аҳоли билан бирга меҳнат қилаётган ёхуд сайёҳ сифатида ташриф буюрган минглаб хорижликларни жамоат жойларида учратишимиз кунлик ҳодисага айланди. Муҳими, ҳар бир қўйилган қадамнинг хайрли экани, юрт равнақи йўлида хизмат қилишидир.

Ҳилола Исматова

Навоий вилояти.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × four =