Рағбат — самарали фаолият пиллапояси
Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари ўртасида кўп асрлик дўстлик ва қўшничилик ришталари мавжуд. Маълумот ўрнида айтиш керакки, ҳозирда мамлакатимиздаги уч юзга яқин умумтаълим мактабларида тожик тилида ҳам дарс берилади. Бир қатор ўрта ва олий таълим муассасаларида, жумладан, Самарқанд ва Термиз давлат университетларида тожик филологияси бўйича олий маълумотли кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган. Тошкент шаҳри ва вилоятларда тожик маданият марказлари самарали фаолият юритмоқда.
Ўнга яқин туман ва шаҳар газеталарида тожик тили саҳифалари бор. Марказий ва ҳудудий телерадиоканалларда тожик тилида кўрсатув ва радиоэшиттиришлар тайёрланиб эфирга узатилмоқда. Ўтган йили Самарқанд шаҳрида нашр этиладиган вилоят ҳокимлигининг “Овози Самарқанд” газетасининг 30 йиллиги кенг нишонланди. Ушбу таҳририят жамоаси Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ўтказиб келинаётган “Олтин қалам” танловининг матбуот йўналиши бўйича ғолиби ҳисобланади.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан юртимизда турли тилларда фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситалари, уларда меҳнат қилаётган ходимларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Тожик, қозоқ ва бошқа тилларда фаолият олиб борадиган оммавий ахборот воситаларида самарали меҳнат қилиб келаётган истеъдодли, қалами ўткир журналистлар уюшма томонидан моддий ва маънавий рағбатлантириб келинаётгани фикримизни тасдиқлайди.
Уюшма томонидан амалга оширилаётган ана шундай тадбирлардан бири куни кеча “Овози тожик” ва “Нурли жол” газеталари таҳририятларида бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров кўпмиллатли мамлакатимизда матбуот ва сўз эркинлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар ортга қайтмас тус олгани, уюшма томонидан оммавий ахборот воситалари вакилларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, турли миллат ва элатга мансуб ҳамкасблар ўртасида ўзаро дўстлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилишини алоҳида таъкидлади.
Тадбир доирасида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан “Овози тожик” ва “Нурли жол” газеталари таҳририятларига замонавий компьютер тўпламлари совға қилинди. Шунингдек, уюшма аъзолигига қабул қилинган “Овози тожик” газетаси бош муҳаррири Шерпўлат Вакилов, таҳририят масъул котиби Аълим Нарзиев ҳамда “Нурли жол” газетаси бош муҳаррири, уюшма аъзоси Ғуломзокир Юсупов ва газета бўлим муҳаррири Жаннат Молдашеваларга аъзолик гувоҳномаси ҳамда аъзолик кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди. Зеро, рағбат — самарали фаолият учун пиллапоядир.
Ислом АСИЛБЕКОВ,
Ўзбекистон Журналистлари
ижодий уюшмаси мутахассиси