Мардлик ва шижоат кўрсатишди
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида ҳам ўқув жараёнини такомиллаштиришга, назария билан амалиёт уйғунлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Академия курсантлари ўқув ёнғин-қутқарув, фавқулодда вазиятлар ва оқибатда юзага келаётган ҳар қандай кескин ҳолатларда тўғри ҳаракат ва қатъий қарор қабул қилиш, касбий маҳорат ҳамда амалий кўникмаларини шакллантиришда олаётган назарий билимларини амалиётда самарали қўллаб келишмоқда.
Академиянинг 5-босқич курсанти Бобур Аббосов “Бўлинмаларда хизмат ва жанговар тайёргарликни ташкиллаштириш бўлими катта офицери” амалиётини Наманган вилоятида ўтади. У Уйчи туман Фавқулодда вазиятлар бўлими инспектори, катта сержант Паҳлавон Давлатов билан биргаликда Беруний номли МФЙ ҳудудида тарғибот ишларини олиб бораётган эди. Ана шу пайтда шу ҳудуддан оқиб ўтувчи каналга ўзини ташлаган одам ҳақида, шошилинч хабардан воқиф бўлишади.
Улар катта канал ўзанида сувда кўриниб-кўринмай оқиб кетаётган, руҳий хасталиги бўлган фуқарони қутқариб, унинг яқинларига топширишади.
Таъкидлаш жоизки, албатта, юксак жисмоний тайёргарликка ҳамда ҳарбий-қутқарув амалиётига эга бўлган ҳар бир курсант қутқарувчидек шарафли касбини сидқидилдан бажаради. Академияда таҳсил олаётган бўлажак қутқарувчилар юқоридагидек, қатъиятли ва жасур, ҳар қандай ҳолатда одамларга ёрдами тегадиган мард инсонлар эканлигини амалда исботлашмоқда. Ҳа, шундай. Ўз касбига садоқатли, мард ва фидойи шахслар ибратли фаолиятлари ила эл-юрт фахрига айланишади.
Фарҳод Хожаев,
ФВВ Академияси ўқитувчиси, капитан.