Оламга тинчлик-омонлик керак!

Бугунги жаҳон қиёфасига назар ташласак, бирор минтақада тинчлик-осойишталик мутлақ ҳукмрон эмаслигига амин бўламиз. Биргина Афғонистон халқи мана неча ўн йилдирки, беқарорликдан азият чекади. Яқинда Қобул шаҳридаги тўйда юз берган теракт эса барчасидан ўтиб тушди. Ўз юртингда тинчгина тўй ўтказолмасанг, эртани қўя туринг, бир соатдан сўнг ҳаётмисан-йўқми, ишончинг бўлмаса, бунинг юки оғир.

Ватан таркин бир нафас айлама,

Яна ранжи ғурбат ҳавас айлама.

Алишер Навоий

“Ватанга муҳаббат туйғуси бўлмаганда юртлар хароб бўларди”. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг энг яқин сафдошларидан бири Умар ибн Ҳаттоб (розияллоҳу анҳу) ҳазратларининг ушбу сўзлари бежиз айтилмаган. Шундай бир ривоят бор.

Унда айтилишича, Парвардигор инсонни ерга тушириб юборгач, ҳолидан хабардор бўлмоқ учун фаришталарни масъул қилиб қўйди. Кўп ўтмай, фаришталар Яратганнинг даргоҳига келиб, одамзот осмонга қайтишни ёлвориб сўраётганини айтадилар. Парвардигор “Осмон менинг даргоҳим бўлгани каби ер одамзот учун маскандир. Одамзотга мўл ризқ бердим, ернинг бағрини ўйиб, булоқлар бунёд қилиб қўйдим. Ҳар не истаса ерда бор, бунинг қадрига етсин ва ўзим чорламагунимча ерда яшайверсин”, деди. Фаришталар инсонга парвардигорнинг сўзларини етказиш учун ерга тушадилар. Кунлар ўтиб, Яратганнинг даргоҳига яна қайтиб чиқадилар. Бу гал энди одамзот аввалгидек ёлвормаётганини, аммо осмонда яшашни истаётганидан ўта ғамгин юрганини айтишади. Бу гапни эшитган Қодири мутлақ дебди: “Бандамнинг руҳига ранг-баранг туйғуларни сингдирибману жамийки эзгу туйғуларнинг асоси — Ватан туйғусини синг­дирмабман-ку!” Шундан сўнг сарвари коинот инсонларга ушбу туйғуни ҳам инъом қилибди ва дунёга келаётган ҳар бир гўдак она заминига чексиз муҳаббат билан улғаядиган бўлибди…

Ҳа, Ватанни севмоқ иймондандир, деган ҳадис бежиз айтилмаган. Бу муборак туйғу ҳар бир одам зотига хос, десак шубҳа йўқдир. Аммо инсон ўз юртидан ҳаловат тополмаса-чи? Ўз юртини тарк этишга мажбур бўлган кишида Яратганнинг ушбу инъоми сақланиб қоладими ё ундан айриладими?..

БМТнинг Қочоқлар ишлари Олий комиссариятининг “Глобал тенденция­лар” бўйича ўтган йилги ҳисоботида дунё миқёсида қочоқлар умумий сони 70,8 миллион кишига етиб, рекорд даражага чиққани айтилган. Маълумотда қайд этилишича, мазкур рақамлар дунёда инсон ҳуқуқлари бузилиши ва турли минтақаларда давом этаётган урушлар ҳисобига ортган.

Демак, ватан туйғуси тинч-осойишта юртдагина ўз қадри, мазмун-моҳиятига эгами? Унда нега ўн йиллаб қирғинлар давом этаётган айрим давлатларнинг фуқаролари Худога таваккал қилиб умрини ўз юртида ўтказаяптилар?

БМТ ҳисоб-китобига кўра, бугунги кунда ўз мамлакатида доимий қўним тополмаганлар 41,3 миллион, бошқа давлатлардан бошпана сўраб мурожаат қилганлар 3,5 миллион киши ва турли бошқа омиллар билан юқоридаги рақамни ташкил қилади. Уларнинг учдан икки қисми Сурия, Афғонистон, Ироқ, Украина ва Сомали фуқароларидир. Қочоқларни кўпроқ қабул қилган давлатлар сифатида Туркия, Покистон, Уганда, Франция ва Германия қайд этилган.

Ҳа, уруш — офат, тинчлик — фароғат. Ана шу фароғат, хотиржамлик ҳаммага керак, ҳар бир инсон бунга ҳақли. Афсуски, турли сиёсий ўйинлар тинч-осойишта ҳаётга йўл бермаётир. Охир-оқибат беш кунлик умрини хотиржам ўтказишни истаб, жаҳонда ўз ватанларидан йироқлаб кетишга мажбур бўлаётган муҳожирлар кўпаймоқда.

Тарихнинг бағри давлатлар, миллатлар ўртасидаги урушлар, тўқнашувлар, қирғинлару талотўпларга тўла. Уларнинг ҳеч бири инсониятга, юртга фойда келтирмаган. Шунга қарамай, одам боласи ҳамон буларнинг ҳеч биридан зарур хулосани чиқариб олгани йўқ. Аслида, инсоннинг дунёга келишдан мақсади тинч-тотув яшаш эмасми? Одам зотига дунё иморатини бузиш эмас, аксинча, обод этишдек буюк вазифа топширилмаганмиди?

Бугунги жаҳон қиёфасига назар ташласак, бирор минтақада тинчлик-осойишталик мутлақ ҳукмрон эмаслигига амин бўламиз. Биргина Афғонистон халқи мана неча ўн йилдирки, беқарорликдан азият чекади. Яқинда Қобул шаҳридаги тўйда юз берган теракт эса барчасидан ўтиб тушди. Ўз юртингда тинчгина тўй ўтказолмасанг, эртани қўя туринг, бир соатдан сўнг ҳаётмисан-йўқми, ишончинг бўлмаса, бунинг юки оғир. Буни ҳаёт деб аташ мумкинми? Ушбу фожиа тафсилотлари бўйича қўшимча маълумотлар оммавий ахборот воситаларида ҳамон бериб борилмоқда. У ердаги қурбонлар сони 21 август куни 80 кишига етган, 160 нафар киши жароҳатланган.

Покистон ва Ҳиндистоннинг Кашмир бўйича зиддиятлари ҳам ҳали-бери тугайдиганга ўхшамайди. Айни пайтда Покистон ушбу масала юзасидан БМТ халқаро судига мурожаат қилишни мўлжалламоқда.

Индонезиянинг шарқий қисмида эса тартибсизлик авж олган. Ҳукумат икки провинциядаги шаҳарларда омма­вий норозилик юзага келганидан сўнг жамоат тартибини тиклаш мақсадида мамлакат шарқига қўшимча минг нафар полициячи ва ҳарбийларни йўналтириб, вазиятни ўнглашга уринмоқда.

18 август куни Гонконгда ҳукуматга қарши ўтказилган норозилик намо­йишларини айтмайсизми? Унда 1,7 миллион одам қатнашгани қайд этиляпти.

Бунинг устига табиий офатлар ҳам қурбонлар сонини кўпайтираётир. Яқингинада Ҳиндистонда сув тошқини, Японияда офтоб уришидан ўнлаб, Филиппинда безгак туфайли юзлаб одамлар дунёдан кўз юмди.

Хўш, инсоният бу қирғинларнинг, фалокатларнинг қай бирига бардош берсин? Ўз зиммасига юкланган вазифаларни адо этиш учун қаердан имкон изласин?

Чингиз Айтматовнинг “Момо ер” асари қаҳрамони Тўлғанойнинг шундай сўзлари бор: “Урушга даъвоим кўп. Отилган ўқ, тўкилган қон тарихнинг ҳисобида, лекин одамларнинг завол топган умри-чи? Уни кимнинг бўйнига қўйиб, тарихнинг қайси бетига ёзамиз? Бунинг учун ким жавоб беради?!”

Неча замонлардан буён бу саволларга жавоб топилмайди. Яхшики, инсон тийнатида ҳаёт учун курашувчанлик ҳисси бор. Ана шундай ҳиссиётлар туфайли ҳаёт давом этаверади. Фақат, одам боласи ўз хатоларидан хулоса қилиб, тўғри йўлни топиб олса қани эди…

Шу йил муборак Рамазон ойида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан уруш ўчоғига айланган Сурия давлатидан 56 нафар ўзбекистонликнинг мамлакатимизга олиб келингани нафақат юртдошларимизнинг, бутун дунё афкор оммасининг диққатини тортди. Тинчлик, ватанпарварлик, инсонийлик тушунчаларининг қадрини яна бир қадар кўтариб қўйди. Ўша олов ичидан омон чиқиб келганлар самолётдан тушишлари билан муқаддас тупроғимизни ўпиб, кўзларига суртишди. Катта маблағни кўзлаб юртдан олислаб кетишнинг машаққати, маънавий залворини уларнинг сўзу кўзларидан англадик. Тинчлик-хотиржамлик, эмин-эркин ҳаёт олдида ҳар қандай бойлик сариқ чақага арзимаслиги улар ҳақидаги кўрсатувлар, эшиттиришларда билдирилган иқрорлардан ҳам маълум бўлди.

Ерда ўрмалаб юрган ожиз бир ҳашарот ҳам, фалакда парвоз қилаётган қуш ҳам охир-оқибат ўз ошиёнига интилади. Оч қолса бир-бирини ғажишга тайёр йиртқичлар ҳам ўз уясидан узоқлаб кетмайди. Ахир, ҳазрати инсонмиз-ку! Яратган бизга муқаддас ҳис-туйғуларни инъом этаётиб, зиммамизга муборак амалларни ҳам юклаган. Унга хиёнат қилишга ҳаққимиз борми?! Суриядан қайтганларнинг ўша юртда ўтган кунлари, аччиқ қисмати ҳар биримизни ана шундай мулоҳазага чорлаши табиий.

Дунё таҳликалар ичида қалқиб турган ҳозирги даврда халқимизни истибдоддан истиқболга олиб чиққан Истиқлол тушунчаси янада юксаклигини ва тинчликнинг қадри ҳар нарсадан улуғлигини чуқур ҳис этасан киши… Ва яна имон келтирасан: одам боласи учун у қандай ҳолда бўлмасин, ўз ватанидан яхшироқ жой бўлмас…

Холида Файзиева.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 + 18 =