Директорнинг СОХТА тавбаси

Бундан 5-10 йил аввал Самарқанд шаҳридаги 6-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби бир қаватли, кўримсизгина бинода жойлашганди. Бугунги кунда ўша кўримсиз мактаб ўрнида 3 қаватли замонавий бино қурилиб, ишга туширилди.

Аммо бу мактабга Хайрулло Ниязқулов директор бўлиб келди-ю, ўқитувчиларнинг норозилиги вилоят ошиб, республикагача етиб борди. Негаки, Х.Ниязқулов иш фаолиятини ўзининг оила аъзолари ва яқинларини ишга олишдан бош­лади. Турмуш ўртоғи, фарзанди ва таниш-билишлари лойиқ бўлса, бўлмаса қаноти остига олди. Тўғри гап туққанингга ёқмайди деганларидек, бу ишнинг тўғри эмаслигини айтган, бир неча йилдан буён шу мактабда ишлаб келаётган миллий чолғу йўналиши ўқитувчиси Инобат Махамова эса директор Х.Ниязқуловнинг ғазабига учради. Унга нисбатан тазйиқлар кучайди.

Бунга чидолмаган тажрибали ўқитувчи нажот истаб қатор идораларга, жумладан, таҳририятга мурожаат қилди. И.Махамованинг шикоятини ўрганиш мақсадида Самарқанд вилояти ҳокимлиги Маданият бошқармаси бошлиғи Хўжақул Муҳаммадиевга учрашдик. Х.Муҳаммадиев шикоят ариза билан танишиб чиққач, бизга бошқарма юристи Абдуалим Эшназаров ва мутахассис Ойбек Раҳимовни ҳамроҳ қилиб мактабга юборди.

Улар билан биргаликда 6-сон БМСМ директори Хайрулло Ниязқулов ҳузурида бўлдик. Х.Ниязқулов хушламайгина қарши олди. Сўнг мактаб директори бош ҳисобчи ва кадрлар бўлими нозири Аҳмаджон Тошбоевни ҳамда ўқитувчи И.Махамовани чақиртирди. И.Махамовани кўрган директор бирдан тутоқиб кетди:

— Нималар қилиб юрибсиз! Мақсадингиз мени ишдан олишми? Бўшатиб қўяман! Аммо айтиб қўяй, мендан кейин келган директор биринчи бўлиб сизни ишдан ҳайдайди!

Директорнинг маданият ходимига ярашмаган бундай “маданият”ли муомаласини кўриб лол қолдик.

“Муомалангизни тўғрилаб олинг!” — дея унга маслаҳат беришга тўғри келди. Шундан сўнг, А.Тошбоев олиб келган ҳужжатларни кўздан кечириб, саволларимизга мутахассисдан жавоб олишга ҳаракат қилдик.

Жорий йилнинг январь ойида олий маълумотли қиз мактабга дутор ўқитувчиси қилиб ишга олишини сўраб мурожаат қилганда негадир директор Х.Ниязқулов “иш ўрни йўқ” деб рад этади.

Аммо орадан ҳеч қанча вақт ўтмай айнан шу вазифага 2020 йилда ихтисос­лаштирилган санъат мактабининг чолғу йўналишини тугатган ўрта-махсус маълумотли Маҳлиё Ҳақбердиевани ишга олибди.

Мутахассис Ойбек Раҳимовнинг таъкидлашича, М.Ҳақбердиева тугалланмаган олий, яъни ўрта-махсус, шу сабабли уни вақтинчалик ишга олиш мумкин экан. Қизиқ, унда директор қайси тартибга асосланиб, олий маълумотли мутахассисни ишга олмай, ўрта маълумотли аёлни ишга олган?

Эътиборимизни директорнинг турмуш ўртоғи Раҳима Фармонованинг ҳужжатларига қаратдик. Р. Фармонова Самарқанд давлат санъат билим юртини 1983 йилда “Ашула” ихтисослиги бў­йича тамомлаган экан. Аммо мактабда эстрада ва сольфеджиодан дарс берар экан. Бизни мутахассислиги тўғри келмаса-да, директор ўз хотинига иккита мутахассислик бўйича дарс ажратгани ажабланарли.

Мактабдаги 61 нафар ходимнинг ишга келиб-кетиш дафтарини кўздан кечирганимизда янада қизиқ ҳолатга дуч келдик. Директорнинг ўғли Фаёзжон Файзуллаев (электрик), Доно Аминова (кийим-кечак мутасаддиси), Амритдин Алиқулов (ўқитувчи), Азиз Нуруллаев (ўқитувчи) ва ҳоказолар аслида ишга келишмас, лекин ойлик ведемостида бор бўлиб чиқишди. Жамоадагилар ҳам уларни танишлигини айтишолмади. Чунки ишда сира кўришмаган. Фақат ой охирида улар маош олиш учун ҳисобчига учраб кетаверишади чоғи.

Мактабдаги “келди-кетди” дафтарида ҳам, дарс жадвалида ҳам уларнинг номлари қайд этилмаган. Сўнг директорга унда мактаб фойесига ўрнатилган камерани кўрсак бўладими, десак, у: “камера ишламайди”, дея бизга қараб кулиб қўйди. Камера директорнинг айбини ёпиш учун ишламаса керак-да, деган хаёлга бордик. Аммо қачонгача мактабга келмаганлар, бир кун ҳам ишламаганлар давлатнинг пулини олиб юраверади? Бу саволга ким жавоб беради? Мактабда 205 нафар ўқувчи ўқийди. Ўқувчиларнинг келиб-кетиши ҳам ўлда-жўлда, таълим-тарбия ҳам шунга яраша. Ходимларнинг кўпчилиги ишидан айрилиб қолмаслиги учун Р. Фармонованинг ночор қош-қовоғига қарайди.

Директорнинг турмуш ўртоғи Р. Фармонова ҳар йили байрамларда ҳам совға, ҳам мукофот пули олган. Бироқ 30 йилдан буён ишлаётган таж­рибали, фидойи ўқитувчиларнинг ҳатто исм-шарифи ҳамиша ҳам бундай рўйхатга киритилмаган.

Ишонасизми, йўқми, жорий йил 8 март—Халқаро хотин-қизлар куни байрамида директор фақатгина турмуш ўртоғи Р. Фармонова билан яна икки нафар ходимларни, айтишларича, “закончи” аёлларни махсус табриклаган холос. Наҳотки, мактабда улардан бошқа аёллар ишламаса? — дея рўйхатга кўз югуртирдик. Йўқ, рўйхатда эркакларга нисбатан аёллар кўпроқ экан.

Биз директор Хайрулло Ниязқуловдан бу каби ҳолатларга изоҳ сўрадик. У нима дейишини билмай, ўқитувчи Инобат Махамова билан келишиб ишлашга, муаммоларни бартараф этишга ваъда берди. Лекин, афсуски ваъдасининг устидан чиқмабди. Биз Тошкентга келганимиздан икки кун ўтиб, И.Махамова яна бизга қўнғироқ қилди. Мактабда вазият бутунлай ўзгаргани, Раҳима Фармонова барча ўқитувчи ва ўқувчиларни ҳаққини талаб қилганларга қарши қилиб қўйганини, уларни яккалаб қўйишганини таъкидлаб, хафа бўлди…

Ана холос! Одамзод ҳаммани алдаб кун кўраман деса янглишади-ку. Президентимиз айтганларидек, бугунги одамлар кечаги одамлар эмас, ўз ҳақ-ҳуқуқини таний бошлаган, маънан юксалаётган одамлардир, ахир!

Биз бу хусусда Самарқанд вилояти ҳокимлиги маданият бошқармасининг раҳбари Хўжақул Муҳаммадиевга қўнғироқ қилиб маълум қилдик. Лекин… улардан келган жавоб хатида шундай дейилади: “Ўрганиш давомида мурожаатда келтирилган важлар қисман тасдиқланди, яъни А. Алиқулов Самарқанд ихтисослаштирилган санъат мактаби халқ чолғулар бўлими бош­лиғи эканлиги, 6-сон БМСМда эса ўриндош ўқитувчи бўлиб, 0,5 ставкада ишлаши аниқланди. Дарс машғулотларини ихтисослаштирилган санъат мактабида 3 нафар ўқувчига ўргатиб келган”.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади. 3 нафар ўқувчи 6-сон БМСМга эмас, балки узоқ йўл босиб транспортда ўқитувчининг ихтисослаштирилган санъат мактабига бориб ўқир экан, уларнинг хавфсизлигини ким таъминлайди?

Жавоб хатида қолган директорнинг ишлаб-иш­ламай маош оладиган оила аъзолари ва танишлари ҳақида лом-лим дейилмаган. Хатда яна шундай жумлалар бор: “6-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби директори меҳнат фаолияти давомида йўл қўйган шу каби хато-камчилиги учун биринчи бор жиддий огоҳлантирилди”.

Буни қарангки, биз Тошкентга қайтганимиздан сўнг, директор ходимларнинг “келди-кетди” дафтарини йўқ қилиб, ўрнига битта оқ қоғоз қўйибди. Нимадир бўлибди-ю, 12 апрель куни Р.Фармонова мактабга келганини ёзибди, аммо соат нечида мактабдан кетганини ёзиш “эсидан чиқибди”. Директор қоғозга кимки, қачон келиб-кетганини ёзмаса, бир кунлик иш ҳақини бекор қилиш вазифасини ўринбосари Бекали Дусановга юклаган экан. Б. Дусанов директорга кириб айнан директорнинг аёли бўлмиш домулла Р. Фармонова мактаб ички тартибига амал қилмагани учун бир кунлик иш ҳақини бекор қилмоқчи эканлигини айтганида, Х.Ниязқулов тутақиб, “дарҳол 12 апрель кунги “келди-кетди” қоғозни йўқ қилинг, бошқатдан ўша куни ишлаган барча ходимларга имзо қўйдириб чиқинг”, дебди. Мана аҳвол.

Бизга арз қилган мактаб ўқитувчиси Инобат Махамованинг айтишича, таълим даргоҳида ишлар роса “пачава” эмиш: дарс ўтишлар, меҳнат қонунийлигига риоя қилиш бутунлай ўз ҳолига ташлаб қўйилибди. Ўқувчиларнинг мусиқа ва санъатни чуқур ўрганиб, санъатга ошно бўлишлари ниҳоятда суст ҳолда. Шунинг учун ҳам бу даргоҳда олдинги вақтлардагидек иқтидорли ёшлар камол топиши билан ҳеч ким қизиқмайди.

Чунки… чунки қаерда таниш-билишчилик, ошна-оғайнигарчилик авж олган бўлса, ўша ерда юксалиш, ривожланиш бўлмаслиги табиий ҳол, шундай эмасми?

Энди Самарқанд шаҳридаги   6-сон болалар мусиқа ва санъат мактабидаги бундай ачинарли муҳитга ким ва қачон чек қўяр экан?

Ўйлаймизки, ушбу таълим даргоҳига тегиш­ли мутасаддилар бефарқ эканлар, балки Самарқанд вилоят прокуратураси муассасадаги қонунбузарлик, кўзбўямачилик ҳолатларига ҳуқуқий баҳо берар?

Хонбиби Ҳиммат қизи,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 3 =