Қизилқумлик бунёдкорлар
Август ойининг иккинчи якшанбаси —
Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси
ходимлари куни
Жонажон Ўзбекистонимизнинг янги қиёфасини барпо этаётган қурувчилар халқимизнинг ҳаёт сифати ва даражасини оширишга бевосита хизмат қилмоқда. Бу борадаги эзгу ишлари ҳақида сўз борар экан, ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилма объектлари, уй-жой, турли бино ва иншоотлар, савдо шахобчалари, таълим, тиббиёт ва маданият муассасалари, истироҳат боғлари ва хиёбонлар, фавворалар, болалар майдончалари ва спорт масканлари жадал суръатлар билан бунёд этилаётганини мамнуният билан таъкидлаш лозим.
“Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятининг ишлаб чиқариш кўрсаткичларини оширишни янги саноат объектларини қуриш ва кенгайтириш, модернизация қилиш ишларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу вазифалар биринчи навбатда комбинат қурувчилари зиммасига юклатилган. Таъкидлаш жоизки, комбинат ташкил топгандан буён ўтган 65 йил корхона учун жадал ривожланиш даври бўлди. Корхона меҳнаткашлари, шу жумладан, қурувчиларининг меҳнатсеварлиги, фидойилиги ва матонатлари эвазига асрий саҳрода шаҳарлар барпо этилди, унинг бағридаги бойликлар халқимизга хизмат қилмоқда.
Комбинат қурилиш мажмуаси корхона ривожланиш босқичларида салмоқли ўрин тутиб келаяпти. Бугунги кунда ривожланган инфратузилмага эга бу улкан мажмуа бир-биридан юзлаб километр узоқликда жойлашган, Навоий, Бухоро, Самарқанд, Жиззах, Сурхондарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида барпо этилган йирик объектларни ўзида мужассам этган. Республикамиз мустақиллиги даврида комбинат томонидан қуриб битказилиб фойдаланишга топширилган 3,4,5,6,7-гидрометаллургия заводлари, Қизилқум фосфарит комбинати, “Мурунтов” конидаги КНК-270 тик қия конвейери, “Зармитан”, “Қорақўтон”, “Аристантов”, “Мейлисай”, “Шимолий Конимех”, “Суграли” конлари, Қўнғирот сода заводи, “Навоий” ЭИЗ, шунингдек, Навоий халқаро аэропорти, Навоий давлат кончилик институти, Зоминдаги “НКМК” санаторийси, “Нуробод” санаторий-профилакторияси ва бошқа ишлаб чиқариш ҳамда ижтимоий объектларни шулар сирасига киритиш мумкин.
— Қурувчилари олдидаги энг асосий вазифа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 мартдаги ПҚ–2806-сонли қарорига мувофиқ амалга оширилаётган 27 та инвестиция лойиҳасини муддатидан олдин 2025 йилгача тўлиқ фойдаланишга топшириш ва 2025 йилдан корхонада қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни 30 фоизга ўсишини таъминлашдан иборатдир, – деди “НКМК” АЖ Капитал қурилиш бошқармаси бошлиғи Мирзабой Алкаров. – Ана шу эзгу мақсадларни рўёбга чиқариш учун зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. 2023 йилда комбинат Инвестиция дастури доирасида жами қиймати 513,5 миллион АҚШ долларлик 12 та инвестиция лойиҳа амалга оширилмоқда, шундан 155,8 млн. АҚШ доллари қурилиш-монтаж ишларига тўғри келади. Жорий йилнинг январь-июнь ойларида 255 миллион доллар капитал қўйилмалар ўзлаштирилди ва “Пистали” кони негизида 6-гидрометаллургия заводининг 1-тегирмон блоки, кон саноат объектларини электр энергияси билан таъминлаш, Нурота ҳудудида ва “Пистали” конида ташқи электр энергиясининг тармоқ иншоотларини қуриш ва реконструкция қилиш сингари 3 та лойиҳа фойдаланишга топширилди. Йил якунигача 6-гидрометаллургия заводини тўлиқ ишга тушириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Завод тўлиқ қувватда фойдаланишга топширилгач, бу ерда йилига 4 млн.тонна маъдан қайта ишланади ва 2100 та янги иш ўринлари яратилади.
Бундан ташқари, Инвестиция дастури доирасида “Мурунтов” конининг 5-босқичи, “Балпантов” ва “Томдибулоқ” конлари негизида қазиб олиш карьерларни қуриш”, “Турбай” конларини ўзлаштириш учун қазиб олиш ва қайта ишлаш қувватларини кенгайтириш”, “Зармитан” конининг қуйи горизонтларини ўзлаштириш”, “Амударё-Зарафшон сув қувурининг 3-линиясини қуриш ва насос станцияларини реконструкция қилиш”, “Чуқурқудуқ кони захираларини қазиб олиш” лойиҳалари бўйича ҳам юмушлар режага мувофиқ давом эттирилмоқда.
“Турбай” конларини ўзлаштириш учун қазиб олиш ва қайта ишлаш қувватларини кенгайтириш” лойиҳаси доирасида жорий йилнинг май ойида “Турбай” конидан 5-ГМЗга маъданларни ташиш учун узунлиги 45,3 км бўлган темир йўл қуриб фойдаланишга топширилди.
Бу улуғвор ишларни амалга оширишда комбинатнинг Зарафшон қурилиш бошқармаси, Капитал қурилиш бошқармаси, таркибий бўлинмаларнинг капитал қурилиш бўлимлари, Инвестициялар бошқармаси, Марказий лойиҳа бюроси, Моддий-техника таъминоти бошқармалари жамоалари ҳам қизғин фаолият кўрсатиб, қурилиш объектларининг белгиланган муддатда фойдаланишга топширилишида арзигулик ҳисса қўшмоқдалар. Бунёдкорлик ишларида қурувчилар билан бир сафда турган комбинат транспортчилари, механиклари, энергетиклари, кончилари, технологлари, иқтисод соҳаси ходимларининг ҳам муносиб хизматлари бўлаяпти.
Бунёдкорлик ҳақида сўз борганда, келажак авлоднинг маънавий салоҳиятини оширишга хизмат қилиши кўзда тутилган иншоотлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш ўринлидир. Бунда Зарафшон қурилиш бошқармаси жамоасининг шижоатли меҳнати натижасида Томди туманида 504 ўқув ўринли махсус мактаб-интернат ҳамда Қизилтепа тумани “Тўдакўл” дам олиш базаси ҳудудида 100 ўринли Халқаро шахмат мактаби қурилиши ниҳоясига етказилмоқда.
Бошқарманинг 4-сонли автобазасида 80дан ортиқ, турли хил русумдаги машина ва механизмлари “Пистали” конида олтин таркибли маъданларни қазиб олиш ва қайта ишлаш мажмуаси қурилишига жалб қилинган. Темир-бетон маҳсулотлари заводида ишлаб чиқарилган юқори маркали бетон маҳсулотлари, арматура буюмлари, металлконструкциялари, дурадгорлик ва ПФХ профил маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, завод қурилишидаги объекларига ўз вақтида етказилиб берилмоқда.
— Қурилиш бошқармаси таркибидаги “Навоий”, “Зарафшон”, “Зармитан” қурилиш-монтаж бошқармалари, “Саноатэлектрмонтаж” монтаж-қурилиш трести, 4-сонли автобаза, Ишлаб чиқариш-техник бутлаш бошқармаси жамоаларида икки минг етти юз нафардан ортиқ малакали ишчилар, муҳандис-техник ходимлар, мутахассислар жонбозлик кўрсатиб меҳнат қилишяпти, — деди Зарафшон қурилиш бошқармаси бошлиғи Али Эшонқулов. — Жамоамизнинг машаққатли меҳнати эвазига бошқарма йиллик режаларни ортиғи билан бажаряпти. Жумладан, бир триллион сўмлик қурилиш монтаж ишлари бажарилди.
Ўзларининг касб байрамларини нишонлашга тараддудланаётган комбинат қурувчилари ҳалол ва фидокорона меҳнатлари билан корхона тарихида шонли саҳифаларни яратмоқда деб бемалол айтиш мумкин. Негаки, бунинг учун комбинат қурилиш мажмуасида куч ва имкониятлар, техника воситалари, хомашё ва материаллар етарли. Энг муҳими, соҳада ўз касбининг усталари бўлган етук мутахассислар меҳнат қилишаяпти.
Азамат ЗАРИПОВ,
журналист