Ёзёвон ҳокимига газета керак экан

Ёзёвон туман матбуоти учун муборак Рамазон кунларида муносиб эътибор қаратилди. Ҳокимлик ахборот хизмати ва “Марказий Фарғона” газетасига янги бино, замонавий жиҳозланган янги хоналар тортиқ қилинди. Буларнинг барчаси туман ҳокими Дилшоджон Жалиловнинг мат­буотга ҳурмати, эътибори юқори эканлигидан далолат.

Мазкур йилнинг 27 апрели “Марказий Фарғона”чиларнинг ёдида қолиши табиий. Қутлуғ Рамазон кунида вилоят оммавий ахборот воситалари ходимлари учун Ёзёвонда ўтадиган навбатдаги пресс-тур таҳририятнинг янги биноси очилишига тўғри келгани янада қувончли бўлди.

Туман матбуот уйи очилиш маросимида туман ҳокими Дилшоджон Жалилов иштирок этди ва Президентимиз томонидан оммавий ахборот воситаларига бўлган эътиборнинг қиё­­си йўқлигини айтиб, таҳририят ходимларини, газета мухлисларини янги бинога кўчиб ўтганликлари билан таб­риклади.

Тадбирда сўз олган Ўзбекис­тон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси, “Фарғона ҳақиқати” — “Ферганская правда” газеталари бош муҳаррири Муҳаммаджон Обидов ҳозирча матбуотга бундай эътибор Фарғона вилояти мисолида Ёзёвон тумани ҳокими томонидан бўлганлиги, эндиликда бош­­қа туман-шаҳар газеталари муассислари ҳам ёзёвонликлардан ўрнак олишига умид қилишини таъкидлаб, таҳририят ходимларига янги бинода фаолият кўрсатишларига муваффақиятлар тилади.

Шунингдек, тадбирда иштирок этган Республика Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Шоҳидбек Аслонов шундай деди:

— Ёзёвонлик матбуотчилар энди мамлакатимиз равнақи йўлида мас­ъулиятни ҳис этиб, туман аҳолисининг, айниқса, ўсмир-ёшларнинг маънавий-ҳуқуқий билимларини, тушунчаларини оширишда сидқидилдан меҳнат қилишига тилакдошмиз.

Туман ҳокимлигида ўтган матбуот анжуманида сўз олган вилоят ҳокими ўринбосари Ж.Қўчқоров вилоят ижтимоий-сиёсий ҳаётида матбуотнинг ўрни, ёзёвонлик журналистлар фаолиятига юқори баҳо берди.

Ҳа, ушбу кун нафақат Ёзёвон матбуотчилари учун унутилмас бўлди, балки вилоятнинг турли сарҳадларида ижод қилувчи ҳамкасблар билан дийдорлашув тадбири сифатида ҳам эсда қоладиган бўлди.

Тадбир сўнгида қатнашчиларнинг олқишлари остида туман ҳокимлиги ахборот хизматига янги “Spark” автомашинаси топширилди.

Ўз мухбиримиз.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × one =