Халқ ичига кириб борайлик!

Ўттиз йил… Кўҳна тарих олдида бу рақам эҳтимол денгиздан бир томчидек. Аммо мустақил Ўзбекистонимиз учун “30” кўп хусусиятларни англатадиган катта мазмун, моҳият касб этди. Алалхусус, шу арафада муҳтарам Президентимиз Шавкат   Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китоби ёруғлик юзини кўрди.

Бу йил қутлуғ санага бағишланиб “Янги   Ўзбекистон” боғида кечган   байрам тантанаси аввалгилардан кескин тафовут қилгани   барчага аён. Театрлаштирилган кўриниш­лар фонида Истиқлол моҳиятининг ифодаланиши   томошабинлар кўнг­лида ўзгача   завқу шукуҳ туйғуларини   жўштираётганини хаёлга келтириш   мумкин эди. Президентимиз таъкидлаганидек, бу инсон тафаккури   ўзгараётганига бир мисолдир.

Орадан икки ҳафтача вақт   ўтгач, аниқроғи, кеча пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекис­тон   Журналистлари ижодий уюшмаси,   Президент Администрацияси ҳузуридаги   Ахборот ва оммавий   коммуникациялар агентлиги, Маданият   вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Миллий телерадиокомпания, Ўзбекистон   Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги, Бадиий академия,   Рес­публика “Тасвирий ойна”   ижодий уюшмаси ҳамкорлигида Ватанимиз   мустақиллигининг ўттиз йиллигига   бағишланган “Энг улуғ, энг   азиз” анъанавий кўрик-танловининг республика босқичи ғолиб   ва совриндорларини тақдирлаш   маросими ўтказилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки,   мазкур кўрик- танлов 1997   йилда Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан ташкил   этилган. Ушбу нуфузли танловнинг юқори   савияда ўтказилишига Ўзбекистон   Журналистлари ижодий уюшмаси   бош-қош бўлиб келмоқда.

Жорий йилги кўрик-танлов мо­ҳиятида   “Янги Ўзбекистонда эркин   ва фаровон яшайлик!”   деган   эзгу ғоя   устуворлик касб этди.

Маросимда Ўзбекистон   Журналистлари ижодий уюшмаси   раиси, Танлов ҳайъати раиси   Олимжон Ўсаров, Ўзбекистон Миллий   ахборот агентлиги Бош   директори Абдусаид Кўчимов, Ўзбекистон Республикаси Президенти   ҳузуридаги Ахборот ва   оммавий коммуникациялар агентлиги   бошқарма бошлиғи Маъмуржон Парпиевлар сўзга   чиқишиб, жорий йилги   беллашувнинг ўзига хос   жиҳатлари тўғрисида гапирдилар.

“Ижодкорлар ўртасида   анъанавий ўтказиб келинаётган   “Энг улуғ, энг азиз”   кўрик-танлови ижод аҳлининг   жамиятдаги фаоллигини ошириш, касбий маҳоратини юксалтириш, фидойи ижодкорлар қатламини   юзага олиб чиқиш,   иқтидор соҳибларини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашда муҳим   ўрин тутаётгани сир эмас. Муҳтарам   Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил   17 декабрдаги “Ўзбекистон   Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига   тайёргарлик кўриш ва   уни юқори савияда   ўтказиш тўғрисида”ги қарори   8-бандида Ўзбекис­тон Журналистлари ижодий уюшмаси ва   бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий респуб­лика   кўрик-танловини юқори даражада   ўтказиш белгиланган.

Давлатимиз раҳбарининг   2021 йил 3   февралдаги “ 2017-2021 йилларда   Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши   бў­йича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва   аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга   оид давлат дастури   тўғрисида”ги Фармони билан   тасдиқланган Давлат дас­турида   “Энг улуғ, энг азиз”   анъанавий кўрик-танловини ўтказишга   Ўзбекистон Журналистлари ижодий   уюшмаси бош ижрочи ташкилот сифатида   қайд этилган”, — деди ўз   сўзида Олимжон Ўсаров.

Эътиборга лойиқ   жиҳати кўрик-танлов олтита   йўналиш бўйича жабҳа   олди. Булар — босма оммавий   ахборот воситалари ходимларининг мақолалари, оммавий ахборот воситаси   сифатида давлат рўйхатига   олинган веб- сайтлар ходимларининг журналистик ишлари, телевидение   ва радио ижодкорларининг материаллари, ёзувчи ва   шоирларнинг бадиий асарлари, тасвирий санъат, фото асарлари   ва дизайн ишлари,   кино санъати асарлари   номинацияларидир. Ойдинлашадики, “Энг   улуғ, энг азиз” республика   кўрик-танловининг қамрови янада   кенгайтирилди. Дейлик, авваллари   электрон матбуот жабҳасига   у қадар диққат-эътибор қаратилмасди.

Ғолиб ва   совриндорлар маънавий ва   моддий тарафлардан рағбатлантирилди. Биринчи ўрин соҳибларига   I-даражали диплом, замонавий   ноутбук ҳамда плакетка,   иккинчи ўрин эгаларига   II-даражали   диплом, телевизор, плакетка, учинчи ўринни олганларга эса III-даражали диплом, планшет ва плакетка топширилди.

Ватанни шарафлаш   масъулиятли, ўз навбатида   завқли юмушдир. Бу жараёнда   қолиплардан чиқиш даври   келганлигини кўпчилик журналистлар, адиблар англаб   турибдилар. “Қизил” ва “ялтироқ”   сўзлар воситасида ҳайбаракаллачилик шиорини баланд кўтарганлар   назардан қоладилар. Зеро, миллатимизнинг буюк шоирларидан бири ёзганидек, “Халқ ичига кириб бориш” ҳар бир ижодкорнинг нафақат вазифаси, керак бўлса бурчига айланмоғи керак. Ижод аҳлига юртимизда кўрсатилаётган бундай эъзоз, рағбатлар эса янада жўшқин ижод қилишга ундаши шубҳасиздир.   Шундай экан, бу кунги   ижодкорлар халқ ичига   кириб бормоқликлари, бунёдкорликнинг оташин нафасларини   ижодларида ифода қилиб   беришлари даркор.

Ўз мухбиримиз.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 − 11 =