“Ўткан кунлар” ёди

Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллиги муносабати билан буюк ёзувчи асаридаги севимли қаҳрамонларни экранга кўчирган машҳур театр ва кино артистлари Гулчеҳра Жамилова ҳамда Гулчеҳра Саъдуллаева билан суҳбатлашдик.

Миллатимизнинг севимли ёзувчиси Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асари билан танишмаган ўзбек китобхони, ушбу бебаҳо асар асосида суратга олинган фильм­ни кўрмаган юртдошимиз бўлмаса керак. Орадан қанча йиллар ўтса-да, қадри ва эътибори вақт ўтган сари янада ошиб бораверадиган “Ўткан кунлар” фильми экранга чиққан пайтдаёқ катта шов-шувларга сабаб бўлганини ҳамон айтишади. Қолаверса, ушбу фильм учун танлаб олинган ижодкорлар, яъни актёрлар жамоасини ҳам юртимизнинг каттаю-кичик аҳолиси яхши танийди, эъзозлайди. Айниқса, фильмда севишганларнинг суҳбати йиллар ўтсада оғиздан-оғизга ўтиб келмоқда. Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллиги муносабати билан буюк ёзувчи асаридаги севимли қаҳрамонларни экранга кўчирган машҳур театр ва кино артистлари Гулчеҳра Жамилова ҳамда Гулчеҳра Саъдуллаева билан суҳбатлашдик. Ҳа, суҳбатдошларимиз — Зайнаб ва Кумуш ролларини бетакрор тарзда ижро этган элимизнинг севимли актрисалари иккала Гулчеҳра опалар бўлди.

Гулчеҳра Жамилова:

“Сиз ўшами?” дейишса…

— Гулчеҳра опа, сиз халқимизнинг Кумуши бўлиб қолдингиз. Айтинг-чи, фильм суратга олинишидан олдин ушбу асар билан танишмидингиз?

— Очиғини айтаман, “Ўткан кунлар”­ни мени таклиф қилишгунга қадар ўқимаган эдим. Сабаби, рус тилида таълим олганман, аммо ўзбек тилидаги нутқим нуқсонлардан ҳоли бўлган. Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” асари рус тилига таржима қилинганида ўқиб, ёзувчининг маҳорати ҳақида тасаввурга эга бўлганман. Ўша пайтда ҳамманинг тилига тушган асарнинг экранга кўчирилиши ҳақида турли хабарлар юрарди. Ҳатто қайнонамнинг: “Гулчеҳрахон, “Ўткан кунлар”­га фильм ишланса, сиз роль ўйнасангиз яхши бўларди”, деганлари қулоғим остида.

Островский номидаги театр ва рассомчилик институтининг драма ва кино факультетини битириш арафасида (1968 йил) бўлганим учун бутун фикри-хаё­лим давлат имтиҳонлари ва театрдаги фао­лиятимда эди. Дарсдан ташқари театрда ҳам асосий труппада ишлардим. Шу орада театрга “Ўткан кунлар” фильмининг асистенти Карим ака келиб, фильм учун синов топширишимни айтиб, “Ўзинг билган актёр йигитлардан ҳам таклиф қил”, дедилар. Курсдошим Ҳожиакбар Нурматовга, “Юр, Ҳожи (ҳозирда марҳум, Аллоҳ раҳмат қилсин) бирга бориб келайлик”, деганимда у аввалига “Мени ҳеч ким чақирмаган”, деб боришга унамади. Аммо барибир илтимосимга йўқ демади. Бирга бордик. “Проба”да Отабек ва Кумушнинг гўшангага киргандаги сўзлашган монологини ижро қилдик.

Имтиҳон ва ишларим билан бўлиб, орадан ярим ойга яқин вақт ўтганини билмай қолибман. Бир куни курс­дош дугонам билан келинлик уйимдан ота уйимга дарс қилиш учун кетаётганимизда, узоқдан кимдир “Гулчеҳра-а-а-а” дея чақирди. Ҳайрон бўлиб, қайрилиб қарасам, кимдир: “Ҳомиладормисиз?” — деб сўради. Орамиздаги масофа анчагина бўлгани боис жавоб беришга иймандим. Ёнимдаги шаддод курсдошим: “Ҳа, ҳомиладор”, деди. У одам “Эҳ”, деганча машинасида келган томонига қараб кетди. Мени ярим чақирим масофадан сўроққа тутган киши Борий Ходжаев эканлар. “Ўткан кунлар” бўйича мени яна таклиф қилишди. Борсам, Ўлмас Алихўжаев ҳам режиссёр Йўлдош Аъзамни кутаётган экан.

Ўлмасни ора-сира кўрар эдим-у, аммо салом-аликдан нарига ўтмасдик. Кепка кийволиб ўтирган экан, “Здрас­ти” деб саломлашдик. Кут­япман-у, ичимда: “Отабекка Ўлмасни олишармикан? Бошқа йигит қуриб қолган эканми? Сочи йўқ, кал бўлса”, деб ўтирибман. Аммо, яна озгинадан ке­йин фикримдан уялиб: “Ўлмас ҳам ичида Кумушга ҳомиладор Гулчеҳрадан бош­қа актриса йўқ эканми?” — деб, ўтиргандир дейман. Хуллас, Йўлдош ака келдилар ва мендан: “Бу юзга доғ-поғ тушмайдими ишқилиб?” — деб сўрадилар. Ўзи шундоғам ҳижолатликдан зўрға ўтирибман. “Билмасам”, дейман.

— Қош терилмасин, хўпми? — дедилар. Индамадим.

Стол олдидаги қопни кўтариб, Ўлмас иккимизга кўрсатиб: “Мана шу қопнинг ичи тўла Отабек ва Кумуш. Ҳатто фалон ва писмадончилар бу ролларга танишим чиқсин, қизим чиқсин, ўғлим чиқсин деб расм жўнатган. Аммо сизлар булардан устун чиқишингиз керак”, дедилар. Мана, шу кундан бошлаб биз ролга тасдиқландик ва сценарий бўйича тайёрлана бошладик.

— Фильмдаги машаққатларингиз ҳақида тўхталсангиз?

— Менинг у қадар машаққатли саҳналарим йўқ. Фақат Кумуш ўлаётган вақтда анча вақт нафас олмай ётишга тўғри келган, шу эпизодда анча қийналганман. Қанчалик қийин саҳна бўлмасин, битта дублда олганмиз.

— Ролингизни асардан эмас, сценарийдан келиб чиқиб ўйнагансиз, тўғрими?

— Ҳа, фильмдаги образим учун сценарийга таянганман. Асар энг юқори савияда, юрак меҳри қўшилиб, матонат билан ёзилган. Романчиликнинг чўққисига чиқариб ёзилган, аммо асарни бор бўйича фильмда акс эттириш имконсиз эди. Собир Муҳаммедов асарни маромига етказиб сценарийлаштирган. Биласизми, фильмнинг ютуқларидан яна бири, ушбу фильм учун танланган жамоа ўринли бўлган. Ҳар бир танланган қаҳрамон ўз образини масъулият билан ўйнаган. Фильм суратга олинишида хал­қимизнинг ҳам беқиёс ҳиссаси борки, буни алоҳида эътироф этмасам бўлмас.

“Тошкент оқшоми” газетасида кимнинг уйида кўза, паранжи, идиш ва қадимий либослар, лавҳлар бор бўлса, “Ўзбекфильм” павильонига вақтинча муддатга топшириш ҳақида эълон берилган. Шунда кўпчилик уйидаги ноёб буюмларни “Ўзбекфильм”­га олиб келиб топширган. Яна, биласизми, санъатга бўлган ҳурмат ва иззат юқори бўлганидан жиҳозлар учун таклиф этилган пулни рад этишган. Режиссёр эса фильмнинг кичик деталларигача алоҳида эътибор қаратган. Йўлдош ака танлаган ҳар бир детал ва танланган актёрни кўрган томошабин, албатта, шу давр руҳиятини, нафасини сезмасдан қолмайди.

— Фильм экранга чиққанидан кейин юртимиз бўйлаб Отабек, Кумуш, Зайнаб исмини қўювчиларнинг сони сезиларли кўпайган экан. Фильмдан кейин сизга бўлган муносабат қандай бўлди?

— Бошида “Ўткан кунлар”даги Кумушга ўхшайсиз дейишса, “Кўпчилик шунақа дейишади, билмасам одам одамга ўхшайди-да”, дердим. Ҳа, менман дейишга уялардим. Ҳозиргача ёшлар кўчада кўриб қолишса, “Сиз ўшами?” дейишади, “Ўшароқ” деб жавоб бераман (кулади).

— Абдулла Қодирийнинг ижодига ўзингиз қандай баҳо берасиз?

— Юқорида айтганимдек, Абдулла Қодирий буюк санъаткор, сўз устаси, халқ қаҳрамони. Давр оғир бўлишига қарамасдан ўз сўзини айта олган улуғ ижодкор. У ёзган асарлар уйимизнинг ва қалбимизнинг тўридан жой олди. Абдулла Қодирий чиндан классик ёзувчимиз. Ушбу ёзувчининг бирорта ҳам ўртамиёна ёзган асари йўқ. Ўзбек адабиётида ўзи учун ҳайкал ўрнатган адиб, деб бемалол айта оламан.

Гулчеҳра Саъдуллаева:

“Мен бахтли актрисаман”

— Гулчеҳра опа, сизнинг ҳам “Ўткан кунлар” фильмига келиш тарихингиз билан танишсак…

— Ушбу фильмга тасдиқланишим қизиқ кечган. “Узукжамол” фильмининг суратга олиш жараёнлари кетаётган паллада “Ўткан кунлар”нинг режиссёри ҳаракатимни кузатган. Эндигина 18 ёшни қаршилаган табиий гўзаллиги ва латофатидан бўлак ҳеч нарсаси бўлмаган оддий бир қиз эдим. Сочимни майда ўриб, “лайло” деб аталувчи дўппимни бошдан қўймай юрардим. Узукжамол образи учун баланд қоядан ўзимни сувга отишим лозим бўлган. Декорацияда йиқиладиган жойимга кўплаб кўрпачалар тўшашган бўлса-да, оёғимга мих кириб қонатиб юборган. Ролим таъсирида бунга аҳамият бермай ўйнайверганман. Шунда Йўлдош Аъзам: “Фильмларимда албатта шу актрисани чақираман”, деб ният қилган эканлар. Киносинов бўлаётган вақт­да Фарғонадан уч юзга яқин қиз келиб Зайнаб образи учун синов топширган. Аммо шунча чиройли қизлар туриб, мендек қорамағиз қизни синовсиз қабул қилганлар.

Кундузи съёмка ишларини тугатиб, кечаси билан “Ўткан кунлар” асарини ўқирдим. Асарнинг ҳар бир сатридан янги маъно топардим. Қолаверса, ижодий гуруҳнинг съёмка жараёнида берган ёрдамини унутмайман. Буюк актёрларимиз билан бир фильмда суратга тушганимдан фахрланаман. Ўзимни бахтлилардан бахт­ли актриса деб биламан.

— Суратга олиш жараёнида қандай унутилмас воқеалар бўлган?

— Режиссёрнинг ёрдамчиси юзимга бўёқ сурмаслигим учун доим ортимдан пойлоқчилик қиларди. Халқнинг меҳри Зайнаб образи тарафга оғиб кетмаслиги учун гримёрга юзимга қорароқ бўёқ суришни айтардилар. Қовоғим эса ҳар доим солинган ҳолатда бўлиши шарт эди. Табиийки, бу менга сира ёқмасди, чунки ҳар бир қиз экранга чиройлироқ бўлиб чиқишни истайди. Бу фильм­да бир умрга ёдимда қолган воқеалардан яна биттаси, от билан суратга олинаётган пайтда бўлган.

Суратга олиш майдончасида илк бора отни кўриб, ҳайратда қолганман. Сабаби, шаҳарда ўсган қиз бўлганлигим учун ўша вақтгача ит ва мушукдан бошқа уй ҳайвонини кўрмаган эдим. Оппоқ отнинг қоп-қора беғубор кўзларига узоқ вақт тикилиб қолганман. Бир соат танаффус эълон қилинганидан кейин овқатимни ҳам емасдан “оқ отга мен ҳам миниб бироз айланай”, деганман. Ўлмас ака отга чиқазиб қўйганларидан кейин отнинг жиловидан тутиш ўрнига ёлидан маҳкам чангаллаб олганман. Шунда от мендан қўрқиб кетиб, бирдан кишнаганча югуриб кетган. Югургани сари от ёлидан янада қаттиқроқ ушлаб олганман. Яхшиям оёғимни юганга қўйган эканман. Бўлмаса, у ўзидан отиб юборар экан. Бутун ижодий гуруҳ орқамиздан қувлаган, отга етволишнинг имкони бўлмаган.

Қишлоқ аҳолиси ҳам мендан роса хавотир олишган. Юввошгина отни шунчалар қўрқитиб юборган эканман, зўрға отдан тушириб олишган. Қўрқувларим унут бўлгандан кейин, яхшиям ўшанда оқ отга минган эканман дейман. Бувимлардан қиз бола оқ отга минса бахтли бўлади деган гапни эшитганман. Бу бежизга эмас экан, бахтимдан ҳар доим мамнунман.

Фильмда севилмаган ва севгига зор бўлган аёлни ўйнаган бўлсам ҳам, ҳаётда мени еру-кўкка ишонмайдиган бегимни учратдим. Умр йўлим давомида менга жуфту-ҳалол бўлган инсондан бир умр миннатдорман…

— Агар Кумушни ўйнаганингизда…

— Биласизми, мен шунақа бахт­ли актриса эканманки, севимли ёзувчимнинг севимли қаҳрамони бўлган Кумушни ҳам ўйнадим. Марҳум радиорежиссёр Жавлон Тошхўжаев “Ўткан кунлар”нинг радиопостановкасини ёзганларида Кумушни ўйнаш бахтига сазовор бўлдим. Ушбу радиопос­тановка “Олтин фонд”да сақланмоқда. Отабек ролини эса “Тангалик болалар” фильмининг режиссёри Темур Малик Юнусов, Зайнабни эса Гулчеҳра опа Жамилова ўйнаган. Сора Эшонтўраева ва Олим Хўжаевлар билан ёнма-ён ишлаганимдан бахтиёрман.

Кумушнинг ўлаётган саҳнасида Сора опанинг: “Болам бевақт вафот этди”, деб нола чекиб йиғлаётганларида ўликдек жим ётишим ўрнига қўшилишиб ҳўнграб йиғлаганман. Ижодий гуруҳ ҳайрон. Таъсирчанлигим сабаб ушбу эпизодни қайтадан ёзганмиз. Абдулла Қодирийнинг ижоди менга омад олиб келган. Сабаби, “Меҳробдан чаён”нинг радиопостановкасида Раънони ўйнаганман. Анварни эса Тўғон Режаметов ўйнаган. Ўша пайтда ўғлимнинг чилласи чиқмаган чақалоқ эди. Онам менга ёрдам бўлсин деб, радиога боламни кўтариб келардилар. Танаффус пайтларида чиқиб, боламни қорнини тўйғазиб, яна ишга шўнғирдим. Ўша пайтларда ҳақиқий санъат йўлида фидойилик бўлган. Шу дамларни жуда соғинаман.

— Демак, Абдулла Қодирийнинг ижоди билан жуда ёшлигингиздан яхши таниш бўлган экансиз-да?

— Ҳа, мактабда 8-синфда ўқиб юрган вақтларимдаёқ Абдулла Қодирийнинг асарларини ойнинг ёруғида бўлса-да, бекитиб ўқирдим. Ана шу дамларда ёзувчини ғойибона яхши кўриб қолганман. У пайтда актриса бўлишим хаёлимда ҳам бўлмаган. Ҳозир ҳам “Ўткан кунлар”ни ҳар йили бир марта ўқийман ва ҳар сафар янги маъно топаман. Абдулла Қодирийнинг ижоди ҳақидаги фикр­ларни ҳам ўқиб бораман. Айтишларича, ёзувчи Кумушни йигит сифатида севиб қолгач, Отабекдан рашк қилиб, Зайнабнинг қўли билан “ўлдирган” экан. Ёзувчи ёзув столи устида йиғлаб ўтирганида рафиқалари сабабини сўраганида “Кумушни ўлдириб қўйдим”, деб жавоб қилган де­йишади…

Феруза Раҳимова,

суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 − 3 =