У мангуликка дахлдор
Бундан деярли ярим йил аввал “Ўткан кунлар” романининг инглиз тилида нашр этилиши ҳам миллатимиз, адабиётимиз тарихида муҳим воқелик бўлди. Бу йил мазкур романнинг илк боблари ёзила бошлаганига роппа-роса 100 йил тўлади.
“Адабиёт – абадият демак. Биз ва биз каби ҳақиқатни муқаддас билиб, қалам тебратган барчамиз адабиёт шарофати ила абадиятга йўнармиз. Бизнинг фарзандларимиз, улар бўлмаса, уларнинг фарзандлари ёинки уларнинг ўғил-қизлари бўлсин, ёзғонларимизни ўқир эсалар, бизнинг қаламга олган ҳақиқатимиз яшайверур. Ҳақиқат яшар экан, биз ҳам яшайверамиз”.
Чинакам сўз санъаткори Абдулла Қодирий айни фикрларни билдирганида мутлақо ҳақ эди. Чунки бугун бу беназир адиб ёдимизда, у яратган асарлар эса ҳамон севиб ўқилаяпти. Демак, ёзувчи биз билан яшаяпти, шубҳа йўқки, у мангу ҳаёт бўлади.
Адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев бу ҳақда шундай фикрларни билдирди:
— Мустақиллигимиз туфайли Абдулла Қодирий номи ва хизматларини юзага чиқариш, тарихий адолатни тиклаш борасида жуда кўп саъй-ҳаракатлар амалга оширилди. Ёзувчи Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти ва Мустақиллик ордени билан мукофотланди.
Бу зот Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон каби халқпарвар маслакдошлари билан бирга отилиб, бежаноза кўмиб юборилган ташландиқ жойлар — Бўзсув бўйлари бугун мутлақо ўзгариб, у ерда “Шаҳидлар хотираси” майдони ва “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи барпо этилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллигини нишонлаш тўғрисида 2018 йил 3 декабрда Вазирлар Маҳкамасининг махсус фармойиши қабул қилиниши яна бир қувончли воқеа бўлди. Унда мазкур қутлуғ сана муносабати билан ўнлаб маънавий-маърифий тадбирлар, китоблар чоп этиш, фильмлар, спектакллар яратиш, музей ва ижодий мактаб, кутубхона қуриш билан боғлиқ хайрли ишлар назарда тутилган эди. Мана, бугун уларнинг бари аста-секин амалга ошмоқда. Абдулла Қодирий ижод мактабининг очилиши, уй музейининг ташкил этилиши бунинг ёрқин исботи.
Бундан деярли ярим йил аввал “Ўткан кунлар” романининг инглиз тилида нашр этилиши ҳам миллатимиз, адабиётимиз тарихида муҳим воқелик бўлди. Бу йил мазкур романнинг илк боблари ёзила бошлаганига роппа-роса 100 йил тўлади. Демак, бир асрки, ўзбек халқи ўз ҳаёти, XIX аср ўрталаридаги ижтимоий-сиёсий жараёнлар тарихи, жамият ва оилавий муносабатлар ўзининг теран бадиий ифодасини топган гўзал роман-ривоят билан ошнодир.
“Ўткан кунлар” асарини билмайдиган ўзбек йўқ десак, сира муболаға эмас. Ҳеч бўлмаганда атоқли кинорежиссёр Йўлдош Аъзамовнинг 1969 йили экранларга чиққан “Ўткан кунлар” романи асосидаги бадиий фильмини кўрмаган ўзбек йўқ десам фикрим янада ишончлироқ бўлади.
“Ўткан кунлар” романи 1919 йиллардан бошлаб янги адабиёт, янги бадииятга эҳтиёж айни етилган пайтларда китобхонларга ноёб туҳфа бўлган эди. Орадан эллик йил ўтиб, инсоният кино, телевидение каби ҳодисалар туфайли мутолаага асосланган тафаккурий таассуротдан визуал тасаввурлар оламига дадил кириб бораётган паллада “Ўткан кунлар” бадиий фильми ўзбек хонадонларига маънавий зарурият бўлиб кирди ва фавқулодда катта шуҳрат топди. Юсуфбек Ҳожи, Отабек, Кумуш, Ўзбекойим, Мирзакарим қутидор, Ҳомид, Ҳасанали образлари буюк актёрлар қиёфасида жонланиб, томошабин кўз ўнгида жонли сиймоларга айланди. Буларнинг бари пировардида “Ўткан кунлар”ни ўзбек халқининг маънавий қадриятига, Абдулла Қодирийни эса миллат қаҳрамонига айлантирди.
Мана энди орадан яна эллик йил, борини жамлаганда эса юз йил ўтиб, соф миллий романимизнинг инглизча таржимасининг дунё бўйлаб илк сафари бошланди.
Албатта, бу Қодирий ва унинг илк романини жаҳон адабиётсеварларига таништиришнинг дастлабки тажрибаси эмас. “Ўткан кунлар” “Тошкентлик ошиқлар” номи билан немис тилида (1968), рус, турк, уйғур каби дунёнинг ўнлаб тилларига таржима этилиб, китоб ҳолида чоп қилингани кўпчиликка яхши маълум. Дунёни “Ўткан кунлар” романи билан таништириш бу жаҳон халқларини ўзбеклар, уларнинг қалби, маданияти, тарихи билан таништириш деганидир. Бугун биз ана шу қутлуғ ҳодисанинг дунёга юз очаётганига шоҳид бўлиб турибмиз.
Камина ўзбек адабиёти ва санъатининг ошуфтаси, қолаверса, Абдулла Қодирий ижодининг мухлиси сифатида ана шундай тарихий воқеалар ривожи учун, бу улуғ сиймо номини абадийлаштириш учун сидқидилдан хизмат қилаётган барча инсонларга ташаккур айтаман.
Озода Бекмуродова
ёзиб олди.