Янги Ўзбекистон алёри

                                           Ғайрат МАЖИД

 

       Янги Ўзбекистон алёри

Коинот гултожи инсондир азал*,

Қадри ҳам тождаги гавҳар мисоли.

Бордир руҳимизга сингган бир масал,

Асра, асрамасанг, тутгай уволи.

Муҳаббат, оқибат катта бойлик, дўст,

Қадримиз билайлик, қадрлайлик, дўст.

 

Қафасда сайрамас булбул дегани,

Ҳеч қачон чополмас тушовланган от.

Биламиз-ку, тили боғлиқ кимсани,

Сўзлашни истайди эркин ва озод.

Сўзламоқ эрки бор, сўйлашайлик дўст,

Келгин, олам билан бўйлашайлик, дўст.

 

Уйда тайёрланса тансиқ бир таом,

Қўшнига илинмоқ яхши бир одат.

Икки дил дўстлиги – Худодан инъом,

Миллатлар дўстлиги – шаксиз саодат.

Тинч кунлар қадрини билмоқ керак, дўст,

Неъматлар шукрини қилмоқ керак, дўст.

 

Оламни мукаммал яратган Тангрим,

Амалларни тўғри тортгай тарози.

Элу юрт корига ким бўлса қоим,

Халқ ҳам рози бўлгай, Худо ҳам рози.

Билсанг, бу табаррук бир ғоядир, дўст,

Бахту камолингга кифоядир, дўст.

 

Новда билан ари уясин бузма,

Кўчат эк, гуллаган боғлар яралсин.

Созларни созлагин, торларни узма,

Энг гўзал рубобий куйлар таралсин.

Яхшидан яшнаган боғ қолади, дўст,

Пок бўлсак, бу жаҳон соғ қолади, дўст.

 

Амир Соҳибқирон Темурбек бобом,

Мангу адолатни айлаган шиор.

Ҳазрат боболарга муносиб ўғлон,

Адолат йўлини тутгандир такрор.

Шиддату шахдига кўз тегмасин, дўст,

Ватаннинг бахтига кўз тегмасин, дўст.

 

Неки бунёд бўлди, бордир меъмори,

Янги иморатлар – бу янги баёт.

Кўксимда кўнглимнинг шонли изҳори –

Бетимсол шаҳарлар бўлмоқда бунёд.

Бу янги ҳаётдан ишоратдир, дўст,

Нурли келажакдан башоратдир, дўст

 

Учинчи Ренессанс – буюк уйғониш,

Пойдевори мактаб, маърифат-ирфон.

Ўзбекистон – қадим юртсан, шубҳасиз,

Янги Ўзбекистон – юртсан, навқирон.

Орзу-мақсадларнинг чеки йўқдир, дўст,

Улар соф, шу боис кўнгил тўқдир, дўст.

 

_________

*Абдулла Орипов сатри

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × five =