Ишончни оқлаш машаққатлари

Умри – сабоқ, дарслигига гумон йўқ,

Мубоҳаса, баҳслигига гумон йўқ.

Тарихий шахс эмасдир-у ва лекин,

Исматжоннинг шахслигига гумон йўқ.

 

Ушбу сатрларни битган Муҳаммад Раҳмондай ўзбек шеъриятининг нафис ва ҳассос шоири назарига тушган таниқли пуб­лицист Исмат Хушев номи нафақат мамлакатимизда, балки хориждаги ватандошларимиз орасида ҳам анча машҳур десак муболаға бўлмайди.

Дунёда нима кўп, китоб кўп, жумладан, шоиру адиб ҳам бисёр. Лекин уларнинг ёзган асарлари қай даражада бугунги ўқувчи талабига жавоб беради, бу алоҳида мавзу. Шу маънода Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Исмат Хушевнинг “Оқланмаган ишонч қиссаси” китоби ҳар қандай мезонларга жавоб бера олишига шубҳа йўқ. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтган мазкур китоб тақдимот маросими бунга яққол мисол бўлади.

Кеча Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг анжуманлар залида уюшма аъзоси, “Дунё ўзбеклари” интернет нашри бош муҳаррири, “Исмат Хушев билан юзма-юз” электрон теледастури бошловчиси Исмат Хушевнинг “Оқланмаган ишонч қиссаси” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотни Ўзбекис­тон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекис­тон халқ шоири Сирожиддин Саййид очди.

Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Хуршид Дўстмуҳаммад, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Аҳмаджон Мелибоев, ЎзА бош директори Абдусаид Кўчимов, Ўзбекистон Журналис­тика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа ва бошқа сўзга чиққан ижодкорлар, сиёсатчилар биографик саргузашт йўналишида ёзилган асарнинг бош қаҳрамони – муаллифнинг ўзи билан боғлиқ кечган ҳаётий мисоллар маҳорат билан ёритиб берилганини алоҳида таъкидладилар.

“Китобни қалб амри билан ёздим.

Аслида бу китобни 2003 йилда ёзган эдим. Аммо вазият тақозоси билан, фақат бугун, Ватанда Президент Шавкат Мирзиёевнинг оқилона ва одилона юритаётган изчил сиёсати, халқчил ташаббуслари туфайли сўз ва матбуот эркинлиги ҳақиқий маъно касб этган кунлари чоп этиляпти”.

Китоб муқаддимасидаги ушбу сўзлар нақадар ҳақ эканлигига ушбу асар билан яқиндан танишган ўқувчи гувоҳ бўлади. Табиийки, она юртдан айрилиқда, муҳожирлик машаққатларини бошидан ўтказган журналист-адиб Исмат Хушевнинг “Оқланмаган ишонч қиссаси” қаҳрамонлари бегона эмас — юртимиз ижодкорлари, давлат ва жамоат арбоблари, оддий одамлар. Бир сўз билан айтганда, катта умр йўлидаги армонли ва аламли ҳаёт сабоқларини муаллиф моҳирона очиб бера олган.

Тадбир якунида муаллиф китоб ҳақида сўз айтганларга ўз миннатдорлигини билдирди ҳамда Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг талабалик даврида ёзган шеърларидан ўқиб, йиғилганлар олқишини олди.

Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ,

“Hurriyat” мухбири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five + 14 =