Журналист масъулияти

Тан олишимиз керак, кейинги олти-етти йил ичида   журналистикамизда рўй берган ўзгариш, янгиланиш ва ривожланишларни илгари тасаввур этиш қийин эди. Жамиятимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар, бир сўз билан айтганда, ислоҳотлар жараёнларини ёритишнинг қотиб қолган қолипини бузиш қийин кечди. Ишни замон талаби даражасида ташкил этиш осон бўлмади. “Эски ҳаммом, эски тосга қайтилади” дегувчилар учради. Аммо ундай бўлмади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг сўз эркинлиги таъминланишида собитлиги, очиқлик сиёсати, бу борадаги ислоҳотларнинг ортга қайтмас тус олгани, соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш бў­йича қўйилган қадамлар, қолаверса, ОАВ вакилларининг ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланиши кенг имкониятлар эшигини очди. Жумладан, оммавий ахборот воситаларида танқидий руҳдаги материаллар кўпайди. Ноанъанавийлик, сифат ва тезкорлик таъминланишига ҳаракат қилинмоқда, бунга қайсидир маънода эришилмоқда ҳам. Ёпиб қўйилган кўплаб хорижий сайтлар очилди, интернет нашрлари кўпайди, телерадиоканалларимизда жонли эфир соатлари ошди.

Соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижасида телеканалларимиз юз фоиз рақамли форматга ўтди. “Ўзбекистон24”, “Ўзбекистон тарихи”, “RenessansTV” каби янги давлат ва нодавлат телеканаллар ташкил этилди. Фаолияти тўхтаб қолган бир нечта газета ва журналлар тикланди. Қайта нашр этила бошланган “Тошкент оқшоми” газетаси ва “Муштум” журналлари шулар жумласидандир.

Бу каби омиллар миллий медиамайдонимизда ўзига хос рақобат юзага келиши ва кучайишига, айтиш мумкин, соҳа ривожига туртки берди. Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди, оммавий ахборот воситалари ҳамда уларда фаолият олиб бораётган журналистлар учун кенг имтиёз ва имкониятлар яратди.

Яқинда Қашқадарёга ташриф буюрган Президентимиз ўқитувчилар ва бир гуруҳ фахрийлар билан учрашувда ҳам оммавий ахборот воситалари адолатли бўлишини, тўғри танқид қилишини, қилинган танқид қишлоқларга, мактаб­ларга, таълимга фойдаси келтириши лозимлигини бежиз алоҳида таъкидламади.

Ўтган уч-тўрт куни ичида бир неча нафар журналистлар билан шу масала хусусида фикр алмашдик. Улар Юртбошимиз томонидан билдирилган фикрларни қўллаб-қувватламоқда. Етарлича асосга эга бўлмаган, адолат таъминланмаган, танқидий материал муаллифи – у журналистми, блогерми тегишли тартибда жавоб бериши, қонун олдида ҳамма тенглигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Кези келганда айтиш лозим, берилган бу каби имкониятлардан айрим журналистлар томонидан шахсий манфаат, сох­­та обрў орттириш йўлида фойдаланиш ҳолатлари кам бўлса-да кузатилмоқда.

Шу боис, Уюшмамиз ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан баъзи журналист ва блогерларда учраётган бундай камчиликларни бартараф этиш ишига муносиб ҳисса қўшиш йўлида ўтказилаётган семинар-тренингларда соҳага оид қонунчилик, Ўзбекистон журналистларининг касб этика кодекси мазмун-моҳиятини кенг тушунтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жорий йилнинг 28 январь куни Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида Ўзбекис­тон Журналистлар уюшмаси ва унинг вилоят бўлими томонидан “Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда воқеликни ёритиш: талаб ва тавсиялар” мавзусида давра суҳбати ўтказилгани, шу йилнинг 10 март куни Навоийда “Танқидий материал тайёрлашнинг ўзига хос жиҳатлари” номли семинар-тренинг ташкил этилаётгани ана шу мақсад йўлида амалга оширилаётган ишлар жумласидандир.

Бугун оммавий ахборот воситаларида ижод қилаётган журналистларимизга   ҳеч ким уни ёзма, буни ёз деяётгани йўқ. Эркин фаолият олиб борилмоқда, истаган мавзу бўйича материаллар таёрлаяпмиз. Журналист ва блогерлар танқид остига олган муаммолар ўрганилмоқда, ечим топмоқда.

Маълумотларга кўра, 2023 йилнинг январь ойида оммавий ахборот воситалари, веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар ва мобил мессенжерларда марказий давлат ва маҳаллий бошқарув органлари фаолиятига дахлдор 1374 та танқидий материал эълон қилинган.

Юртимизда журналистикадек шарафли ва масъулиятли соҳада минглаб ҳамкасбларимиз фаолият юритмоқда. Айниқса, кейинги йилларда улар қаторига юзлаб янги авлод вакиллари қўшилди. Давлатимиз томонидан уларга сифатли таълим бериш, касб сир-асрорларини ўргатиш, ҳақиқат ва адолатни таъминлаш йўлида фаолият олиб боришни ўргатиш бўйи­­ча кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Зеро, давлатимиз раҳбари “Мен ҳақиқат ва адолатни ўз эътиқоди деб биладиган барча журналистларни ислоҳотларнинг фаол иштирокчилари деб биламан ва улар ҳамиша Президент ҳимоясида” дея алоҳида таъкидлаган.

Холмурод САЛИМОВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси раиси в.в.б.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen − eighteen =