Кўнгил боғининг боғбони

Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги

 

Бир неча кундирки мамлакатимизнинг барча гўшаларида, таълим масканларида, жамоаларда улуғ бобомиз, даҳо шоир, давлат ва жамоат арбоби Ҳазрат Навоий таваллуд санаси кенг нишонланмоқда. Жойларда турли маданий тадбирлар, давра суҳбатлари, шеърият кечалари давом этмоқда. Хусусан, кеча пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида ҳам кўнгиллар боғининг боғбони, ўзбек шеъриятининг султони Алишер Навоийнинг 580 йиллигига бағишланган катта тадбир бўлиб ўтди.

Элимизнинг зукко олимлари, миллат такомиллашувида жонфидо зиё­лилар, таниқли шоир ва ёзувчилар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, адабиётшунос олимлар ҳамда ёшлар жам бўлган тантана хиёбонга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Улуғ шоирнинг туркий халқларнинг шаън-шавкати учун яратган туркий назмдаги асарлари дунё тамаддунида буюк интилиш дея эътироф этилади. Чунки, араб тили илм тили, форс тили назм тили, турк тили жанговар тил дегувчиларга Алишер Навоий гўзал ва бетакрор туркий назм гулшани билан ундан-да нафосатли асарлар яратиш мумкин эканлигини исбот этган бетимсол шоирдир.

Адиблар хиёбонига — Ҳазрат Навоий ҳайкали қошида йиғилганлар қалбидаги ҳаяжон замирида бобомиз яратган маънавий уммонга интилиш, кўзлардаги тафаккур учқуни беназир зотга беқиёс ҳурмат, сидқидилдан муносиб авлод бўлиш иштиёқи, ўйи десак хато бўлмайди.

Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Халқ шоири Сирожиддин Саййид мамлакатимизда Алишер Навоий меросини ўрганиш янада кенгроқ қулоч ёйганини таъкидлар экан, Президентимизнинг улуғ даҳога юксак эҳтироми боис 2020 йил 19 ок­тябрдаги “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ,   Алишер Навоий орденини таъсис этиш ҳамда жорий йилнинг 4 февралида буюк мутафаккир ҳаёти ва ижодини мамлакатимиз ҳамда халқаро миқёсда кенг ўрганиш, тарғиб қилиш мақсадида “Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолаганини алоҳида мамнуният ила эътироф этди.

Ўлмас шеъриятимиз байрамида сўз олган юртимиз зиёлилари, таниқли ижодкорлар билан бир қаторда Афғонистон Ислом Респуб­ликасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад Ҳолид Элмий Алишер Навоий ўзининг буюк асарларида тараннум этилган эзгу ғоялар билан наинки ўзбек халқи, балки бутун дунё халқларига тааллуқли бўлган беназир шоир, улуғ мутафаккир эканини таъкидлаган бўлса, Эрон, Озарбайжон, Болгария каби юртлардан таниқли навоийшунос олимлар, ижодкорлар масофавий тарзда Навоийнинг ўлмас даҳоси хусусида ўз фикрлари билан ўртоқлашдилар.

Ўз мухбиримиз.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 + three =