Журналистлар аккредитациядан ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 2-Андижон округ сайлов комис­сияси Матбуот марказида сайлов жараёнларини ёритиш, мазкур жараёнда қатнашувчи журналистларни аккредитациядан ўтказиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда иштирокчиларга сайлов жараёнларини холис, шаффоф ва тўлақонли ёритиш бўйича фаолиятнинг ҳуқуқий асослари, журналистларни аккредитациядан ўтказиш тартиби хусусида маълумотлар берилди.

—Сайлов билан боғлиқ ҳар бир жараён амалдаги тартиб, белгиланган қонун ҳужжатлари асосида ёритиб борилиши муҳимдир, — дейди Матбуот маркази раҳбари Рустамжон Эшонов. – Бу борада журналистларга қатор ваколатлар билан бирга уларнинг зиммасига муайян бурчлар ҳам юклатилади. Мақсад, юқорида таъкидланганидек сайловни холис, шаффоф ва адолатли ёритилишини таъминлашдир.

Шунингдек, йиғилишда ОАВ вакилларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, сайлов кампанияси даврида ижтимоий тармоқларда ёлғон хабарлар тарқалишининг олдини олиш, турфа хил миш-мишларга таянмаслик, аксинча, сайловчиларга ҳаққоний ахборотларни ўз вақтида, тезкорлик билан етказиб бериш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Йиғилишда Матбуот марказида сайлов жараёнларини холисона ёритиш, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш, аҳолини сайловга оид тадбирлар билан ўз вақтида хабардор қилиш борасидаги ишлар белгиланган режа асосида олиб борилаётганлиги, шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг эълонлари, материаллари, бўлажак тадбирнинг аҳамияти ва мазмуни тўғрисидаги роликлар оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб борилаётганлиги қайд этилди.

Тадбир якунида вилоятдаги ОАВ вакиллари белгиланган тартибда аккредитациядан ўтказилди.

                                                                         Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг Андижон вилоят бўлими.

 

Ҳоким бадиий китоблар тақдим этди

Шофиркон туманидаги Ахборот-кутубхона марказига таниқли адабиётшунос олим Тўра Мирзаев номи берилган эди.

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Шофиркон туманига ташрифи чоғида 125 минг китоб фондига эга  мазкур марказда бўлиб, бу ерда бажарилган бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Китобсеварлар учун яратилган шарт-шароит, мавжуд китоблар фондини кўздан кечирди. Амалга оширилган ишларга юқори баҳо берди. Давлатимизнинг илмий, адабий, маънавий-маърифий сиёсатининг муҳим шартларидан бири – Ахборот-кутубхона маркази китоб фондини энг сара илмий, адабий, классик ва энциклопедик адабиётлар билан тўлдириш, жумладан, фарзандларимиз онгини, маънавиятини сара миллий ва турли миллатлар адабиёти билан бойитиб боришга эришиш эканлигини таъкидлади.

Мазкур кутубхона ўз номига муносиб равишда бу заминдан кўплаб илм-фан фидойилари етишиб чиқишида маърифат ўчоғи, зиё маскани бўлишига ишонч билдирди.

Кутубхона фондига вилоят ҳокими томонидан 100дан ортиқ турли номдаги бадиий адабиётлар тақдим этилди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

Бухоро вилоят бўлими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − three =