“Аркадагнинг бахтли замони”

Тошкентда Туркманистон Республикаси Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов китоблари тақдимоти бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг олиб бораётган оқилона сиёсати натижасида ўзбек ва қардош туркман халқлари ўртасидаги ҳамкорлик ришталари ривожланиб бормоқда.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Туркманис­тон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов асарларида маданият ва санъатнинг халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик алоқаларини мустаҳкамлашдаги аҳамиятининг ёритилишига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ана шундай саъй-ҳаракатларнинг амалдаги ифодаси бўлди.

Анжуманда Туркманистон Президенти қаламига мансуб “Маданият — халқнинг бебаҳо жавоҳири”, “Туркман маданияти”, “Тинчлик мусиқаси, дўстлик ва биродарлик мусиқаси”, “Бахши — халқ бахтининг даракчиси” номли китоблари хусусида сўз борди.

Шунингдек, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов асарларида мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш ва халқ фаровонлигини янада ошириш масалалари” мавзуида илмий-назарий конференция ҳам бўлиб ўтди.

Илмий анжуманда Туркманистон Президентининг туркман, инглиз ва рус тилларида нашр қилинган “Аркадагнинг бахт­ли замони”, “Туркманистоннинг улкан зафарлар ва саодатли йиллари”, “Туркманистон барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида” ва “Туркманистон — фаровонлик ва тараққиёт мамлакати” сингари китобларининг тақдимоти ўтказилди.

“Аркадагнинг бахтли замони” (аркадог — орқа тоғ маъносини беради) асари орқангда тоғдек собит суянчинг борлиги нақадар улкан бахт эканлиги тарихий-илмий асосларда баён этилган. Маърифатга эш халқ йўлбошчиси, юрт барқарорлигини ўйлаб сиёсат юритаётган раҳнамоси борлиги атрофлича баён этилган.

Туркманистон Президенти асарларида мамлакат турмушининг маданий ўсиши, элнинг эртаси обод бўлишида баркамол авлодни вояга етказиш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланган. Жисмонан соғлом, руҳан тетик ўсмир-ёшлар эртанинг яратувчиси эканлиги содда-самимий ифодаларда баён этилган.

Сир эмас, туркман ва ўзбек халқ­ларининг маданияти ва санъати асрлар давомида уйғун ривожланиб, бир-бирини тўлдириб келди. “Гўрўғли”, “Авазхон”, “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам”, “Хондалли” каби дос­тонлар ҳар бир ўзбек ва туркман учун бирдек қадрлидир.

Маълумки, бугунги кунда Туркманис­тон замонавий тараққиёт йўлидан дадил одимламоқда. Турк­ман қардошларимизнинг мамлакат иқтисодиётини юксалтириш ва халқнинг фаровон ҳаётини таъминлаш борасида эришаётган ютуқлари халқаро доирада ҳам эътироф этилаяпти. Мазкур асарларда туркман миллий маданияти энг қадимги давр тараққиётининг юзага келишидан бошлаб, то бугунги кунгача ривожланишда давом этиб келаётганига алоҳида урғу берилган.

Шунингдек, қўшни мамлакатлар билан ўзаро манфаатли иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, транспорт коммуникация тизимини ривожлантиришга устувор аҳамият қаратиш лозимлиги асарлар баёнида айтиб ўтилган. Туркманистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг мазмун-моҳия­ти ва аҳамияти атрофлича таҳлил қилинган.

Тадбирларда Ўзбекистон Фанлар академияси аъзолари, иқтисодчи олимлар ҳамда таниқли маданият ва санъат намояндалари, ёзувчи-шоирлар, профессор-ўқитувчилар, Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари ҳамда ОАВлари вакиллари иштирок этди.

Унда сўзга чиққанлар Турк­манистон Президентининг китоб­лари юксак бадиий ва илмий-омма­боп қимматга эга эканини алоҳида таъкидладилар. Сўнгги пайт­ларда Ўзбекистон ва Туркманистон мамлакатлари ўзаро ҳамкорликни янада юксалтиришга жуда катта эътибор бераётганини мамнуният билан қайд этишди.

Ўз мухбиримиз.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 + eleven =