Учинчи уйғониш эпкинлари
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев яқинда Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида буюк юнон олими Аристотелнинг “Ватан тақдирини ёшлар тарбияси ҳал қилади” деган сўзларига алоҳида урғу берди. “Қаранг, бу фикрлар милоддан аввал айтилган. Лекин, инсоният онгли ҳаёт кечира бошлаган даврдан буён таълим ва тарбия масаласи доимо долзарб аҳамият касб этиб келмоқда” дея ҳикматли сўзларни изоҳлади давлатимиз раҳбари. Шу аснода биз Учинчи Уйғониш (Ренессанс) режалаштирилаётганидан воқиф бўлдикки, бу гаплар мамлакатимиз раҳбарининг қарийб тўрт йиллик президентлик фаолияти хулосаси сифатида янгради. Айни муаллимлар байрами арафасида…
Асли “Муаллим” арабча сўз бўлиб, унинг таркибида “илм” яширинган. Алалхусус, жаҳон цивилизациясини Аристотелга ўхшаган муаллимлар воқеликка кўчирганлар. Зотан, илм иштирок этмайдиган цивилизация бўлиши мумкин эмас. Юксак даражадаги тараққиёт илдизлари илм булоқларидан озиқланиши тарихда кўп бора ўз исботини топганини биламиз.
Юртбошимизнинг нутқида таъкидланганидек, Марказий Осиё ҳудудидаги Биринчи Уйғониш даври IX-XII асрларда воқеликка кўчган. Иккинчи Уйғониш даври эса Амир Темур ғайрат-шижоати боис шаклланган. Орадан анча йиллар ўтганидан сўнг — XIX асрда ҳудудимизда ички низолар ўзининг қоп-қора куртакларини ёза бошлади. Оқибатда жоҳиллик илмнинг йўлини тўсиб қўйди. Йигирманчи асрнинг 10-йилларида янги усул — жадидчилик тарафдорлари миллат тараққиёти йўлида майдонга отилиб чиқдилар. Уларнинг йўлбошчиси Беҳбудий ҳазратлари эди. Аммо, улар февралда оппоқ бўлиб гуллаган ўрикларга ўхшаб қолдилар. Давр изғиринлари гулларни қор алпозида кўриб, узоқ-узоқларга учириб кетди. Давлатимиз раҳбари шу ҳодисаларни шарҳлар экан, жадидларнинг оламшумул орзуларига алоҳида тўхталди: “Минг афсуски, жадид боболаримиз ўз олдига қўйган эзгу мақсадларни амалга оширишга мавжуд вазият, ижтимоий тузум йўл бермади. Маърифат фидойилари ўша давр жоҳил кимсаларининг туҳмат-маломатларига дучор бўлдилар. Аввал чор ҳукумати, кейинчалик совет ҳукумати уларни аёвсиз қувғин ва қатағон қилди. Шу тариқа миллий уйғониш ва тараққиёт ҳаракати эл-юртимиз учун армон бўлиб қолди.
Ватанимиз озодлиги ва халқимиз бахт-саодати йўлида жонини фидо қилган жадидларнинг илмий-маърифий, адабий-бадиий мероси биз учун бугун ҳам беқиёс аҳамиятга эга”.
Шу вақтга қадар мамлакатимизнинг бирор раҳбари жадидчилик ҳаракатига узил-кесил сиёсий баҳо бермаган эди. Гарчи Истиқлол арафасида уларнинг асарлари ёруғлик юзини кўра бошлаган бўлса-да, барибир, шахсиятларини гумон шарпалари ўраб тургани билиниб қолар эди. “Миллатпарвар” сўзининг зўрма-зўраки зайлда “миллатчи”га айлантирилганига ҳеч бир сиёсатчи эътибор қаратмаган эди.
Яқин тарихимиз манзараларидан маълумки, Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон асарлари тарафга отилган маломат тошлари бир жойга йиғилса, каттакон тоғ ҳосил бўлади. Хусусан, “Қизил Ўзбекистон” газетаси 1937 йилларда ўша қон аралашган тошларни ирғитишда байроқдорлик вазифасини уддалаган эди.
Мазкур нашрнинг 1937 йил 6 август сонида босилган “Кеча ва кундуз” ҳақида” сарлавҳали мақола қуйидаги дашномлар билан бошланган: “Чўлпон — Октябрдан илгари буржуа-жадид ёзувчи сифатида майдонга чиққан киши. Октябрдан кейин очиқдан-очиқ большевикларга ва совет ҳокимиятига қарши актив курашиб, ўз ижодида аксилинқилобий миллатчилар ғоясини ўтказиб келди. Чўлпон ўзбек миллатчиларининг балоғатга етган, мақталган санъаткори бўлиб, миллатчилар у билан фахрланарди. Чўлпон кўп йилларгача ва ҳозир ҳам шу ифлос ботқоқлик ичида қолди. “Созим”, “Жўр” (босилмаган) деган шеърий тўпламлари билан “Кеча ва кундуз” романи бунга мисол бўла олади” (“Чўлпон ва танқид”. Матнларни нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи: филология фанлари доктори Баҳодир Каримов. Тошкент, 2004 йил. 67-бет).
Эътибор қилинг: ўша тажовузкор мақоланинг эълон қилинганига саксон уч йилдан ошибди. Мақоланинг уч нафар муаллифи орадан анча йиллар ўтганидан сўнг жамият ҳаёти тамомила ўзгариб кетишини, оқни қора деганликлари фош бўлишини ўйлаб кўрганмикан? Шаффоф булоқларни “ифлос ботқоқлик” дея тескари талқин қилганликларини хаёл бурчакларига келтирганмиканлар? Табиийки, улар жамиятнинг тош қотишига астойдил ишонишган ва шу баробарида тескари талқинни киприк қоқмасдан амалга оширганлар. Аслида Абдулҳамид Чўлпон Уйғониш мактабдан бошланади, деган ғояни илгари сурган эди.
“Кеча ва кундуз” романидаги образларга бекитилган фикрларни, ички монологларни обдон ўйлаб кўрсангиз, унинг нима демоқчи бўлаётгани ойдинлашади. Романдан бир шингил:
“— Бу фикрингиз хато. Ибтидоий тарбияни рус мактабларидан бошлаб бўлмайди, уни миллий мактабларда бериш керак. Илгари миллий ҳиссини ўстириб, ўз миллатини танигандан кейин рус мактабига бериш керакки, ҳунарга, ихтисосга тегишли илмларни ўқисин. (Бу одамнинг гапларида шунақа мен англамайдиган сўзлар кўп: у ўзи ўйламасдан гапириб кета беради. Тез-тез тўхтатиб сўрашга мен уяламан. Баъзи сўзларни англамасам-да, ҳамма гапларини англайман. Газет ўқий берсам, тушуниб кетарман). Ундан кейин Германия, Франция, Англия мамлакатларига, ҳатто дунёнинг нариги чеккасидаги Америкага юбориб ўқитиш керак…
— Ўрусларнинг ўзида ҳам илм кўп, шекилли-ку, нарига юбориш нимага керак?
— Ўрусларда илм кўп. Ўруслар мутараққий миллат. Лекин улар ўзлари ҳам асл илмни ўша ёқдан оладилар.” (Чўлпон. “Кеча ва кундуз”. Тошкент, 1995. 189-бет).
Давлатимиз раҳбарининг айни Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида уч буюк жадид раҳнамолари — Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхоновларнинг вафотидан сўнг “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирлаганларида ҳам рамзий маъно бор. Чунки, улар улуғ муаллим эдилар; Чўлпон каби ўнлаб жадидларга учар қанот бахш этган эдилар. Уларнинг ҳар бири — ўзича юлдуз. Чўлпон эса — Тонг юлдузи!
Ўйлаб қарасак, серқуёш Ўзбекистонимизда жадидчилик ҳаракати энг баланд нуқтага кўтарилганига ҳам юз йилдан ошибди. Мазкур ҳаракат сўндирилган бўлса-да, барибир ўз илдизларини тафаккур оша узоқларга етказишга улгурди.
Жадидлар ўз фаолияти мобайнида, асосан, икки нарсага диққат-эътиборларини қаратган. Буларнинг биринчиси, мактаб бўлса, иккинчиси, газетадир. “Кеча ва кундуз” романида ҳам мактаблар ва газета масалалари бўрттириб кўрсатилади. Образли йўсинда айтсак, мактаб ва газета Тараққиёт қушининг икки қаноти сифатида тасвир этиладики, биз бу тарихий фактни ҳамиша хаёлимизда тутиб юрмоғимиз даркор.
Чуқур фикрловчилар ва енгил фикрловчилар кураши ўтмишда ҳам бўлган, ҳозир ҳам шундоқ. Айрим кимсалар борким, электрон матбуот жаҳонга боғланиб турганида газет-журналга не ҳожат, дейдилар. Бу нодонларнинг гапи. Электрон матбуотнинг ҳам қулайликлари бор, албатта. У керак. Тезкор. Аммо тан олиш керакки, электрон нашрларнинг ҳиди йўқ, ранги йўқ, таъми йўқ; электрон матбуотни ўз шаклича тахлаб, китоб жавонингизда сақлаб билмайсиз: пир этиб, учар-да кетар. Газет-журнал эса йиллар, асрлар мобайнида сақланади. Аслини олганда, улар ҳам мулк. Неча йиллардан бери сарғайган газетларни асраб юрганларни биламиз. Профессор Баҳодир Карим ҳам сарғайган газеталардан Чўлпон хусусидаги турли-туман мақолаларни йиғиб, “Чўлпон ва танқид” отлиғ ажойиб китоб яратди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида мактаб ва матбуот мутаносиблиги ҳақида шундай деди: “…Айтинг-чи, ўқитувчи ўз устида ишлаши, билим ва маҳоратини ошириши учун қўшимча методик ёрдамни қаердан олади? Албатта, шу соҳага оид китоб ва қўлланмалардан, махсус педагогик нашрлардан олади.
Афсуски, биз кейинги йилларда “мажбурий обуна” баҳонасида ихтиёрий обунани ҳам йўқ қилдик. Бунинг натижасида мактаб ва олийгоҳларнинг ўқитувчи ва домлалари ўзлари учун зарур бўлган газета ва журналлардан ажралиб қолди. Шундай аянчли ҳолга келдикки, ҳатто айрим раҳбарлар газета ўқимаслиги билан мақтанадиган бўлдилар…”.
Бу гап матбуотнинг жамиятимиздаги мавқеига тегишлидир. Аслида ихтиёрий обуна газета ва журналлар орасидаги ҳалол рақобатни юзага келтириши жоиз эди. Аксарият бундай режаларни нотўғри тушунди. Оқибатда баъзи вилоятлар нуфузли марказий нашрлардан тамомила узилиб қолдилар. “Газета ўлади, унинг ўрнини интернет сайтлари эгаллайди” қабилидаги хунук хабарлар эл-улус орасида тез тарқалди. “Туяни шамол учирса, эчкини осмонда кўр” деганларидек, айрим туман газеталари махсус буюртма асосида нашр қилинадиган варақаларга айланди-қолди. “Газетада мақолангизни нашр эттиришни истасангиз — марҳамат, пулини тўланг. Шу пулга оз-моз тиражда туман газетасини чиқарамиз” қабилидаги таклифларни ўз қулоғимиз билан эшитдик. Не ажабки, марказий нашрлар (бир пайтлар миллион нусхада чоп этилган!) туман газетасининг ярим тиражида нашр этила бошланди. Дейлик, “Шовот истиқболи” газетаси бир вақтлар етти минг нусхада чоп қилинар, талаш бўлиб ўқилгувчи эди. Бизга ўхшаган ўнлаб журналистларнинг қаламлари аслида туман газетасида чархланган.
Ҳозирги куннинг энг муҳим сўзи — Учинчи Уйғониш жараёнига дахлдор бўлди. Уйғониш шабадалари эса мактаб ва матбуот тарафларидан эсишга тушади. “Шабада”ни фасоҳат эгалари “Насим” демишлар. Насим — Тонг шабадаси. Руҳимизга ёқадиган шабада. Бизни келажакдаги оқ тонгларга ишонтирадиган шабада. Дарвоқе, ҳазрат Навоий ҳам бу атамани хуш кўрган. Маърифат жарчилари хусусидаги рисоласини “Насойим ул-муҳаббат” — “Муҳаббат шабадалари” деб атаган.
Янги Учинчи Уйғониш, яъни Учинчи Ренессанс даври… Бу узоқ кутилган Уйғонишдир. Камида юз йил кутилган. Тождор вирус хархашаси дунёни ташвишга солаётган бугунги кунимизда янграган мазкур атама барчамизнинг руҳиятимизда умид чироқларини ёқиб юборгани шубҳасиздир. Қодирийлар, Фитратлар, Чўлпонлар нигоҳларини қадаган ёруғ келажак остонамизга тобора яқинлашмоқда!
Баҳром Рўзимуҳаммад
