Ўзбекистон: Дунё сари йўл

Маданий мерос ҳафталиги қатнашчилари илк маротаба ўтмиш сирларини кашф этиш имконига эга бўлишди. “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси доирасида амалга оширилган “Обидалардаги битиклар”ни илмий-амалий ўрганиш ўзининг аҳамиятига кўра, бетакрор ва эксклюзив ҳисобланади.

Мустақиллик байрамимиз арафасида дунёнинг нуфузли давлатлари зиёлилари, тадқиқотчи олимлари юртимиз ҳудудидаги қадимий ёдгорликлар ва илмий салоҳият сирлари билан яқиндан танишиш мақсадида мамлакатимизга ташриф буюрди.

Президентимизнинг ташаббуси билан ташкил этилган маданий мерос ҳафталиги дунё олимлари назарини яна Ўзбекистонга қаратди. «Юнеско» шафелигида ўтказилган ҳафталик доирасида Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан қатор давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлигида ташкил этилган “Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб этиш бутунжаҳон жамиятининг III халқаро конгресси” 22-23 август кунлари пойтахтимиз Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди.

Конгресснинг очилиш қисмида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги маданият марказларининг миллий буюмлар — халқ амалиёти санъати дурдоналари кўргазмаси барчада хушнудлик кайфиятини уйғотди.

Анжуманда сўзга чиққан Ўзбекис­тон Республикаси Олий Мажлиси сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, жумладан, шундай деди:

— Президентимизнинг таклифларини қабул қилиб сиз азиз меҳмонларнинг юртимизга ташриф буюрганингиздан мамнунмиз. Ўйлаймизки, ушбу нуфузли анжуман ҳар томонлама манфаатли бўлади. Маданий меросни асраб-авайлаш ҳар бир халқ­нинг бурчи, уларни жаҳон оммасига тақдим этишдан мақсад эса миллатимизнинг бой ва ноёб осори-атиқалари борлигини кўрсатиш ва келажак авлодга етказишдир.

Дунёнинг саксонга яқин давлатларидан келган қатнашчилар хоҳишига биноан эрамизнинг I асрида Ўрта Осиё ҳудудида барпо этилган қудратли Кушон империяси осори-атиқалари, Абу Райҳон Беруний номидаги шарқшунослик институти фондида сақланаётган 26 минг жилд қўлёзма, 39 мингдан ортиқ тошбосма китоблар кўргазмаси биринчи маротаба намойиш этилди.

26 август куни Самарқандда ўтказилган “Моддий ва номоддий маданий меросни асраш: долзарб муаммолар ва уларни ҳал қилиш стратегиялари” халқаро конференцияси шу билан бирга 22-27 август кунлари ЎзЭОАВМА томонидан қатор давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда Тошкент, Термиз, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида “Ўзбекистон буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империялар, динлар, маданиятлар” мавзусидаги маданий мерос ҳафталиги давомида ўтказилган тадбирлар бутун жаҳон аҳлининг диққат марказида бўлди десак хато бўлмайди. Анжуманга ташриф буюрган меҳмонларнинг Тошкентда қад ростлаётган Ислом цивилизацияси марказига ташрифи янада эътиборга молик бўлди.

Шунингдек, хорижлик меҳмонлар Ўзбекистон мусулмонлари идорасида сақланаётган Ислом оламининг ноёб мулки — Усмон Қуръони ҳамда исломшунос олимлар томонидан Усмон Қуръонига тенглаштирилган катта Лангар Қуръони билан танишиш имконига эга бўлишди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон учинчи ҳалифа Усмон ибн Аффон буйруғига биноан ёзилган ҳар икки Қуръон китобига эга бўлган улуғ мавқедаги давлат саналади.

Маданий мерос ҳафталиги қатнашчилари илк маротаба ўтмиш сирларини кашф этиш имконига эга бўлишди. “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси доирасида амалга оширилган “Обидалардаги битиклар”ни илмий-амалий ўрганиш ўзининг аҳамиятига кўра, бетакрор ва эксклюзив ҳисобланади.

Ф.Старра, (АҚШ) Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб этиш бутунжаҳон жамияти кенгаши аъзоси:

— Мен тадқиқот ишлари иштирокчиси бўлдим ва шунга амин бўлдимки, Ўзбекистон қадимий осори-атиқалари билан бутун дунёни ҳайратда қолдира оладиган мамлакат эканига гувоҳман. Бу кўхна ва ноёб топилмалар чекка қишлоқларда, ҳатто одамларнинг уйларида ҳам сақлангани ўзбек халқининг ўз қадриятларини эъзозлашини англатади.

Айниқса, Самарқандда барпо этилган Соҳибқирон Амир Темур даврига монанд “Боғишамол”га қилинган ташриф меҳмонларни XIV-XV асрга саёҳатга чорлагандек бўлди.

Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциа­цияси томонидан уюштирилган “Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб этиш бутунжаҳон жамиятининг III халқаро конгресси” мазкур ҳафталикдаги илк анжуман бўлгани билан эътиборлидир.

Конгрессда хорижлик қатнашчилар учун Ўзбекистоннинг моддий ва маънавий мероси эрамиздан аввалги асрларга бориб тақалиши ва ҳозирги кунгача қўл меҳнати билан яратилаётган меъморий, ҳунарманд­чилик осори-атиқалари миллатимизнинг миллий анъанасига айлангани атрофлича айтиб ўтилди.

Ўзбек халқи яратган дурдона ёдгорликлар, ҳунармандчилик, каштачилик буюмлари ва плотноларининг бир қисми Франция, Германия, Буюк Британия, Россия, Туркия, Япония, Чехия, Польша сингари мамлакатлар музейларида сақланади. Маданий мерос ҳафталиги арафасида барча давлатлар ҳамда Ўзбекистондаги ноёб дурдона асарлар ҳақидаги маълумотлар тўпланиб, “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумида ўндан ортиқ томда альбом-китоблар чоп этилди ва тақдимоти ўтказилди.

Мажлислар залида ўрнатилган махсус зангори экранларда маданий меросимизнинг Англия, Германия, Франция, Туркия ва бошқа давлатлар музейларида сақланаётган миллий ва қадимий буюмлар ведио лавҳаларда намойиш этилди.

Республикамизда бундай нуфузли анжуманларнинг ўтказилиши, биринчи навбатда, ўзлигимизни англаб олишга замин яратади. Қолаверса, дунёнинг ривожланган давлатлари олдида биз ҳам ўз қудратига эга мамлакат эканимизни кўрсатиб туради.

Ҳафталик доирасида юқорида таъкидланганидек, меҳмонлар Тошкент, Термиз, Самарқанд ва Бухородаги қадимий обидаларга саёҳат қилишди, маданий обидалар илмий ўрганилди ҳамда юртимизда қадимдан мавжуд бўлган империялар, диний қарашлар ва маданиятлар борасида фикр-мулоҳазалар алмашинилди.

Тадбирларда жаҳон етакчи давлатларининг таниқли олимлари, илмий кутубхона ҳамда муассасалар ходимлари, хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Юсуф Жўраев,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × three =