Ўзбекистон Фанлар Академияси 80 ёшда

Айни кунларда Ўзбекистон илм-фанида муҳим сана – Ўзбекистон Фанлар академияси ташкил топганининг 80 йиллик юбилейи кенг нишонланмоқда. Шу муносабат билан кеча — 12 декабрь куни “Ўзбекис­тон” халқаро анжуманлар саройида байрам тантанаси бўлиб ўтди.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси 80 йиллиги муносабати билан йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди.

80 йил мобайнида ғоят мураккаб ва шарафли йўлни босиб ўтган Ўзбекистон Фанлар академияси юртимизда юзлаб атоқли олим ва академикларни тарбиялаб, илм-фан соҳалари бўйича нуфузли илмий мактаблар яратишга катта ҳисса қўшди.

Мустақиллик даврида, айниқса, кейинги йилларда Академиянинг илмий таркиби ютуқларни буюк аждодларимиз асос солган шонли анъаналарга уйғун ҳолда бойитиб, мамлакатимизда илм-фан ривожини янги босқичга олиб чиқмоқда.

Академия тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, унинг таркибида янги илмий ташкилотлар очилиб, тизимдаги муассасалар сони қарийб 1,5 баробар кўпайди. Уларни тўғридан-тўғри давлат бюджетидан молиялаштириш тартиби йўлга қўйилди.

Етакчи олимлар, истеъдодли ёш илмий ходимларнинг фаолияти ва илмий тадқиқотларини қўллаб-қувватлаш, жамиятда илм-фан намояндаларининг обрў-эътибори ва нуфузини ошириш доимо давлатимиз эътибори марказида бўлиб келмоқда. Соҳа вакилларининг иш ҳақи ҳамда докторантларнинг стипендияси 3 баробар, академикларнинг гонорари 2 мартадан зиёд оширилгани, илмий даражага эга илмий ходимларнинг маошига 60 фоизгача устама ҳақ тўлаш тизими жорий этилгани буни тасдиқлайди.

Фанлар академияси аъзоларининг ижтимоий-маиший шароитини яхшилаш, соғлиғини тиклаш бў­йича ҳам тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Тизимда фаолият кўрсатаётган тадқиқотчилар учун имтиёзли асосда квартиралар ажратилди, оилали ёш докторантлар бепул уй-жойлар билан таъминланди.

Академиянинг нуфузли халқаро ташкилотлар ва ривожланган давлатлардаги илмий марказлар билан ҳамкорлиги кучайиб, улар билан биргаликда амалга оширилаётган илмий тадқиқотлар кўлами икки-уч баробар кенгайди.

Стажёр-тадқиқотчилик институ­­ти қайта тикланиб, истеъдодли ёш тадқиқотчиларни тайёрлаш сифати яхшиланди. Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда илмий фаолият билан шуғулланаётган 30 мингдан ортиқ тадқиқотчиларнинг ярмидан ортиғини айнан ёшлар ташкил этаётгани соҳанинг келажаги ишончли қўлларда эканидан далолат беради.

Тадбирда фахрий меҳмонлар, халқаро миқёсдаги нуфузли олимлар, хорижий давлатлар фанлар академиялари президентлари сўзга чиқди.

– 80 йил мобайнида Фанлар академияси катта ва мураккаб йўлни босиб ўтди, – дейди Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошев. – Шу давр мобайнида Фанлар академияси умумэътироф этилган, жаҳон илмий жамоатчилигининг нуфузи ҳамда ҳурматини қозонган илм-фан марказига айланди.

Ўзбекистон илм-фани узоқ йиллик тарихга эга бўлиб, бу заминда Хоразмий, Фарғоний, Форобий, Маҳмуд Замахшарий, Беруний, ибн Сино, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур сингари буюк мутафаккир ва олимлар жаҳон фани ва маданияти тарихидан абадий ўрин олди.

Шу боисдан Иккинчи жаҳон уруши авжи қизиган кезларда – 1943 йилнинг 4 ноябрида Ўзбекистон Фанлар академиясининг барпо этилиши минг йилликларга дахлдор ўзбек илм-фанида янги бир даврнинг бош­ланиши бўлди.

Фанлар академиясининг бугуни ҳақида сўз юритадиган бўлсак, юртимизда том маънода дунёга машҳур алломаларнинг издошлари етишиб чиқмоқда. Хусусан, илм йўлида изланаётган ёшларимизнинг бир қанчаси TWAS (Жаҳон фанлар академияси) академиясининг қатор мукофотларини қўлга киритган. Жумладан, ўзбек математикларидан 4 нафари Жаҳон фанлар академияси академиги, 6 нафари TWASнинг ёш олимлар бўлими аъзоси саналади.

Академия олимлари сафига тиришқоқ ёшлар қўшилишда давом этмоқда. Улар ўзбек илм-фанининг келажагидир. Қолаверса, ёшларнинг илмий тадқиқотини қўллаб-қувватлаш, уларга кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ёшларнинг илмий изланиши асосида маҳаллий хомашёдан импорт ўрнини босувчи, экспортбоп кўплаб маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Жумладан, олимларимиз моносилан ва поликристалл кремний олишнинг янги технологиясини яратишга муваффақ бўлди. Мазкур ишланма Ўзбекистон, АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Хитой, Тайван ва Европа Иттифоқи мамлакатларида патент билан ҳимояланган.

Тадбир давомида Фанлар академияси ташкил этилиши ва ривожланиши ҳамда мустақиллик йилларида фаннинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши, илмий-тадқиқот фаолиятини такомиллаштиришга бағишланган “Учинчи Ренессанс пойдевори” номли ҳужжатли фильм ҳамда Ўзбекистон санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.

Нигора РАҲМОНОВА,

ЎзА мухбири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 5 =