“Умид ёғдуси” мавжланди
Журналист халқи борки, арзимаган рағбатдан ҳам кўнгли кўтарилади, бир олам завқу шавқ олади. Ўзини ўтга, чўғга уриб, куйиб-пишиб тайёрлаган мақоласи бирор нашрда эълон қилинса, бу янгиликдан ўзига сиғмай қувонади. Ёзганини қайта ва қайта ўқиб, илҳомланади. Айтиш жоизки, соҳага энди қадам қўяётган ёшларни қўллаб-қувватлаш бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим вазифага айланган.
Куни кеча пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан “Ёш юраклар садоси” лойиҳаси доирасида нашр этилган “Умид ёғдуси” тўпламининг тақдимоти бўлиб ўтди. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Холмурод Салимов ва устоз журналист Ҳалим Саидов йиғилганларни мазкур китоб билан самимий табриклаб, юртимизда журналистларга қаратилаётган эътибор ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Тадбир тўпламга ижод намуналари киритилган ёшлар билан давра суҳбатига уланиб кетди.
— Жасорат, журъат ва матонат. Бугунги ёш журналистлардан сўраладигани ва кутиладигани фақат шу. Уюшмамиз ҳам ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларни ҳар томонлама рағбатлантиришга жиддий эътибор қаратмоқда. Бу мўъжаз китоб эса, журналистика бўсағасида турган қадрдон ука-сингилларимизнинг келгуси фаолиятларига рағбат дебочаси бўлади, деган умиддамиз…
Бу ҳали бошланиши. Келгусида республикамизнинг диққатга сазовор жойларида ёш журналистларнинг семинар-тренингларини ташкиллаштиришни ҳам режа қилганмиз, — деди Холмурод Салимов.
Китобда олтмиш нафарга яқин журналистларнинг коронавирус пандемиясига қарши кураш, рўй берган табиий ва техноген офатларни бартараф этиш бўйича амалга оширилган ишлар, юртимизнинг турли ҳудудларида умргузаронлик қилаётган оддий ва фидойи инсонлар, бирдамлик, саховатпешалик каби халқимизга хос бўлган қадриятлар билан бир қаторда, турли ижтимоий масалаларга бағишланган танқидий-таҳлилий энг сара мақолалар ҳам ўрин олган.
Абдулазиз АҲМЕДОВ
