Жонли тарих маскани

18 май – Халқаро музейлар куни

 

Ҳар  юртнинг мозий  тилсимотлари,  миллий, маънавий-маданий,   тарихий қадриятларидан сўзловчи жонли  китоби  музейларидир. Худди шундай мамлакатимиздаги қадим маданият даргоҳларидан бири  Термиз шаҳридаги  “Тарих  ва  маданият  музейи”  тўқсон йилдан  буён фаолият  юритиб келади. Ўтган йиллар мобайнида  бир неча номлар билан аталган  ва муқим  қўним  топ­масдан,  бинодан бинога кўчирилиб келинган   муассаса,  ниҳоят, муҳтарам  Президентимиз ташаббуслари  билан 2019  йилдан   муҳташам  иморатга  эга  бўлди.

Тарихга назар солсак, ўзининг  жонбозлиги билан  Г.Парфёнов Сурхон  воҳасида биринчи музейни ташкил этишга киришган. У ёнига беш нафар маслакдошларини олиб, фаолиятини илмий-текшириш, экспонатлар тўплаш ва оммавий-маърифий ишлар тарғиботидан бошлайди. 1933 йилда табиатга оид 239 та, тарихга оид 701 та, воҳа халқ хўжалигини акс эттирувчи  56 та экспонат йиғиб, мослашмаган бинода  доимий кўргазма ташкил этади. Бир  йил ичида   музей қошида жонли бурчак очиб, воҳа та­биати, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсини ўрганишни  бошлайди.  Табиат бўлимини шакллантириб,  ҳайвонот турларидан намуналар тўплайди. Олимнинг  бу  заҳматлари   бесамар кетмайди, албатта. Кейинчалик,  яъни 1939 йил бошида Термиз ҳайвонот боғи музейдан мус­тақил ташкилот бўлиб, ажралиб чиқади.

Вилоятнинг бу маънавий, илмий-маданий маркази кейинчалик ўлкашунослик  музейи  деб  аталган ва  10 нафар илмий ходим  фаолият юритган. Улар таниқли олимлар, машҳур музейшунослар М.Массон, В.Шишкин, Б.Петровский, Г.Пугаченкова, В.Симонова, В.Козловский, Р.Фаёзов, Б.Турғунов, Ш.Пидаев, Т.Аннаев, Ш.Шайдуллаев, И.Исмоилов, Х.Саидов, И.Ботиров ва С.Мейлибоевалар  тажрибасидан фойдаланиб катта илмий-амалий манба  яратишга  эришганлар.

Бугунги кунда Сурхондарёдаги “Тарих ва маданият” музейи самарали фаолият юритиб келмоқда. Шу кунга қадар ходимлардан 22 нафари ибратли меҳнатлари учун муносиб  тақдирланган. Жумладан, Г.Парфёнов, В.Козловский, С.Мейлибоевалар “Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган маданият ходими”  фахрий унвони билан мукофотланган. Ушбу масканнинг аҳолини маданий ва маърифий тарбиялашдаги хизматлари ҳисобга олиниб,  10 нафар ходим  халқаро нуфузли ташкилотлар дипломи, 12  нафари вазирлик фахрий ёрлиқларига  сазовор бўлди.

Айни пайтда Термиз шаҳридаги “Баркамол авлод” кўчасидаги  3 қаватли муҳташам бинода  фаолият  олиб бораётган масканда табиат, археология,  халқ  хўжалиги, тасвирий санъат,  мустақиллик даври, Рўзи  Чориев  галереяси, этнография   бўлимлари бўлиб,   уларда  80 нафардан ортиқ  ходим   иш  юритмоқда. Ҳозирда музейимизда 16 та йўналиш   бўлиб, улар  фондида 61 минг  325 та экспонат мавжуд. Шундан ноёб  коллекциялар  3150 тани ташкил этади.

Тарихимиз кўзгуси бўлган музейлар миллий маънавий қадриятларимиз бўлган экспонатларни халқимизга намойиш  этадиган  маскангина бўлмасдан, мозийнинг тилсимли  саҳифаларидан  сўзловчи  улкан  ва  тирик    қомусий  китоб   ҳамдир.

Хуршида  САТТОРОВА,

Термиз  шаҳридаги

“Тарих  ва маданият” музейи

илмий  ходими

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × five =