“Садои Фарғона”дан “Фарғона ҳақиқати”гача 110 йил
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими ташаббуси билан шу йил 15 апрель куни “Садои Фарғона” газетасининг миллий матбуот шаклланиши ва жадидчилик ҳаракатидаги ўрни” мавзуида республика илмий конференцияси ўтказишга ҳозирлик кўрилмоқда.
Бугунгача 35 нафардан зиёд олим, сиёсатчи, тарихчи ва мамлакат оммавий ахборот воситалари раҳбар ҳамда вакиллари шу мавзуда илмий маъруза қилиш истагини билдирдилар. “Садои Фарғона” газетаси асосчилари – жадидлар Ашурали Зоҳирий, Обиджон Маҳмудов, Абдулҳамид Чўлпон, Ҳамза ҳаёти ва ижоди, газетачилик фаолияти таҳлил қилинган маърузалар конференция кунига қадар алоҳида тўплам сифатида чоп этишга тайёрланмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, “Садои Фарғона” газетасига асос солган номлари юқорида тилга олинган муассис ва ижодкорлар бу газета чор Россияси амалдорлари томонидан ёпилгач, уни “Эл байроғи”, “Меҳнат байроғи”, “Фарғона”, “Янги Фарғона” каби номларда 1926 йилга қадар нашр этиб келганлар. Кейинчалик у “Коммуна”, “Фарғона ҳақиқати”, “Олтин водий”, “Фарғона тонги” каби номларда чиқарилган. 1992 йилдан яна “Фарғона ҳақиқати” номи билан шу кунгача чоп этиб келинмоқда.
Илмий-амалий конференцияда “Садои Фарғона”дан “Фарғона ҳақиқати”гача бўлган” 110 йиллик машаққатли ижод йўли муҳокама этилади.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими мазкур анжуманга барча қизиққан ҳамюртларимизни таклиф этар экан, у ўзбек миллий матбуоти тарихини яратишда муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблайди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими.