Ҳаёт ардоғидаги Устоз

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, II даражали «Соғлом авлод учун” ордени соҳибаси, таниқли адиба Яйра Саъдуллаева 85 ёшга тўлдилар. Ўғил-қизлар, набира ва чевараалар даврасида, уларнинг ардоғида қутлуғ ёшни қаршилаётган устозга ҳар қанча ҳавас қилсак, ўрнак олсак арзийди.

Чунки, Яйра опа бутун истеъдоди, куч-ғайрати ва имкониятини болаларга бағишлаган ижодкор. Устозни йўқлаб уйларига борсак ҳамиша “Ғунча” яхши чиқяптими, “Гулхан”чилар соғ-омонми, “Тонг юлдузи”, “Класс” қандай деб, ҳамма болалар нашрларини бирма-бир сўраб чиқадилар. “Журналлардан бир-иккита олиб келдингизми?” — дея кўзлари порлаб туради. “Гулхан”, “Ғунча”нинг янги сонларини қўлларига тутаман. Боладек қувониб, кўзлари ёшланади. Суҳбатимиз гоҳ ўғил-қизлари, шириндан шакар набира ва чеваралари ҳақида, гоҳо эса болалар адабиёти ҳақида бўлади. Кўпинча эса Яйра опа бош муҳаррир сифатида фаолият юритган 1970-1995-йиллар ҳақида гаплашамиз. Ўша йиллари болалар учун сермаҳсул ижод қилган Қуддус Муҳаммадий, Пўлат Мўмин, Илёс Муслим, Маҳмуд Муродов, Рауф Толиб каби болажон қаламкашларни эслаб тўлқинланиб сўзлайдилар.

Ҳаяжон билан улар ижодидан айрим мисраларни ёддан айтиб берадилар-да, “Қаранг қандай таъсирли мисралар. Бу шеърларни бугунги ёш авлодга ҳам тавсия қилиш керак”, деб қўшиб қўядилар. Сўнг бироз муддат бир нуқтага тикилганча, хаёлан ўтган йилларга қайтадилар. Мен эса уларга халал бермаслик учун ёнларида овоз чиқармай ўтираман.

Бу матонатли, серғайрат аёлни жимгина кузатар эканман, бироз ўтиб: “Мана бу ҳикояларни набираларимдан илҳомланиб ёзиб қўйгандим. Ўқиб кўринг, лозим топсангиз журналда берарсиз”, дейдилар камтарлик билан. Ёнларидаги столда эса ҳамиша қоғоз-қалам, янги қораламалар бўлади.

— Вой, Заҳрожон-ей, келиб жуда яхши қилдингиз-да, ғунчамнинг, гулханимнинг нафасини олиб келдингиз. Раҳмат сизга, мени ғоят хурсанд қилдингиз. Юртимизда жуда катта ишлар амалга ошириляпти. Китобга бўлган муносабат ўзгарди. “Гулхан”, “Ғунча” журналларининг нуфузи доим баланд бўлган. Бу журналлар неча-неча авлодни маънан улғайтирган, ёш истеъдодларни тарбиялаб вояга етказган. Бугунги кунда таниқли бўлган ёзувчи ва шоирларнинг илк ижод намуналари шу журналларда чоп этилган. Ҳали қараб туринг, уларнинг адади яна кўтарилиб кетади, — дейдилар юз-кўзларидан табассум ёғилиб. — Ҳали сиз билан болалар адабиёти ҳақида гаплашадиган гапларимиз ниҳоятда кўп, яна бир келасиз, — деб болалар нашрларида ишлаётган барча қаламкашларни узундан узоқ дуо қиладилар.

Дарҳақиқат, Яйра опа 7 йил “Гулхан” журналига, 27 йил эса кичкинтойларнинг севимли нашри “Ғунча”га раҳбарлик қилдилар. Болалар учун кўплаб китоблар ёзди. Бир қатор ҳикоялари бошланғич синф дарсликларига ҳам киритилган. Улар мактаб болалари томонидан севиб ўқилмоқда.

Яйра Саъдуллаева нафақат болалар адабиётида, балки замонавий ўзбек адабиётида сермаҳсул ижод қилаётган адибадир. У кишининг “Инсон қадри”, “Олтин бахтим”, “Катта ҳовли”, “Нурли ва нурсиз осмон”, “Ярашмаган ялла” китоблари китобхонлар томонидан севиб ўқилмоқда.

Болажон адибамизни кўпминг сонли мухлислари номидан қутлуғ ёш билан чин дилдан табриклаймиз. Уларга сиҳат-саломатлик, янада улуғ ёшларни тетик ва бардам қарши олишларини тилаб қоламиз.

Заҳро Ҳасанова,

“Гулхан” журнали Бош муҳаррири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − eight =