Маънавият масаласига барчамиз масъул

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2023 йил 22 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган мажлисида таъкидлаганидек, кейинги пайтларда дунёда геосиёсий вазият ниҳоятда мураккаблашиб, зиддиятли жараёнлар кескинлашиб бормоқда. Турли сиёсий “ўйинлар” жиддий тус олиб, кутилмаган ҳолатлар юз бермоқда, манфаатлар тўқнашмоқда.

Йиғилишда Давлатимиз раҳбари алоҳида қайд этганидек, Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган вазиятда айнан миллат фидойилари – уйғоқ қалбли зиёлилар, шоир ва адиблар, санъат намояндалари, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари ҳамиша жасорат билан майдонга чиққанлар. Бугун ҳам шоир ва ёзувчилар, маданият ва санъат аҳли,  жумладан, оммавий ахборот воситалари вакиллари – журналистлар юртимизга, халқимизга, миллатимизга ёт ғоялар, турли бўҳтонлар, нохолис фикрларга қарши элу юртимиз манфаатидан келиб чиққан ҳолда ўз вақтида халқчил муносабатларини билдиришлари уларнинг бурчи ҳисобланади.

XX аср бошларида халқимизни озодлик ва илм-маърифат учун курашга чорлаган жадид боболаримиз ҳақида сўз юритган Президентимиз Ёзувчилар уюшмаси, Фанлар академияси, Маънавият ва маърифат маркази, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, “Шаҳидлар хотираси” жамғармаси ҳамда жамоатчилик вакилларининг  “Жадид” номли янги газета ва унинг электрон версиясини ташкил этиш ҳақидаги ташаббусини қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Албатта, ушбу нашр журналистларимиз учун яна бир ўзига хос янги ижод майдонига айланишига шубҳа йўқ.

Мажлисда илм-фан, таълим ва тарбия, маънавият биз учун устувор масала экани айтиб ўтилди. Шу ўринда таъкидлаш жоиз, маънавият, биринчи навбатда, яхши тарбия, яхши хулқ, билим демакдир. Ҳалоллик ва поклик, инсоний фазилатлар демакдир. Ҳа, ҳаётда шундай инсонлар ҳам учрайди, яъни болаларининг таълим-тарбияси, яхши билимли ва хулқли бўлмаслигига фақатгина мактабни, таълим муассасаларини айбдор деб биладилар.

Тўғри, фарзандларимиз таълим-тарбиясида илм даргоҳлари йўлчи юлдуз вазифасини ўташи керак. Лекин уйда-чи, ота-она бурчи, вазифаси нимадан иборат унда? Ахир, халқимиз бежиз: “Қуш уясида кўрганини қилади”, деб айтмайди.

Шундай экан, маънавият масаласига барча масъул бўлмоғи лозим. Дарҳақиқат, ҳеч қачон ва ҳеч қайси замонда комил инсон тарбияси масаласи қайсидир бир ташкилот ёки муассасанинггина иши деб қаралмаган.

Яхши биламиз, халқимиз азал-азалдан бир болага етти маҳалла ота-она деган нақлга амал қилган. Афсуски, бугун кўпчилик норасо ҳолатни, ҳатто қўшнисининг боласи бирор ножўя иш қилаётганини кўрса: “Менга нима, нима қиламан аралашиб?” дейишгача бормоқда. Энг ёмони, айрим болаларнинг катталарни беҳурмат қилиш ҳолатлари учраяпти.

Йиғилишда маънавият, маърифат, маданият, санъат ва ижод соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилиб, келгусидаги устувор вазифалар белгилаб берилди.  Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Давлатимиз раҳбари китобхонлик маданиятини ошириш, олимларни адиблар ва ноширлар билан ҳамкорликда болалар учун қизиқарли ва сермазмун китоблар яратишга чақирди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси якунига етаётган йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган давлат ижтимоий буюртмалари учун танловда “Аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, баркамол шахс­­ни тарбиялашда китобхонлик маданиятини ошириш” лойиҳаси билан иштирок этиб  ғолиб бўлди.  Бир миллиард 300 миллион сўмлик мазкур лойиҳа 2023 йил декабрь ойидан бошлаб 2024 йил охиригача амалга оширилади.

Ушбу лойиҳа доирасида болалар ва ўсмирлар учун 10 номдаги (болалар ёш тоифасига қараб) китоблар нашр этилади, уларнинг электрон вариантлари яратилади. Шунингдек, айни кунда ишлаб чиқилаётган режа асосида Қорақалпоғистон Рес­публикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри туман ва шаҳарларида, бошқача айтганда, 200дан ортиқ манзилда “Китобсевар миллат” шиори остида маърифий тадбирлар ўтказилади.  Булардан кўзланган асосий мақсад ўқувчи-ёшлар орасида китобхонлик даражаси ошишига ҳисса қўшиш, уларни ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг яхши намуналари билан яқиндан таништиришдан иборатдир.

Лойиҳада электрон оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар самараларини холис, ҳаққоний ёритиб келаётган журналист ва блогерларни ҳам рағбатлантириб бориш, улар ўртасида танлов ўтказиш кўзда тутилган.

Маънавият, китобхонлик, ўғил-қизларимиз таълим-тарбияси ҳақида сўз борганда айтиш жоиз, кўпчилигимиз ёшларнинг замонавий технологиялардан, хусусан, телефон ва интернетдан ҳаддан ошиқ кўп фойдаланиши, турли сайтларга кириши натижасида уларнинг тарбияси бузилаётгани, турли ёт ғоя­лар таъсирига тушиб қолиши мумкинлиги ҳақида кўп гапирамиз. Аммо бунга қарши самарали иш олиб бормаётганимизни тан олгимиз келмайди. Аксариятимиз: “Мен боламни тўғри тарбиялаяпман, доимий назорат қилаяпман”, деб ўйлаймиз. Аммо ҳамиша ҳам, ҳаммада ҳам ундай эмаслигини кўнглимиз сезгандек бўлса-да, ҳар доим ҳам фарзандимиз учун вақт ажратмаймиз, етарлича меҳр бермаймиз, тўғрисини айтганда, уни узлуксиз назорат қилишга эринамиз. Эҳтиёжимиз катта. Унга етиш учун тиним билмаймиз. Орзу-ҳавас, деб энг муҳим бўлган фарзанд тарбиясига билиб-билмай эътибор қаратмаймиз.

Ваҳоланки, ҳозир ота-она ўз телефони орқали фарзандининг қайси сайтларга кираётгани, қаерда юрганини билса бўладиган, унинг ёшига тўғри келмайдиган ижтимоий тармоқларга тақиқ қўядиган махсус дастурлар чиққан. Буни кўпчилик билади, фойдаланмоқда ҳам. Қисқаси, излаган имкон топади. Фақат ҳафсала бўлиши керак. Бепарволик ва лоқайдлик энг катта хавфдир.

Бир йиғилишда Давлатимиз раҳбари маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишда оммавий ахборот воситалари катта куч эканига алоҳида эътибор қаратган эди. Ҳозирги кунда мамлакатимиз медиа соҳасида олти минг нафарга яқин ижодий ходим фаолият олиб бормоқда. Бу шубҳасиз, катта куч. Ҳар бир журналист, ўз навбатида,  маънавият тарғиботчиси ҳамдир. Фақат маънавият тарғиботчисининг, энг аввало, маънавияти юксак бўлиши керак.

Кези келганда таъкидлаш лозим, айни кунда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси қошида маънавий-маърифий кенгаш ташкил этишни,  ҳар бир устоз­­га беш нафардан ёш журналистларни бириктириш орқали “Устоз-шогирд” анъанасини ривожлантиришни режалаштираяпмиз. Уюшмамиз “Маънавият хонаси”да ташкил этилган кутубхонани адабиётлар билан янада бойитиб бориш ниятидамиз. Узоқ йиллик тарихга эга Уюшма музейини очишни ҳам режалаштирганмиз.

Якунланиб бораётган жорий йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 27 июндаги қарори билан тасдиқланган дастур ижроси доирасида Ўзбекистонда миллий журналистиканинг ривожланиши бўйича Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг I миллий маърузаси тайёрланиб, уч тилда эълон қилинди, рисола ҳолида нашр қилинди. Шунингдек, ҳар йили бир марта чиқариладиган “Олтин қалам” журнали чоп этилди. “Ўзбекистон журналистлари”, “Ўзбек журналистикаси антологияси” китобларини нашрга тайёрлаш ишлари якунига етказилди. 2024 йилнинг биринчи чорагида ушбу китоб­лар нашр этилади.

Албатта, бугун битта нохолис ахборот жамиятга қанчалик маънавий зарар етказиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Ана шундай ҳолатларни назарда тутган ҳолда, нохолис хабар тарқатиш, соҳамизга доир қонун, фармон ва қарорлар, шунинг­дек, Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси кодекси қоидалари бузилишининг олдини олиш,  сўз ва матбуот эркинлигидан тўғри фойдаланишга қаратилган фаолиятимизни жонлантириш бўйича режа тайёрланаяпти.

Айни пайтда маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнини кенг ёритишга кўмаклашиш, ушбу йўналиш бўйича самарали ижод қилаётган журналистларни, ОАВ вакилларини рағбатлантириш, уларга таклиф ва тавсиялар бериш, фаолиятини таҳлил қилиш, ўзаро ҳамкорликда медиатурлар ташкил этиш бўйича келишувга эришиш мақсадида  Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Маданият вазирлиги масъуллари билан музокаралар олиб борилмоқда.

Шубҳасиз, маънавият масаласига барчамиз бирдек масъулмиз. Бу масала халқ ва миллатнинг жонкуярлари бўлмиш барча зиёлилар, журналистлар учун янада муҳим. Қолаверса, бу борадаги ишлар ижод аҳлининг шу юрт фарзанди сифатида вазифаси ҳамдир. Шундай экан, мазкур йўналиш бўйича ҳам фаол бўлиш ҳар бир ижодкор, жумладан, ҳар бир журналист, қолаверса, уюшмамиз зиммасига катта масъулият юклайди. Зеро, маънавий ҳаётимизда янги ислоҳотлар даври бошланмоқда.

Холмурод САЛИМОВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси раиси в.б.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 3 =