Ўзлик ғояси нега ўн қадам олдинда юриши керак?

Кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши тарихий бир анжуман бўлди десак хато қилмаган бўламиз. Негаки, унда Давлатимиз раҳбарининг сўзлаган нутқи ҳар бир уйғоқ қалбли юртдошларимизнинг қалбини тўлқинлантириб юборди.

Албатта, сўнгги йилларда маънавий-маърифий соҳаларда жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Ижод аҳли ҳамиша қўллаб-қувватланмоқда. Маданият ва санъат соҳаси учун биргина якунланиб бораётган 2023 йилда 712 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилгани фикримизнинг ёрқин далилидир.

Янги Ўзбекистонда “Мақом”, “Бахшичилик”, “Ҳунармандчилик”, “Лазги” каби йўналиш­ларда халқаро фестиваллар ўтказиш анъанага айланиб улгурди. Пойтахтимизда Адиб­лар хиёбони ташкил этилгани, Ёзувчилар уюшмасининг муҳташам биноси қуриб берилгани, ижодкор адибларга имтиёзли асосда уй-жойлар берилгани… буларнинг бари маънавият аҳлига юксак эътибор намунаси, албатта.

Юртбошимиз узоқ йиллар айтилмай келган жадидлар меросини ўқиб-ўрганишга, маърифатпарвар боболаримизнинг жасоратини қалбларга сингдиришга даъват этиб келмоқда. Шу йўлда яқинда пойтахтимизда ўтказилган “Жадид­лар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” мавзусидаги конференция бутунжаҳон жамоатчилиги ўртасида катта қизиқиш ва эътибор уйғотгани бежиз эмас. Чунки, маърифатпарвар боболаримиз халқимизнинг озод ва ҳур яшаши учун жонларини тиккан зотлар эдилар. Улар ғоялари ҳурлик истаган дунёдаги барча халқлар учун ҳам катта эътиборга эга эди.

Президент нутқидан маълум бўлдики, юртимизда “Жадид” номли янги газета ташкил этиладиган бўлди. Демак, адолатпарвар, элпарвар боболаримизнинг асарларини ўқиб ва уқиб олишимиз йўлида яна бир хайр­­ли ташаббус рўёбга чиқадиган бўлди.

Маънавият ва маърифат кенгашининг йиғилишида Президентимиз бугун дунёда кечаётган таҳликали вазиятга эътибор қаратар экан, узоқда туриб миллий ўзлигимизга, тараққиётимизга, ҳур ва эркинлигимизга тош отаётган кимсалар, турли сиёсий кучлар ҳам йўқ эмаслигини, бу борада биринчи навбатда ҳар бир зиёлидан, маърифат аҳлидан огоҳ бўлишни, Ватан тақдири учун бефарқ бўлмасдан ҳамиша ўз сўзимизни айта билиш лозимлигини таъкид­лади.

– Тарихдан маълум: Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган вазиятда айнан миллат фидойилари – уйғоқ қалбли зиёлилар, шоир ва адиблар, санъат намояндалари, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари жасорат билан майдонга чиққанлар. Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби Ғарб илм-фан ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбек тилини ўқитиш, керак бўлса, бу йўлда рағбатлантириш масалалари ҳам ўртага ташланди. Она тилимизга бўлган эътибор, жонкуярликни Президентимиздан ўрганмоқ, улгу олмоқ лозим. Дунё минбарларида туриб ўзбекча гапираётган юртбошимиз халқимизнинг зиёли қатламига ўзбек тилининг қадрини янада оширишга даъват этди.

Шунинг учун ҳам, “Бугун маънавият бошқа соҳалардан ўн қадам олдинда юриши, маънавият янги кучга, янги ҳаракатга айланиши” кераклигини билдирди.

Дарҳақиқат, инсон маънавий баркамол бўлса, юртини, халқини, миллий қадриятларини эъзозласа, ўзлигини таниса, қолган барча нарсаларни қўлга киритиши мумкин. Ўзини танимаган, ўзлигининг қадрига етмагандан ҳеч нарса кутиб бўлмайди. Мана, энг улуғ ғоя, олий мақсад қаерда!

Ўзбекистонда маънавият ва маърифат масаласи биринчи даражага кўтарилмоқда. Ҳатто иқтисодиётдан ҳам муҳимроқ нарса бу маънавият ва маърифатдир, деди давлатимиз раҳбари. Шунинг учун ҳам китобхонликка, театрга, мусиқа ва санъат мактабларига, оммавий ахборот воситаларига эътибор янада оширилиши хусусида билдирган фикрлари, ташаб­буслари қалбларимизни тўлқинлантириб юборди.

Ислом ЭГАМБЕРДИ ўғли.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen − 5 =