Шижоатни, жасоратни ўрганайлик

Анора Содиқова,

“Rost24.uz” сайти бош муҳаррири:

— Ҳамма даврларда ҳам журналистларга осон бўлмаган. Бу касбни билиб туриб танлаганмиз. Журналис­тика курашишни талаб қиладиган соҳа. Матбуот ва оммавий ахборот воситаларини тўртинчи ҳокимият сифатида ҳамма яхши билади. Билади-ю… фақат биз шу кучга тўлақонли эга бўлиш учун ҳаракат қилишимиз керак.

Ўзбек журналистикасининг эркинлиги, ютуқлари ҳақида гапирилганда кўпчилик аввалги давр билан қиёс­лашга ўрганиб қолди. Бундай солиштириш у қадар тўғри эмас, назаримда. Чунки журналистикамизни аввалги вазияти билан қиёслагандан кўра, “Аслида журналистика қандай бўлиши керак?” —деган савол нуқтаи назари билан қарашимиз лозим.

Ҳамкасбларимга шуни айт­ган бўлардимки, олдинга янаям катта мақсадлар қўйиб, ҳақиқий тўртинчи ҳокимият бўлишга интилайлик!

Биласизми, демократия анча ривожланган айрим давлатларда матбуот ва оммавий ахборот воситаларига нисбатан биринчи ҳокимият сифатида ҳам қарашади. Бу журналистиканинг кучида кўринади. Шунинг учун кучли давлатларда кучли журналистика барқарор тараққиётнинг асосий омилларидан бири сифатида ўзини кўрсатган. Ўзбек журналистикаси ҳам ана шундай майдонга чиқиши керак. Бунинг учун эса энг аввало, жамиятнинг, иқтисодиётнинг ривожланишида шаффофлик муҳим.

Нима учун айнан 27 июнь — Матбуот ва ОАВ ходимлари куни сифатида нишонланиши албатта, маълум. Чунки бу кунда илк миллий нашримиз “Тараққий” бундан қарийб 115 йил олдин чоп этила бошланган.

Бу кунни байрам сифатида нишонларканмиз, мустамлакачилик замонидаги ўша оғир вазиятларда миллий матбуотимизнинг пойдеворини қўйган инсонлардан шижоатни, жасоратни ўрганайлик, улардан руҳ олайлик. Улар миллат қайғуси билан яшашган. Биз ҳам аждод журналистларнинг шу жиҳатларидан ўрнак олайлик. Бу кун уларни ёдимизга соладиган ва бизга яна куч-ғайрат бағиш­лайдиган кун бўлсин. Байрам баҳона жасур маърифатпарварларимизни эслаб, ҳамкасбларимни уларга муносиб бўлишини тилаб қоламан.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 4 =